Инсонни қийин аҳволга туширадиган, руҳан эзадиган ҳолатлар ичида энг оғири адолатсизлик, десак хато бўлмаса керак. Унинг бир илдизи коррупция билан боғлиқ бўлиб, бу шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши ифодаланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат тушунчасини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда. Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар эканини уқтирилмоқда. 2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни коррупцияга бар- ҳам бериш учун барча асосларни яратиб берди. Мазкур қонун ижроси тўлиқ ва самарали таъминланиши учун 2017 йил 2 февралда давлатимиз раҳбарининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш ўта долзарб масаладир. Гарчи уни бажариш учун масъул идоралар белгиланган бўлса-да, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этса, қўйилган мақсад ва муддаога эришиш мумкин. Ҳар биримиз қаерда, қандай муаммога дуч келсак, унинг ҳал этилишида масъул шахсларнинг масъулиятсизлиги ёки таъмагирлигига гувоҳ бўлганда шароитга бўйсуниш, индамай кетавериш ёхуд чидаш ўрнига бонг уришимиз керак. Масъулиятсизликка, адолатсизликка нисбатан курашишни ўзимиздан бошлашимиз даркор. Шунда мудраётган мансабдор уйғонади, зиммасида қандай масъулият борлигини ҳис этади.
Коррупцияга қарши кураш бу жуда мураккаб жараёндир. Чунки ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, нафси ва кўзи оч амалдорлар жамиятда учраб турибди. Бундайларда ҳар доим қачондир ва қаердадир нафси ҳакалак отиб кетиш хавфи бўлади. Бу иллатни даф қилиш учун жамиятда қонун устуворлиги асосий масала бўлиши лозим.
Давлат ҳокимияти тизимларининг иш фаолияти шаффоф бўлиши керак ҳамда бу шаффофлик жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ёрдамида назорат қилиб борилиши лозим. Уларнинг фуқаролар ҳуқуқларини шарҳлаб бориши ва жамиятда ҳуқуқий саводхонлик даражасининг юксалишига ёрдам берувчи мустақил ҳокимият манбаи бўлиши айни муддао.
Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика Суд экспертизаси марказининг “Суд-иқтисодий экспертизаси” бўлими ходимлари “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” ги Қонун моҳиятини янада чуқурроқ тушунтирилиб, мазкур мавзу бўйича маърузалар ўқилди давра суҳбати ўтказилди.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул шахслар, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши шарт. Бу фуқароларимизда коррупцияга, аниқроқ айтганда, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти, маданияти шаклланишига ҳам боғлиқ. Чунки ҳар қандай қонунбузарлик содир этилишига, кўпайишига кўп ҳолларда фуқароларимизнинг бефарқлиги, лоқайдлиги сабаб бўлмоқда. Барчанинг якдиллиги, юрт тақдирига дахлдорлиги кучайиши ҳар қандай иллатнинг батамом барҳам топишига хизмат қилади.