Ҳозирги кунда мамлакатимизда ёнғинлар сони кундан кунга ошиб бормоқда. Бу албатта ачинарли ҳолат. Ёнғинларнинг асосий сабаби инсонларнинг ҳаракатлиги ёки ҳаракатсизлиги ҳисобланади. Сўнгги пайтларда инсонларнинг ҳаракатсизлиги оқибатида ёнғинлар сабаби кўпайиб бормоқда.
Буларга бино, иншоот, иморатларнинг электр тармоқларида қисқа туташув, юқори ўтувчи қаршилик, электр симларни электр қурилмаларни ўрнатиш қоидаларига риоя қилмаслик, шунингдек Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаган ҳолда очиқ аланга билан нотўғри муносабатда бўлиш шулар жумласидандир.
Республикамизнинг турли вилоят ва туманлари суриштирув, тергов органларидан, содир бўлган муаммоли ёнғинлар юзасидан Марказимизга судга оид ёнғин-техникавий экспертизасини ўтказиш тайинланади ва берилган экспертиза хулосалари асосида масалага ойдинлик киритилади.
Мисол тариқасида келтириш мумкинки, ЁХБ инспектори томонидан чиқарилган экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор асосида, Ёнғин техник экспертизаси лабораторияси (ЁТЭЛ)га “шахарнинг ахоли зич яшайдиган кўчасининг 38-39-уйларда содир бўлган ёнғин юзасидан, унинг сабабини аниқлаш мақсадида суд ёнғин-техникавий экспертизаси тайинланди.
Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор ўрганилганда эксперт олдига қуйидаги саволлар қўйилганлиги маълум бўлди:
- Ёнғин ўчоғи аниқлансин.
- Ходиса жойидан олинган электр симларида қисқа туташув аломатлари мавжудми, агар бўлса ёнғинга алоқаси борми?
- Ёнғин сабаби аниқлансин.
Тўпланган ёнғин хужжатларни ўрганиб, ёнғин жойини кўриб чиққанида маълум бўлдики, ушбу икки уйни ажратиб турувчи девор битталиги ҳамда яшаш хоналари мазкур битта девор орқали қурилганлиги, ушбу икки иморатларда “Ёнғин хавфсизлиги оралиги масофаси” ёки “Ёнғиндан тўсиб турувчи девори” мавжуд эмаслиги аниқланди. Тушунтириш хатлари ўрганилганда, унда 38-уй яшовчи фуқаро ташқарида қарсиллаган товушдан уйғониб ҳовлига чиққанлиги, шунда деворга туташган икки уйнинг хоналари ёнаётганлигини кўрган. Ёнғин тахминан соат 02:40 ларда содир бўлганлиги, ёнғин кеч 02:50 атрофида пайқалганлиги, ёнғин хавфсизлиги хизматига вақтида қўнғироқ қилинмаганлиги сабабли, олов катталашиб икки уй ёнғиндан кучли зарарланган. Ёнғиндан ҳеч ким жароҳат олмаган аммо икки уй эгалари ёнғиндан моддий зарар кўришганлиги аниқланган.
Ёнғин иши хужжатларини ўрганиш жараёнида, хужжатлар орасидаги тушунтириш хатлари ўрганилганда, унда уй эгалари бир-биридан даъвоси борлигини ва ёнғин қасддан содир этилганлигини баён этишган. Ёнғиннинг сабабини аниқлаш мақсадида, Ёнғин техник экспертизаси лабораторияси эксперти воқеа содир бўлган жойни кўздан кечирди. Бунда ёнғиннинг кучли ёниши ҳақиқатдан ҳам икки уйни ажратиб турувчи девор атрофида бўлганлиги ва ёнғиннинг ўчоғи шу жойда бўлганлиги аниқланди.
Эксперт, ёнғин жойини синчиклаб ўрганилганда, шу девор тагида электр сими узилган холда осилиб ётганлиги ва визуал равишда қараганда қисқа туташув аломатлари борлиги аниқланди. Ушбу ашёвий далил инспектор томонидан, эксперт иштирокида олиниб, ходиса жойида қадоқланиб, сўнг экспертиза муасасасига тақдим этилди.
Электр симининг эриган қисми лаборатория усулида микроскопик тадқиқот қилинганда, ушбу электр симида қисқа туташув аломатлари мавжудлиги аниқланди ва ёнғиннинг сабаби юзасидан тадқиқотлар ўтказиб, ёнғинга электр симнинг қисқа туташуви сабаб бўлиши мумкин деган хулосага келинди.
Фуқароларимиз уй қураётганда амалдаги “Қурилиш меъёрлари ва қоидалари”, “Ёнғин хавфсизлиги қоидалари” талабларига амал қилмайди. Натижада фуқароларимиз уйлари оралигида “Ёнғин хавфсизлиги масофаси” ёки “Ёнғиндан тўсиб турувчи девор” ўрнатилмайди. Натижада бир уйда бошланган ёнғин иккинчи уйга ўтиб кетади ва ўзаро хонадон эгалари орасида муносабатининг бузилишига олиб келади.
Бу каби ёнғинларнинг сабаблари турлича бўлиши мумкин, масалан: эхтиётсизлик оқибатида тамаки махсулоти чўғининг ёнувчи материалларга тушиши, электр симларида вужудга келган қисқа туташув, юқори ўтувчи қаршилик, шунингдек чиқиндиларни ёқиш, гулханлар уюштириш, ўчоқ ёки тандирлардан фойдаланишда Ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши оқибатида келиб чиқадиган ёнғинлардир.
Аҳоли кўп йиғиладиган масканлар учун ёнғин хавфсизлиги қоидалари ЁХҚ-01-97 да қуйидагилар белгилаб қўйилган:
1.3. Бино, иншоот, хона ва масканлар ҳудудларида ёнғин хавфсизлиги талаблари.
1.3.1.1. Аҳоли яшаш жойлари, муассасаларнинг ҳудуди, бинолар, қурилиш ва иншоотлар, участкалар, ёнғин хавфсизлиги оралиқлари, дала-ҳовлилар, турар жойларнинг атрофи ва ҳудуди ўз вақтида қуруқ ўтлардан, қуриган шох-шаббалар, барглардан, ишлаб чиқариш чиқиндилари, ахлатлардан ва бошқа ёнувчи материаллардан тозаланиши керак.
Ёнувчи чиқиндилар, ахлат, алоҳида ажратилган майдончадаги қутиларга йиғилиши ва маскан ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши керак.
1.3.1.2. Бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги оралиғида асбоб ва ускуналарни, материалларни, автомобилларни сақлаш, қурилиш ишларни олиб бориш тақиқланади.
1.3.1.3. Бино, қурилма, иншоотларга, очиқ турдаги омборхоналарга, ёнғин вақтида фойдаланиши мумкин бўлган сув ҳавзаларига, ёнғин хавфсизлиги анжомларига, стационар ўт ўчириш нарвонларига бориш йўллари ва йўлаклари тўсиб қўйилмаслиги, қиш кунлари қор ва музлардан тозалаб турилиши керак.
Автомобиль йўллари ёпилиши ҳақидаги ахборот (агарда улар таъмирлаш учун ёки бошқа сабаб билан ёпилса) шаҳар ёки туман ўт ўчириш қисмига дарҳол хабар берилиши ҳамда ёпилган йўл қисмини энг яқин айланиб ўтиш белгиси қўйилади.
1.3.1.4. Вақтинчалик қуриладиган дўконлар, иншоот, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш масканлари ва бошқа бинолардан камида 15 метр узоқликда (агарда бошқа меъёрлар бўйича узоқроқ масофа талаб қилинмаса) ёки ёнғинга чидамли девор ёнида ўрнатилиши мумкин. (Давлат ёнғин назорати билан келишилган ҳолда).
1.3.1.5. Махсус ажратилган жойлардан ташқари масканлар ҳудудида чекиш тақиқланади.
1.3.1.6. Чиқиндиларни ёқиш ва гулханлар уюштириш ман этилган оралиқдан ташқарида, яъни бино ва иншоотларидан камида 50 метр узоқ масофада амалга ошириши мумкин. Чиқинди ва бўш идишларни ёқишни корхона хизматчиларининг қаттиқ назорати остида шамолсиз об-ҳавода, махсус ажратилган жойлардан амалга ошириш мумкин.
1.4.1. Электр қурилмалари 1985 йилда Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланган электр қурилмаларини ўрнатиш қоидалари (ПУЭ), электр истеъмолчиларининг техник фойдаланиш қоидалари (ПТЭ), электр қурилмаларидан фойдаланиш вақтида Техника хавфсизлиги қоидалари (ПТБ) ва бошқа амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мос ҳолда ўрнатилиши ва фойдаланилиши керак.
1.4.20 Электр қурилмаларидан фойдаланишда тақиқланади:
Ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган тайёрловчи-корхона тавсияси ва йўриқномасига зид бўлган электр аппарат ва жиҳозлари ҳамда ҳимоя қобиғининг ҳимоялаш даражасини йўқотган ёки зарарланган электр кабеллар ва симлардан фойдаланиш;
-ишга яроқсиз розетка, ўчиргич (рубильник) ва бошқа электр мосламаларидан фойдаланиш;
ёнмайдиган асос (подставка) сиз электр иситиш мосламалари электр дазмол, электр плитка, электр чойнак ва бошқалардан фойдаланиш;
-электр тармоғига уланган телевизор, радио ва бошқаларни назоратсиз қолдириш;
-ортиқча кучланиш ва қисқа туташув токларидан ҳимоялаш учун қўлбола сақлагичлардан фойдаланиш;
– ноўлчам (қўлбола) электр иситгичлардан фойдаланиш;
-омборхоналар, ёнғин хамда портлаш хавфи бўлган зоналардан транзит электр сим ва кабелларни олиб ўтиш;
1.5.7. Масканлар ва аҳоли яшаш жойлардаги қозонхоналар ва бошқа иситиш ускуналаридан фойдаланишда қуйидагиларга рухсат берилмайди:
– махсус ўқишдан ўтмаган ва бу ҳақида тегишли ихтисослиги бўйича гувоҳномаси йўқ кишиларни ишлашга йўл қўйиш;
– ускуналарнинг ишлатиш техник шартида кўзда тутилмаган бўлса, ёқилғи сифатида нефть маҳсулотларнинг чиқиндиларидан ва бошқа енгил ёнувчи ёки ёнувчи суюқликлардан фойдаланиш.
Тақиқланади:
ёқилғи узатиш тизимидан суюқ ёқилғи томганда ёки газ чиққанда иссиқлик ўтказувчи ускуналаридан фойдаланиш;
қўлбола газ горелкаларидан фойдаланиш;
ёқилғини ўчиб қолган форсунка ёки газ горелкаларига узатиш;
ускуналарнинг ёниш камераларини шамоллатмасдан туриб ёқиш;
назорат қилиш ва бошқариш қурилмаларини носозликда ўчирилмаган ҳолатида ёки йўқлигида ишлаш;
ёнувчи материалларни қозонлар устида қуритиш.
1.5.8.Иситиш печларидан фойдаланишда қуйидагилар тақиқланади:
ёнаётган печларни қаровсиз қолдириш ҳамда уларнинг назорат қилишни ёш болаларга топшириш;
ёнилғи ва бошқа материалларни ўчоқ олдидаги тунука устига ёки печ атрофига қўйиш;
печ ва тандирларни ёқиш учун тез ёнувчи суюқликлардан (бензин, керосин, дизел ёнилғиси ва бошқалар) фойдаланиш;
кўмир, коғоз ва газ ёқилғиларига мўлжаллаган печларда бошқа ёқилғидан фойдаланиб ёқиш;
вентиляция ва газ каналларидан дудбурон сифатида фойдаланиш;
печларни ҳаддан зиёд қиздириб юбориш.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ўз-уйимизни, ишхоналаримизни, умуман олганда Ўзбекистонимиздаги барча бино-иншоатларни ёнғиндан химоя қилишимиз зарур, бунинг учун хар биримиз Ёнғин хавфсизлиги қоидасида амал қилишимиз зарурдир.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги хузуридаги
Х.Сулаймонова номидаги РСЭМ ЁТЭ лабораторияси
Давлат суд экспертлари А.Г.Асилбеков ва Б.Б.Мирзаев