СУД БАЛЛИСТИКАСИДА АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ

Ахборот технологиялари ва компьютер техникалари суд экспертиза соҳасида табора кенг қўлланилмоқда. Суд-баллистика экспертизалари ва бу соҳага оид илмий тадқиқотларни ўтказиш қуйидаги вазифаларни бажаришни мақсад қилиб олади, жумладан:

– ўқотар қуролларни отилган ўқ ва гильзалардаги изларга кўра идентификация қилиш;

– ўқотар қуролдан отиш излари бўлган ўқ ва гильзаларнинг криминалистик ҳисобларини юритиш;

– ўқотар қуроллар, патронлар, қурол ва жанговар ўқ-дорилардаги маркировка белгилари бўйича электрон ахборотлар (маълумотлар базаси) тизимини яратиш ва ҳ.к.

Суд баллистикасида, ўқотар қуролнинг техник созлиги ва отиш учун яроқлилиги, снаряднинг учиш траекториясини ҳисоблаш, ўқнинг учиш тезлигини аниқлаш, отилган ўқлардаги нарезлар изларининг оғиш бурчаги ва нарезлар майдони кенглигини, ўқ отиш масофасини аниқлаш ва ҳ.к. каби диагностик ва ситуацион турдаги вазифалар ҳал қилинади.

Суд баллистика соҳасидаги энг муҳим ва мураккаб вазифалардан бири ўқотар қурол қисмларининг отилган ўқ ва гильзаларда акс этган моддий изларига кўра идентификация қилиш ҳисобланади.

Бу каби бир тадқиқот объектини, маълумотлар базасида юзлаб ва минглаб объектларга эга бўлган микроскоп остида визуал текшириш, узов муддат (ойлаб, йиллаб) талаб этадиган оғир меҳнат ҳисобланади. Компьютер техникаларини такомиллашиши, замонавий технологияларни суд экспертиза соҳасида татбиқ этилиши, ўтган асрнинг 90 йилларида даслабки баллистик идентификацион тизимлар (БИТ-БИК) яратишга имкон яратди, бундай тизимлар тегиши белгиларни излаш ва солиштиришни жараёнларини осонлаштирди ҳамда суд эксперти меҳнатини анча енгиллаштирди. Бундай тизимлар тегишли ахборотлар қидириш ва алмашиш бўйича ахборот тармоқларини яратишга ҳам имкон яратди.str.-1-balist

Ҳозирги кунда дунёнинг турли давлатларида қуйидагича автоматлаширилган тизимлар фаолият юритади: Drug Fire (АҚШ), IBIS (Канада), Арсенал, ТАИС, Кондор (Россия). Бундай тизимлар ўзига қуйидаги қисмларни қамраб олади:

1) сканерловчи қурилма (баллистик сканер);

2) сканер билан уланган платали шахсий компьютер;

3) дастурий таъминот.

Юқоридаги каби ахборотлаштирилган тизимлар ичида, ҳозирги кунда Европа давлатларида кенг қўлланилаётган ва мутахассислар томонидан ижобий баҳоланган изимлардан бири – Санкт-Петурбург шаҳридаги “Ахборот хавфсизилиги ва махсус техник воситалар билан таъминлаш махсус Марказ” томонидан ишлаб чиқилган, «Кондор» баллистик идентификацион тизим ҳисобланади. «Кондор» тизимида керакли тасвирларни юқори контрастли, 3,5 мкм сезгирлик билан олиш имконига эга бўлган «кадр-фрагментли» ёзув методи қўлланилади. Бу метод қўлланилган тизим қулай интерфейс, бошқаришнинг осонлиги, ишончлилиги ва нархининг арзонлиги билан ажралиб туради. Тизим учта асосий режимда (тартиб) ишлайди: теле-микроскоп, гильза-хона (гильзотека ) ва ўқ-хона (пулетека).
Ўқотар қуролни отилган ўқлар ва гильзалардаги изларга кўра идентификация қилиш учун қўлланиладиган баллистик идентификацион тизимлар (мажмуа), суд баллистика соҳасидаги яна бир муҳим ва мушкул вазифа – ўқотар қуроллар излари мавжуд бўлган ўқлар, гильзалар ва патронларнинг криминалистик ҳисобларни юритишда ҳам қўлланилиши мумкин. Бундай криминалистик ҳисобнинг вазифаси – айнан бир нусха (русум)даги ўқотар қуролни бир неча турли жиноятларни (турли вақтлар ва турли ҳудудларда) содир этилганлик ҳолатини аниқлашдан иборат. Бу каби криминалистка ҳисоблар мамлакатиимзда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Эксперт-криминалистика Бош маркази базасида олиб борилади.

Ҳодиса содир бўлган жойдан олинган, олинган (топилган, ихтиёрий равишда топширилган, жиноятчилардан олиб қўйилган) ўқотар қуролларнинг излари мавжуд бўлган гилза ва ўқлар, шунингдек, назорат отилган ўқ ва гильзалар республика ўқ-гильза хонасига (пулегильзатека) мажбурий тарзда жўнатилади ва бу ерда уларнинг тасвири компьютерли маълумотлар базасига киритилади. Бу каби маълумотлар базаларида бир неча юздан бир неча минггагача тасвирлар мавжуд бўлиши мумкин.

Маълумотлар базасидан керакли маълумотларни қидириш баллистик идентификацион тизим (мажмуа) ёрдамида автоматлашган тарзда амалга оширилади. Бу каби тизимлар орасида ҳозирги кунда қуйидагилари кенг қўлланилади: “ТАИС” ва “Кондор”, бу тизимлар ҳозирги кунда қўйилган вазифаларни смарали ҳал этмоқда.

Бугунги кунда Россия Федерацияси ИИВ Эксперт-криминалистика маркази ва бошқа етакчи суд экспертиза муассасалари томонидан ишлаб чиқиладиган ҳамда мунтазам ягиланиб бориладиган электрон маълумотлар ва каталоглар экспертиза амалиётида кенг қўлланилмоқда. Бунга мисо сифатида қуйидаги электрон маълумотли тўпламларни санаб ўтиш мумкин:

«АЛАНГА (ПЛАМЯ)» – тури мамлакатларда ишлаб чиқилган автоматик тўппончаларнинг ташқи тузилиши, қисмларга ажртиш-йиғиш тартиби, маркировка белгилари ва тактик-техник характеристикалари;

«ҚУРОЛ (ОРУЖИЕ)» – автоматик тўппончалар, автомат ва карабинларнинг таърифлари (тасвирларсиз) ва характеристикалари;

«МИЛТИҚ (РУЖЬЁ») – турли давлатларда ишлаб чиқарилган ов ва спорт қуролларининг тасвирлари, тактик-техник характеристикалари, маркировка белгилари;

«КЛЕЙМО» – нарезли ов милтиқларининг маркировка белгилари ва клеймо белгилари;

«ЖАНГОВАР ЎҚ-ДОРИЛАР (БОЕПРИПАСЫ») – турли жанговар ўқ-дориларнинг тасвирлари, характеристика ва маркировка белгилари;

«ПАТРОН» – турли ов милтиқлари учун мўлжалланган патронларнинг тасвирлари, тактик-техник характеристикалари, маркировка белгилари ва зарядининг хусусиятлари.

Юқоридаги каби ахборот манбалари – турли қуроллар, отувчи мосламалар, жанговар ўқ-дорилар ва бошқа тадқиқот объектлари ҳақидаги керакли маълумотларни тез топиш имконини беради. Тадқиқот объектларининг ўн минглаб номдаги турлари мавжуд бўлган ҳозирги кунда, ахборотларнинг электрон базалари ва электрон вариантдаги махсус адабиётлар эксперт-баллистларга беқиёс ёрдам беради. Электрон шаклдаги маълумот ва ахборотларнинг бу каби оммалишиши фикрмизча, уларни тез ва осон тўпланиши, изимлаштирилиши, нусха кўчирилиши ҳамда алоқа каналлари орқали тез тарқалиши ҳисобига бўлса керак.

Компьютер технологиялари ва рақамли техника ҳозирги кунда суд-баллистика экспертиза ва ушбу турдаги экспертизаларга оид хусусий вазифаларни самарали ва ижобий ҳал қилишда кенг қўлланилмоқда. Хусусан, бу каби технологиялар ёрдамида  снаряднинг учиш траекторияси, тўғри отиш узоқлиги, отилган ўқнинг, унинг шакл коэффициенти ва ҳавонинг қаршилик кучини инобатга олган ҳолда, исталган вақтдаги учиш тезлигини, тегишли компьютер дастурлари ёрдамида ташқи баллистиканинг формулалари орқали ҳисоблаш имконини беради. “Adobe Photoshop” график муҳаррири ёрдамида отилган ўқлардаги изларда акс этган нарезлар майдони изларининг оғиш бурчаги ва кенглигини юқори аниқликда аниқлаш мумкин, бу каби маълумотлар, асосан гуруҳий белгилар асосида эса, ўқ отишда ишлатилган қуролнинг русумини аниқлаш осон бўлади.

Ҳозирги вақтда суд баллистикасида компьютер технологияларини қўлламасдан бажариладиган бир қатор операциялар (ҳаракатлар) мавжуд. Бироқ, компьютер ва рақамли технологияларни жадал ривожланиши ва тараққий этишини инобатга олинса, суд баллистика соҳасида долзарб муаммолар ва бажарилиши лозим бўлган аниқ вазифаларни ҳал этилиши ушбу йўналишда тез ва қисқа вақтларда ўз ечимини топади деб ишонч билан айтиш мумкин.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Дереновский М.Е., Стальмахов А.В., Федоренко В.А. Баллистический комплекс «Кондор» – новые возможности в исследовании следов на пулях // Актуальные вопросы экспертной практики : сб. науч. стат. – Саратов: СЮИ МВД России, 2001. – ISBN 5-7485-0154-6.
  2. Федоренко В.А., Переверзев М.М. Криминалистическая реконструкция траектории полета снаряда: учебн. пособие. – Саратов: СЮИ МВД России, 2008. – ISBN 978-5-7485-0538-3.

                                                               Э.Чуряков,Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
                                                                     ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика
                                                                    суд экспертизаси маркази давлат суд эксперти.

 

Skip to content