СУД АВТОТЕХНИКА ЭКСПЕРТИЗАСИДА ҲАЛ ЭТИЛАДИГАН МАСАЛАЛАР ХУСУСИДА.

Кейинги юз йил  давомида автомобилсозлик кескин ривожланди, айни пайтда ер юзида 700 млн. ортиқ автомобиль бўлиб, машинасозлик саноати йилига яна 100 млн.га яқин автомобиль ишлаб чиқармоқда. 1996 йил Асакада иш бошлаган  корхона Ўзбекистоннинг   ушбу соҳада жаҳон миқёсида фаолият  кўрсатаётган мамлакатларнинг 28-қаторидан ўрин олишига имкон берди. Автомобиль транспортининг ривожланиб бориши инсоният учун мислсиз қулайликлар яратди. Шу билан бирга, техника тараққиётининг  салбий оқибати бўлмиш  йўл-транспорт ҳодисаларининг таъсири инсониятни тобора хавотирга солиб бормоқда. Мутахассислар томонидан автоҳалокатлар содир бўлишининг бир қатор сабаблари аниқланган, жумладан, транспорт воситасининг номукаммал техник хусусиятлари ва носоз техник ҳолати, йўл шароитлари ва йўл жиҳозларининг хавфсизлик  талабларига мос келмаслиги, бошқа транспорт воситалари ёки пиёдаларнинг  “Йўл ҳаракати қоидалари”га зид  ҳаракатлари ва ҳ.к. Уларнинг ичида энг асосий ҳисобланган “инсон омили” билан боғлиқ ҳодисалар жами автоҳалокатларнинг 60,0 фоизидан ортиғини ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси  Ички Ишлар Вазирлиги  йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизматининг расмий маълумотлари бўйича 2026 йилнинг биринчи чорагида республикамиз ҳудудидаги йўлларда 1102 йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

       Халқимиз ҳаётида кузатилаётган “автомобилга боғлиқлик”  натижасида йўл ҳаракати хавфсизлиги ижтимоий-иқтисодий муаммога айланди, бунинг билан хавфсизликни таъминлашнинг замонавий услубларини жорий қилиш, хавфсизлик даражасини янги поғонага кўтариш заруриятини келтириб чиқарди. Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг Сирдарё вилоят бўлимида бажарилаётган экспертиза турлари орасида  суд автотехника экспертизалари ҳажми салмоқли ўрин тутади. Экспертиза тадқиқотларида ҳодисанинг содир бўлиш механизми мукаммал ўрганилади ва келиб чиқиш сабаблари аниқланади. Йўл-транспорт вазияти ва ҳодисанинг содир бўлиш механизмини таҳлил қилиб, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳаракатлари  қай даражада “Йўл ҳаракати қоидалари” талабларига мувофиқ бўлганлигига баҳо берилади. Суд экспертиза услубларининг такомиллашиши, тадқиқотларни ўтказиш учун фан ва техниканинг замонавий ютуқларига асосланган юқори аниқликдаги мукаммал техник воситалар, компьютер технологияларидан фойдаланиш суд экспертлари ҳал қиладиган масалалар доираси кенгайиши ҳамда хулосаларнинг ишончлилиги ошиб боришини белгилаб бермоқда. Йўл-транспорт ҳодисаси жараёни барча босқичларини моделлаштириш, ҳодиса  содир бўлишининг илмий асосланган сабабларини аниқлаш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатларига техник жиҳатдан баҳо бериш суд автотехника экспертизасининг мақсади ҳисобланади. Экспертиза натижаси асосий саволга: “қайси ҳаракат иштирокчисининг хавфсизлик талабларига риоя этмаслиги (ҳаракатсизлиги)  йўл-транспорт ҳодисасининг содир бўлишига олиб келган?” деган саволга жавоб бериши лозим.

       Бунинг учун эксперт:

  • Йўл-транспорт ҳодисасининг содир бўлишига боғлиқ факторларни тизимлаштириш ва таҳлил этиши зарур. Ушбу факторларга транспорт воситаси ва йўлнинг техник ҳолати, йўл ҳаракатининг ташкил этилганлик ва бошқарувнинг техник воситалари билан жиҳозланганлик  даражаси, транспорт воситаси ва пиёданинг ҳаракатланиш параметрлари;
  • Йўл-транспоорт ҳодисасига олиб келиши мумкин бўлган факторларни аниқлаш, уларнинг назарий ва экспериментал тадқиқотларини  амалга ошириш;
  • Йўл-транспоорт ҳодисаси содир бўлишининг техник сабабларини аниқлаш, ҳар бир ҳаракат иштирокчисининг ҳодисани олдини олиш имкониятларини ҳисоблаб чиқиши лозим.

     Илмий-техник ривожланиш натижасида суд экспертиза имкониятларининг кескин ўсиши эксперт хулосаларига ишни мазмунан ҳал қилиш воситаси сифатида қарашларга сабаб бўлди. Процессуал қонунларда белгиланган далиллар орасида суд экспертлари хулосаларига алоҳида ўрин ажратилган. Эксперт хулосаларининг аҳамияти фақатгина аниқланган фактлар ёки ўтказилган тадқиқотлар сони билан чекланмай, балки кўпроқ даражада бундай фактларнинг табиати ва мазмуни билан баҳоланади. Шунинг учун эксперт хулосаси иш бўйича йиғилган барча далиллар билан биргаликда баҳоланишини такидлаш билан бирга, унинг бошқа турдаги далиллардан фарқ қилувчи муҳим хусусиятларини кўрсатиб ўтиши жоиз. Эксперт хулосалари илмий маълумотлар ва илғор техника ютуқларига асослангандир. Шу сабабли, уларни текширилаётган воқеа  ҳолатларини баҳолашда ўзининг холислиги, олинган натижаларни қайта текшириш имконияти, ашёвий далиллар таҳлилини чуқур ва ҳар томонлама олиб борилишини таъминлаш билан бошқа далилларга нисбатан сўзсиз устунликка эга. Бундан ташқари, бир қатор муҳим далилий фактлар фақат суд экспертизаси ёрдамида аниқланишини ҳам назарда тутиш керак.

        Судга оид автотехника (й ўл-транспоорт ҳодисаси механизмини математик услублар билан тадқиқот қилиш) экспертизасида хал  этилиши  мумкин бўлган саволлардан намуналар:

       а) Транспорт воситаси пиёдаларни уриб юборган ҳолатлар учун:

Ҳодиса шароитида  транспорт  воситасининг  тормозланишдан олдинги ҳаракат тезлигини аниқлаш.

Транспорт  воситасининг йўлнинг кўриниш узоқлигига мос бўлган хавфсиз ҳаракатланиш тезлигини аниқлаш.

Ҳодиса шароитларида транспорт воситасининг тўхташ  йўлини аниқлаш.

Муайян йўл шароитларида транспорт воситасини тўхташ  вақтини аниқлаш.

Ҳайдовчи тормозлашдан олдин хавфдан таъсирланишни  бошлаган пайти  транспорт  воситасининг  урилиш  жойидан  узоқлигини аниқлаш.

Пиёда ҳаракатни бошлаган пайти транспорт воситаси ҳайдовчиси уни уриб юборишни олдини олишнинг техник имкониятига эга  бўлганлигини аниқлаш.

Транспорт воситаси ҳайдовчиси рўпарадан келаётган  пиёдани уриб юборишни олдини олиш имкониятига эга бўлганлигини аниқлаш.

    – Транспорт воситаси ҳайдовчиси йўлакай  кетаётган  пиёдани уриб      

     юборишни олдини олиш имкониятига эга бўлганлигини аниқлаш.

– Транспорт  воситаси  белгиланган  узоқликда  мувозанатини сақлаган ҳолда қанча  масофага  кўндаланг  силжиши  мумки   нлигини аниқлаш.

  • Транспорт воситаси ҳайдовчиси кўзғалмас  тўсиқни  хавфсиз айланиб ўтиши мумкинлигини аниқлаш.
  • Транспорт воситаси ҳайдовчиси ушбу йўл  вазиятида  “Йўл ҳаракати қоидалари” бўйича қандай ҳаракатланиши лозим бўлганлигини аниқлаш.

          б) Транспорт воситаларининг тўқнашувига оид ҳолатлар учун:

  • транспорт воситасининг тормозланишдан олдинги  ҳаракат тезлигини аниқлаш.
  • Ҳаракати учун хавф туғилган вақти транспорт  воситасининг тўқнашув жойидан узоқлигини аниқлаш.
  • транспорт воситаси  кесишувчи  йўлнинг  қатнов  қисмига чиққан пайти  ҳаракатига хавф туғилган транспорт воситаси ҳайдовчисида тўқнашувни олдини олиш имкониятлари бўлганлигини аниқлаш.
  • Орқадан келаётган транспорт воситаси ҳайдовчиси ҳаракати учун хавф туғилган пайти олдинда кетаётган транспорт воситаси билан тўқнашувни олдини олиши мумкин бўлганлигини аниқлаш.
  • транспорт воситаси ҳайдовчиси  тўхтаб  турган  бошқа транспорт воситаси кўриш майдонида пайдо бўлган пайти уни хавфсиз айланиб ўтиши мумкин бўлганлигини аниқлаш.
  • транспорт воситаси ҳайдовчиси ушбу йўл вазиятида  “Йўл ҳаракати қоидалари” бўйича қандай ҳаракатланиши лозим бўлганлигини аниқлаш.

      Ҳар бир йўл-транспорт ҳодисасининг характери ўзига хос бўлиб, унга экспертнинг индивидуал ёндашуви талаб қилинади. Ҳодисанинг содир бўлиш механизмидан келиб чиқиб, эксперт олдига юқорида кўрсатиб ўтилган саволлардан бошқа мазмундаги саволлар ҳам қўйилиши мумкин. Биргина транспорт воситаси пиёдани уриб юборган ҳолатларнинг ўндан ортиқ вариантлари мавжуд, тадқиқотларда конкрет йўл-транспорт ҳодисасининг характерига хос бўлган услуб танланади.  Худди шунингдек, транспорт воситаларининг тўқнашувига оид ҳодисалар ҳам содир бўлишининг  табиий ва техник факторларини эътиборга олган ҳолда  ўзига хос  ечимлар билан ҳал этилади.

       Бугунги куннинг шиддати тез, шитоби баланд, давр талаби ва ўлчовлари юқори. Қонун адолат мезонларига таяниши,  жамият ва шахс манфаатларига хизмат қилиши, ҳар қандай ноананавий ҳолатнинг ҳам ечимини топа олиши, унда давр ва замон нафаси эътиборга олиниши лозим. Бу борада суд автотехника экспертизасининг олий мақсади жамиятга холис  хизмат қилиш бўлиб қолади, экспертиза соҳасида меҳнат қилаётган ходимлар келажакда янада юқори натижаларга эришадилар деб умид қиламиз.

  Х.Сулаймонова номидаги Республика
суд экспертизаси марказининг Сирдарё
  вилоят бўлими етакчи эксперти:
      О. Нўъмонов