СУД-ФОНОГРАФИЯ ЭКСПЕРТИЗАСИНИНГ ИМКОНИЯТЛАРИ

         Суд-фонография экспертизаси – аудиоёзув (фонограмма)даги ахборотларда ашёвий далил сифатида иш учун аҳамиятга эга бўлган маълумотлар борлигини ва уларнинг ишончлилигини текшириш мақсадида тадқиқот ўтказилувчи процессуал ҳаракатдир.

Суд-фонография экспертизаси тадқиқотлари диагностик ва идентификацион масалаларни ҳал этади. Сўзловчининг овози ва нутқини лингвистик, грамматик, фонетик, физик қонуниятлар асосида аниқланган фактлар билан шахс идентификация қилинади. Шунингдек, тадқиқот жараёнида сўзловчининг руҳий ҳолати, суҳбат ёки оғзаки нутқ олиб борилган жой каби фактларни аниқлаш мумкин.

Фонограммалардаги инсоннинг оғзаки нутқида мавжуд хусусиятларни шартли равишда икки турга ажратиш мумкин. Булар: сўзларнинг маъноси жиҳатидан ва сўзловчининг оғзаки нутқидаги хусусий белгиларига кўра.

Биринчи турда оғзаки нутқ орқали етказилаётган ахборотларнинг умумий маъноси тушинилади. Яъни, сўзловчининг маълум масала юзасидан қарашлари, муайян, шу жумладан, касбий билимнинг мавжудлиги шунингдек, тор доира вакилларига маълум бўлган воқеа-ҳодисалар, фактлар ёки ҳолатларни билишини кўрсатади.

Сўзловчининг хусусий белгилари эса тергов-суриштирув ва суд ишларида муҳим аҳамият касб этадиган омиллардан биридир. Ушбу омиллар сўзловчининг жисмоний, психологик, ва ижтимоий қиёфасини, жинси, ёши, унинг анатомик хусусиятлари, шеваси орқали шахсни идентификация қилиш имконини берувчи хусусиятларни аниқлаш мумкин. Сўзловчининг овоз диапазони, тембри, кўкрак қафасининг ҳажмига кўра сўзловчининг жинсини аниқлаш мумкин.
Фонограммадаги сўзловчининг тахминий ёшини аниқлашда унинг сўзлаётган нутқида айтилаётган воқеа-ҳодисанинг вақт ҳисобида қанчалик олдин содир бўлгани, ўтмишни эслаши, ўз биографиясидан сўзлаши ва шу кабилар. Асосан кекса инсонларнинг нутқидаги сўзлар насиҳат, маслаҳат каби маъноларда айтилиши мумкин. Ёшлар нутқидаги сўзлар жуда кўплаб сифатлар ва мавзулар юзасидан бўлиши мумкин.

Сўзловчининг маданияти, дунё қараши ва таълим даражасини у томонидан қўлланилган сўзлари, ўз фикрини ифодалаши, унинг тўлиқлиги, сўз бойлиги, нутқ техникаси, нутқдаги лексик хусусиятлар мавжудлигини талаффузга асосланиб баҳолаш мумкин.

Диагностик тадқиқотларда аҳамиятга молик жиҳатлардан яна бири бу сўзловчининг диалекти (шевага ёки маълум географик ҳудудда яшовчи аҳолига мансуб сўзлар билан ифодалаш). Инсон бошқа ҳудудда туғилиб, кейин бошқа ҳудудда узоқ муддат яшаса унинг деалекти ҳам яшаётган ҳудуднинг диалектига мослашиб кетиши мумкин. Лекин инсон стресс ёки ҳис-ҳаяжон ҳолатида бўлса диалекти ўзи туғилиб ўсган, улғайган ҳудуд диалекти белгиларини намоён қилади.

Шахснинг касб-ҳунари ва бошқа ижтимоий хусусиятларини белгилашда муайян ижтимоий гуруҳни ифодаловчи лексик хусусиятлар, оғзаки нутқнинг фразеологик хусусиятлари ва унинг мазмунига аҳамият берилади. Касб-ҳунарга оид терминларга кўра сўзловчининг тахминий иш фаолиятини айтиш мумкин.

Шунингдек, жиноятчилар, фирибгарлар ва бошқа қонунбузарларнинг оғзаки нутқидаги жаргонларига кўра ҳам уларнинг тахминий қайси доира вакили эканлигини айтиш мумкин. Шуни таъкидлаш жоизки, баъзи бир доирада қўлланиладиган жаргон сўзлар бошқа доирада бошқача маъно англатиши ҳам мумкин. Афсуски, сўнгги пайтларда жаргон сўзлар ёшлар орасида ҳам кўп қўлланилмоқда.

Инсон оғзаки нутқи акустик ва лингвистик хусусиятлар билан бир биридан фарқ қилади, у индивидуал ва нисбатан ўзгармас бўлиб, оғзаки нутқи фонограммада қайд этилган шахснинг хусусий сифатларини кўрсатибгина қолмай, балки уни аниқлаш имконини ҳам беради.

Суд-фонография экспертизаси лабораторияси
етакчи эксперти: М.Х.Ташпулатов

Skip to content