Суд-психологик экспертизасини ўтказишда дифференциал диагностика

Суд-психологик экспертизани ўтказишдаги асосий қийинчиликлар ҳам юридик аҳамиятга эга бўлган даврдаги инсон ҳолатини, ҳам унинг олдинги (преморбит) фазилатларини психологик диагностика қилишда юзага келади. Мазкур масалани ҳал қилиш қуйидагилар билан боғлиқ:

– биринчидан, жиноий жавобгарликка тортилиш сабабли ёки фуқаролик иши билан боғлиқ экспертизадан ўтаётган одам психик фаолиятига турли реактив (таъсирланиш натижасидаги) қатламланишлар;

– иккинчидан, суд-психиатрик экспертиза амалиётида, психологик параметрлар ҳисобга олинган ҳолда, аралаш ёки сийқаланган психологик патологияларнинг устунлик қилиши.

Таъкидланган параметрлар фақат патопсихологик билимлар ҳисобига аниқланади. Экспертиза ўтказаётган психологларга (иккинчи бобда таъкидланганидек) қўйиладиган малакавий талабларга кўра, уларда патопсихология соҳасида билимлар ва амалий тажриба бўлиши шарт.

Патопсихологик симптомокомплекс бу – муайян психологик механизмлар ётган, у ёки бу клиник нозологияларга хос билиш жараёнлари ва хулқ-атвор хусусиятларнинг бузилишлари ва ўзига хос хусусиятлари мужмуи.

Патопсихологик симптомокомплекслар, психик аномалиялар ва уларнинг криминоген аҳамиятига тавсиф.

Патопсихологик синдромларни умумлаштириш биринчи бўлиб И.А.Кудрявцев (1982) томонидан амалга оширилган. Суд психиатрик экспертизалари давомида патопсихологик методикалар ёрдамида аниқланган психик фаолиятнинг бузилиш хусусиятлари (тафаккур, интеллект, хотира, диққат, ирода, эмоционал ва мотивацион жабҳалар) йиғиндисидан келиб чиқиб, муаллиф қуйидаги патопсихологик симптомокомплексларни татбиқ этган:

► шизофрения симптомокомплекси;

► психопатия симптомокомплекси;

► органик симптомокомплекси;

► олигофрения симптомокомплекси;

► психик фаолиятнинг психоген дезорганизацияси (бузилиши).

Таъкидланган патопсихологик синдромлар турли кўринишларни ўз ичига олган ҳолда, шахснинг бирон бир жабҳаси билан эмас, балки унинг умумий психик фаолиятининг ва шахс хусусиятининг бузилиши билан боғлиқ. Уларни ҳар бирига алоҳида тавсиф бериш мақсадга мувофиқдир.

Демак, шизофрения симптомокомплекси шахсий-мотивацион бузилишлар билан боғлиқ, уларга:

– мақсад иерархиясининг ва структурасининг ўзгариши;

– билиш фаолиятининг бузилиши;

– тафаккурнинг операционал томонларининг сақланганлиги билан бирга, унинг мақсадийлик ва маънавийлигининг (вайсақилаш, бир фикрдан иккинчисига ўтиб кетиш, фикрларнинг тарқоқлиги) бузилиши;

– эмоционал бузилишлар (соддалик, эмоционал кўринишларни алоқадарлигининг бузилиши, белгили парадоксаллик);

– ўз-ўзини баҳолаш ва ўз-ўзини англашнинг ўзгарганлиги (аутизм, сенситивлик, бегоналашиш ва рефлексиянинг юқорилиги).

Психик аномалия билан боғлиқ бўлган жиноятчилар ўртасида шизофрения касаллиги кам учрайди. Бундай касаллар умуман олганда жамият учун ўта хавфли хатти-ҳаракатлар содир этган вақтида ўз ҳаракатлари аҳамиятини англай олмаган, ҳаракатларини бошқара олмаган, деб ҳисобланадилар. Лекин шундай ҳолатлар ҳам бўладики, улар жиноятни касалликнинг ремиссия даврида (касалликнинг вақтинча сустлашиши ёки йўқолиши) ҳам содир этишлари мумкин.

Шизофрения – узлуксиз (прогредиент) психик касаллик ҳисобланиб (хуружлар ремиссиялар билан алмашиб туради, аммо касаллик тўхтовсиз ривожланади), унда сўзсиз равишда тез ёки секин ривожланадиган шахснинг ўзига хос типдаги ўзгаришлари киради (психик жараёнлар бирлигининг йўқолиши). Касалликнинг ривожланиши, айниқса, унинг яққол формаси шахснинг хулқ-атвор белгиларининг кескин оғишига, психик фаолликнинг пасайишига ва олдинги ижтимоий боғлиқликнинг бузилишига ёки йўқолишига олиб келади. Бунинг оқибатида касалларда ижтимоий дезадаптация пайдо бўлади.

О.К.Тихомиров (1969) шизофренияга хос тафаккурни кузатар экан, унинг тузилиши учта таркибий қисмни ўз ичига олади, деб таъкидлайди.

Биринчи таркибий қисм – мотивацион соҳадаги бузилиш. Бу эса ўз-ўзидан шахсий маънонинг бузилишига олиб келади. Шахсий маъно эса норматив ҳолларда инсон онгида қизиқишни пайдо қилиб, ҳодисаларга ўзига хос аҳамиятликни вужудга келтиради, ушбу ҳодисаларнинг моҳияти ва аҳамиятини инсон идрокида ўзгартиради (А. Н. Леонтьев, 1975).

Шизофрения касаллиги билан оғриган беморларда предмет ва ҳодисаларнинг шахсий маъноси умумқоидалар билан қабул қилинган ва инсонлар билим доирасида шартланган реал ҳолатларга мос келмайди. Шунингдек, шизофрения касаллигидаги шахсий маънонинг бузилишида стандарт ва ностандарт информатив белгиларнинг тенглашиши тафаккур бузилишидаги психологик механизмнинг иккинчи таркибий қисми ҳисобланади.

Булар, ўз навбатида, учинчи таркибий қисмни, яьни танланган (селектив) информацияларни бузилишига олиб келади. Ушбу уч таркибли тузилма шизофрения тафаккурининг яққол кўринишидир.

Шизофрениянинг учта белгиси мавжуд:

► аутизм;

► руҳиятнинг ажралиши;

► ҳиссий тўнглик.

Аутизм – бу ўхшаш кўринишни ҳосил қилувчи, турли шаклларда намоён бўладиган реал борлиқдан кетиш. Улар касаллик бошланишиданоқ ёлғизликка интиладилар, атрофдагилардан ажралиб, муомилага киришишлари қийин, одамлар билан тўқнаш келганларида кўзни олиб қочадилар, сўрашганда қўл чўзмайдилар. Баъзи ҳолларда ниқоб остида юришни афзал кўрадилар, яъни: катта кўзайнак тақишни, бошига шляпа кийишни, узун соч, соқол ўстиришни. Агар касаллик оғир даражага етган бўлса уларнинг фикрлаши ўзи билан ўзи бўлиб қолади, ўз хаёллари билан яшайдилар, уйдан чиқмасликка ҳаракат қиладилар ёки аксинча уйдан чиқиб тоғларга, ўрмонларга кетиб қолишлари мумкин.

Руҳиятни ажралишида (ажралиш – қадим юнон тилида «скизис», сўзидан олинган. Шу сўздан шизофрения атамаси келиб чиққан) бемор икки дунёда яшайди. Ажралиш кўпинча амбивалентлик (сезгининг иккиланиши) ва амбитендентлик (характернинг иккиланиши) белгилари кўринишида намоён бўлади. Баъзи ҳолларда эса улар ўзларини икки шахсга ажратишлари мумкин, яъни бир вақтда ҳам ўзи, ҳам бошқа одам, деб ҳис қилади.

Ҳиссий тўнглик – бу беморларнинг аста-секин одамийлик туйғусини ва қизиқишларини йўқотиб бориши, оила аъзолари ёки яқинлари билан совуқ муомалада бўлиши, ироданинг сўнишидир.

Шизофрениянинг қуйидаги турлари мавжуд:

  • оддий;
  • гебефреник (юнонча “гебефрения” – “ўсмирлик руҳияти”);
  • катотоник;
  • параноид (ёки галлюцинатор параноид);
  • циркуляр [1].

Жиноятчилар орасида тарқалган иккинчи психик аномалия бу психопатиядир. Чехия олимларининг тадқиқотларига кўра, тажаввузкорлик, молиявий ва номусга тегиш жиноятларини кўп ҳолларда психопатик шахслар томонидан содир этилган. Бошқа тадқиқотчилар фикрига кўра, рецидивистлар орасида 40дан 90% орасида психопатлар ташкил этади.

Психопатия касаллигини ўрганишда машҳур россиялик олим психиатр П.Б. Ганнушкин катта ҳисса қўшган. Унинг фикрига кўра, психопатия – бу характернинг аномаллиги ҳисобланиб, индиви-думнинг қалбида ўзининг ҳукмронлик изини тўлдириб, унинг бутун психик кўринишини белгилаб беради.

Психопатияда патологик тоифали шахс икки омил таъсирида пайдо бўлади. Булар туғма ёки орттирилган нерв системасининг биологик нобоплиги ва атроф-муҳитнинг таъсиридир.

Баъзи бир характерологик кўринишлар аниқланганда касалликка диагноз қўйиш етарли эмас. 21–25 ёшларгача аслида психопатия диагнози қўйилмайди, чунки ўсмирлик ва ўспиринлик даврларида шахснинг интенсив ривожланиши ҳисобланади. Шахснинг артоф-муҳитга адаптациясининг бузилиши ва психопатик хислатларнинг ялпи кўриниши ва орқага қайтмаслиги психопатияни диагностика қилишга асос бўлади.

Психопатияни асоциал хулқ-атвордан ажратиш лозим. Психопатия психиатрик нозологиянинг чегарасидан чиқмайди. Жуда кўп ҳолларда йиллар давомида ижтимоий таъсирларнинг оқибатида психик соғлом жиноятчилар орасида «психопатик» хулқ-атвор белгиларига хос бўлганлар, яъни «псевдопсихопатик» таъсирланувчилар ҳам учрайди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда психопатик симптомо-комплексга хос бўлган хусусиятларни кўриб чиқамиз.

Унга қуйидагилар киради:

  • патохарактерологик бузилишлар (характернинг патологик варианти);
  • эмоционал-иродавий бузилиш;
  • мотив иерархиясининг ва тузилмасининг бузилиши;
  • ўз-ўзини баҳолаш ва талабгорлик даражасининг ноадекватлиги;

Тафаккурнинг «маълум даражадаги аффектив ақли заифлиги» кўринишидаги бузилиш;

Прогноз қилиш ва олдинги тажрибага суяниш хусусиятининг бузилиши.

Психопатларни «ядерный» тури мавжуд бўлиб, унинг келиб чиқишида биологик, конституционал омиллар, маргиналлик ётади. Буларнинг ҳаммаси атроф-муҳитнинг таъсири, биринчи навбатда эса оиладаги тарбия, болаликдаги коллектив, шахслараро муносабатлар, яъни ижтимоий омиллар билан чамбарчас боғлиқ.

Психопатияда шахснинг хусусияти турғун (мустаҳкам) ва тотал (умумий) характерга эга бўлиб, инсонда ижтимоий адаптациясининг бузилишига олиб келади (ички ёки ташқи конфликт). Шу билан бирга, уларда интеллектуал-мнестик жараёнлар изтироб чекмайди ва узлуксизлик (прогредиентлик) бўлмайди. Психопатиянинг динамикаси декомпенсация ва компенсация кўринишида бўлади. А.Е. Личко психопатия даражаларини вояга етмаганлар орасида қуйидагича кўринишда ажратган:

1) оғир психопатия. Унда узоқ давом этмайдиган ва тўлиқ бўлмаган компенсация кузатилади. Компенсатор механизмлари ё суст кўринишда ёки вақтинчали бўлиб, оқибатида гиперкомпенсацияга етиб борадики, улар психопатик кўринишда намоён бўлади. Декомпенсация кўзга кўринмаган ёки аҳамиятсиз сабаблар оқибатида келиб чиқиши мумкин.

2) яққол кўринган психопатия. Компенсация қисқа муддатли бўлади. Арзимаган сабаблар уларда декомпенсацияни келтириб чиқариши мумкин. Лекин оғир хулқ-атвор бузилишлари ва мураккаб, узоқ давом этувчи декомпенсация, одатда, психик травманинг асоратидан келиб чиқади. Ижтимоий мослашув эса тўлиқ ва мукаммал бўлмайди.

3) ўртача психопатия. Компенсацияни узоқ вақт давомида ушлаб туриш учун компенсатор механизмлар етарли ҳисобланади. Бузилишлар, одатда, ситуатив ҳисобланиб, уларнинг давом этиши ва ўткирлиги психик травманинг оғирлиги билан боғлиқ. Декомпенсация хулқ-атворнинг бузилиши ва психик хислатларнинг кескинлигида намоён бўлади. Ижтимоий мослашув ўзгарувчан, пасайган ёки чегараланган. Ўзгарувчан адаптацияда бузилиш осон кечади; унинг пастлигида шахснинг қобилиятига нисбатан ўрганиш (ўқиш) ёки ишлаш жараёнлари қийин кечади; чегараланганликда эса – қизиқишлар доираси кескин равишда ўзгаради ёки продуктивлик бор қандайдир тор жараёнлар намоён бўлади.

Шундай қилиб, нормал характерда из қолдирган нотўғри тарбия, педагогик қолоқлик ёки узоқ давом этган ғайриижтимоий ҳаёт тарзи психопатиядан кескин фарқланади. Чунки психопатиянинг асосида нерв фаолиятининг нобоплиги ётади.

Шахснинг патологик хусусиятлари уларни адаптацион имкониятларини торайтиради ва унинг натижаси, ўз навбатида, криминоген аҳамиятни келтириб чиқаради. Психопатиянинг оғирлик даражаси жиноий хулқ-атворнинг келиб чиқишини ва унинг механизмини белгилаб беради.

Россиялик психиатр олим П.Б. Ганнушкин психопатларнинг 3 асосий белгисини ажратган:

– шахс хусусиятларининг яққол патологик кўриниши, адапта-циянинг бузилиши;

– инсоннинг бутун психик қиёфасини белгилайдиган психопатик хусусиятлар (мотивацион-эмоционал соҳада, тафаккурда ва б.);

– уларнинг барқарорлиги ва орқага қайтарилишининг камлиги.

Замонавий психитарияда психопатия туғма ёки орттирилган шахс патологияси тушунилади. У, ўз навбатида, шахснинг эмоционал ва иродавий жабҳаларининг беқарорлигида (дисгормония) намоён бўлади. Шунинг учун ҳам зиддиятли вазиятларни осон келиб чиқишини таъминлайди.

Психопатия шакллари. Ю.М. Антонян ва В.В. Гульдан томонидан олинган маълумотларга кўра, текширилувчи жиноятчилар орасида энг кўпини «қўзғалувчан» психопатлар ташкил этган (45,6%). Уларга кайфиятнинг ўзгарувчанлиги, бирданига жаҳлнинг чиқиб кетиши, ғазаб, вербал (ҳақорат) ва хатти-ҳаракатлар агрессияси, бирдан тутақиб кетиш ва бошқалар хосдир. Аффектив реакциялар уларда арзимаган сабаблар билан ҳам пайдо бўлади. Кўпчиликларида тез хафа бўлиб қолиш, шафқатсизлик, ғам-ғуссаларни йиғиб юришга мойиллик, кек сақлаш (эпилептоид вариантда) хусусиятлари мавжуд. Қўзғалувчан психопатларнинг ташқи муҳитга нисбатан энг асосий реакцияси – бу портловчи-шафқатсизлик реакциясидир[2].

В.В. Гульдан уларда ўз-ўзига баҳо беришни ёки талаб қўйиш даражасининг ноадекватлигини, қаршиликка чидамсизлигини, ҳукмронликка мойиллик, қайсарлик, ўз-ўзини қўзғатишга мойиллик ва аффектив зўриқишни бўшатиш учун жамоат тартибини бузиш ва зўравонлик ҳаракатларини амалга оширишлари мумкин бўлган хислатларни аниқлаган.

Бу типдагиларда аффектив ҳиссиётларнинг йиғиндиси ташқи кўринишга эга бўлмайди, уларнинг пайдо бўлиши бирданига агрессив ёки аутоагрессив ҳаракатлар билан ифодаланади. Бўронли портлашлар изсиз кечмайди, уларда узоқ вақт давом этадиган кайфиятнинг бузилиши пайдо бўлиб, арзимаган баҳоналар уларда қайта реакциянинг пайдо бўлишига олиб келади.

Психопатиянинг кейинги тури – бу истерик психопатлардир. Улар эгоцентризм, намойишкороналик, атрофдагиларнинг эътибор марказида бўлиш, ёлғончилик, фантазия қилиш ва ташқи муҳит таъсирига берилувчанлик каби хислатлари билан ажралиб тура-дилар. Агар улар бошқаларнинг эътирофига ва ҳайратига эриша олмасалар, ёлғон гапларни тўқишга ва мақтанишга ҳаракат қиладилар (Мюнхгаузен синдроми). Бир хилларида бундай инсонлар ҳурмат-эътиборга эришиш учун жамоада (коллективда) иғволарни, фитналарни уюштириб, макрни ишга соладилар. Истериклар хулқида ҳиссиёт (эмоция) муҳим роль ўйнайди. Эмоцияларнинг ташқи кўриниши кучли, шу билан бирга, ўткинчи ва юзаки бўлади. Уларнинг бир нарсадан завқланиши ёки хафа бўлиши намойишкорона шаклда ифодаланади. Уларнинг истерик реакциялари арзимаган сабабларга кўра пайдо бўлади ва қайталанишга тайёр туради. Лекин қўзғалувчан психопатлардан фарқли ўлароқ уларнинг аффектив ҳаракатлари ғазаб фонида эмас, балки намойишкороналик ҳисси билан тўлган бўлади. Шунинг учун ҳам улар жамоа тартибини бузадилар, ҳаракатларида артистизм хислатлари бўлади, атрофдаги нарсаларни бузиш истаги билан таҳдид қилишади, ўз жонига қасд қилишга уринадилар, овқатдан воз кечадилар ва ҳ.к. Уларнинг мақсадлари ўзларига ҳамманинг эътиборини қаратиш ва ишонтиришдир.

Ю.М. Антонян ва В.В. Гульданларнинг тадқиқотига кўра, 58% жиноий ҳаракатларни истерик психопатлар содир этган, уларнинг жиноятлари давлатга қарши ва фуқароларнинг шахсий мулкига эга бўлишга қаратилган (уларнинг ичида энг кўпи фирибгарларни ташкил этган).

Кейинги психопатиянинг тури – бу тормозланувчилардир. Улар икки кичик гуруҳларга бўлинади:

► Астениклар;

► Психоастениклар.

Бундай одамларга биринчи навбатда хавотирлик кўринишидаги бузилишлари хосдир. Уларнинг ҳолатларида доимий равишда безовталик, хафли туйғулар ҳисси, қўрқишга мойиллик ҳукмронлик қилади.

Астеникларда ўзларини баҳолаш пасайган, таъсиротларни юқори даражада қабул қилиш, атрофдагиларнинг қўпол ҳаракатларидан азият чекиш, янги шароитга қийин мослашиш, ўз шароитини ўзгартиришни истамаслик, тез чарчаш, ўз-ўзини койиш, ўз-ўзини айблаш, кўпчиликни олдига чиқиш қийинлиги ҳолатларига хос белгилар мавжуд. Астеник симпоматика фонида ёлғизликка интилиши уларни психологик ҳимояланиш механизмидан далолат беради.

Психастеник психопатлар астениклар билан кўп томондан ўхшаш бўлиб, улардан фарқли ўлароқ ўзига ишончнинг пастлиги, уятчанлик, тортинчоқлик, камгаплик, иккиланиш, қарор қабул қилишнинг қийинлиги, ҳаракатларини ва қилган ишларини кўп таҳлил ва мушоҳада қилиш каби хислатлари билан ажралиб турадилар. Улар ўзларининг соғлиқлари ҳақида иккиланадилар, арзимаган сезгиларга, ҳаво етишмаслигига, чарчоқларга катта эътибор билан қарайдилар.

Жиноятчилар ичида тарқалган психик аномалиянинг учинчи кўриниши – бош миянинг органик шикастланиши, айниқса бош миянинг травматик жароҳати ҳисобланади. Бундай ҳолатларда бош мия жароҳатининг асоратлари биринчи навбатда травматик астения белгилари билан кузатилади. Уларга, сержаҳллик ва тез ҳолдан тойиш, чарчаш, иккиланиш ва хавотирликни осон пайдо бўлиши, кўнгил бўшликлар киради. Шу билан бирга, бош оғриғи, бош айланиши, паришонхотирлик, унутувчанлик, диққатни жалб қилишнинг қийинлиги пайдо бўлади.

Болалик ва ўспиринлик даврларида олинган бош мия жароҳатлари оқибатидаги бузилишлар тез ривожланиб, турғунлиги билан ажралиб туради. Унда кайфиятнинг тез ўзгарувчанлиги ва истерик реакциялар пайдо бўлади. Кайфиятнинг паст пайтларида баджаҳллик, кўтаринки пайтида эса телбанамо ҳаракатлар хосдир. Айниқса, аномалияга алкоголизмнинг аралашиши уни оғирлаштиради. Бош мия жароҳати ва алкоголизмнинг бирлиги психопатологик бузилишларга олиб келиб, ҳуқуқбузарликни келиб чиқишига эхтимолни оширади. Шунинг учун ҳам криминологик мақсадда касалликни ўз вақтида олдини олиш муҳим аҳамият касб этади.

Баъзи бир тадқиқотчиларнинг илмий натижаларига кўра, етарли даражада адаптацияси бўлмаган ўсмирларнинг ¾, вояга етмаганларнинг 1/3, қисмида ва ёш жиноятчиларда миянинг органик шикастланишининг (энцефалопатия) белгилари мавжуд.

Шундай қилиб, органик симтомокомплекснинг ўзига хос хусусиятларини кўриб чиқамиз. Бунда:

  • интеллектнинг умумий пасайиши;
  • олдинги маълумотларни ва билимларни бузилиши;
  • мнестик бузилишлар (оператив ва узоқ муддатли хотира);
  • ақлий фаолиятнинг ва диққатнинг бузилиши;
  • тафаккурнинг мақсадийлиги ва операционал тарафининг бузилиши;
  • эмоционал ҳолатидаги аффектив нотурғунлик ўзгаришлар;
  • ўз-ўзини бошқариш ва танқидий қобилиятнинг бузилиши.

В.М. Блейхер ва И.В. Круклар (1986) органик касалларни экзоген-органик ва эндоген-органик синдромларига ажратишган. Клиник шароитларда экзоген-органик синдромларига церебрал атеросклерози, бош мия жароҳати натижаси, токсикомания ва бошқалар киради, деб таъкидлашган. Эндоген-органик синдромини ҳақиқий эпилепсия ва бош мия процессидаги бирламчи атрофия (энцефалопатия) билан боғлашган. Криминоген аҳамиятга эга бўлган олигофреник симтомокомплексга қуйидагилар хосдир:

  • тушунчаларни шакллантириш ва таълим олишга қобилият-сизлик;
  • интеллектнинг етишмаслиги;
  • умумий маълумотлар ва билимларни етишмаслиги;
  • тафаккурнинг соддалиги ва конкретлиги;
  • абстракцияга қобилиятсизлик;
  • юқори даражада таъсирга берилувчанлик, эмоционал бузилишлар.

Олигофрения – бу туғма ёки эрта орттирилган (биринчи уч йил) ақли заифлик ҳисобланади. Унда интеллектга доир психик етилмаганлик, бош мия фаолиятининг бошланғич ривожланиш даврларидаги бузилишлар (она қорнидалиги биринчи ойлар) ёки ирсий мия фаолиятининг тўлиқ эмасликлари киради. Олигофрениянинг тарқалиши ҳам тиббиёт соҳасининг ҳамда криминологиянинг муаммоси ҳисобланади [3].

Психик фаолиятнинг психоген дезорганизацияси реактив ҳолатларда кузатилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади, хусусан:

  • динамик, аффектив соҳадаги бузилишларга олиб келадиган ҳолат;
  • идрокнинг бузилиши;
  • тафаккур ва хотиранинг бузилиши;
  • мотивациянинг бузилиши.

Реактив ҳолатлар жиноят содир қилган шахслар орасида тез-тез учраб туради. Бу ҳолат орқага қайтувчи ва вақтинчалик психик фаолиятнинг бузилиши, кучли руҳий шикастланишга таъсир жавоб реакцияси ҳисобланади. Реактив ҳолатнинг чуқурлиги психоген (микросоциал зиддият, турли куч ва давомийликдаги руҳий шикастланиш) омиллар сабабли пайдо бўлган психологик реакциядан тортиб (унинг асосида эмоциянинг физиологик механизми ётади) то оғир реактив психоз (унинг асосини олий нерв фаолиятининг чуқур патофизиологик бузилишлари ташкил этади) ҳолатигача бўлиши мумкин. Шундай қилиб, ушбу ҳолатга қуйидагилар хосдир:

  • руҳий шикастланиш билан боғлиқлик;
  • оғир изтиробларда кўринадиган психик травма;
  • психик травмани бартараф этиш билан ҳолатни тўхташи.

В.М. Блейхер ва И.В. Круклар (1986) психоген синдромларни психоген-психотик (клиникада – реактив психоз) ва психоген-невротик (клиникада – невроз ва невротик реакция) реакцияларига ажратишган [4]. Ҳозирги кунда реактив ҳолатларнинг қуйидаги формалари ажратилган:

  • Аффектив, шок билан боғлиқ бўлган психоген реакция. Бу ҳолат инсон ҳаётига реал хавф солинганда, оммавий фалокатли вазиятларда учрайди. Бунда инсон ёки маъносиз, тартибсиз хатти-ҳаракатларни амалга оширади, ёки умуман ҳаракатсиз бўлиб қолади;
  • Депрессив психоген реакция ёки реактив депрессия. Ҳаётий омадсизлик ёки йўқотиш ҳиссининг оқибатида кучли ва узоқ давом этган изтироблар натижасида пайдо бўладиган ҳолат;
  • Реактив (психоген) васваса психози, истерик реакциялар ва психозлар. Охирги икки кўриниши (васваса ва истерик ҳолатлар) кўпинча суд-психиатрик ва пенитенциар амалиётида учрайди. Реактив ҳолатларни жазони ўташ вақтларида, айниқса адаптацион пайтларида кузатиш мумкин. Шунинг учун реактив ҳолатларни ўрганиш криминология ва жиноий ҳуқуқ соҳаларида ҳам алоҳида ўрин тутади.

Реактив психозлар – оғир руҳий жароҳатлар оқибатида пайдо бўлиб, психотик даражадаги бузилишлар, яъни руҳий бузилишларда намоён бўлади. Руҳий жароҳат деганимизда, ёнғин, ер қимиллаши, яқин одамини оламдан ўтиши, сексуал можаролар, хизмат жойларидаги турли жанжаллар ёки узоқ давом этган руҳий жароҳат ҳолатларини ҳам инобатга олиш лозим. Бундай ҳолатларда инсонларда суицидал хулқ-атвор кўринишлари пайдо бўлишини ҳам инкор этиб бўлмайди. Реактив психознинг пайдо бўлишида икки омилни инобатга олиш лозим, бу эса руҳий жароҳатнинг кучи ва ўзига хослигидир (бошидан кечирган касалликлар, ёши, ақлий ривожи ва б.).

Неврозлар – функционал-қайтиш хусусиятига эга бўлиб, руҳиятни шикастловчи омилларга нисбатан шахснинг реакциясидир. Унинг пайдо бўлиши кучли ёки сурункали руҳий жароҳат, эмоционал зўриқиш, узоқ вақт давомида чарчаш, уйқусизлик оқибатида бўлиши мумкин. Унда психик бузилишлар психотик даражага етиб бормайди, яъни ўрганиш-инъикос фаолиятининг бузилишига олиб келмайди. Беморлар ўз ҳолатларига тўғри ва танқидий қарай оладилар, ўзларини бошқара оладилар. Шу билан бирга, невротик руҳий бузилишлар ўзига хос динамикага эга: невротик реакциялар, невротик ҳолатлар, узоқ чўзилган невротик ҳолатлар натижасида шахснинг патологик невротик шаклланишидир.

Неврозлар – энг кўп тарқалган касаллик ҳисобланади. Ривожланган капиталистик мамлакатларда неврозлар тахминан 5–15%ни ташкил этади. Невроз ҳолатининг кечишида нафақат руҳий, балки соматовегетатив бузилишлар рўй беради (беморлар бош оғриғи, ички органларда турли нохуш сезгиларни ҳис қилиш).

Неврозни жуда кўп учрайдиган тури – неврастения. Унинг ўзига хос белгилари қуйидагича:

– тез чарчаб қолиш (айниқса, куннинг охирида);

– сержаҳллик, психик гиперестезия (қаттиқ товушларни ва ёрқин нурларни кўтара олмаслик), иштаҳанинг бузилиги, уйқунинг турли бузилишлари (юзакилиги, безовталик, қўрқинчли тушлар кўриш), “неврастеник қўлқопи” кўринишидаги бош оғриши, эркакларда потенциянинг сусайиши, умумий дармонсизланиш, самото-вегетатив бузилишлар (тахикардия, тез терлаш ва б.).

Хулоса қилиб шуни айтиш лозимки, патопсихологик синдромларни аниқлашда шахснинг функционал психологик механизмлари муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам криминологик нуқтаи назарда тизимли шаклланувчи омил сифатида шахс етакчи ўринни эгаллайди. Психопатик шахслар хулқ-атворининг мотивациясини ўрганиш шуни кўрсатадики, психопатик ўз-ўзини англаш мотивини амалга оширишда ижтимоий ҳолатлар билан боғлиқлик, яъни ҳам ғайриижтимоий, ҳамда ижтимоий жиҳатдан мақбул шаклда бўлиши мумкин. Истерик психопатлар машҳур фирибгарлар ёки иҳтидорли актёрлар бўлиши мумкин. Жиноятчилик ҳаракатларининг қонуниятларини руҳий бузилишлари бор шахсларда ижтимоий жиҳатдан мақбул ёки ғайриижтимоий хулқ-атвор белгиларини комплекс тарзда ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

 

 

Ҳ.Т. Маҳмудова, психология фанлари номзоди, доцент

Суд – фонография лабораторияси эксперт

[1] Хўжаева Н.И., Шоюсупова А.У. Психиатрия. – Т., 2008. – С. 360.

[2] Антонян Ю.М., Гульдан В.В. Криминальная патопсихология. – М., 1991. – С. 248.

[3] Балабанова Л.М. Судебная патопсихология (вопросы определения нормы и отклонений). — Д., 1998. – 432 с.

[4] Блейхер В.М., Крук И.В. Патопсихологическая диагностика. – Киев, 1986.

Skip to content