Автомобиль транспортининг ривожланиб бориши инсоният учун бир қанча қулайликларни яратди, Ҳалқ хўжалигининг барча тармоқлари техника ривожининг маҳсули бўлмиш автомобиллар билан муштарак. 1985 йил автомобилсозликнинг 100 йиллиги кенг нишонланди. Айни пайтга келиб жаҳон машинасозлик саноати йилига 50 млн.дан ортиқ автомобиль ишлаб чиқармоқда. Аммо, шу билан бирга техника тараққиётининг салбий оқибатлари, айниқса, йўл-транспорт ҳодисаларининг таъсири борган сари сезилмоқдаки, йўл-транспорт ҳодисалари оқибатлари жамият ҳаётида суғурта фаолиятини такомиллаштириш ва ҳар бир фуқарони муҳофаза қилиш заруратини келтириб чиқарди. Жамиятда бозор муносабатларининг шаклланиши ва ривожланиб бориши шахслар ўртасида фуқаровий даъволарнинг ўсиб бориши, суғурта ва молия ҳуқуқшунослиги соҳаларининг ривожланишига олиб келди. Мамлакатимизда транспорт воситалари эгаларининг учинчи шахс олдидаги жавобгарлиги мажбурий суғурталанган. Жаҳон тажрибаларига асосланган ҳолда жорий қилинган бу амалиёт йўл-транспорт ҳодисалари натижасида ҳайдовчи томонидан етказилган зарарни қоплаш имконини беради. Умуман олганда, суғурта фалсафаси ягона ёки бир нечта иштирокчиларга, кутилмаганда етказилган зарарни суғурта жамиятининг барча аъзоларига тақсимлаш механизмига асосланади. Бунинг билан оз сонли иштирокчиларни, гарчи жамиятнинг бошқа аъзолари ҳисобидан бўлса ҳам, кескин ўзгаришлардан сақлаб қолиш кўзда тутилган.
Суғурта тарихи қадимдан, эрамиздан 3-4 минг йил олдинги даврдан бошланади. Қадимий Шумер давлатида (ҳозирги Ироқ мамлакатининг жануби) суғурта фаолиятининг дастлабги кўринишлари пайдо бўлган. Х-ХI асрлардан бошлаб Европа мамлакатларида, айниқса, Англия ва Германияда, мол-мулк ва инсон ҳаётини суғурталаш соҳаси ривожлана бошлаган. Марказий Осиё ҳудудида суғуртанинг илк кўринишлари Амур Темур ҳукмдорлиги даврига тўғри келади, соҳибқирон жангу-жадалларда тан жароҳати олган сипоҳларга моддий ёрдам кўрсатиш тартибини жорий қилган. ХIХ аср охирларида суғурта фаолияти автомобиль транспортига ҳам кириб келди, кўриладиган моддий зарар хавфи автосуғуртани тоқазо этди. 1898 йил Американинг “Travelers Insurance Company” суғурта компанияси биринчи автомобилни суғурта қилган. Кейинчалик, 1925 йилдан бошлаб мажбурий суғурталаш амалиётда қўлланила бошлади.
Фан-техниканинг ривожланиши ва ундан фойдаланиш жараёнида учинчи шахсларга зиён етказиш эҳтимолининг ортганлиги ва унинг оқибатида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этиш учун 2008 йил 21 апрель куни “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, 2008 йил 24 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Транспорт воситалари эгалари фуқаролик масъулиятини мажбурий суғурталаш қоидалари” қабул қилинди. Мазкур қонун ва қарорнинг мақсади фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига транспорт воситаси орқали зарар етказилганда келиб чиқадиган мажбуриятларни тартибга солишдан иборат бўлиб, бу соҳадаги Қонунчилик кейинги йилларда ривожлантирилди.
Бугунги кунда амалиётда, суғурта ташкилоти билан тузилган шартномага биноан, йўл-транспорт ҳодисаси юз берган тақдирда, мулк эгаси (ёки унинг ҳуқуқий вакили) автотранспорт воситасини эксперт кўригига тақдим этади, транспорт воситаси кўздан кечирилади ва унда вужудга келган ўзгаришлар бўйича тегишли ҳужжатлар тузилиб суғурта ташкилотига тақдим этилади. Моддий зарар ҳисоб-китобида қўлланилаётган меёрий ҳужжатларда автотранспорт воситасининг йўл-транспорт ҳодисасига қадар бўлган ҳолати, бозор иқтисоди шароитларида бутловчи қисмлар ва материалларнинг шаклланган нархлари ҳамда таъмирлаш ишлари ҳақини эътиборга олиш кўзда тутилган.
Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси Маркази тизимида транспорт воситаларини баҳолашда Ўзбекистон Республикасининг “Баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонуни” ва “Ўзбекистон Республикаси мулкни баҳолашнинг миллий стандартлари”га мувофиқ ишлаб чиқилган қўлланма – “Установление стоимости автомототранспортных средств, величины затрат на их восстановление” амал қилади. Маълумки, фойдаланиш учун яроқсиз бўлган бутловчи қисмларни алмаштириш ёки таъмирлашдан кўриладиган моддий зарар миқдори (Сз.ч.), таъмир ишлари харажатлари (Ст.) ва материаллар баҳоси (См.) автомобилга етказилган моддий зарар миқдорини ташкил қилади. Лекин, автомобилда кўздан кечириш орқали аниқлаб бўлмайдиган яширин носозликлар вужудга келган бўлиши мумкин, автомобиль агрегатлари, узель ва механизмларини диагностика қилиш ёки қисмларга ажратиш жараёнида уларни аниқлаш имкони бўлади. Айни пайтга келиб ТВни қўшимча кўздан кечириш орқали йўриқномадаги ушбу бўшлиқни тўлдириш мавриди етиб келди, шу сабабли қўшимча кўздан кечириш учун ҳуқуқий асос яратилиши мақсадга мувофиқ. Ушбу муаммонинг ечими жамиятимиздаги бугунги кундаги кайфиятга мос келади.
Кейииги вақтларда Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси Марказининг Сирдарё вилоят бўлимига фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан тайинланган, умумий мулк ҳисобланган автомобилларни баҳолаш экспертизаларини ўтказиш жараёнида ўзига хос муаммоли ҳолат кузатилмоқда. Жавобгарнинг ташаббуси билан, тасарруфида бўлган автотранспорт воситаси баҳосини камайтириб кўрсатиш мақсадида экспертиза кўригига тақдим этилгунга қадар бир қанча қисмлари ечиб олиниб, носоз, тўлиқ комплектланмаган кўринишга келтирилмоқда. Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судининг 1-314-сонли фуқаролик иши бўйича судга оид транспорт-баҳолаш экспертизаси тайинлаш ҳақидаги ажрими ижроси юзасидан NEXIA русумли 20F 215 CA давлат белгили автомобили кўздан кечирилганда, унинг агрегатлар блоки ва яна 60 га яқин номдаги, қарийб 19,0 млн.сўмлик бутловчи қисмлари, жумладан олд ва орқа ёритгичлари, олд қанотлари, капоти, ўнг ён олд эшиги, юкхона қопқоғи ва ички қопламалари, том панели ички қопламаси, икки ён ва салон кўзгулари, ойнатозалагичлари, безакпанжараси, сигнали, сув радиатори ва вентилятори, ҳавотозалагичи, АКБ, орқа ўриндиқлари, олд бампери қопламаси ва зарбсўндиргичи, руль чамбарагининг сигнал мосламаси, ёритгичлар бошқаруви, иситиш тизими, захира ғилдираги, автомагнитоласи, агрегатлар блоки ва ғилдиракларга ҳаракат узатиш тизими ўз ўрнида йўқлиги маълум бўлди.
Расмий жиҳатдан, кўздан кечириш жараёнида аниқланган маълумотлар бўйича тузилган эксперт хулосалари суд экспертизасининг холислик принципларига зиддият туғдирмайди. Лекин, масалага фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари нуқтаи назаридан қаралса, адолат тамойиллари бузилгандек кўринади. Носоз ва нокомплект автомобилларни кўздан кечириш жараёнида даъвогар тарафнинг эътирозлари кузатилади.
Ушбу муаммони ҳал этиш учун низоли автотранспорт воситаларига суд органлари томонидан ўз вақтида банд солиниши ва уларни асл холича сақлашни таъминлашга эришиш лозим бўлади. Агар, автотранспорт воситасига жавобгарнинг ташаббуси билан ўзгариш киритилганлиги исботланса, суд органи ишни мазмунан кўриб чиқиш жараёнида, автомобилнинг носоз ҳолга келтирилганлигини жавобгар зиммасига юклаб, ҳуқуқий асослар етарли бўлганда, техник жиҳатдан соз-тўлиқ комплектланган автотранспорт воситасининг баҳоси орқали иш юритиш масаласини кўриб чиқишни тавсия қиламан.
Юқорида баён қилинган мулоҳазалар, айни пайтда фуқаролик судлари фаолиятида ушбу масала бўйича номукаммаллик мавжудлигидан далолат беради. Анъана тусига кириб бораётган шу каби ҳолатларга чек қўйиш, ишларни кўриб чиқиш жараёнида инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва ижтимоий адолат принципларини тўлиқ таъминланишини кафолатлаш учун, тадқиқот объектларини хатлаш, сақлаш ва эксперт кўригига тақдим қилиш талабларига тўлиқ риоя қилиниши лозим бўлади.
Сирдарё вилоят бўлими катта эксперти
А.Элибаев