Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Илмий кенгашининг 2020 йил “ 9 ” Сентябрдаги 5/20-сон қарорига 1-илова |
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларини қайта тайёрлаш, малакаси ва ҳуқуқий билимларини
ошириш ўқув курсларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I.УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
- Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
17 январдаги “Суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4125-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 мартдаги “Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этишга оид низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 180-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги “Юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 544-сон қарорига асосан ишлаб чиқилди ва нодавлат суд-экспертиза ташкилоти суд экспертлари (кейинги ўринларда Суд экспертлари деб аталади)ни қайта тайёрлаш, малакаси ва ҳуқуқий билимини ошириш ўқув курсларини ташкил этиш, ўтказиш, суд экспертларининг қайта тайёрлаш, малакаси ва ҳуқуқий билимини ошириш бўйича ўқув дастурлари, таълим сифатини баҳолаш ва назорат қилишга оид ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартибини белгилайди - Суд экспертларини қайта тайёрлаш, малакаси ва ҳуқуқий билимини ошириш бўйича ўқув машғулотларини, жорий, оралиқ назорат ва якуний аттестациясини ўтказишни ташкил этиш, ўқув дастурлари, таълим сифатини баҳолаш ва назорат қилишга оид ҳужжатлар ушбу Низомга мувофиқ ишлаб чиқилади ва белгиланган тартибда тасдиқланади.
- Ушбу Низомда қуйидаги қисқартмалар қўлланилган:
ҚТ – қайта тайёрлаш;
МО – малака ошириш;
ҲБО – ҳуқуқий билимларни ошириш.
- Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Марказ – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази.
Ўқув маркази – Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув маркази.
Қабул комиссияси – нодавлат суд экспертиза ташкилотлари суд экспертларини қайта тайёрлаш курсларига қабул қилишни ташкил қилиш ва якуний аттестациясини ўтказиш бўйича комиссия.
Қайта тайёрлаш курслари – эксперт мутахассилиги бўйича касбий тайёрлаш шахсга суд экспертлик малакасини олиш (суд экспертизасининг аниқ бир ёки бир нечта мутахассислиги/йўналиши бўйича экспертизани мустақил ўтказиш ҳуқуқи) учун шакллантириладиган гуруҳ.
Малака ва ҳуқуқий билимларни ошириш курслари – суд эксперти лавозимида икки йил ишлагандан сўнг ва ишлаб турган суд экспертлардан шакллантириладиган гуруҳ.
Талабгор – ҚТ курсларида ўқиш истагини билдирган, белгиланган рўйхат бўйича Марказга ҳужжат топширган жисмоний шахс.
Тингловчи – ҚТ, МО ва ҲБО дастури бўйича ўқитиш режалаштирилган мутахассислик бўйича белгиланган тартибда қабул комиссияси томонидан суҳбатдан ўтган, шунингдек, суд эксперти мақомига эга бўлган, шартнома тузган ва шартномага асосан тўловни амалга оширган, махсус буйруқ асосида қайта тайёрлаш, малака ва ҳуқуқий билимларни ошириш курсига қабул қилинган шахс.
Ўқув машғулотлари — маъруза ва семинар шаклида, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, ўқитишнинг интерактив методлари қўлланилган ҳолда академик гуруҳларда жадвал бўйича тасдиқланган ўқув дастурлари ва мавзулар бўйича ўтказиладиган машғулот тури.
Амалий машғулот —репродуктив таълим усули бўлиб, тингловчилар учун назария ва амалиёт ўртасидаги боғлиқликни таъминлаш, экспертиза ва тадқиқотлар ўтказиш усулининг янги ютуқлари, замонавий техника ва технологиялар билан таништириш, уларда ишлаш кўникмаларини ҳосил қилиш, олинган назарий билимларни амалиёт билан интеграциялаш, уларни амалда қўллаш кўникма ва малакаларни ривожлантириш мақсадида аниқ экспертиза тури бўйича мақсадли касбий таълим дастурларини ўзлаштириш тури.
Мустақил иш (ўқиб билим орттириш) — таълим даражаси ва сифатига қўйиладиган Давлат талабларига мувофиқ ўқитиладиган фан (мутахассислик) бўйича янги билимлар, малака ва кўникмаларнинг тингловчилар томонидан мустақил ўзлаштириш ва ўрганиш тури.
Жорий назорат – тингловчиларнинг ўқув режаси ва дастурларида назарда тутилган мавзуларни ўзлаштириш даражасини, билимларидаги бўшлиқларни аниқлаш, аниқланган бўшлиқларни тўлдириш бўйича ўтказиладиган ички назорат тури.
Оралиқ назорат – курс давомида ўқув режасидаги ўқув модуллари (ёки ўқув блоки) тугагандан, шунингдек, курс давом этадиган муддатнинг маълум бир қисми ўтгандан сўнг тингловчининг билим ва кўникмаларини баҳолаш мақсадида ўтказиладиган назорат тури.
Тест синовлари – тингловчиларни ҚТ, МО ва ҲБО курси бўйича ўқув дастурларининг ўзлаштириш даражасини аниқлаш бўйича қоғоз ёки электрон шаклда ўтказиладиган назорат тури.
Малака иши (реферат) – ўқув режасидаги ўқув модуллари (ёки ўқув блоки) тугагандан тингловчилар томонидан танланган мавзулар бўйича ўқув дастурида белгиланган махсус талабларга мувофиқ ҳажмда ёзиладиган ва тақдимот шаклида ҳимоя қилинадиган назорат тури.
Якуний аттестация – тингловчиларнинг ҚТ, МО ва ҲБО курси бўйича ўқув дастурларининг ўзлаштириш даражасини аниқлаш учун тест, битирув иши ҳимояси ва билет бўйича суҳбат натижасини баҳолашдан иборат Қабул комиссияси томонидан ўтказиладиган имтиҳон тури.
- ҚТ курслари Ўқув маркази томонидан ҚТ, МО ва ҲБО бўйича ўқув дастурлари асосида ташкил этилади.
- ҚТ, МО ва ҲБО курслари суд экспертларини тайёрлаш ва мутахассисларнинг касбий лаёқатининг ягона даражасини таъминлаш мақсадида мутахассисликлар учун ишлаб чиқилган ўқув дастурлари, мавзувий, ўқув ишчи режалар ва индивидуал календарь жадвалга мувофиқ амалга оширилади.
- ҚТ, МО ва ҲБО бўйича ўқув машғулотлари педагоглар, илмий ходимлар, Марказ раҳбари, унинг ўринбосарлари, Марказнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва малакали давлат суд экспертлари томонидан олиб борилади.
- Ўқув маркази қуйидагиларни таъминлаши керак:
ҚТ, МО ва ҲБО дастурларининг мазмуни ва моҳияти Ўзбекистон Республикасидаги ҚТ, МО ва ҲБО тизимини тартибга солишга оид қонунчилик талабларига мувофиқлигини;
ҚТ, МО ва ҲБО дастурларини тўлиқ ҳажмда амалга оширилишини;
Дастурларни муваффаққиятли ўзлаштириш учун етарли бўлган таълим сифатини;
Тингловчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда улар учун хавфсиз шарт-шароитларни.
- ҚТ, МО ва ҲБО курсларига қабул қилинган тингловчи Марказнинг меҳнат қонунчилиги ва ички меҳнат тартиб қоидалари билан таништирилади ва унга риоя қилиши шарт.
II.ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ КУРСЛАРИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ
- ҚТ курсида ўқиш учун режалаштирилган мутахассислик бўйича ўқув дастурлари талабларига жавоб берадиган олий маълумотли, алоҳида ҳолларда ўрта махсус касб-ҳунар маълумотли шахслар қабул қилинади.
- ҚТ ўқув курсларига талабгорлардан ҳужжат қабул қилиш қоида тариқасида, ўқув курси бошланишидан икки ой олдин, яъни ҳар йили 2 январда бошланади ва
31 январда тўхтатилади ва 1 июлдан бошланади ва 31 июлда тўхтатилади, - ҚТ курсида ўқиш учун талабгор қуйидаги ҳужжатларни топширади:
- Марказ директори номига ариза (1,2-иловалар);
- паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат нусхаси;
- маълумоти тўғрисидаги диплом ва унинг иловаси нусхаси;
- 3,5 х 4,5 ҳажмдаги икки дона фотосурат;
- нодавлат суд-экспертиза ташкилоти номидан тавсиянома (агар шахс нодавлат суд экспертиза ташкилотида фаолият кўрасатаётган бўлса);
- меҳнат дафтарчасининг нусхаси, агар экспертлик фаолиятини тасдиқлаш учун зарурат бўлган ҳолларда қўшимча маълумотнома (талабгор узлуксиз 10 йил суд-экспертлик фаолиятини амалга оширган бўлса);
- шахсий варақа (сўровнома, объективка);
- ихтисослик йўналиши бўйича имзо ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома нусхаси.
- Талабгор ҳужжат топшириш ёки суҳбатдан ўтиш жараёнида паспорт, диплом, меҳнат дафтарчаси ва гувоҳноманинг аслини кўрсатади.
- Талабгорларни ўқув курсига қабул қилиш бўйича суҳбат ҳар йили
февраль ва август ойларининг биринчи ўн кунлигида ўтказилади. - Суҳбатдан муваффақиятли ўтган талабгор билан қайта тайёрлаш курсида ўқиш тўғрисида шартнома тузилади.
Шартномада белгиланган тўловлар ўқиш бошланишидан ўн кун олдин амалга оширилади ва тасдиқловчи ҳужжат Марказга тақдим этилади.
- Суҳбатдан муваффақиятли ўтмаганлиги сабабли ўқишга қабул қилиш рад этилганда, рад этиш сабаблари кўрсатилиб топширилган ҳужжатлар қайтарилади.
- Шартномада белгиланган миқдордаги тўловларни амалга оширилганлиги ва суд экспертларининг ихтисослашувидан келиб чиқиб, қоида тариқасида ўн нафардан йигирма нафаргача тингловчидан иборат академик гуруҳлар шакллантирилади ҳамда Марказ директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
- Ўқув жараёнини ташкил этиш учун зарур миқдордаги харажатларни тўлиқ қоплаш тўғрисида қўшимча тўловларни амалга ошириш бўйича талабгорлар билан келишувга эришилган ҳолатларда талабгорлар сони 10 (ўн) нафарга етмаса ҳам қайта тайёрлаш гуруҳлари шакллантирилиши мумкин.
- ҚТ ўқув дастурининг тўлиқ ҳажми камида 864 академик соат, шундан
40 фоиздан кўп бўлмаган қисми аудиторияда ўтиладиган маъруза ва семинар машғулотларига, қолган қисми амалиёт ва мустақил иш машғулотларига бағишланган бўлиши ҳамда тингловчининг асосий тайёргарлик даражаси ҳамда ўзлаштирилган дастур ҳажмига мувофиқ бўлиши лозим. ҚТ ўқув жараёнида тингловчи илгари олий таълим дастурида ўрганган айрим академик фанлар қайта бажарилиши мумкин. - ҚТ курсига қабул қилинган жисмоний шахс (тингловчи) Марказ устави, ҚТга оид таълим соҳасини тартибга солувчи ички ҳужжатлар билан танишишга ҳақли ва уларга риоя қилиши шарт.
- Ҳар бир тингловчига алоҳида шахсий иш жилди юритилади ва ҳужжатлар белгиланган тартибда Марказда сақланади.
- Марказ Ўзбекистон Республикасининг “Шахсга оид маълумотлар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, шахсий маълумотлар махфийлигини таъминлайди.
- Суд экспертларининг малакаси ва ҳуқуқий билимини ошириш курслари нодавлат суд-экспертиза ташкилоти раҳбари тақдим этган буюртмага асосан шакллантирилган ва Марказ директори томонидан тасдиқланган Тақсимот – Режа асосида ташкил этилади.
III. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ, МАЛАКА ВА ҲУҚУҚИЙ БИЛИМЛАРНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА МАШҒУЛОТЛАР ЎТКАЗИШ
- ҚТ, МО ва ҲБО курсларида ўқув жараёни Марказ директори ёки Экспертлик фаолияти ва илмий ишлар бўйича директор ўринбосари томонидан тасдиқланадиган машғулотлар жадвали асосида олиб борилади.
- Аудиторияда ўтадиган ўқув машғулотларининг барча турлари (маъруза, семинар, амалий машғулот, лаборатория иши, ишчанлик ўйини, тажриба алмашиш дарси, тренинг, интерфаол машғулотлар ва бошқа шакллар) учун 80 дақиқа давом этадиган дарс жуфтлиги белгиланади ва жуфтликлар оралиғидаги танаффус – камида 10 дақиқани ташкил этади.
- ҚТ, МО ва ҲБО ўқув дастурлари бўйича дарс машғулотлари шартнома асосида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари асосида жалб этилган профессор-ўқитувчилар, педагоглар, малакали илмий ходимлар, Марказ раҳбари, унинг ўринбосарлари, бўлим ва лабораторияларнинг раҳбарлари ҳамда малакали суд экспертлари томонидан олиб борилади.
- ҚТ, МО ва ҲБО бўйича ўқув машғулотлари қоида тариқасида, замонавий таълим технологияларни қўллаган ҳолда амалиётга йўналтирилган маъруза, семинар, амалиёт ва мустақил иш каби машғулотлар шаклида ўтказилади.
- ҚТ ва МО курслари бўйича ўқув дастурлари ҳамда ўқув режалари Марказнинг таркибий бўлинмалари (бўлим, лабораториялари), ҲБО курси бўйича Ўқув маркази томонидан ишлаб чиқилади, Илмий кенгаш томонидан кўриб чиқилади ва маъқулланади ҳамда Марказ директори томонидан тасдиқланади.
- Ўқув дастури ва ўқув режасини ишлаб чиққан таркибий бўлинма раҳбари ўқув дастури ва ўқув режасининг ҳажми, мавзуларнинг соатларга тақсимланиши, уларнинг мазмун-моҳиятининг сифати ва тегишли тартибда тақриздан ўтказилишни ташкиллаштириш учун шахсан масъул ҳисобланади.
- ҚТ, МО ва ҲБО бўйича ўқув дастурлари ва ўқув режаси давлат таълим стандартларига, замонавий ва илғор таълим технологияларига, тегишли мутахассислик бўйича суд экспертидан талаб қилинадиган касбий билим ва кўникмаларининг малакавий талабларига, ўқитиш усули ва воситаларида белгиланган қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.
- ҚТ ўқув дастури модуллар бўйича ташкил этилади ва қуйидаги асосий фанларни ўз ичига қамраб олади:
– “Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг ижтимоий – ҳуқуқий асослари”;
– “Суд экспертлик фаолиятининг ташкилий – ҳуқуқий асослари”;
– “Суд экспертлик фаолиятининг криминалистик асослари”;
– “Мутахассислик” бўйича.
- “Мутахассислик” бўйича ўқув дастурининг ҳажми ва мураккаблигига қараб модулларга бўлиниши мумкин.
- “Мутахассислик” бўйича ўқув дастурини модулларга ажратишда асосий қисм (дастур бўйича ўқиш учун зарур бўлган модуллар) ва ўзгарувчан (вариатив) қисм (тингловчи томонидан танланиши мумкин бўлган модуллар)га ажратилади. Ўзгарувчан (вариатив) қисмнинг ҳажми асосий қисмнинг учдан бир қисмидан кўп бўлмаслиги керак.
- Тингловчилар учун ҚТ ва МО курсларида ўқув дастури бўйича амалий машғулотлар раҳбарият томонидан тайинланган мураббийнинг раҳбарлиги остида олиб борилади.
- Мураббий тингловчиларнинг ҚТ ўқув дастурига мос келадиган мутахассислик бўйича мустақил экспертиза ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган юқори малакали суд экспертлари орасидан бўлим ва лаборатория мудирининг таклифига биноан Марказ директорининг буйруғига асосан тайинланади.
- Мураббий – тингловчи машғулотни бошлагандан кейин ўн беш кун ичида тингловчининг шахсий (индивидуал) ўқув календарь жадвалини тузади, тингловчи томонидан ўзлаштирилган мавзулар бўйича вақти-вақти билан оғзаки савол-жавоб ўтказади, амалий ва назорат ишлари (топшириқлар)нинг бажарилишини назорат қилади, тингловчининг ўқув жараёнини бориши тўғрисида Марказ раҳбариятини хабардор қилиб боради.
- Амалиёт индивидуал ўқув календарь жадвалга киритилган ва тингловчи дастурнинг назарий қисмини пухта ўзлаштириш мақсадида ўқув машғулотларининг назарий қисми тугагандан кейинги босқичларида ўтказилади.
- Амалиёт ҚТ ўқув дастури бўйича машғулотларини ўтиш жараёнида олинган назарий билимларни мустаҳкамлаш, ўқув дастурига киритилган янги тадқиқот усуллари ва воситаларини ўрганиш, якуний аттестацияга тайёргарлик кўриш ва олинган билимлардан фойдаланиш, машғулотлар давомида олинган амалий кўникмаларни кейинчалик экспертлик фаолиятида қўллаш қобилиятини шакллантириш мақсадида ўтказилади.
- Амалиёт якка тартибда ёки 5 (беш) нафардан иборат гуруҳда амалиёт дастурига мувофиқ амалга оширилади, унга ўқув, илмий адабиётлар, техник меъёрий ва бошқа ҳужжатлар билан ишлаш, экспертиза амалиётини ўрганиш, жиҳозларда ишлаш усуллари, янги экспертлик усулларини ўрганиш ва бошқалар киради. Амалиёт ўташ муддати 60 (олтмиш) академик соатдан кам бўлмаслиги керак.
- Амалиёт охирида тингловчи тасдиқланган дастур ижроси юзасидан ҳисобот тузади ва амалиёт раҳбари амалиёт мавзуларини ўзлаштириш даражасини баҳолайди ҳамда ёзма равишда зарур тавсиялар беради.
- ҚТ ўқув курси бўйича машғулотлар тугагандан сўнг, қабул комиссияси томонидан имтиҳон шаклида якуний аттестация ўтказилади.
- ҚТ, МО ва ҲБО ўқув дастурлари модули бўйича жорий ва оралиқ назоратларни муваффақиятли топширган, малакавий иш (реферат)ни ҳимоя қилган ҳамда амалиётни ўтаган тингловчи якуний аттестацияга киришига рухсат этилади.
- Ахборот ва телекоммуникация тизимлари билан жиҳозланган техник воситалар мажмуи мавжуд бўлган ҳолларда, алоҳида тартибга мувофиқ жорий ва оралиқ назорат ишларини масофавий топширишга йўл қўйилади.
- Суд экспертизасининг муайян тури бўйича узлуксиз равишда
10 (ўн) йил давомида суд-экспертлик фаолиятини амалга оширган суд эксперти ушбу ихтисослик бўйича ҚТ курсларини ўтмасдан имтиҳон топширишга ҳақли. - Талабгор қайта тайёрлаш курсларини ўтмасдан имтиҳон топшириш ҳақида мазкур Низомнинг 12-бандида назарда тутилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда Қабул комиссияси номига ариза беради ҳамда ушбу Низомда белгиланган икки босқичли умумий тартибда имтиҳон топширишга рухсат этилади.
IV. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ, МАЛАКА ВА ҲУҚУҚИЙ БИЛИМЛАРНИ ОШИРИШ ЎҚУВ ДАСТУРЛАРИНИНГ ТУЗИЛИШИ
ҚТ, МО ва ҲБО бўйича ўқув дастурлари модуллик, ўқитишнинг ўзгарувчанлиги (вариативлиги), масофавий ўқитиш, ўқув жараёнини автоматлаштириш, бошқарув усулларини модуллари, тестлар ва ўқув жараёнининг бошқа илғор технологияларига асосланган бўлади.
- ҚТ, МО ва ҲБО бўйича ўқув дастурларининг маълум бир мутахассислик бўйича суд экспертига қўйиладиган малака талабларига мувофиқлиги, уни ишлаб чиқиш натижасида шаклланиши керак бўлган эксперт вазифалари ва янги ваколатлари рўйхати билан белгиланади.
- ҚТ, МО ва ҲБО бўйича ўқув дастурлари қоида тариқасида қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:
Сарлавҳа саҳифаси (титуль варағи);
Ўқув фани дастурини ўзлаштириш мақсад ва вазифалари;
Ўқув фани дастурини ўзлаштириш натижаларига қўйиладиган талаблар;
ҚТ, МО ва ҲБО дастури бўйича ўқитиладиган ўқув режаси;
Ўқув фани календарь жадвали;
Ўқув фанлари (модуллари)нинг ишчи дастурлари;
Жорий назорат учун баҳолаш воситалари;
Ўқув дастурига мувофиқ ўқитишни ўқув-услубий ва ахборот таъминоти;
Фанни ўқув дастури бўйича ўқитишнинг моддий-техник таъминоти.
- Сарлавҳа саҳифаси ҚТ, МО ёки ҲБО ўқув дастурининг биринчи бетидир. ҚТ, МО ва ҲБО ўқув дастурларининг муқова саҳифасининг олд ва орқа томони 3, 4 ва 5-иловаларга мувофиқ расмийлаштирилади.
- Ўқув фани дастурини ўзлаштиришнинг мақсад ва вазифалари бўлимида ўқув дастурни муваффақиятли ўрганиш учун зарур бўлган ўқишга кирган шахсларнинг касбий билимлари ва кўникмаларига қўйиладиган талаблар баён этилади.
- Ўқув дастурни ўзлаштириш натижаларига қўйиладиган талаблар бўлимида қуйидагилар кўрсатилади:
умуммаданий ва касбий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган ўрганиш жараёни;
янги касбий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган таълим жараёни қамраб олинади.
- МО бўйича Ўқув дастурни ўзлаштириш натижаларига қўйиладиган талаблар бўлимида қонунчиликдаги янгиликлар, экспертиза ва тадқиқотларнинг янги усул ва услубиётлари, фаннинг ва амалиётнинг илғор ютуқлари, янги касбий кўникмалар (компетенциялар) ҳақида маълумот берилади.
- ҚТ ёки МО ёхуд ҲБО дастури бўйича ўқитиладиган мавзувий режада фанлар (модуллар) ва фанларнинг мавзулари (модуллари) номлари келтирилади, ўрганилаётган мавзулар кетма-кетлиги, ҳар бир мавзунинг мураккаблиги (ўқув машғулотлари турларини, ўқув ишлари ва ўқиш вақтларини кўрсатиб, уни ўзлаштиришга ажратилган соатлар сони ва бошқалар, уларни амалга оширишга бағишланган масалалар), машғулотларда фойдаланиладиган ўқув технологиялари, ҳар бир мавзуни ўзлаштириш бўйича назорат шакллари кўрсатилади (6-илова).
ҚТ, МО ва ҲБО ўқув дастурлари бўйича ўқитиш қуйидаги ўқув тарбиявий ишларни ўз ичига олиши мумкин: маърузалар, амалий ва семинар машғулотлари, лаборатория ишлар, давра суҳбатлари, маҳорат-дарслари, вебинар, тренинг, тажриба алмашиш, сайёр машғулотлар, маслаҳатлар, амалий экспертизалар бажариш ва мустақил ишлаш.
ҚТ, МО ва ҲБО ўқув дастурлари бўйича ўқитиш жараёнида жорий ва оралиқ назоратнинг қуйидаги шакллари: оғзаки савол-жавоб, ўқув дастурининг бажарилишини муҳокама қилиш, ўзлаштириш натижалари ҳақида ҳисобот, ўқув-амалий хулосани текшириш, лаборатория иши тайёрлаш ва малакавий иш (реферат)ни ҳимоя қилиш қўлланилади.
- Ўқув календарь жадвалида ҚТ, МО ва ҲБО ўқув дастурининг мавзулари, мавзулар бўйича ўқитиш шартлари, ўқитувчиларнинг тўлиқ исми, шарфи ва фамилияси кўрсатилади.
ҚТ дастури бўйича ҳар бир тингловчи учун дастурнинг давомийлиги кўрсатилган шахсий (индивидуал) календарь ўқув жадвали тузилади. Шахсий (индивидуаль) ўқув жадвали таркибий бўлинма (бўлим, лаборатория) раҳбари билан келишилган ҳолда мураббий томонидан тузилади ва Марказ директори томонидан тасдиқланади (7-илова). Тингловчининг шахсий (индивидуаль) ўқув календарь жадвали Марказдаги шахсий иш жилдида сақланади.
МО дастури бўйича ўқув календарь жадвали МОни ўтказиш учун масъул шахс (таркибий бўлинма) томонидан ишлаб чиқилади ва Марказ директори томонидан тасдиқланади (8-илова).
- Ўқув фанлар (модуллар)ининг ишчи дастурлари бўлимида ўрганилаётган ҳар бир мавзунинг асосий мазмун-моҳияти баён қилинади ва мавзу доирасида ўрганилиши керак бўлган ўқув материаллар ёритилади.
- Жорий, оралиқ назорат ва якуний аттестация учун баҳолаш воситалари бўлимида фаннинг ҳар бир мавзуси жорий назоратини ўтказиш шакли кўсатилади, оғзаки интервью учун назорат саволлари, маъруза, малака иши (реферат) мавзулари, лаборатория ишлари, амалий эксперт хулосаларни тайёрлаш учун қўйиладиган талаблар ва уларнинг вазифалари кўрсатилади.
Назорат саволлари, модуллар бўйича оралиқ назоратлар учун тестлар ва якуний аттестация шакл ва шартлари дастурга илова сифатида расмийлаштирилади.
ҚТ дастурига мувофиқ ҳар бир мустақил мавзу бўйича тингловчининг ўзлаштиришини жорий ва оралиқ назорат (баҳолаш) қилиш, амалий машғулотлар натижаларини қайд қилиш, тингловчилар давоматини юритиш мақсадида ҳар бир гуруҳ учун алоҳида журнал юритилади(9-илова).
- Ўқув дастурга мувофиқ ўқитишни ўқув-услубий ва ахборот таъминоти бўлимида:
ўрганиш учун зарур норматив – ҳуқуқий ҳужжатлар;
асосий адабиётлар (Марказ кутубхонасида мавжуд бўлган қайта тайёрлаш дастурига оид базавий дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар);
қўшимча адабиётлар (монография, дарслик, ўқув қўлланма, даврий нашрларда чоп этилган илмий мақолалар);
интернет тармоқлари ресурслари (дастурни ўзлаштириш учун зарур бўлган сайтларнинг электрон манзиллари рўйхати: ўқув, маълумотнома, услубий ва ҳакозолар);
электрон ресурслар (агар мавжуд бўлса).
Адабиётлар рўйхати шакллантирилади. Рўйхатни тузишда библиографик тартибга риоя қилиниши шарт.
- Фанни ўқув дастур бўйича ўқитишнинг моддий-техник таъминоти бўлимида дастур бўйича фаннинг муваффақиятли ўзлаштириши учун зарур бўлган тингловчининг иш жойи, жиҳозлар рўйхати ва махсус шароитлар кўрсатилади.
- ҚТ ёки МО ёхуд ҲБО ўқув дастурларига ўзгартиришлар киритишга зарурат туғилганда ўзгартиришлар киритилади.
- ҚТ ёки МО ёхуд ҲБО ўқув дастурларига ўзгартириш киритиш учун қуйидагилар:
тегишли қонун ҳужжатларининг ўзгариши;
таълим жараёни технологияси, моддий ва ахборот имкониятларнинг ўзгариши;
эксперт тадқиқотлари учун янги ва долзарб усул ва услубиётлардан фойдаланишнинг жорий этилиши;
дарс машғулотларини ўтаётган ўқитувчиларнинг ҳамда мазкур дастурни ўзлаштирган ёки ўзлаштираётган тингловчиларнинг асослантирилган таклифлари асос ҳисобланади.
V. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ, МАЛАКА ВА ҲУҚУҚИЙ БИЛИМНИ ОШИРИШ ДАСТУРЛАРИ, ТАЪЛИМ СИФАТИНИ БАҲОЛАШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ
- ҚТ ва МО курсларида дарс машғулотларини ўқув дастурлари, ўқув режаларида белгиланган ҳажм ва соатларда ўтказилишини таъминлаш учун экспертиза ва экспертлик тадқиқотларининг йўналиши (тури) бўйича таркибий бўлинмалар (бўлим, лаборатория) раҳбарлари, ҲБО курсларида ўқув машғулотлари учун эса Ўқув маркази мудири масъул ҳисобланади.
- Ўқув машғулотларининг ўқув дастурлари ва амалдаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўқув режасига мувофиқ тўлиқ амалга оширилиши Ўқув маркази томонидан назорат қилинади.
- ҚТ, МО ва ҲБОга қўйиладиган талабларга мувофиқ (кейинги ўринларда Талаблар деб юритилдаи) суд экспертларини ҚТ, МО ва ҲБО курслари тингловчиларининг жорий, оралиқ назорати ҳамда якуний аттестацияси ташкил этилади.
- ҚТ, МО ва ҲБО ўқув дастурлари бўйича мавзуларни ўзлаштириш юзасидан тингловчилар билими ва таълим сифатини баҳолаш:
жорий назорат (мавзулар бўйича оғзаки савол-жавоблар ва семинар машғулотлари);
оралиқ назорат (тест – ёзма ёки электрон шаклда топшириш, малака иши (реферат) ҳимоя қилиш ва амалий лаборатория иши бажариш) орқали амалга оширилади.
- ҚТ курсларида жорий назорат тингловчиларнинг ўқув дастурини ўзлаштириш даражаси ва билимини аниқлаш мақсадида, маърузалар якуни ёки семинар машғулотларида ўқитувчилар томонидан ўтказиладиган жараён ҳисобланади ва махсус журналда тингловчига тегишли баҳо қўйиб борилади.
- Тингловчилар учун оралиқ назорат ва якуний аттестация бўйича тестлар ҳамда имтиҳон саволлари, шунингдек малака иши (реферат) мавзулари ўқув жараёнида ўзлаштирилган назарий билимлар ва амалий кўникмаларни синовдан ўтказиш учун ўтилган мавзулар ва материаллар асосида, дарс машғулотларини ўтган ўқитувчилар томонидан Ўқув маркази, бўлим бошлиқлари ва лаборатория мудирлари иштирокида ишлаб чиқилади ва Қабул комиссияси томонидан тасдиқланади.
- Оралиқ назорат курс давомида ўқув режасидаги ўқув модуллари ёки бўлим тугагандан сўнг, мазкур модуль ёки бўлимдаги мавзулар бўйича тингловчининг билим ва кўникмаларини баҳолаш мақсадида ўтказилади.
- Оралиқ назорат бўйича тест натижасида қайднома расмийлаштирилади
(10-илова) ва унда тест вариантининг рақами, талабгор (тингловчи)нинг фамилияси, исми, шарифи, умумий саволлар ва тўғри жавоблар сони, тест вариантидаги умумий саволлар сонига нисбатан фоизи ҳамда “ўтди” ёки “ўтмади” деб кўрсатилади. - Ҳар бир модуль ёки бўлим якуни бўйича тингловчи, ўқув дастурида назарда тутилган тартиб ва белгиланган ҳажм ҳамда мавзулар асосида малака иши (реферат) ҳимоя қилади.
- Ўқув режа ва дастурда назарда тутилган барча назорат турлари жорий, оралиқ назоратларни топширган ҳамда танланган мавзу бўйича малака иши (реферат)ни ҳимоя қилган тингловчи курснинг ўқув дастурини тўлиқ ўзлаштирган ҳисобланади ва тингловчига якуний аттестацияда иштирок этишга рухсат берилади.
- Якуний аттестация ҚТ ва МО курслари битирувчилари учун ўқув режаси, ўқув дастури ва ўқув жараёни жадвалига мувофиқ, тест ва суҳбат шаклида ўтказилади.
- ҚТ курсларини ўтмасдан якуний имтиҳон топширишга ҳақли талабгор ва тингловчи (битирувчи)лар учун ҳар бир тест тўплами 25 (йигирма беш) та саволдан, ҳар бир билет 4 (тўрт) та савол ва 1 (бир) та казусдан иборат бўлади. Тест ва билетлар тўплами Қабул комиссия котибида сақланади. Тест Қабул комиссия қарорига асосан электрон шаклда ўтказилиши мумкин.
- Саволларга жавоб беришнинг умумий талаблари қуйидагилардан иборат:
саволга жавобнинг мазмунан тўғри ва тўлиқ бўлишлиги;
савол бўйича жавобнинг мантиқий кетма-кетлиги ва асослантирилганлиги;
замонавий тушунчаларни қўллаш, масала ечимига ёндашувнинг аниқлиги;
фикрни амалий мисоллар билан тасвирлаш ва мантиқий ифодалаш қобилиятининг шаклланганлиги.
- ҚТ курсларини ўтмасдан якуний имтиҳон топширадиган талабгорлар учун тест ва имтиҳон билети саволлари Марказ директорининг буйруғи билан ташкил этилган малакали мутахассислардан иборат Эксперт гуруҳи томонидан ишлаб чиқилади ва Қабул комиссияси томонидан тасдиқланади.
- Якуний аттестация (имтиҳон) икки босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқичда ҚТ курсини ўтмасдан якуний имтиҳон топширувчи талабгор ёки тингловчи ўқув режасидаги ўқув фанлари бўйича дастлаб тест топширади, тестни муваффақиятли топширган талабгор (тингловчи)га билет асосида ўтказиладиган суҳбатда иштирок этишга рухсат берилади.
- Тест саволлари билан танишиб чиқиш, жавобни танлаш ва имтиҳон тестини тўлдириш учун 40 (қирқ) минутдан кўп бўлмаган вақт белгиланади.
- Тестни топширган талабгор (тингловчи) имтиҳон олинадиган хонадан чиқиб кетиши керак.
- Талабгор (тингловчи)лар томонидан топширилган имтиҳон тестлари Комиссия аъзолари томонидан талабгор (тингловчи)нинг иштирокисиз дарҳол текширилади ва натижалари шу куннинг ўзида эълон қилинади.
- Талабгор (тингловчи)нинг билимини баҳолаш 100 (юз) баллик тизимда баҳоланади. Бунда 56 балл тўплаган талабгор (тингловчи) тестни топширган ҳисобланади ва иккинчи босқичга – билет орқали суҳбат шаклидаги имтиҳонда иштирок этишга рухсат берилади.
- Иккинчи босқичда имтиҳон билет орқали суҳбат шаклида ўтказилади ва талабгор таклиф қилинган билетлар тўпламидан биттасини олади ҳамда билет саволларига жавоб бериш учун унга 20 (йигирма) минутдан кўп бўлмаган вақт ҳамда махсус имтиҳон варақаси берилади.
- Натижаларни аниқлаш учун имтиҳон комиссиясининг ҳар бир аъзоси бошқа аъзолардан мустақил равишда ҳар бир талабгор (тингловчи) учун алоҳида баҳолаш варақасини тўлдиради ва уни Қабул комиссияси котибига тақдим этади (11-илова).
- Қабул комиссиясининг котиби комиссия аъзолари томонидан талабгор (тингловчи)га қўйилган ўртача баллни ҳисоблайди ва жавоблар варақасига киритади
(12-илова). - Қабул комиссиясининг йиғилиши, унинг аъзоларини камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.
- Баҳолаш натижалари акс эттирилган баённомалар асосида ҚТ ва МО курси тингловчиларининг якуний аттестация бўйича умумий қайднома шакллантирилади.
- Қабул комиссия йиғилишининг баённомаси раис, аъзолар ва котиб томонидан имзоланади.
- Якуний аттестация натижалари Қабул комиссия йиғилиш баёни шаклда расмийлаштирилади ва қарор билан тасдиқланади ҳамда шу куннинг ўзида эълон қилинади (13-илова).
- Талабгор (тингловчи) имтиҳон натижаси эълон қилингандан сўнг, тилхат орқали ўзига тегишли тест ва билетга берилган жавоблар натижалари билан танишиб чиқишга ҳақли.
- ҚТ курсларини ўтмасдан якуний имтиҳон топширган талабгор имтиҳондан ўтолмаган ҳолларда имтиҳон ўтказилган кундан олти ой ўтгандан кейин умумий тартибда қайта имтиҳон топширишга ҳақли.
- Якуний аттестациядан ўтолмаган тингловчи уч кун ичида Марказ директори номига апелляция шикояти билан мурожаат қилишга ҳақли. Апелляция шикояти қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва қарор қабул қилинади.
- Якуний аттестацияни қайта топшириш натижалари салбий бўлган тақдирда тингловчига курсни тугатганлиги тўғрисида маълумотнома берилади (14-илова).
- Суд эксперти хулосаси ёки нодавлат суд-экспертиза ташкилоти фаолияти устидан келиб тушган шикоят Қабул комиссия раисининг топшириғига кўра Қабул комиссия аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан тегишли тартибда ўрганилади.
- Ўрганиш натижаси бўйича касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификатни бекор қилиш ёки бекор қилмаслик ҳақида Комиссиянинг қарори қабул қилинади, бунда суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификати бекор қилинган суд эксперти тўғрисидаги маълумот белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилади.
- Жорий, оралиқ назорат ва якуний аттестация ўтказиш жараёнида талабгор (тингловчи)га норматив ҳуқуқий ҳужжатлардан, махсус адабиётлардан, алоқа воситаларидан, шунингдек бошқа манбалардан фойдаланиш, бошқа талабгор (тингловчи)лар билан гаплашиш тақиқланади.
Ушбу талабларга риоя қилмаган талабгор (тингловчи) имтиҳондан четлаштирилади ва бу ҳақда белгиланган тартибда далолатнома тузилади (15-илова).
VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
- Мазкур низомнинг қўлланилиши бўйича келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.
- Мазкур низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
- Мазкур Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Киритилди:
Суд экспертларининг малакасини
ошириш ўқув маркази мудири У.Эрназаров
Келишилди:
Директорнинг экспертлик фаолияти
ва илмий ишлар бўйича ўринбосари У.Узаков
Адлия вазирлиги Юридик таълим ва суд
экспертиза фаолиятини мувофиқлаштириш
бошқармаси етакчи мутахассиси М.Бозоров
Кадрлар бўлими бошлиғи А.Ниязметов
Бош юрисконсульт Б.Махсадов
Халқаро ҳамкорлик ва жамоатчилик
билан алоқалар бўлими бошлиғи С.Саидходжаев
Сифат менеджементи бўлими бошлиғи Д.Тошева