Мамлакатимизда фуқароларнинг қонунчиликдан хабардорлигини ошириш борасидаги кенг кўламли ишлар самарасида уларда қонунга ҳурмат ҳисси кучайди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 февралдаги «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2761-сон қарори шу мақсадга қаратилган.
Қабул қилинган қонун ҳужжатларининг асосий маъносини аҳолига етказиш бўйича яратилган механизм аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалиши, жамиятда қонун устуворлиги таъминланишига хизмат қилади.
Эндиликда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ижрочиларга ўз вақтида етказишни таъминлаш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, шунингдек тегишли қонун ҳужжатлари матнидан монеликсиз фойдаланиш имконини яратиш ва ўз таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида қонун ҳужжатлари нормаларининг бир хилда қўлланилиши устидан доимий назоратни амалга ошириш вазирлик, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг муҳим вазифалари этиб белгиланди.
Янги қарорга мувофиқ, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари матнларида тегишли қонунлар қабул қилингандан кейин унинг ижросини ташкил этиш, ижрочиларга етказиш ва аҳоли ўртасида моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришни ташкил этишга масъул бўлган аниқ давлат органлари, шу жумладан давлат бошқаруви органлари кўрсатилиши шартлиги, ҳужжат назоратни амалга ошириш юклатилган масъул давлат органи ёки ташкилоти, шунингдек, мансабдор шахслар томонидан имзолангандан кейин, уни ижро этиш, ижрочиларга етказиш ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш юзасидан чора-тадбирлар режаси тасдиқланиши белгиланди.
Шу билан бир қаторда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган куни ахборот-таҳлилий материаллари билан бирга қоғоз ва электрон шаклда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборилиши,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир кунлик муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига электрон шаклда етказилишини таъминлаши, давлат органлари ва ташкилотлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ахборот-таҳлилий материаллари асосида, қабул қилинган қонун ҳужжатларини ижрочиларга етказиш ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаши назарда тутилди.
Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида қонун ҳужжатларини тезкор тарқатиш мақсадида ҳимояланган алоқа каналлари (VPN) орқали идоралараро электрон ҳамкорликни ташкил этади ва шу орқали маълумотлар тезкор ва қулай тартибда етиб боради.
Ушбу тизимни амалиёт тадбиқ этилиши аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш баробарида ўзларига керакли бўлган ахборотлардан тез, қулай ва замонавий тартибда фойдаланишларига имконият яратади. Бу эса мамлакатимиз равнақи ва тараққиётига, интелектуал салоҳиятли ёшларимизнинг сонини янада кўпайишига ва биз давлат ҳизматчиларини юксак масъулиятли вазифамизни сидқидилдан адо этишимизга замин бўлади.
Д.Тажиев