Экспертизада ислоҳотлар давом этмоқда!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6256-сон фармони билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти фаолиятини йўлга қўйиш, дуал таълимни ташкил этиш, нодавлат суд-экспертиза ташкилоти суд экспертларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тартибини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин бўлган суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқотлар рўйхатини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган.

Мазкур тадбирлар ижроси юзасидан ҳукуматимизнинг 2021 йил
22 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 704-сон қарори қабул қилинди.

Қарор билан Институт суд-экспертлик фаолияти соҳасига замонавий илмий ёндашувларни қўллаш орқали унинг самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги илмий-тадқиқот ишларини янги босқичга кўтариш, давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига илмий-услубий жиҳатдан кўмаклашиш, уларнинг фаолиятини ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришда иштирок этиши, суд-экспертиза фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш, шунингдек, илмий ва илмий-техник фаолият натижаларидан экспертлик амалиётида фойдаланишни кенгайтириш мақсадида Институтнинг Идоралараро илмий-услубий кенгаши ташкил этиладиган бўлди.

Шунингдек, Кенгаш таркиби тизимида суд-экспертиза муассасалари бўлган давлат органларининг қўшма қарори билан тасдиқланиши ва унга давлат суд-экспертиза муассасалари, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари, илмий муассасалар ҳамда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг аъзолари киритилиши. Кенгашнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари учун тавсиявий ҳисобланиши белгилаб берилди.

Шу билан бирга, Қарорда Институт ходимларига Марказ ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва бошқа моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилиши, шунингдек аввалги иш жойида узоқ йиллик хизмати учун берилган устама ва даражали унвонлар сақлаб қолиниши назарда тутилди.

Бундан ташқари, ҳукуматимизнинг 2021 йил 22 ноябрдаги
“Суд экспертиза соҳасини тартибга солувчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 706-сон қарори қабул қилиниб, мазкур қарор билан дуал таълимни ташкил этиш, суд-экспертиза соҳасида дуал таълим бўйича кадрларни қайта тайёрлашнинг асосий вазифалари
ва босқичлари, ўқув курсларига талабгорлардан ҳужжат қабул қилиш, ўқув жараёни ташкил этиш, тингловчилар билимини баҳолаш тартиби ҳамда томонларнинг вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини назарда тутувчи Суд экспертиза соҳасида дуал таълим бўйича кадрларни қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом, Суд экспертларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда суғурта объекти
ва субъекти, мажбурий суғурта шартномасини тузиш тартиби, мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта суммаси, суғурта қилдирувчи
ва суғурталовчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, суғурта мукофотини аниқлаш ва уни тўлаш тартибини назарда тутувчи Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти суд экспертларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидалари ва 51 хил суд экспертизаси турларини ўз ичига олган Жисмоний
ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин бўлган суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқотлар рўйхати тасдиқланди.

Қайд этилган қарорларда назарда тутилган ислоҳотлар Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказини янада ривожлантиришга омил бўлиб хизмат қилади.

Х. Сулаймонова номидаги

Республика суд экспертизаси

марказининг бош юрисконсульти

Бахтиёр МАХСАДОВ

Skip to content