Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПҚ-4125-сон “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан, ҳозирги кунда Республикамизда суд-экспертлик фаолияти билан давлат суд экспертиза муассасалари билан бир қаторда нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари[1] ҳам шуғулланишига рухсат берилди. Мазкур қарор суд экспертизаларни ўтказиш муддатларини сезиларли қисқартириш ва тадқиқотларни тезкорлик билан ўтказиш, эксперт хулосаларини ишончлилигини янада оширишга имкон яратди. Чунки, охирги вақтларда давлат суд экспертиза муассасаларининг иш юкламаси ортиб кетиб суд экспертлари экспертизалар ўтказиш муддатларига амал қила олмай қолганди ва натижада тегишли ишларни судда кўриш муддатларини чўзилиб кетишиги сабаб бўлаётганди.
Бундай вазиятдан чиқишнинг энг маъқул йўли эса давлат суд экспертларининг иш юкламасини давлат суд экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига тақсимлашдан иборат. Чунки, хориж давлатларининг тажрибаси кўрсатадики, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари, иш юкламаси камроқ бўлганлиги сабабли, тегишли суд экспертизаларини қисқа муддатларда ўтказади. Ундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг юқорида таъкидланган қарорида “нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертизасини ўтказишда давлат суд-экспертиза муассасалари каби функцияларни амалга оширади, улар каби ҳуқуққа эга бўлади, мажбуриятларни бажаради ва жавобгар ҳисобланади” деб белгиланганлиги сабабли, фан ва техниканинг илғор ютуқлари асосида ўтказиладиган суд экспертиза тадқиқотларининг холислиги, тўлиқлиги ва ҳар томонламалилиги – нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятининг асосий тамойиллари бўлиб қолади.
Юқоридаги тамойилларга оғишмай амал қилишда муҳим омил бўлиб – нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, суд экспертлари касбий билимларини мунтазам равишда назорат қилиш тизими ҳисобланади. Шу боисдан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПҚ-4125-сон “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертлари қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини давлат муассасаларида (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, Фанлар Академиясининг Ботаника институти ва Зоология институти, Ўзбекистон Бадиий академияси) ўташлари белгилаб қўйилди. Чунки, Республикамизда нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил қилиш ва ривожлантириш тизимидаги истиқболли йўналишлардан бири бу – мутахассисларнинг (нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертлари) белгиланган тартибда қайта тайёрлаш ва мунтазам равишда малакасини оширишдир.
Суд экспертларининг малакасини ошириш икки қисмдан иборат бўлиб, мутахассислик бўйича малака ошириш ва ҳуқуқий билимларни оширишдан иборат. Бу каби ўқув жараёнида суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш ўқув жараёнида иштирок этиш; давлат суд экспертизаси муассасаларида малакавий амалиёт (стажировка) ўташ; ўз билимини мустақил ошириши, тажриба алмашиши, имий ва амалий базага ҳамда етакчи мутахассисларга эга бўлган давлат суд экспертизаларида ташкил қилинадиган семинар, давра суҳбати ва конференцияларда ҳамда бошқа шу каби тадбирларда иштирок этиши ва маърузалар билан чиқиши орқали амалга оширилади.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларининг малака даражаси юқорида таъкидланган давлат муассасалари ҳузуридаги аттестация комиссиялари томонидан белгиланган муддатларда даврий раившда аниқланади. Шу сабабли Президентимизнинг юқорида таъкидланган
ПҚ-4125-сон қарорида “суд экспертизаси соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини тамомлаган шахсларга уларнинг касбий лаёқатини ва суд экспертларига тегишли ихтисослик бўйича қўйиладиган малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи суд эксперти сертификати берилиши” белгилаб қўйилди.
Давлат суд экспертлари учун юқоридаги қоида мажбурий ва доимий ҳисобланади, шу боисдан, нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг ўз суд экспертларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга бўлган интилишлари фақат ижобий баҳоланади. Чунки, қарорда: “нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертизасини ўтказишда давлат суд-экспертиза муассасалари каби функцияларни амалга оширади, улар каби ҳуқуққа эга бўлади, мажбуриятларни бажаради ва жавобгар ҳисобланади” деб белгиланган.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларини малакасини ошириш бўйича таълим жараёнида ўтказиладиган турли машғулотлар (маъруза, семинар, амалий машғулот ва ҳ.к.) энг аввало, мутахассисларни суд экспертиза соҳасидаги янгиликлар, суд экспертизаларининг янги услубиётлари, ишлаб чиқилган янги илмий ишланмаларни жорий қилиш ва тарғиб қилиш, мутахассисларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишлари, ўзаро ҳамкорлик фаолияти асосларини ўрганишлари учун мўлжалланган. Бу каби тадбирлар (илмий-амалий анжуманлар, семинар-тренинглар, давра суҳбатлари, тегишли ўқув машғулотлари ва ҳ.к.) суд экспертларининг амалий фаолиятида учраб турадиган, экспертиза тайинлаган шахсларнинг суд экспертиза имкониятларини билмаслги ёки илмий асосланмаган, шунингдек эскирган услубиётларни қўллаш билан боғлиқ хатоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга имкон яратади.
Айнан шу жараёнда, айниқса, суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйча ўқув жараёнида, суд экспертлари мамлакатимиз қонунчилигидаги суд-экспертлик фаолиятига оид янгилик ва ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўладилар.
Хорижий давлатлар суд экспертлик амалиётини ўрганиб ва таҳлил қилиб, хулоса сифатида қуйидагиларни таъкидлаш лозим:
– суд экспертларини малакасини оширишда малака ошириш жойи муҳим аҳамият касб этади;
– суд экспертларининг малакасини оширишни амалга оширувчи муассасада суд-экспертлик фаолиятини самарали олиб бориш учун етарли илмий база ва моддий-техник таъминот мавжуд бўлиши зарур.
[1] Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги «Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4125-сон қарори / Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19 январь 2019. 07/19/4125/2510-сон.
М.Байбекова
РСЭМ суд экспертларининг малакасини
оширишўқув маркази бош методисти