Давлат суд экспертиза муассасаси тушунчаси ва уларнинг тузилмаси ҳақида фактлар

Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этилган ихтисослаштирилган муассаса давлат суд-экспертиза муассасаси ҳисобланади. Суд-экспертлик фаолияти тегишли давлат органларининг экспертиза бўлинмалари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин. Суд экспертизасини ўтказиш мазкур экспертиза бўлинмаларига топширилган ҳолларда, улар давлат суд-экспертиза муассасалари каби вазифаларни амалга

оширади, ҳуқуқларга эга бўлади, мажбуриятларни бажаради ва жавобгар бўлади.

Айни бир хил ихтисосликдаги давлат суд-экспертиза муассасаларида

суд экспертизасини ташкил этиш, ўтказиш, давлат суд экспертларини касбий тайёрлаш ва ихтисослаштириш суд-экспертлик амалиётига ягона илмий-услубий ёндашув асосида амалга оширилади.

Давлат суд-экспертиза муассасасида суд экспертизалари, бу муассаса қайси давлат органи ихтиёрида бўлса, ўша давлат органи томонидан аниқланадиган, у учун белгиланган хизмат кўрсатиш минтақаларига мувофиқ ўтказилади.

Суд экспертизасини тайинлаган ва давлат суд-экспертиза муассасасининг хизмат кўрсатиш минтақасидан ташқарида жойлашган органлар (шахслар) учун суд экспертизаси, истисно тариқасида, ушбу муассаса томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин.

Давлат суд-экспертиза муассасалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади.

Давлат суд экспертиза муассасаси суд-экспертлик фаолиятига ихтисослашган, яъни суд-экспертизаларини ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида ташкил этилган бўлади.

Одатда уларнинг расмий номланишида юқори турувчи ташкилотларнинг номи кўрсатилган бўлади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг суд-тиббий экспертиза муассасаси, Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази ва ҳоказо.

Улар бевосита давлат ҳокимияти органларига ёки қонунчиликка биноан, суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органларининг экспертиза ўтказиш ҳақидаги тегишли ҳужжатларига мувофиқ экспертиза ўтказишга ихтисослашган махсус муассасалар ҳам ташкил қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги суд экспертиза тизимини Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази бошқаради.

Марказнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан бошқа барча вилоятларда ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ҳудудий бўлимлари мавжуд.

Марказ юридик шахс мақомига эга ва бевосита Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига бўйсунади. Марказ Адлия вазирлиги суд-экспертиза муассасалари тизимида бош ва илмий-методик муассаса ҳисобланади. Унда кўп йиллик амалий тажрибаларга асосланган илмий-назарий тадқиқотлар ҳам ўтказилади. Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида суд экспертизаларининг 60 га яқин турлари ўтказилади.

Марказда 11 та асосий лаборатория (бўлим) фаолият юритади:

– Ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораторияси;

– Суд-фонография экспертизаси лабораторияси;

– Суд-баллистика ва изшунослик экспертизаси лабораторияси;

– Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияси;

– Суд-автотехника экспертизаси лабораторияси;

– Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияси;

– Суд-иқтисодий экспертизаси бўлими;

– Суд-қурилиш-техникавий экспертизаси бўлими;

– Суд-ёнғин техник экспертизаси лабораторияси;

– Товаршунослик экспертизаси бўлими;

– Суд-компьютер техникавий экспертизаси бўлими;

Марказда оддий бирламчи экспертизалар билан бирга, юқори малака ва техник таъминотни талаб қиладиган қайта (такрорий) ва мураккаб экспертизалар ҳам ўтказилади. Бундан ташқари илмий- тадқиқот ҳамда эксперт кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари олиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд-экспертиза муассасаларининг тизими ўз ичига суд-тиббий ва суд-психиатрик экспертиза муассасаларини олади. Суд-тиббий муассасаси тизимида барча вилоятлар минтақаларида суд-тиббий экспертиза бюролари фаолият кўрсатади. Бундан ташқари 105 та туман ва туманлараро бўлинмалар ҳам мавжуд. Уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш Суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказига юклатилган.

Республикада суд-тиббий экспертизалар фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош суд-тиббий эксперти бошқаради ва у бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази бошлиғи ҳисобланади.

Амалдаги қоидаларга биноан барча суд-тиббий муассасалар ягона тузилишга эга, улар қошида суд-тиббий амбулаториялари, морфологик, суд-биологик, суд-кимёвий, тиббий криминалистика, ташкилий-методик, қайта ва комиссион экспертизалар бўлимлари ва шу кабилар фаолият юритади. Марказ бошқарувчи ташкилот функциясини бажаради ва ушбу хизмат муассасаларига ташкилий, методик ва экспертлик борасида раҳбарликни амалга оширади. Бошқа суд-тиббий муассасаларидан фарқли равишда унинг тузилишида биринчи инстанция бирламчи экспертизалар ўтказадиган суд-тиббий амбулатория ва морфологик бўлим мавжуд эмас.

Муайян иш материаллари ва суд-тиббий экспертиза ўтказиш ҳақидаги қарор бирор суд-тиббий экспертига ёки суд-тиббий экспертиза марказига юборилиши мумкин. Шунда марказ бошлиғи экспертиза ўтказишни аниқ бир суд-тиббий эксперти ёки экспертлар гуруҳига топширади. Одатда экспертлар гуруҳи жабрланувчилар сони кўп бўлган авиация, темир йўл ва бошқа ҳалокатлар ёки табиий офатлар билан боғлиқ ишларни тергов қилишда зарур бўлади.

Суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази бошлиғининг таклифига кўра терговчи суд-тиббий экспертлари комиссиясини тайинлаши мумкин. Бу каби комиссия кўп ҳолларда, тиббиёт ходимларининг касбий жиноятлари ёки турли билимлар соҳасидаги экспертларнинг фикрлари зарур бўлганда тайинланади.

Суд-тиббий экспертиза ўликхона, суд-тиббий амбулатория хонаси ёки лабораторияда ўтказилиши мумкин. Шу билан бирга, бундай экспертиза марказдан ташқарида: ҳодиса содир бўлган жойда ёки, агар сўроқ қилинувчининг руҳий ҳолатига нисбатан шубҳа туғилганда терговчининг иш хонасида ўтказилиши мумкин. Бундай вазият суд муҳокамасида ҳам юз бериши мумкин. Таъкидланганидек, суд-тиббий экспертининг фаолияти ФПК ва ЖПК билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган методик кўрсатмалар билан тартибга солинади. Улар суд-тиббий экспертизаларини уларнинг ҳар хил турлари учун муайян қонун талабларига риоя этиш ва тиббиётнинг замонавий ютуқларидан фойдаланган ҳолда ўтказишга оид тартиб-қоидаларни белгилаб беради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси психиатрик хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари ҳақида”ги 207-сон қарорида кўрсатилишича, Ўзбекистон Республикаси психиатрик хизмати қуйидагилардан иборат:

– Республика клиник психиатрик касалхона;

– Республика психиатрик интенсив кузатув касалхонаси;

– Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва тиббиёт ОТМларидаги психиатрия, наркология ва психология кафедралари;

– Вазирлик ва идораларнинг тегишли психиатрик (психоневрологик) тузилмалари;

– Қорақалпоғистон Республикасининг Республика психоневрологик диспансерлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг психоневрологик диспансерлари;

– Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳардаги психиатрик касалхоналар;

– Марказий туман кўп профилли поликлиникаларнинг ҳудудий психиатрларининг психиатрик хоналари. Таъкидлаш жоизки, фақат суд-психиатрик экспертиза ўтказиш фаолияти билан шуғулланадиган алоҳида муассаса республикамизда мавжуд эмас. Яъни, даволаш муассасалари психиатрик ёрдам кўрсатиш билан бирга суд-психиатрик экспертизаларни ҳам ўтказадилар. Давлат суд-экспертиза муассасасининг функциялари умумий йўналишдаги психиатрик муассасанинг махсус суд-экспертиза бўлинмалари

– психиатрик касалхона ва психоневрологик диспансерларга юклатилади. Бу каби муассасалар таркибида амбулатор ва стационар суд-экспертиза бўлинмалари ташкил этилади, уларда амалдаги қонунчиликка биноан экспертиза муассасаларида суд экспертизаларини ўтказиш қоидалари асосида суд-психиатрик экспертизалар ўтказилади. Суд-психиатрик экспертиза қуйидаги асосий турлар бўйича ўтказилади:

– амбулатор;

– стационар;

– терговчининг ишхонасида;

– суд муҳокамасида;

– сиртқи ва ўлимдан кейин.

Амбулатор экспертиза кўпинча шифокор-психиатрлар комиссияси томонидан экспертиза текширувидан ўтказилаётган шахсни бир марта гувоҳлантирилиши билан характерланади. Амбулаторлик комиссиялари психиатрик касалхона ва психоневрологик диспансерларда мавжуд бўлади.

Стационар суд-психиатрик экспертиза стационарларга эга бўлган психоневрологик касалхона, психоневрологик клиникаларда ўтказилади. Алоҳида психоневрологик касалхоналарда махсус суд-психиатрик экспертиза бўлинмалари мавжуд. Текширилувчи шахснинг стационарда бўлган даврида кузатишлар натижалари ва олинган барча маълумотларни ўрганиш якуни бўйича экспертлар комиссияси ўз хулосасини беради. Амалдаги қонунчиликка биноан, стационар кузатиш вақти ўттиз кунлик муддатдан ошмаслиги керак. Бу кўрсатилган муддатда текширилаётган шахснинг руҳий ҳолати бўйича якуний хулоса беришнинг иложи бўлмаса, экспертлар комиссияси текшириш муддатини узайтириш бўйича асослантирилган ёзма қарор қабул қилади. Ушбу хулосанинг нусхаси экспертиза тайинлаган органга юборилади. Стационар экспертиза, одатда, касаллик тури ва даражаси ҳамда унинг ташхисини аниқлаш қийин бўлган, шунингдек лаборатория тадқиқотлари зарур бўлган шахсларга нисбатан ўтказилади. Касалхонадаги стационар экспертизага шахслар терговчининг экспертиза тайинлаш ҳақидаги қарори ёки суднинг экспертиза ўтказиш ҳақидаги ажрими мавжуд бўлганда қабул қилинади. Агар стационар экспертизага йўлланма ҳужжатлар билан расмийлаштирилмаган ёки нотўғри расмийлаштирилган бўлса ва текширилувчини дарҳол қабул қилиш бўйича тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлмаса, касалхона маъмурияти шахсни қабул қилмаслиги мумкин.

Терговчининг иш хонасидаги экспертиза ўзининг хусусиятига кўра амбулатор экспертизага ўхшаш бўлади ва одатда терговчи томонидан чақириладиган психиатр томонидан ўтказилади. 1 Бу каби гувоҳлантириш жуда кам ўтказилади. Кўпинча психиатр терговчиларга маслаҳат тариқасида ўзининг фикрларини билдиради. Эксперт хулосаси одатда тавсиявий ҳусусиятга эга бўлади.

Суд муҳокамаси жараёнидаги экспертиза ЖПКнинг 183-моддасига биноан ўтказилади. Бундай экспертиза ишни судда кўриб чиқишда шахснинг руҳий (психик) лаёқатлилиги ҳақида савол туғилган тақдирда тайинланади. Сиртқи экспертиза текширилаётган шахсни бевосита гувоҳлантиришсиз, гувоҳларнинг кўрсатувлари, тиббий ҳужжатлар, тавсияномалар ва тавсифномалар (текширилувчи шахснинг турли хатлари, кундаликлари ва қўлёзма ёзувларидан фойдаланилган ҳолда) асосида ўтказилади. Шу боис, бу турдаги экспертизаларнинг имкониятлари чегараланган.

Ўлимдан кейинги экспертиза иш материаллари бўйича ўтказилади ва текширилувчи шахснинг ўлимидан олдинги руҳий ҳолатини тавсифловчи материаллар йўқлиги туфайли у қийин вазифа ҳисобланади. Бу каби экспертиза жиноят содир этган ва судгача вафот қилган, ҳукм қилинган ва ўлган ҳамда судда руҳий ҳолати бўйича шубҳа туғилган шахснинг ҳукмини қайта кўриб чиқишда, ўзини ўлдирган шахснинг ўзини ўлдириш сабаблари тушунарсиз бўлганда ва бу сабаб руҳий касаллик бўлган деб гумон қилинган ҳолларда тайинланади ва ўтказилади. Суд-психиатрик экспертиза муассасалари амбулатор, стационар ва аралаш бўлиши мумкин. Амбулатор муассасалари амбулатор суд-психиатрик экспертизага юборилаётган барча шахсларни амбулатор экспертизаларини ўтказади. Иккинчи турдаги муассасалар қамоққа олинган шахсларга мўлжалланган стационарлар ва қамоққа олинмаган шахсларга мўлжалланган стационарларга бўлинади. Аралаш суд-психиатрик муассасалар деганда, бир психиатрик муассаса, масалан, психиатрик касалхона таркибида ҳам амбулатор, ҳам стационар суд-экспертиза бўлинмалари ташкил этиладиган таркибий тузилма тушунилади. Ўзбекистон Республикаси суд-психиатрик экспертиза муассасалари одатда, ушбу муассасанинг минтақавий тегишлилиги бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларга хизмат кўрсатади.

Қамоққа олинган шахсларга мўлжалланган суд-психиатрик стационар муассасалар ўзи жойлашган ҳудуднинг соғлиқни сақлаш органига бевосита бўйсунади ва ҳудудий жойлашишига кўра бир неча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хизмат кўрсатиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Эксперт-криминалистика хизмати таркибига ҳозирги кунда қуйидагилар киради:

– Ўзбекистон Республикаси ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази;

– Ўзбекистон Республикаси ҳудудий ички ишлар органлари Таянч эксперт-криминалистик бўлимлари (улар – Тошкент шаҳар ИИБ Эксперт-криминалистика маркази, Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари ИИБ эксперт-криминалистика бўлимлари) ва Қорақалпоғистон Республикаси эксперт-криминалистик бўлимлари;

– Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси (бўлимлари) Эксперт-криминалистика бўлими (гуруҳлари);

– шаҳар, туман ИИБ Эксперт-криминалистика бўлинма (гуруҳ)лари;

– шахсни идентификация қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСИЛ-ШИАТ) бўлими, бўлинмаси ва гуруҳлари. Эксперт-криминалистика хизмати Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг суд-экспертлик фаолиятида суриштирув ва дастлабки тергов органларидан мустақил бўлган таркибий бўлинмаларидир.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Эксперт-криминалистика бош марказида экспертизалар ўтказиш билан шуғулланадиган қуйидаги асосий бўлимлар фаолият олиб боради:

1) криминалистик экспертизалар ва ҳисоблар бўлими;

2) махсус тадқиқотлар бўлими;

3) шахсни идентификация қилиш автоматлаштирилган тизими бўлими.

Бу бўлимлар турлича криминалистик ва бошқа экспертизаларни ўтказади. Ушбу хизматнинг иккинчи бўғинида Таянч эксперт-криминалистика бўлимлари мавжуд (ТЭКБ):

– Тошкент шаҳар ИИББ Эксперт-криминалистика маркази, Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари ИИБдаги эксперт криминалистика бўлимларини таянч ЭКБлари;

– Қорақалпоғистон Республикаси эксперт-криминалистик бўлимлари.

Хизматнинг учинчи бўғинига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси ва транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлимлари киради.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ эксперт-криминалистика хизматининг қуйи даражасига шаҳар, туман ва тармоқ ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика бўлим ва бўлинмалари киради, бу хизматда ҳам анъанавий криминалистик ва айрим турдаги бошқа экспертизалар ўтказилади. Айни бир хил ихтисосликдаги давлат суд-экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ташкил этиш, ўтказиш, давлат суд экспертларини касбий тайёрлаш ва ихтисослаштириш суд-экспертлик амалиётига ягона илмий-услубий ёндашув асосида амалга оширилади. Бу эса суд-экспертиза муассасаларининг қайси идорага тегишли бўлишидан қатъий назар суд экспертиза методологияси ягона бўлиши, экспертиза тадқиқотларининг методлари бир тизимли бўлиши ҳамда улар идоравий эмас, идоралараро бўлиши лозимлигини билдиради. Ҳудудий хизмат кўрсатиш принципи барча давлат суд-экспертиза муассасаларининг самарали ишлаши учун зарур шарт ҳисобланади. Давлат суд-экспертиза муассасаларининг ютуғи – мустаҳкам илмий база, суд ва тергов амалиётининг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда доимий равишда такомиллаштирилиб бориладиган экспертлик тажрибаси, хорижий тажриба ва методикалардан фойдаланиш, экспертларни хорижда тайёрлаш ва малакасини оширишдан иборат. Юқоридагилардан келиб чиқиб, давлат суд-экспертиза муассасалари ва бўлинмаларида экспертлик фаолиятини амалга оширишда, илмий-техник тараққиёт ютуқлари доимий равишда татбиқ этилади, экспертизаларнинг янги турлари жорий этилади, тадқиқотларнинг янги объектлари текширилади, объектлар тадқиқотларининг янги метод ва методикалари замонавий техник воситалардан қўлланилган ҳолда ишлаб чиқилади. Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан тайинланадиган экспертизалар асосан Адлия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги экспертиза муассаларига тааллуқлидир.

 

 

Ғофуржонов Ахаджон Хамиджон ўғли

Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти

Криминалистик, суд-лингвистик ва филологик

экспертизалари илмий-тадқиқот бўлими

етакчи илмий ходими, 3-даражали юрист

Skip to content