Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПҚ-4125-сон қарори билан тасдиқланган “2019-2020 йилларда суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича йўл харитаси”нинг 8-бандига мувофиқ жорий йилнинг 18 октябр куни Самарқанд вилояти Адлия бошқармаси биносида терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ҳамда суд ходимлари учун “Суд экспертизаларини ўтказишга зарур бўлган тадқиқот объектларини йиғиш, сақлаш ва тақдим этиш усуллари” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.
Семинарга Самарқанд ва Жиззах вилоятлари терговга қадар текшириш, суриштирув ва дастлабки тергов органлари, суд ходимлари ҳамда адвокатлари, шунингдек Самарқанд ва Жиззах вилоятлари Адлия бошқармаси, ички ишлар органлари эксперт-криминалистика хизмати, Марказнинг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўлимлари ходимлари, ОАВ вакиллари (жами – 170 нафар) иштирок этдилар.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази директори А.Халилов “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
17 январдаги ПҚ-4125-сон “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳияти ва соҳани ривожлантиришдаги аҳамияти” мавзусида маъруза қилди. Маърузада мазкур қарорнинг республика суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштиришдаги ўрни, қарор ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган фаолият ҳақида батафсил маълумот берилди.
Бундан ташқари, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораторияси мудири Н.Солиева “Ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораториясида ўтказиладиган экспертиза турлари ва имкониятлари” мавзусида маълумот берди.
Дастурга биноан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг эксперт-криминалистик Бош маркази катта эксперти А.Абдрурашидов “Шахсни дактилоскопия идентификация қилиш ва портрет идентификация қилиш тадқиқотлари” мавзусида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика илмий-амалий суд-тиббий экспертизаси маркази директорининг экспертлик ишлари буйича ўринбосари Суд-тиббий экспертизанинг ўтказишда ҳодиса жойини кўздан кечиришнинг хусусиятлари мавзуларида иштирокчиларга батафсил маълумот бердилар. Шунингдек, Х.Сулаймонова номидаги РСЭМ Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияси эксперти А.Норматов “Воқеа жойини кўздан кечиришда “Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси учун ашёвий далилларни олиш ва экспертизага тақдим қилиш масалалари” мавзусида маъруза қилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Ёнғин техникавий экспертизаси лабораторияси мудири Я.Рустемов “Суриштирув ва тергов харакатлари жараёнида Суд-ёнғин техника экспертизасининг роли” мавзусидаги маъруза билан чиқиш қилди.
Семинар давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволлар бўйича қизғин мухокамалар бўлиб ўтди, муҳокама жараёнида Марказ директори иштирокчилар томонидан берилган саволларга тўлиқ жавоблар берди, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва суд экспертлари ўртасидаги узвий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари бўйича иштирокчиларнинг фикр ва мулоҳазаларини эшитиб, бу соҳадаги мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш масалалари келишиб олинди.