Суд транспорт-трасология экспертизаси ва унинг аҳамияти.

Мамлакатимизда бораётган демократик янгиланишларнинг бугунги босқичида энг муҳим йўналишлардан бири – бу қонун устуворлиги ва қонунийликни  мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя  қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш  ва либераллаштиришдан иборат. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини қуриш йўлини танлади. Қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятларни олдини олиш,  фош этиш ва одил судловни таъминлашдек масъулиятли вазифаларни бажаришда  суд экспертизаси хизматининг ўрни салмоқли. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиётига илм-фан ютуқларини татбиқ қилишнинг асосий шакли ҳисобланган суд экспертизаси инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва адолатни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.  Бугунги кунда  фан ва техниканинг замонавий ютуқларидан кенг фойдаланмасдан туриб одил судловни таъминловчи идораларнинг самарали фаолиятини тасаввур қилиб бўлмайди,  суд экспертизаси ушбу борада етакчи ўринни эгаллайди. Илғор илмий ва техникавий тадқиқотларга таянганлиги боис, эксперт хулосалари ўзининг холислиги, таҳлилларнинг теран ва батафсиллигига кўра  бошқа далиллар орасида асосли ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида айни вақтда 100 га яқин эксперт мутахассисликлари бўйича экспертиза тадқиқотлари олиб борилмоқда. Суд экспертизалари қонунийлик, инсон хуқуқи ва эркинликларига риоя этилиши, суд экспертининг мустақиллиги, суд-эксперт текширишларининг холислиги, ҳар томонламалиги ва тўлиқлиги принципларига тўла риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Кейинги юз йил  давомида автомобиль транспорти кескин ривожланди, айни  пайтда ер юзида чамаси 800 млн. автомобиль бўлиб, машинасозлик саноати йилига яна 70 млн.дан ортиқ автомобиль ишлаб чиқармоқда.  Автомобиль транспортининг ривожланиб бориши билан бирга, йўл-транспорт ҳодисаларининг салмоғи ҳам ошиб бормоқда. БМТнинг  расмий ахборотларига кўра, автомобиллар билан юз бераётган ҳалокатларда жаҳонда ҳар йили 1,0 млн.дан ортиқ одам нобуд бўлмоқда, 3,0 млн.дан ортиқ кишига турли даражада тан жароҳатлари  етказилмоқда.

Республика суд экспертиза марказининг Сирдарё вилоят бўлимида бажарилаётган экспертиза турлари орасида  суд автотехника экспертизалари ҳажми салмоқли ўрин тутади. Суд автотехника экспертизаси тадқиқотларида ҳодисанинг содир бўлиш механизми  мукаммал ўрганилади ва келиб чиқиш сабаблари аниқланади.  Йўл-транспорт вазияти ва ҳодисанинг содир бўлиш механизмини таҳлил қилиб, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳаракатлари  қай даражада “Йўл ҳаракати қоидалари”га мувофиқ бўлганлигига баҳо берилади. Содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари бўйича иштирокчиларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш борасида суд автотехника экспертизасининг, айниқса унинг алоҳида йўналиши ҳисобланган транспорт изшунослик тадқиқотларининг ахамияти беқиёс. Транспорт изшунослик экспертизаси  транспорт воситаларида ўзаро тўқнашув натижасида вужудга келган ўзгаришлар (контактда бўлган қисмларининг пачоқланиши, деталларнинг эгилиши, синиши, юзасидаги сидирилиш-ишқаланиш изларининг характери ва ҳ.к.лар)  асосида тўқнашув ҳолатини моделлаштириш орқали ҳодисанинг   юз бериш ва ривожланиб бориш механизмига аниқлик киритишга қаратилган тадқиқот йўналишидир. Тадқиқотлар жараёнида дастлаб, транспорт воситаларининг ўзаро тўқнашувидан вужудга келган техник шикастларнинг жойлашуви, ўлчамлари ва характерига кўра ўзаро мос (жуфт) жароҳатлар аниқланади, шундан сўнг тўқнашув объектларидаги ўзгаришларни комплекс таҳлил қилиш билан тўқнашув ҳолати (модели) тикланади. Транспорт воситаларининг қайси қисмлари ўзаро тўқнашувда бўлганлиги,  тўқнашув вақтида уларнинг ўзаро (бир-бирига нисбатан) вазиятини аниқлаш,  тўқнашув вақтида транспорт воситасининг ҳаракатда бўлган ёки бўлмаганлигига аниқлик киритиш муаммолари транспорт изшунослик тадқиқотларида ўрганиладиган масалалардан ҳисобланади.

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида  йўл-транспорт ходисаларига оид кўплаб экспертиза тадқиқотлари олиб борилади, уларни бажариш жараёнида ҳолатга аниқ ечим топиш билан транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш учун замин яратилади. Ҳайдовчи Ж.Б. “ZHONGTONG” русумли автобусни М-34 автойўлининг Сирдарё тумани худудидан ўтувчи “Тошкент-Термиз” йўналиши 80-км.да бошқариб бораётиб, ўзидан олдинда ҳаракатланиб бораётган, хайдовчи А.А. бошқарувидаги “ЗИЛ ММЗ-554” русумли юк автомобилининг орқа қисмларига тўқнашув содир қилган, натижада юк автомобилининг йўналиши ўзгариб кетиб, қатнов қисмини иккига ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилган, шундан сўнг  автобус “ЗИЛ ММЗ-554”нинг орқа чап бурчагига бориб иккинчи марта тўқнашган.

Содир бўлган ҳодиса юзасидан олиб борилган дастлабги тергов жараёнида ҳайдовчи Ж.Б. йўл-транспорт ҳодисаси “ЗИЛ ММЗ-554” русумли автомобилнинг бетон тўсиққа урилиб, автобуснинг ҳаракатини чеклаб қўйиши оқибатида юз берганлиги, автобус “ЗИЛ ММЗ-554” русумли автомобилнинг орқа тарафига  тўқнашмаганлиги, бирламчи тўқнашув умуман бўлмаганлиги тўғрисида фикр билдирган.

Йўл-транспорт ҳодисасининг содир бўлиш механизмига ойдинлик киритиш мақсадида, транспорт изшунослик экспертизаси ўтказилди. Тадқиқот натижаларига кўра, бирламчи тўқнашув ZHONGTONG русумли  автобуснинг олдинги ўнг бурчаги   билан ЗИЛ-ММЗ-554 русумли  автомобилнинг орқа чап бурчаги  ўртасида бўлган. Тадқиқотлар ҳайдовчи Ж.Б.нинг кўрсатмаларини тасдиқламади, автобуснинг “ЗИЛ ММЗ-554” русумли автомобилга бирламчи тўқнашуви йўл-транспорт ҳодисасининг бошланиши деб қабул қилинди. Кейинчалик, транспорт изшунослик экспертизаси натижаларига таяниб ўтказилган судга оид автотехника экспертизасида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳаракатлари қай даражада «Йўл ҳаракати қоидалари»га мувофиқ бўлганлигига баҳо берилди. Ҳайдовчи Ж.Б. М-34 йўлининг  Сирдарё тумани маркази ҳудудидан ўтган қисмида ZHONGTONG русумли автобусни 60 км/соатдан юқори тезликда бошқариб бориши билан “Йўл  ҳаракати қоидалари”нинг  78-банди 2-қисми талабларига; ўзидан олдинда ҳаракатланаётган транспорт воситасига нисбатан хавфсиз оралиқ масофани  сақламаганлиги  73-банди талабларига мос бўлмаганлиги хулосада кўрсатиб ўтилди.

Ўз даврида эксперт хулосасини далил сифатида қабул қилиш масаласига турли ёндашувлар мавжуд бўлган. Илмий-техник ривожланиш натижасида суд экспертиза имкониятларининг кескин ўсиши ва унинг ёрдамида ишнинг кўп ҳолатларини аниқлаш имконияти туғилиши  эксперт хулосаларига ишни мазмунан ҳал қилиш воситаси сифатида қарашларга сабаб бўлди. Суриштирув, тергов ва суд органларининг суд  экспертизасига бўлган эхтиёжини қондириш учун ташкил қилинган ва йилдан-йилга имкониятлари ўсиб бораётган Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг суд экспертизаси хулосаларининг далилий моҳиятини ошириш устида изланишлари давом этади.

 

Х.Сулаймонова номидаги РСЭМнинг
Сирдарё вилоят бўлими етакчи эксперти: О.Нўъмонов