aa3
Бизнинг нашрлар

ЙЎЛ-ТРАНСПОРТ ҲОДИСАСИ ТАСОДИФМИ ЁКИ ҚОНУНИЯТ ?

… Кунлардан бир кун Лондон кўчаларидан бирида извош бурилаётиб, бериги кўчадан ўтаётган кампирни  босиб кетди. Шу воқеадан сўнг шаҳар маъмурияти йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш чораларини излай бошлади.  Ва ниҳоят 1868 йилда муҳандис Ж.Найт томонидан тасмалар ёрдамида ишлайдиган биринчи светофорсимон қурилма (семафор) ўйлаб топилди. Кейинчалик у қизил ва яшил чироқлар билан таъминланди. Ҳозиргига ўхшаган биринчи электр автомат светофорлар 1914 йилда АҚШда пайдо бўлди. Собиқ иттифоқ ҳудудида светофорлар 1924 йилдан қўлланила бошлади.

      … Йўлларда ҳаракатланишни тартибга солишга анча илгаридан ҳаракат қилишган. Масалан, Россияда Петр 1 1683 йилда бу ҳақда махсус фармон чиқарган. От-аравалар ва извошлар ўрнини автомобиллар ва бошқа транспорт воситалари эгаллай борган сари “Қоидалар” ҳам  такомиллашиб борди. 1968 йилда БМТ конференциясида (Вена) “Йўлларда ҳаракатланиш ҳақидаги конвенция” ва “Йўл белгилари ва сигналлари ҳақидаги конвенция” қабул қилинди.

      БМТнинг  расмий ахборотларига кўра, автомобиллар билан юз бераётган ҳалокатларда жаҳонда ҳар йили 1,0 млн.дан ортиқ одам нобуд бўлмоқда, 3,0 млн.дан ортиқ кишига турли даражада тан жароҳатлари  етказилмоқда. Худди шунингдек,  автоҳалокатлардан кўрилаётган моддий   зарар миқдори ҳам салмоқли, биргина Россия Федерацияси  ҳудудида содир бўлаётган автоҳалокатларда мамлакат ялпи миллий даромадининг 2,0 фоизи даражасида зарар кўрилмоқда.

       Кейинги юз йилда автомобилсозлик кенг ривожланди, бир томондан одамларга мислсиз қулайликлар яратилган бўлса, иккинчи томондан, унинг салбий оқибатлари кўзга ташланиб қолди, ўтган асрнинг 50-60 йилларидан бошлаб биринчилар бўлиб бу ҳақда мутахассислар бонг ура бошладилар. Айниқса, америкалик ҳуқуқшунос Р.Найдернинг 1965 йил “ҳар қандай тезликда ҳам хавфли” номли китобининг нашр этилиши  ҳаракат хавфсизлиги  мавзусига кенг жамоатчилик эътиборини қаратди. Агар, жаҳон автомобиль индустриясининг бошланиши 1910 йиллар деб ҳисобланса, ўшандан бери ўтган даврда автомобиллар сони 300 мартага, йўл-транспорт ҳодисалари 150 мартага ошди.

      Ўз-ўзидан  савол туғилади, автоҳалокатларнинг содир бўлиши қай даражада табиий ва қанчалик  тасодифий характерга эга ? Шунчалик катта йўқотишлар тасодифми ёки   уларнинг олдини олиш мумкинми ?  Автоҳалокатларнинг юз бериш сабаблари нима ? Уларнинг илдизлари қаерда ?

      Автомобиль ўз феъл-атворига кўра ҳаракатдаги объект ҳисобланиб, йўл-транспорт ҳодисаси ҳайдовчи-автомобиль-йўл тизимидаги номувофиқлик натижаси ҳисобланади.  Автоҳалокатларнинг содир бўлишининг бир қатор  сабаблари аниқланган, жумладан, транспорт воситасининг номукаммал техник хусусиятлари ва носоз техник ҳолати, йўл шароитлари ва йўл жиҳозларининг хавфсизлик  талабларига мос келмаслиги,  бошқа транспорт воситалари ёки пиёдаларнинг  “Йўл ҳаракати қоидалари”га зид  ҳаракатлари ва ҳ.к.   Уларнинг ичида энг асосий ҳисобланган “Инсон омили” билан боғлиқ ҳодисалар жами автоҳалокатларнинг 60,0 фоизидан ортиғини ташкил этади. Ушбу мавзуда транспорт воситалари ҳаракат тезлигининг ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда қай даражада аҳамиятлилиги тўғрисида мулоҳаза юритамиз.

     Автомобиль транспортида содир бўлаётган йўл-транспорт  ҳодисаларининг сабабларидан бири ҳайдовчиларнинг  йўл  шароитига  мос тезлик танлай олмаслиги ҳисобланади. Йўл вазиятига мувофиқ бўлмаган тезлик билан ҳаракатланаётган ҳолатда ҳайдовчида ҳодисани олдини олиш имкониятлари кескин камаяди. Мутахассиларнинг фикрича, содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг 34,0 фоизидан ортиғи транспорт  воситаларини рухсат этилгандан юқори тезликда бошқариш натижасидир. Автомобилни бошқаришда хавфсиз тезликни танлай  олиш  қобилияти  ҳайдовчининг юқори малакаси ва савияси аломатидир. Меҳнат унумдорлиги нуқтаи назаридан қаралганда,  транспорт воситасининг ҳаракат тезлиги юқори бўлиши  зарур, албатта, хавф туғилганда уни тўхтатиб қолиш ёки маневр қилиш билан хавфни бартараф этиш учун йўл шароитини – йўлнинг профили ва қатнов қисмининг ҳолатини эътиборга олган ҳолда. Ҳайдовчи,  одатда,  автомобилни бошқариб борар экан,  ҳаракат режимини икки критерий (мезон) орқали,  яъни вақтни  иложи  борича кам сарфлаш ва хавфсизликни максимал даражада таъминлаш мақсадлари орқали амалга оширади. Ушбу мезонлар ўзаро зиддиятли бўлиб, ҳаракат тезлигининг ошиши йўл-транспорт ҳодисасини келтириб  чиқариши  мумкин. Ҳодисани олдини олиш  имкониятлари  ҳамда  унинг  оқибатлари  ҳам транспорт воситасининг тезлигига боғлиқ.

     Автомобилнинг ҳаракат тезлиги  унинг  хавфсиз  ҳаракатланиши учун аҳамиятли кўрсаткичлардан ҳисобланади,  чунки,   ҳаракатдаги автомобилнинг кинетик энергияси тезликнинг квадратига  пропорционал равишда ошиб боради. Соддароқ қилиб айтганда,  транспорт воситаси ҳаракат тезлигининг икки баробарга ошиши кинетик энергиясининг тўрт мартага ортишига олиб келади, бу дегани, хавф туғилган ҳолатда транспорт воситасини тормозлаш билан тўхтатиш қўшимча мураккабликларни келтириб чиқаради. Ҳаракат тезлигининг  ошиши  билан транспорт воситасининг вақт бирлигида босиб ўтадиган йўли  узайиб боради,  шунинг билан бирга,  вужудга келган хавфни  олдини  олиш учун ҳайдовчининг имкониятидаги вақт миқдори  камаяди. Ҳаракат тезлигини пасайтириш, амалда, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида асосий, кенг қўлланиладиган усуллардан бири ҳисобланади. Ҳаракат тезлигини хавфсиз даражагача пасайтириш “Йўл ҳаракати қоидалари”да кўрсатиб ўтилган.  Жумладан,  транспорт  воситаси ҳаракати тезлигини кенг кўламда  чеклаш  “Йўл  ҳаракати  қоидалари”нинг 78- (“Аҳоли яшайдиган жойларда транспорт воситалари тезлигини соатига 70 километрдан, турар жой даҳаларида 30 километрдан  оширмасдан  ҳаракатланишга  рухсат этилади”) ва 79- (“Аҳоли яшайдиган жойлардан ташқарида енгил автомобилларга ва рухсат этилган тўла вазни 3,5  тоннадан  ошмайдиган юк автомобилларига тезликни соатига 100 километрдан  оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади” ва ҳ.к.) бандлари билан меёрланган ва мамлакатимизнинг барча йўл тармоқларига тегишли. Аҳоли яшаш пункти ҳудудидаги йўлларда ҳаракат тезлиги  турли мамлакатларда турлича меёрланган. Жумладан, аҳоли яшаш пунктидаги максимал ҳаракат тезлиги Буюк Британияда 48 км/соат,  Швейцария, Польша, Норвегия, Португалия, Руминия, Испания, Австрия, Нидерландия , Исландия, Италия, Бельгия, Дания, Германия, Финляндия , Франция, Греция  ва Швецияда 50 км/соат,   Андоррада 40 км/соат, Люксембург, Чехия  ва Югославияда 60,0 км/соат  миқдорида белгиланган.     Қоидаларнинг талаблари билан  ҳаракат тезлиги махсус тарзда айрим транспорт воситалари турлари учун ёки  айрим ташиш турларига  нисбатан ҳам чекланиши мумкин. Булардан ташқари,  йўлнинг айрим қисмларида ҳаракат тезлиги 3.24 “Юқори тезлик чекланган” ёки 5.22 “Аҳоли яшайдиган жойнинг бошланиши” белгилари билан хам меёрланади.  Транспорт  воситалари  тезлигини юқорида қайд қилинган усуллар билан чегаралаш ҳаракат  хавфсизлиги учун кафолат бўлолмайди,  улар конкрет йўл  вазиятини  ҳисобга олишга қодир эмас.  Шунинг учун ҳайдовчи  хавфсизликни  таъминлаш учун, йўл белгилари кўрсатмалари доирасида,  мустақил равишда оптимал тезликни танлай олиши зарур.

     Транспорт оқимининг зичлиги (интенсивлиги) ҳаракат  тезлигига таъсир этувчи асосий факторлардан ҳисобланади.    Ушбу  кўрсаткич вақт бирлигида йўл кесимидан ўтаётган транспорт  воситалари  сони билан ифодаланади.  Худди шунингдек,  пиёдалар ҳаракати ҳам ҳаракат шароитларини келтириб чиқарувчи омиллардан биридир.  Айниқса, аҳоли яшаш пунктларининг марказий кўчаларидаги пиёдалар  ҳаракати хавфсиз тезлик танлашга таъсир қилади. Йўлнинг ўлчамлари, рельефи, йўл қопламасининг ҳолати, йўл белгилари, йўл юзасида белгиланган чизиқлар, бошқарув техник воситаларининг мавжудлиги ҳам транспорт воситалари ҳаракати тезлигини  танлашда эътиборга олинади.

     Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг  Сирдарё  вилоят  бўлимига тақдим этилган йўл-транспорт ҳодисалари материалларининг таҳлили, ҳайдовчилар айрим ҳолларда автомобилларни рухсат  этилгандан юқори  тезликда бошқаришга йўл қўйганлигини,  натижада автоҳалокатлар содир  бўлганлигини кўрсатади. Масалан, М-34 йўлининг 74-километрида ҳаракатланиб  бораётган, NEXIA русумли автомобиль йўлни кесиб ўтаётган пиёдаларни уриб юборган. Воқеа жойида йўл юзасида NEXIA автомобили ғилдиракларидан тормоз излари қолган бўлиб, ушбу тормоз изларига автомобилнинг 106,8 км/с ҳаракат тезлиги тўғри келади.  Ваҳоланки, М-34 йўлининг ушбу қисми аҳоли яшаш пункти ҳудудидан ўтган,  ҳаракат тезлиги  70,0 км/соатгача рухсат этилган. Олиб борилган тадқиқотлар, NEXIA автомобили рухсат этилган тезликда ҳаракатланган бўлганда, ҳайдовчи бошқарувидаги автомобилни ўз вақтида тормозлаш билан тўхтатиб  ҳодисани олдини олиши мумкин бўлганлигини кўрсатди. Транспорт воситасини рухсат этилгандан юқори тезликда бошқариш ҳолатлари бошқа  ҳудудларда  ҳам  учраб  турибди.

     Юқоридаги каби ҳолатларнинг таҳлили,  транспорт воситалари ҳайдовчилари ҳар доим ҳам “Йўл  ҳаракати  қоидалари”га риоя этмаслиги, ундан ташқари, йўлнинг рельефи ва ҳолати, оби-ҳаво шароитлари,  транспорт воситасининг техник хусусиятларини  ҳисобга олиб  тезлик  танлашга  эътибор  бермасликларини  кўрсатади.  Мамлакатимизда жорий қилинган қонунларда рухсат этилгандан юқори  тезликда ҳаракатланган транспорт воситалари ҳайдовчилари учун маъмурий жазо чоралари белгиланган, улар энг кам ойлик иш хақининг бир баробаридан бир неча баробарига тенг. Ҳа, бизда жазолар бир сўз билан айтганда, ўта юмшоқ.  Ривожланган Европа мамлакатларида, яъни инсон ҳуқуқлари ва демократия тамойиллари андозаси ҳисобланган юртларда “Йўл ҳаракати қоидалари”га амал қилмаган ҳайдовчиларга анча кескин чоралар қўлланилади.  Жумладан, Францияда белгиланган тезликдан соатига 50 км. тезроқ ҳаракатланса бас, ҳайдовчи ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади. Агар, қоидабузарлик такрорланса, катта миқдордаги жарима билан биргаликда 2  йилгача қамоқ жазоси тайинланади. Тезликка риоя этмаганларни аниқлаш учун  мамлакат йўллари бўйлаб автоматик тарзда ишлайдиган радарлар ўрнатилган. Уларда қайд этилган қоидабузарликлар махсус марказда жамланади ва бир ҳафта ичида тезликни оширган ҳайдовчиларга нисбатан жазо белгиланади.

       Йўлларда транспорт воситалари оқимининг кучайиши бизни янада эҳтиёткорроқ, ҳушёрроқ бўлишимизни талаб қилади. Мутахассисларнинг фикрича, йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлаётган қоидабузарликларнинг олдини олишнинг энг таъсирчан йўли – бу қоидабузарлар   учун қўлланиладиган жазони кучайтириш эканлигини хорижий мамлакатлар тажрибасида кўришимиз мумкин. Бизда ҳам  бундай усулларни қўллаш  вақти келмадимикин ? Ўшанда биз ҳам йўл-транспорт ҳодисаларининг камайишига эришган бўлармидик.

        Ушбу мавзуни йўл ҳаракати қоидаларига амал қилинг, молингизни ва жонингизни асранг, “Йўл қоидаси – умр фойдаси” деб якунлаб қоламиз.

  Х.Сулаймонова  номидаги РСЭМ Сирдарё вилоят бўлмининг етакчи эксперти
О. Нўъмонов

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .