“15 май – Халқаро оила куни”

Оила – бу нафақат жамият бирлиги, балки ўз ички тартиб-қоидаларига эга бўлган, инсоннинг ҳаётида энг муҳим ҳолат саналмиш кичик “давлат”дир. Инсон тақдирида, умуман унинг фаолиятида “оиланинг” аҳамияти беқиёс, чунки оила орқали шахс шаклланиб, маълум тарбия, таълимга, жамиятдаги маълум риоя қилиниши талаб этиладиган тартибларга, маънавий ва мафкуравий тамойилларга эга бўлиб  улғаяди. Авваламбор оила ота-оналар тушунчаси билан узвий боғлиқ. Айнан ота-оналар, яъни катта ёшдаги инсонлар ҳар бир болага, вояга етаётган шахсга тарбия, қадриятларни эъзозлаш, орқали жамият ривожига ўз хиссасини қўшиши мумкин бўлган имконият ва заминни яратиб беради.

Ушбу мўъжазгина ижтимоий тузилма бир қатор ноёб хусусиятларга эгадир:

  • ушбу жамоага қўшилиш бутунлай ихтиёрий ва бепул;
  • оила аъзолари ўртасида оилавий бюджет тақсимоти, биргаликдаги турмуш ва маиший бошқарув, ҳар қандай мол-мулк ёки моддий қийматликларни сотиб олиниши мумкин;
  • фарзандлар;
  • қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар.

Мазкур ижтимоий гуруҳ аъзолари маънан, психологик ва ахлоқий бирлик мажмуасидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “Оила” учун алоҳида XIV боб ажратилган. Унга кўра, оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги, ота-оналар ўз фарздандларини вояга етгунга қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурликлари, энг асосийси давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантириши ва шу каби ҳуқуқ-мажбуриятларни таъкидловчи моддалар билан белгиланган. Бундан ташқари 1998 йилдан кучга киритилган Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексидаги асосий вазифалари ҳам оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари оилани мустаҳкамлашдан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан, бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўймасликдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.

Маълумки бир неча йилдан буён республикамизда 15 май – халқаро оила куни сифатида нишонланиб келмоқда. Оила жамиятимизнинг бошланғич бўғини, элимизнинг гўзал урф-одатлари ва  қадриятларини ўзида акс эттирувчи муқаддас мўъжаз маскан. Эзгуликлар оиладан бошланади, ундан маҳаллага кўчади, жамиятга кириб боради.

Оила жамиятнинг негизи, бунда ўзаро ҳурмат ва қаттиқ тартиб бўлмаса, оиланинг барча аъзолари ўз бурчларини адо этмаса, бир-бирига нисбатдан эзгулик билан меҳр-оқибат кўрсатмаса, яхши ва муносиб яшаш мумкин эмас. Оила турмуш ва виждон қонунлари асосида қурилади, ўзининг кўп асрлик мустаҳкам ва маънавий таянчларига эга бўлади, оилада демократик негизларга асос солинади, одамларнинг талаб-эҳтиёжлари ва қадриятлари шаклланади. “Ўзбекларнинг аксарияти ўзининг шахсий фаровонлиги тўғрисида эмас, балки оиласининг, қариндош-уруғларининг ва яқин инсонларининг, қўшниларининг омон-эсонлиги тўғрисида ғамхўрлик қилишни биринчи ўринга қўяди. Бу эса энг олий даражада маънавий қадрият, инсон қалбининг гавҳаридир” деб таъкидлаган. Бу қадриятлар асрлар оша авлоддан авлодга меърос бўлиб келмоқда. Бинобарин, бугунги кунда оила институционал аҳамиятга молик жамият бўлагига айланиб 2020 йилнинг 15 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан “Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳужжатда вазирликнинг асосий вазифалари этиб “оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, “Соғлом оила — соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини юритиш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш; хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш” каби муҳим аҳамиятга эга масалалар белгилангани оиланинг уни ташкил этувчи шахсларнинг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий жиҳатлари давлат сиёсати даражасида кўрилаётгани, бу эса барча ислоҳотлар инсон манфаатларига хизмат қилаётганининг яққол мисолидир.

ҲКЭ лабораторияси эксперти
Н.Нишанова

Skip to content