Амалдаги қонунчилик билан белгиланган тартибга кўра, фуқаролик, иқтисодий, жиноят ва маъмурий суд ишларини юритишда иқтисодий масалалар бўйича иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларини аниқлашга зарурат туғилганда ва буни иқтисодий соҳадаги махсус билимлар асосида суд-эксперт текширишларини ўтказиш ва хулоса олиш йўли билан амалга ошириш мумкин бўлганда суд-иқтисодий экспертиза тайинланади.
Суд иқтисодий экспертиза- жамиятнинг иқтисодий фаолиятида содир этилган молиявий операциялар белгиланган қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги, жамият фаолиятидаги иқтисодий кўрсаткичлар тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги (бирламчи ҳужжатлар билан тасдиқланиши) ҳамда жисмоний шахсларнинг иқтисодий соҳа билан боғлиқ масалалар бўйича махсус билимга эга бўлган шахс томонидан унинг ечимига қўйилган саволлар бўйича хулоса олиш мақсадида тайинланадиган экспертизаларнинг бир туридир. Яна бир таърифга кўра, суд иқтисодий экспертиза – ўзида иқтисодий маълумотларни мужассам қилган тадқиқот объектини белгиланган хос белгиларга мутаносиблигини баҳолаш мақсадида иқтисодий соҳадаги махсус билимларга эга бўлган шахслар томонидан ўтказиладиган тадқиқотлардир.
Суд-иқтисодий экспертизалар ўтказишда айрим муаммолар мавжуд бўлиб, бу муаммолар иқтисодий соҳадаги билимларнинг жуда кенг қамровли эканлиги, иқтисодий соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг кўплиги, иқтисодий соҳасидаги жиноятларни содир этилишида табора янги механизимлар қўлланилиши билан боғлиқ бўлиб, бу мезонлар барча масалаларни ҳал этиш тартибини белгиловчи ягона услубиёт яратиш имконини бермайди. Бу турдаги экспертизалар ўтказиш жараёнини автоматлаштирилган тарзда йўлга қўйиш имкони йўқ. Аниқроқ айтганда, мазкур тадқиқот турини ўтказишда эксперт ечимига қўйилган масалалар лабораторияда махсус ускуналар ёки ишлаб чиқилган дастурлар ёрдамида аниқланадиган кўрсаткичлар билан ечилмайди. Балки, эксперт томонидан иш ҳолатлари, тадқиқот объектлари ва эксперт ечимига қўйилган масалани тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар талабларини ўрганган ҳолда, ишнинг хос ҳусусиятларини инобатга олиб ўтказилган тадқиқотдан сўнг эксперт томонидан унинг ички ишончи ва экспертлик фаолиятининг асосий принципларига таянган ҳолда берилган иқтисодий баҳо натижаси сифатида шакллантирилади. Бу эса эксперт томонидан ўтказиладиган ҳар бир иқтисодий экспертиза илмий ва услубий жиҳатдан алоҳида тадқиқот сифатида процессуал жиҳатдан нодир далилий манбаа ўлароқ одил судловни таъминлашда унинг ўзига хос аҳамиятини белгилайди.
Иқтисодий соҳадаги салбий оқибатлар одатда фойда олиш мақсадида ҳаракат қилган шахснинг содир этилаётган ҳаракат билан боғлиқ иқтисодий соҳани тартибга солувчи қонунчилик нормаларини билмаслиги, битим шартларини етарли тушунмаслиги, томонларнинг ҳуқуқ-мажбуриятларини ўрганмаганлиги, содир этилаётган операциянинг оқибатлари тўғрисида тўлиқ маълумот ҳосил қилмаган ҳолда ҳаракат қилиши оқибатида юзага келиши мумкин.
Иқтисодий экспертиза кенг қамровли ва тўлиқ ўтказилиши учун эксперт иқтисодий кўрсаткичларни ўзида акс эттирувчи тадқиқот объектлари – манбаалар билан етарли даражада таъминланиши муҳим. Одатда, иқтисодий фаолиятни амалга оширувчи шахслар ҳар бир содир этилган операцияни лозим даражада белгиланган тартибда ҳужжатлаштиришни амалга оширмайдилар. Қўпол қилиб айтганда, иқтисодий битим тарафлари ўзлари билган ва муҳим санамаган ҳолатлар бўйича ҳужжатлар расмийлаштиришни лозим топмайдилар ёки “бўлаверади” қабилида “ишни битирадилар”. Лекин, келажакда, томонлар ўртасида низо юзага келган вазиятларда, иш ҳолатларини акс эттирувчи ёки томонлар позициясини тасдиқловчи манбаалар мавжуд эмаслиги экспертнинг низо предметини ойдинлаштиришга қаратилган тадқиқотлар ўтказиш имкониятларини чеклайди.
Экспертиза соҳасида муаммоли ҳолатлардан яна бири – текширув органлари томонидан хўжалик субъектининг молиявий фаолияти юзасидан ўтказилган текширувлар натижасида иқтисодий камчиликлар аниқланиши ҳамда уларга нисбатан қўшимча солиқлар, молиявий жарималар ва зарарлар суммаси ҳисобланишида аниқланган камчиликларнинг қонун ҳужжатларининг тегишли нормасига ҳавола этилган ҳолдаги муфассал тавсифи, ҳужжатлардаги качиликларнинг батафсил баёни келтирилмаслиги ва ўтказилган текширув давомида аниқланган қонунчиликнинг бузилишлари фактларини тасдиқловчи ҳужжатлар эксперт тадқиқоти учун тақдим этилмаслиги билан боғлиқ. Иш тафсилотларини ўзида акс эттирган ахборотлар эксперт илтимосномасига асосан экспертиза тайинлаган орган (шахс) томонидан тақдим этилмаслиги, эксперт ечимига қўйилган масала юзасидан қатъий хулоса бериш даражасини камайтириши ёки умуман тадқиқот ўтказиш имконини бермаслигига олиб келиши мумкин.
Эксперт-иқтисодчининг махсус билимларидан фойдаланиш учун суд-иқтисодий экспертиза тайинлаган орган (шахс) томонидан экспертиза ўтказиш учун материаллар масъулият билан пухта ва тўлақонли тайёрланиши лозим. Бунинг учун Республика суд экспертиза марказида экспертизага материал тайёрланиши ва эксперт ечадиган масалалар доирасини белгилаш мақсадида услубий ёрдам кўрсатиш кенг йўлга қўйилган.
Яъна бир муҳим муаммо шундан иборатки, эксперт ечимига қўйилган масала доирасида ўтказилаётган тадқиқот жараёнида масаланинг ечими нафақат иқтисодий билимлар, балки дастлаб, ҳуқуқий масалаларни ҳал этилиши билан ёки иқтисодий соҳадан бошқа бўлган соҳадаги мутахассисларнинг махсус билимлари қўлланилишини тақозо этувчи саволларни ҳал этилишига боғлиқ бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда комплекс тадқиқотлар ўтказилиши мақсадга мувофиқ бўлиши ёки иқтисодий масалаларни ечими бошқа соҳа билан боғлиқ саволларнинг ойдинлаштирилишидан келиб чиқиши сабабли, олиб борилган тадқиқотлар натижасида иқтисодий кўрсаткичлар тўғрисида сўз юритилиши барвақтлиги тўғрисида хулоса берилиши мумкин.
Шунингдек, эксперт-иқтисодчилар томонидан тадқиқотлар ўтказилишида қабул қилинган умумий тадқиқот услубларига оид бўлмаган ҳақиқатдаги текширув, тафтиш, ҳисобни тиклаш, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш ва бошқа экспертлик соҳасига мувофиқ келмайдиган ҳаракатлар амалга оширилишини талаб этувчи масалалар юзасидан белгиланган тартибда хулоса беришнинг имкони йўқлиги тўғрисида маълумотнома тузилади.
Қувонарлиси шундаки, кейинги йилларда суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш борасида талайгина ҳукумат қарорлари қабул қилинган бўлиб, қонунчилик билан суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари қатъий белгиланган. Белгиланган чора-тадбирларнинг ижроси халқаро нормалар ва стандартлар талабларини ҳисобга олган ҳолда судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг малакали суд-экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини қондириш, суд-экспертлик фаолиятини тизимли равишда такомиллаштириб бориш, барқарор ва илмий талабга жавоб берадиган суд экспертизаси тизимини шакллантириш, суд жараёнларида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда суд экспертларининг холислиги ва мустақиллигини таъминлаш имконини яратади.
Давлат суд эксперти С.К.Халмухамедова