Коррупцияга қарши кураш сиёсати ва амалиёти

Коррупция-мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят ҳисобланади. Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан бири ҳисобланади. Аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат амалдорлари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик ортириш мақсадида фуқаролардан пора олиш, қонунга хилоф пул дарамадларини қўлга киритиш тушунилади. Аммо, умуман олганда, давлат амалдорларигина эмас, балки, масалан, фирмаларнинг менежерлари ҳам коррупцияга доир муносабатларнинг иштирокчилари бўлиши; пора пул билан эмас, булки бошқа шаклда берилиши мумкин; коррупцияга доир муносабатларнинг ташаббусчилари баъзан давлат амалдорлари эмас, балки бошқалар ҳам ҳисобланиши мумкин.

Этимологик жиҳатдан “коррупция” атамаси “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатадиган лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан. Юридик экциклопедия муаллифларининг таъкидлашича, “коррупция-мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойлик ортириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият”.

“Юридик атамалар қомусий луғати”да коррупция тушунчасига “давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган (ёки уларга тенглаштирилган) шахсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши шунингдек, бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилос равишда эгаллашига имкон бериши”, деб таъриф берилган.

Яна бошқа адабиётларда эътироф этилишича, коррупция атамаси “сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият бўлиб, мансабдор шахслар ўзларига берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойиш мақсадида фойдаланишидан иборат” деб тавсифланган.

БМТнинг халқаро миқёсда коррупцияга қарши кураш бўйича маълумотида шундай дейилган: “Коррупция-бу шахсий мақсадларда наф кўриш учун давлат ҳокимиятини суиистеъмол қилиш”.

Коррупция тушунчасига берилган шунга ўхшаш таърифга Жаҳон банкининг ҳозирги дунёда давлатнинг ролига бағишланган ҳисоботида ҳам дуч келиш мумкин: коррупция – бу “шахсий наф кўриш йўлида давлат ҳокимиятини суиистеъмол қилиш”.

Коррупцияга қарши кураш борасидаги энг асосий халқаро ҳужжат бу –шубҳасиз, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ҳисобланади.

Х. Сулаймонова номидаги
Республика суд экспретизаси
маркази бош юрисконсульти
МАХСАДОВ Бахтиёр

Skip to content