Марказ ходимлари учун тренинг ташкил этилди

Маълумки, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази ISO/IEC 17025 стандарт талаблари бўйича халқаро аккредитациядан ўтиш учун сифат менеджменти тизимида бир қатор ишларни амалга оширмоқда.
Жумладан, Стандарт талабига кўра, танланган аккредитация соҳалари бўйича жараёнларнинг сифат назорати таъминланмоқда. Тадқиқотларни ўтказувчи ходимларнинг ваколатлилигини таъминлаш ва малакасини ошириш мақсадида хорижий мамлакатларда стажировкалар ташкиллаштирилиб, халқаро консультантлар томонидан ўтказиладиган ўқув тренингларида иштирок этилмоқда.
Ҳусусан, жорий йил 12 февраль куни БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Ўрта Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда Марказнинг 17 нафар ходимлари ва Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Эксперт-криминалистика Бош марказининг 5 нафар ходимлари учун “Международный стандарт ISO 17025:2017. Общие требования к компетентности испытательных и калибровочных лабораторий” мавзусида навбатдаги 3 кунлик ўқув курси ташкиллаштирилди.
Ўқув курси TUV International Certification, Cert International ва IRCA етакчи аудитори Владимир Береснев томонидан ўтказилди.
Ўқув курсининг биринчи кунида стандарт ва методология тушунчаларининг ўзаро фарқли томонлари, ISO, менеджмент, менеджмент тизими каби тушунчалар таҳлил қилинди. ISO/IEC 17025:2017 стандарт талабидаги ўзига хос бандлар ва уларни амалиётга тадбиқ этиш жараёнлари муҳокама қилинди. Шунингдек, амалий машғулот ва тест синовлари олиниб, ходимларнинг билимлари тегишлича баҳоланди.

Марказнинг Сифат менеджменти бўлими