Автотранспорт воситаларида содир булаётган ёнғинларни сабабларини аниқлашда суд ёнғин-техникавий экспертизаси томонидан ечиладиган масалалар

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги  Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази (РСЭМ)да Суд ёнғин-техникавий экспертизаси (СЁТЭ) кўп йиллардан буён суриштирув, тергов идоралари ва судга  ўз хулосалари билан самарали хизмат қилиб бугунги кунда, ушбу тур экспертизаси Марказнинг Ёнғин-техник экспертизаси лабораторияси (ЁТЭЛ)да ўтказилиб келинмоқда.

Экспертизага келиб тушаётган материаллар орасида, мураккаб ва ўта мураккаб экспертиза тадқиқотларини талаб қиладиганлари кўпчиликни ташкил этади. Мазкур экспертиза тури бўйича суриштирув ва тергов идоралари томонидан тайинланаётган экспертизалар сони ўсиб бораётганлигини ва бу эса далилнинг бу турига катта ахамият берилаётганлигини кўрсатмоқда.

Суд ёнғин-техникавий экспертизаси (СЁТЭ) амалиёти, бугунги кунга келиб, содир бўлаётган ёнғинлар орасида, яъни бино, иншоат, уй-жой ва бошка турли курилмаларда содир бўлаётган ёнғинлар билан бир қаторда, автотранспорт воситаларида содир булаётган ёнғинлар хам кўпчиликни ташкил қилаётганлигини кўрсатмоқда. Буни, содир булган ёнғин факти юзасидан РСЭМга тайинланган суд ёнғин-техникавий экспертизаси қарорларидан ва унинг асосида берилган хулосалардан кузатиш мумкин.

Республикамизнинг йўлларидаги автомобилларнинг сони бўйича бундан 20 йил аввалги холати билан хозирги даврдаги холати таққосланса, автомобилларнинг бир неча бор кўпайганлигини кўрсатади. Шундай экан, табиийки уларда содир бўлаётган холатлар ҳам ошган.

Мазкур мақоладаги фотосуратларда турли транспорт воситалари ва тиркаманинг ёнган холдаги кўриниши кўрсатилган.

Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорни тайёрлашда процессуал хужжатларда белгилаб қуйилган тартиб, қоидаларга амал қилиниши зарур.

Ўзбекистон Республикаси жиноий процессуал кодекси (ЖПК) 180-моддасида: “Экспертиза тайинлаш тўгрисидаги карор ёки ажрим” талаблари батафсил кўрсатилган. Экспертиза тайинлаш тўғрисида суриштирувчи, терговчи қарор, суд эса ажрим чикаради. Унда: экспертиза учун асос булган сабаблар; экспертиза юборилаётган ашёвий далиллар ва бошка объектлар; уларнинг қачон, қаерда ва қайси холатда топилганлиги ва олинганлиги; иш материаллари бўйича экспертиза ўтказишда эксперт хулосаси олиниши лозим булган маълумотлар; эксперт олдига куйилган саволлар; экспертиза муассасасининг номи ёки экспертиза ўтказаётган шахснинг фамилияси кўрсатилиши лозим. Экспертиза ўтказиш тўғрисидаги қарор ёки ажрим унга тааллукли шахслар учун мажбурийдир”- деб курсатилган.

Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажримда, қарор тузилган сана, жойи, қарор тайинлаётган орган ходимининг исми, шарифи, лавозими, қайси иш юзасидан тайинланаётганлиги, дастлабки аниқланган маълумотлар, экспертиза тайинлашига асослар, тегишли моддалар қўлланилган бўлиши, қарор қилдим қисмида: экспертиза тайинланаётган муассаса номи, қайси соха экспертларига юклатилаётганлиги, экспертиза олдига қўйилган саволлар, тақдим этилаётган ашёвий далиллар, тўпланган хужжатлар ва қарор чиқарган ходимининг исми, шарифи ёзилиб, имзоси кўйилган бўлиши зарур. Ўзбекистон Республикаси ЖПК 39-моддасида “Суриштирувчининг қарори суриштирув органининг бошлиғи томонидан тасдиқланиши лозим”лиги кўрсатилган.

Автотранспорт воситаларида содир булаётган ёнғин бўйича тайинланаётган экспертизаларни бажаришда, экспертиза олдига қўйилаётган саволлардан келиб чиқиб, экспертиза услублари кўлланилади. Жумладан, суд ёнғин-техникавий экспертизаси олдига қуйидаги саволлар қўйилиши мумкин:

– Автотранспорт воситасида содир булган ёнғиннинг учоги аниклансин.

– Автотранспорт воситасидан ашёвий далил сифатида олинган электр симларида киска туташув аломатлари мавжудми, агар мавжуд булса, ушбу киска туташувнинг ёнғиннинг келиб чикишига алокаси борми?

– Автотранспорт воситасининг электр тармоғида вужудга келган носозликдан ёнғин келиб чиккан булиши мумкинми?

– Автотранспорт воситасининг ёнилги тизими мосламаларида вужудга келган носозликдан ёнғин келиб чиққан бўлиши мумкинми?

– Юк автотранспортининг орка гилдираги резинаси тешилиши окибатида, унинг дискасига ишкаланишдан ёниши мумкинми?

– Автотранспорт воситасида содир булган ёнғин йул-транспорт ходисаси натижасида келиб чиққан бўлиши мумкинми?

– Автотранспорт воситасида содир бўлган ёнғин нефть махсулотларининг ёнишидан келиб чиққан бўлиши мумкинми?

– Автотранспорт воситасида содир бўлган ёнғиннинг бевосита (техник) келиб чикиш сабаби аниклансин.

Экспертиза олдига куйилган саволларни ечиш учун экспертга ёнғин факти буйича тўпланган хужжатлар, ёнғин объекти туширилган фоторасмлар, видеолавхалар ва ёнғин содир булган автомобилдан олинган ашёвий далиллар тақдим этилади. Шунингдек, ёнғин объекти хисобланган – ёнғин содир булган автотранспорт воситаси эксперт тадкикоти учун тақдим этилади. Материалларни экспертизага кечиктирмасдан тақдим этилиши ва экспертга объектни куздан кечиришни кечиктирмасдан ташкиллаштирилиши лозим. Бунда, ходисани текширилишини тезкорлик билан бажарилиши, шу билан бир вактда экспертизага такдим этилаётган ёнғин факти бўйича сифатли тўпланган хужжатлар тақдим этилиши ишнинг муваффакиятли якун топишига мухим омил бўлади.

Автотранспорт воситасида содир булган ёнғинлар юзасидан, суд ёнғин-техникавий экспертизасига куйидаги асосий хужжатлар такдим этилиши зарур:

– ёнғин техникавий экспертизасини тайинлаш туғрисидаги қарор ёки ажрим;

– ёнғин факти юзасидан тўпланган хужжатлар (нусхаси), улар орасида:

– ёнғин хақида далолатнома;

– ёнғин жойи чизмаси (ишга таълукли воситалар шартли белгилар билан кўрсатилган холдаги);

– вокеа жойини (ёнғин объектини) куздан кечириш баённомаси;

– ашёвий далилларни олиш хақидаги далолатнома;

– мутахассислар фикри, хулосаси;

– ёнғинни бирламчи курган шахсларнинг тушунтириш хатлари;

– вокеа жойи фотожадвали (хар бир расмга изох берилган холда);

– вокеа жойи (кузатув камералари, воқеа жойида бўлган шахслар туширган) видеолавхалар;

– ёнғин содир бўлган автомобиль электрлаштирилган гараж ёки бинода турган бўлса, “туман электр таъминоти корхонаси”дан тармоқда кучланишнинг ўзгариши, авария холатлар бўлган ёки бўлмаганлиги туғрисида маълумотнома.

– шунингдек, иш холатидан келиб чиқиб, бошқа хужжатлар тақдим этилиши зарур бўлиши мумкин.

Вокеа жойини (ёнғин объектини) куздан кечириш процессуал харакати, суриштирув-тергов харакатлари орасида мухим ахамиятга эгадир. Шу сабабли, уни ўтказаётган шахсдан профессионаллик, синчиковлик, ўткир зеҳн талаб этилади. Ушбу ҳаракатни ўтказишда суриштирувчи, терговчи билан мутахассис ёки эксперт иштирок этиши максадга мувофиқдир.Ўзбекистон Республикаси ЖПК 136-моддасида; “Куздан кечириш тартибининг умумий қоидалари” кўрсатилган.

Вокеа жойини (объектни) кўздан кечириш баённомасида, ўрганилаётган хар бир объектни, детални профессионал даражада тасвирлаб, унинг қирраларини чикқариб бериши зарур. Шунингдек, баённомада ёнғин содир бўлган автотранспорт воситасини ёнган кисмлари, сақланиб қолган қисмлари, кўпрок таъсир олган жойлари тўлик ёритилган бўлиши зарур. Шунингдек, ёнғиннинг ўчоги аломатлари, ёнғиннинг сабабига боғлик бўлиши мумкин бўлган аниқланган носозликлар, белгилар баённомада ёритилиб, шу кисмлари фоторасмларга, видеолавхаларга олиниши зарур. Далилий ахамиятли, лаборатория шароитида текширилиш талабига эга, ёнғин объектидан топилган ашёлар, ашёвий далил сифатида олиниши мумкин.

Ёнғин объектини кўздан кечиришда “ёнғиннинг бошланган жойини (ўчогини) топиш”га катта эътибор қаратиш зарур. Чунки туғри топилган ёнғин ўчоги, ёнғиннинг қайси жойдан бошланганлигини, бундан ушбу жойда қандай манба бўлганлигини аниқлаш имкониятини яратади. ёнғиннинг ўчогини унинг жойидаги колган излар, аломатлар (чуқур ёниш, юқори хароратнинг таъсири, конуссимон излар) орқали аниқланади.

ёнғин объектини куздан кечиришда «ашёвий далилни тўғри (танлаш) топиш» мухим ахамиятга эга. Тўғри топилган “ашёвий далил” бажарилаётган ишнинг муваффакиятли натижаси билан узвий боғлиқдир. ёнғин объектидан олинган ашёвий далиллар экспертизага қадоқланган холда, транспортировка жараёнида зарарланмаган холда тақдим этилиши зарур. Ашёвий далил сифатида автомобилнинг электр симларининг эриб ёпишган, эриб узилган яъни киска туташувга шубха туғдирган қисмлари ёки юкори каршиликни келтириб чикарган булиши мумкин бўлган қўлбола усулда “бураб уланган”, контактлари суст булган қисмлари 40см-50см узунликда қирқиб олиниб, экспертизага автомобилнинг қайси қисмидан олинганлиги кўрсатилган ёзуви билан мухрланган ҳолда тақдим этилиши зарурдир.

Олинган ашёвий далиллар лаборатория шароитида аввал визуал, сунг микроскопик усуллар орқали эксперт(лар) томонидан текширилади. Жумладан, МБС-9 микроскопи ёрдамида 2х, 4х, 8х ва AxioTech (Carl Zeiss, Germany) металлографик микроскопии ёрдамида 50х,, 100х, 200 х марта катталаштирилган холда ва шу каби бошқа замонавий криминалистик ускуналар ёрдамида экспертиза тадқиқотлари ўтказилади.

Автомобилларда ёнғин содир бўлганда, унинг электр тармоғидан, электр симлари, электр мосламалари: генератор, сақлагичлар блоки, ойна тозалагич двигателлари ва уларнинг симлари, аккумулятор клеммалари ашёвий далил сифатида олиниши мумкин. Агар, ёнғин автомобилнинг ёнилги тизимидан келиб чиққан бўлиши мумкин деган эхтимоллик мавжуд булса, унда ашёвий далил сифатида ёнилғи тизими мосламалари, карбюратор, бензонасос, газ редуктори, инжектор ва узатиш мосламалари қолдиқлари олиниши мумкин. Ушбу ашёвий далилларни олаётган шахс (суриштирувчи, терговчи) мутахассис маслахатидан фойдаланиши, оғзаки ёки ёзма мутахассис фикрини олиши мумкин.

Суд ёнғин-техникавий экспертизаси амалиётидан келиб чикиб, автотранспорт воситасида содир булаётган ёнғинларнинг сабаблари турлича булиб, қуйидагилар уларнинг асосини ташкил этади:

автотранспорт воситасининг электр симларида вужудга келган авария холатлар (қисқа туташув, юқори ўтувчи қаршилик каби) натижасида ёниши;
автотранспорт воситасининг ёнилги (бензин, газ, дизель ёкилгиси) тизимида вужудга келган турли авария холатлар натижасида ёниши;
Юк ташувчи автотранспортларининг ғилдираги ёки тормоз тизимида вужудга келган носозлик оқибатида ёниши;
Юк ташувчи автотранспортларининг ғилдираги резинасининг тешилиши ва хавосиз юриши оқибатида резинанинг дискка ишқаланиши оқибатида ёниши;
автотранспорт воситасида йул-транспорт ходисаси натижасида ёниши;
автотранспорт воситасини паст манбали ёнғин манбайи (чуг, учкун каби) таъсирида ёниши;
автотранспорт воситасини нефть махсулоти таъсирида ёниши;
автотранспорт воситасини ташқи ёнғин манбайи таъсирида ёниши.
Ушбу жойда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, экспертиза тадқиқотларини ўтказиш, эксперт олдига кўйилган саволларни ечиш учун ёнғин-техник экспертидан нафақат, ёнғин-техникавий билим, балки ундан автомобилнинг тузилиши, унинг ёнилги тизими, электр тизимини ўргатувчи мухандислик-техникавий билимлар талаб этилади.

Автотранспорт воситаларидаги ёнғинларнинг техник сабабларга кўра содир бўлаётганлари билан бир каторда, автомобилларни қасддан ёқиб юбориш холатлари учраб туради. Бундай эхтимоллик мавжуд холларда, юқорида айтиб ўтилган автомобилнинг электр, ёнилги тизимлари ўрганилиб, эксперт тадқиқотлари ўтказилиб уларнинг алоқаси йуқлигига ишонч хосил қилиниши зарур. Шунингдек, ёнғин содир булган автомобилдан олинган (салонидан олинган ёнғин қолдиқлари, кузовидан олинган суртмалар каби) ашёвий далилларда нефть махсулотлари, енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюкликлар излари бор ёки йуклигини текшириш максадида суд кимёвий экспертизаси утказилиши ва уларнинг хулосаларидан ёнғин-техникавий экспертизаси хулосасини тузишда фойдаланилиши мумкин бўлади. ёнғин-техник эксперти унга топширилган экспертизани бажаришда автотранспорт воситасида содир булган ёнғинга сабаб бўлган бўлиши мумкин булган барча эхтимолликлар ўрганилади, жумладан, унинг электр тармогини, ёнилги тизимини ёнғинга алокаси бор ёки йуклиги, баъзида юк автомобиллари тормоз тизими (носозлик окибатида ишкаланиб ёниши) холатини, юкхонасидаги булган материалларининг ўз-ўзидан ёнишга мойил ёки йуқлигини, шу каби холатлар бирма-бир текширилиб, уларнинг ёнғинга алоқаси бор ёки йўқлиги аниқланади ва эксперт хулосасини тузилади.

Хулоса қилиб айтганда, суриштирув, тергов ёки суд жараёнида, кўрилаётган ишлар юзасидан тузилган суд экспертиза хулосаларининг процессуал далилий аҳамияти, унинг хаққонийлиги экспертизага тақдим этилган ашёвий далиллар тўғри танланганлиги ва тўпланган хужжатларнинг сифатли эканлигига хамда эксперт текширувининг мукаммаллигига боғликдир. Ўзбекистон Республикаси ЖПК 187-моддасида: “Эксперт хулосасини бахолаш” қоидалари белгилаб қўйилган. Эксперт хулосаси суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан иш бўйича тўпланган бошқа далиллар билан биргаликда унинг илмий асосланганлиги ва экспертиза ўтказиш учун белгиланган барча процессуал қоидаларга риоя этилганлиги нуқтаи назардан баҳоланади” деб кўрсатилган.

Шундай экан, холисона тузилган экспертиза хулосаси, Ўзбекистонимизда одил судни ва демократик институтларнинг барқарорлигини таъминлашга кенг ҳиссасини кўшади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги хузуридаги Х.Сулаймонова номли Республика суд экспертизаси маркази, Ёнғин-техник лабораторияси мудири в.в.б.,

2-даражали юрист Якубжан Киямович Рустемов

Skip to content