Суд-қурилиш-техникавий экспертиза ўтказишнинг хусусиятлари

Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ва жамиятнинг барча соҳаларини тўлиқ қамраб олган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад фуқароларнинг ҳуқуқ  ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни  таъминлаш, миллатлар  ва фуқаролар ўртасида тотувликни сақлашга қаратилган. Ислоҳотлар ҳақида сўз кетар экан, Мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичидаги энг муҳим йўналишлардан бири бу қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборатдир. Бир сўз билан айтганда, юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш биз учун ҳал қилувчи вазифа бўлиб қолмоқда. Бу каби ислоҳотларнинг рўёбга чиқиши борасида мамлакатимизда етарли даражада қонунчилик базаси шаклланиб улгурди ва ҳозирда янада такомиллаштирилмоқда.

Маълумки, амалга оширилаётган барча ислоҳотлар мамлакатнинг чинакам ривожи, аҳоли турмуш даражасининг  юксалиб  бориши, аҳоли ялпи даромадларининг ўсиши, аҳолининг мулкка эга бўлиши, давлат бошқарувида фуқароларнинг фаоллиги, аҳоли ҳуқуқий онги ва маданиятининг юксалиши, давлат органларининг самарали фаолияти ҳамда бевосита уларнинг фаолиятида жамоатчилик назорати каби кўплаб ижобий кўринишларда намоён бўлмоқда. Юқоридаги мақсадларга эришишнинг асосий омилларидан бири жамиятда қонунийликни таъминлашдир. Қайд этилган устувор вазифани бажариш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суднинг асосий функциясини ташкил қилади. Зеро, фан техника ютуқларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва суд фаолиятига кенг татбиқ этиш ишларнинг юритилиш сифатини оширади. Шу маънода, экспертиза бугунги кунда суриштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнида етакчи уринлардан бирини эгалламоқда, шунингдек давлатимиз томонидан суд экспертизаси ва суд экспертлари фаолиятига катта эътибор қаратилмоқда. Буларни Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги хузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика Суд экспертизаси маркази мисолида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2012 йил 14 ноябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги хузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика Суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги  321- сонли қарорига асосан марказнинг янги биноси қурилиши, янги экспертиза турлари жорий этилиши, “Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги хузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика Суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш хамда суд экспертлари малакасини ошириш тўғрисида”ги 206-сонли қарорига асосан марказнинг вилоят бўлимларини ташкил этилиши, суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув марказини ташкил этилиши, хамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январ кунидаги “ Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги ПҚ-4125-сондаги нодавлат суд экспертиза ташкилотлари ташкил этилишига, марказ ходимларининг маошлари
1,5 баробар миқдорида оширилишига, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш учун олий ўқув юртлари билан хамкорликда иш олиб бориш, уларнинг марказга бириктирилиши, марказга чет элдан келтириладиган асбоб ускуналар учун божхона солиғидан маьлум муддатга озод қилинишига оид қарорларнинг қабул қилиниши хамда суд экспертизаси ва экспертлар фаолиятига тадбиқ этилишида яққол кўришимиз мумкин.

Ҳуқуқни қўлловчи органлар ва судлар олдида турган вазифаларни ҳал қилишда фан, техника, маданият ва ҳунар соҳасидаги махсус билимларни талаб қиладиган масалаларни ҳал  қилишда суд экспертизаси муҳим роль ўйнайди. Улар ўз фаолиятида ҳар хил жиноятларни тезкорлик билан фош этиш, холисона тергов қилиш ва судда кўриш ҳамда низоларни ҳал  қилиш жараёнида суд экспертизаси имкониятларидан кенг фойдаланишлари лозим. Чунки суд экспертизаси махсус билимларга асосланган иш бўйича ҳақиқий ҳолатни аниқлашга қаратилган асосий процессуал восита, инкор этиб бўлмайдиган тилсиз далилдир.

Ҳозирги шароитда ушбу фаолиятнинг шакл ва усуллари мунтазам равишда такомиллашиб боришини, фан ва техниканинг янги ютуқларига асосланган суд экспертизасини кенг қўллашсиз тасаввур қилиб бўлмайди.    Шундай кенг кўламда оммалашиб бораётган ва талаб ортаётган экспертиза турларидан бири – Суд қурилиш-техникавий экспертизасидир. Суд-қурилиш-техникавий экспертизаси судлар томонидан шахсий, умумий ҳиссадорлик мулки бўлган уй-жойларни бўлиб бериш ёки шахсий ҳиссасини ажратиб бериш, олди-сотди шартномаларини (уй-жойлар бўйича) бекор қилиш, васиятномаларни (уй-жой бўйича) бекор қилиш, никоҳни бекор қилиш ва мулкини бўлиб бериш, уйга сув тошириш натижасида етказилган зарарни қоплаш, бажарилмаган ишларни ёки сифатсиз бажарилган ишлар маблағ миқдорини ундириш сингари фуқаролик ишлари билан боғлиқ даъволарда тайинланади.

Бунда эксперт турар ва нотурар бино иншоотларнинг хозирги кундаги бахосини аниқлаш, турар ва нотурар бино иншоотларни ер майдони билан хамда якка холда бўлиш имкониятларини аниқлаш, даъво қилинаётган уй-жойни, техник жиҳатдан қурилиш нормалари ва қоидаларини бузмаган ҳолда бўлиш, ўз ихтиёри билан қурилган турар ва нотурар бино иншоотларнинг ҚМҚ ва ШНҚ га зид ёки мос тарзда қурилганлигини аниқлаш, қурилиш-монтаж, таьмирлаш ишлари учун кетган сарф-харажатларнинг миқдори (смета) асосли асоссизлигини аниқлаш, даъво қилинаётган уй-жойни ажратиб берилган улушлар асосида бўлиш, техник жиҳатдан бўлиниши мумкин бўлган уй-жойнинг даъво қилинаётган ҳиссаларини аниқлаш, рухсатсиз (ўз ихтиёри билан) қурилган қурилмалардан фойдаланиш тартибини аниқлаш каби вазифаларни бажаради.

Суд-қурилиш-техникавий экспертизалари ўтказилиш жихатидан мураккаб бўлиб, уларни тайинлаш, экспертизага материалларни тайёрлаш, иншоотларни кўздан кечиришни ташкил қилишда турли муаммолар юзага келади, яьни экспертлар ваколатига кирмайдиган саволларнинг қўйилиши, кўрилаётган обьектнинг ёки ер майдонининг хақиқий холатини акс эттирувчи хужжатларнинг (асл нусхалари) тақдим этилмаслиги, экспертиза ўтказилиши ва хулоса бериш учун зарур бўлган текшириш обьетларини кўздан кечиришга фуқароларнинг тўсқинлик қилиш холатлари шулар жумласидандир. Айнан шунинг учун хам Суд-қурилиш-техникавий экспертизасини ўтказиш ўзига хос хусусиятларга эгадир ва юқоридаги камчиликларни бартараф этишда давлат органлари билан биргаликда келишув асосида хамкорлик олиб бориш, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органларида фуқароларнинг хуқуқий билимларини ошириш, хамда суд экспертизасини ўтказиш бўйича тушунчалар бериш ва давра сухбатлари ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир.

Суд-қурилиш-техник экспертизасини тайинлаш ва ўтказишнинг процессуал ва тактик хусусиятлари қуйидагилардан иборат:

– воқеа содир этилган жойни ёки низоли обьектларни эксперт иштирокида кўздан кечириш;

–биноларнинг қулаб тушиши ёки ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ходисалар бўйича ишларда ўтказиладиган кўздан кечириш ва ишга оид материалларни йиғиш;

– мутахассисларнинг биноларни қулаб тушиши, қурилишида бахтсиз ходисалар содир бўлишининг шароитлари ва сабаблари тўғрисида берган хулосаларининг мазмун-мохиятини тахлил қилиш;

–кўздан кечириш натижаларини тергов томонидан тузилган баённома орқали расмийлаштириш.

Воқеа содир бўлган жойни ёки низоли обьектларни кўздан кечириш терговчи ёки суд томонидан амалга оширилади, кўздан кечириш натижалари (фуқаролик ёки иқтисодий ишлар) бўйича баённома тузилиб кўздан кечирув ишлари тугатилади.

Суд қурилиш-техникавий ва ер экспертизаси
бўлими иш ўрганувчи эксперти                                                             А.Т.Хайдаров

Skip to content