Суд-экспертиза фаолиятини инновацион ахборот технологиялари билан таъминлаш бўйича айрим фикрлар

Таъкидлаш жоизки, суд экспертиза муассасаларининг фаолиятига компьютер технологияларни жорий қилиш борасида жуда жиддий тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда одам Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида (РСЭМ) ўтказиладиган ДНКси тадқиқотлари, Республикамизнинг бошқа суд экспертиза муассасаларида ҳамда хорижда ўтказиладиган субъектив портретлар тузиш, дактилоскопик тадқиқотлар ўтказиш, портлаш техникаси бўйича экспертизалар, ўқотар қуроллар ва трасологик тадқиқотлар, ёнғин техникаси ва автотехник экспертизаларда автоматлаштирилган тизимлар кенг қўлланилмоқда.

Ушбу таъкидланган автоматлаштирилган методика ва тизимларни суд экспертиза муассасаларининг фаолиятига тадбиқ этиш бўйича фикр юритишга асос бўлиб, бундай методика ва тизимларни, жуда кўплаб мамлакатларда тадбиқ этилишидир, масалан, ҳозирги кунда дунёнинг жуда кўплаб мамлакатларининг суд экспертиза муассасаларида суд экспертнинг автоматлаштирилган иш жойи ташкил этилган, шунингдек, РСЭМда ана шундай методика ва тизимлар билан таъминлаш ишларини бошлаб юборган.

Суд экспертиза фаолиятига замонавий ахборот технологиялари ва компьютер дастурий таъминотларини татбиқ этиш, экспертизаларни ўтказиш муддатларини сезиларли даражада камайтиришга ва натижада суд экспертларининг иш юкламасини камайтиришган ҳамда асосийси экспертиза хулосаларининг ишончлилигини оширишга хизмат қилади. Шу боисдан, суд-экспертиза фаолиятини инновацион ахборот технологиялари таъминлаш муҳим масаладир. Юқоридаги масаланинг муҳимлигини инобатга олган ҳолда, қуйидагиларни таклиф қилмоқчимиз:

Суд экспертиза фаолиятини инновацион ахборот технологиялари билан таъминлаш – бу давлат суд экспертиза муассасасининг мақсади ходимлар ихтиёрига хизмат мажбуриятлари, шунингдек режалаштирилган вазифалар ва топшириқларни самарали бажариш учун зарур инновацион ахборот технологиялари ва дастурий-компьютер техникаларини тақдим этишдан иборат бошқарув функциясидир.

Фикримизча, давлат суд-экспертиза муассасасида суд-экспертиза фаолиятини инновацион ахборот технологиялари ва дастурий-компьютер техникалари билан таъминлаш – қуйидаги босқичлардан иборат ҳаракатларнинг йиғиндисидир:

  1. Суд-экспертиза муассасаларининг ўз фаолиятини самарали олиб боришлари учун, инновацион ахборот технологиялари ва бошқа ресурсларга бўлган зарурий эҳтиёжларини аниқлаш.
  2. Суд-экспертиза муассасаларининг ўз фаолиятини самарали олиб боришлари учун, инновацион ахборот технологияларига бўлган аниқ эҳтиёжлари (меъёрий талаблари)ни аниқлаш.
  3. Суд-экспертиза муассасаларининг инновацион ахборот технологияларига бўлган типик эҳтиёжларини фаолият учун етарли ва зарурий инновацион ахборот технологиялари ва дастурий-компьютер техникаларига бўлган аниқ эҳтиёжлари (меъёрий талаблари) билан солиштириш.
  4. Суд-экспертиза муассасаларининг қондирилиши мумкин ва керак бўлган аниқ эҳтиёжларини аниқлаш.
  5. Суд-экспертиза муассасаларининг суд-экспертиза фаолиятини самарали олиб боришлари учун, инновацион ахборот технологияларига бўлган аниқ эҳтиёжларини қондириш.

Суд-экспертиза муассасаларининг ўз фаолиятини самарали олиб боришлари учун, инновацион ахборот технологиялари ресурсларига бўлган зарурий эҳтиёжларини аниқлаш – давлат суд-экспертиза муассасаси раҳбарлари томонидан муассасанинг ташкилий фаолиятини белгилаш жараёнидаёқ амалга оширилиши лозим. Бунинг учун ўз тизимига ўхшаш бошқа тизимнинг (суд экспертиза муассасаси) инновацион ахборот технологиялари соҳасидаги таъминоти фаолияти бўйича ижобий тажрибалардан ёки тегишли таъминот бўйича амалдаги меъёрлар талабларидан фойдаланиш лозим. Бунда, суд-экспертларининг одатий шароитларда самарали фаолият олиб боришларини таъминлаш учун қўшимчалар талаб қилинмайдиган ресурсларнинг (инновацион ахборот технологиялари, дастурий-компьютер техникалари) миқдор ва сифат хусусиятлари инобатга олиниши лозим.

Қоидага кўра, сифати ва миқдори бўйича суд-экспертиза фаолиятининг ёмонлашувига олиб келмайдиган ёки фаолиятнинг натижаси самарали бўлишига шубҳа туғдирмайдиган инновацион ахборот технологияларини суд-экспертиза фаолияти учун етарли деб ҳисоблаш мумкин.

Суд-экспертиза фаолиятини самарали олиб бориш учун инновацион ахборот технологияларига бўлган аниқ эҳтиёжларни (меъёрий талаблар) аниқлаш – кундалик иш фаолиятидан ташқари, иш жараёнидаги турли вазиятларни батафсил таҳлил қилиш асосида амалга оширилади. Суд-экспертиза фаолиятидаги турли вазиятлар анчагина ностандарт ҳолатлардан иборат бўлиб, тегишли инновацион ахборот технологиялари анчагина интенсив ёки сифат жиҳатдан белгиланганидан кўра бошқачароқ тарзда қўлланилади. Шу боисдан, суд-экспертиза фаолияти самарали бўлиши учун, сифати бир хил, аммо миқдори кўпроқ инновацион ахборот технологиялари талаб этилади ёки миқдори одатдагидек, аммо сифатлироқ инновацион ахборот технологиялари талаб этилади.

Суд-экспертиза муассасаларининг инновацион ахборот технологияларига бўлган типик эҳтиёжларини фаолият учун етарли ва зарурий инновацион ахборот технологиялари ва дастурий-компьютер техникаларига бўлган аниқ эҳтиёжлари (меъёрий талаблари) билан солиштириш бирмунча қийинчиликлар билан амалга оширилади. Бунинг сабаби шундаки, суд-экспертиза фаолиятида юзага келадиган турли мураккаб вазиятлар ностандарт ва кутилмаган бўлади. Шу сабабли, давлат суд-экспертиза муассасаси раҳбарларининг тизимнинг оддий иш фаолияти учун зарур бўлган инновацион ахборот технологияларига бўлган типик эҳтиёжларини тизим фаолияти учун етарли ва зарурий инновацион ахборот технологияларига бўлган аниқ эҳтиёжлари (меъёрий талаблари) билан солиштириш борасидаги хулосалари ҳар доим у ёки бу даражада эҳтимолли хусусиятга эга бўлади. Бу эса, давлат суд-экспертиза муассасаси бошлиғининг суд-экспертиза фаолиятининг инновацион ахборот технологиялар соҳасидаги таъминоти жараёнидаги келгуси ҳаракатлари тўғрилигига таъсир кўрсатиши мумкин.

Суд-экспертиза муассасаларининг қондирилиши мумкин ва керак бўлган аниқ эҳтиёжларини аниқлаш ҳам юқоридаги биринчи босқич каби кўрилаётган тизимга ўхшаш бошқа тизимнинг суд-экспертиза фаолиятини инновацион ахборот технологиялари билан таъминлаш бўйича ижобий тажрибалардан ёки тегишли ресурслар таъминоти бўйича амалдаги меъёрлар талабларидан фойдаланиш билан амалга оширилади. Агар, ижобий тажрибалар ёки меъёрлар талаблар мавжуд бўлмаса, ушбу жараён қийинлашади. Бундай ҳолларда, давлат суд-экспертиза муассасасининг бошлиқлари мутахассисларнинг фикрларига таянишлари ҳамда ўзларининг шахсий тажрибаларидан келиб чиқишлари, шунингдек бундай меъёрларни ишлаб чиқишлари лозим бўлади.

Суд-экспертиза муассасаларининг ўз фаолиятини самарали олиб боришлари учун, инновацион ахборот технологияларига бўлган аниқ эҳтиёжларини қондириш – тегишли инновацион ахборот технологияларидан белгиланган тартибда фойдаланиш ваколатига эга бўлган юқори турувчи раҳбарларга тегишли аризалар (билдиргилар) тайёрлаш орқали амалга оширилади. Юқори турувчи раҳбарга берилган ҳужжат (ариза, билдирги)га нисбатан ижобий жавоб олинганда, ушбу ҳужжатлар таъминот функциясини бевосита амалга оширувчи ташкилий тузилмага ижро учун тақдим этилади.

Суд иқтисодий экспертизаси бўлими иш ўрганувчи эксперти А. Назаров.