Асримизнинг буюк кашфиётларидан бири бу шубҳасиз одам геномини молекуляр тузилишини тўлиқ текширилиши ҳамда одам геномикаси таҳлил тадқиқотларидир. Одам геноми тузилишини ўрганиш натижасида фақатгина оқсил синтезини кодловчи генларнинг умумий сони ~20 500 та, оқсил синтезида бил(бе)восита иштирок этувчи генларнинг умумий сони ~42 300 та (псевдогенлар ва РНКлар) эканлиги аниқланиб, шулардан Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан 2018 йил генетик касалликларга олиб келувчи ~171 400 дан ортиқ генетик маркерлар рўйҳатга олинган. Шу кунгача маълум генетик касалликлар этиалогиясига кўра ирсий, туғма ёки ортирилган касалликлар шаклида намоён бўлиб, маълум бир популяцияларда, этник гуруҳларда ёки оилаларда “генетик юклама”ни ҳосил қилади.
Сўнгги ўн йил оралиғида генетик касалликларга сабаб бўладиган мутация турларини замонавий геном сиквенс технологиялари (Next Generation Sequencing) асосида аниқлашга қаратилган халқаро лойиҳаларнинг кўплаб ўтказилаётгани соҳа ривожига бениҳоя улкан ҳисса қўшмоқда. Бугунги шиддатли тараққиёт ютуқларини тўлиқ англаган ҳолда изланувчи тадқиқотчилар томонидан амалиётда генетик касалликларни аниқлашда геномика технологияларини қўллай билиши замонавий тиббиётнинг талаб ва эҳтиёжига айланди.
Замонавий тиббиёт амалиётида генетик касалликлар шартли равишда уч гуруҳга ажратилади. Булар, хромосомал, эпигенетик ва ирсий генетик касалликлардир.
Хромосомал генетик касалликларга мансуб хромосомаларнинг полиплоидияси яъни триплоидия, тетраплоидия ва ҳ. кўринишдаги аномалиялари цитогенетик ва молекуляр генетик услублар ёрдамида текширилади. Кенг тарқалган полиплоидияларга Даун, Патау ва Эдвардс синдроми ҳасталикларини мисол қилиш мумкин. Шу билан бирга, хромосома генлардаги делецион, дупликацион ва инверсион транслокациялари хромосомал генетик касалликлар қаторида ўрганилади. Масалан лейкоз беморларда ёмон сифатли трансформацияланган лейкопоэтик специфик химер ўсма ҳўжайраларда 300 дан ортиқроқ хромосомал ген транслокациялари кузатилган.
Организимдаги эпигенетик факторларнинг (ДНК метилланиши, мРНК изоформалари, микросателлитлар ва б.) мавжудлиги натижасида генлар экспрессиясининг фаоллик даражаси организмнинг функционал заҳира ва мослашув имкониятлари учун ҳар хил эндоген ва экзоген таъсирларга турлича жавоб беради. Ташқи омиллар айрим организмга ижобий таъсир этиб, уларнинг функционал ва жисмоний иш қобилиятини оширса, бошқасига эса салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу эса уларнинг жисмоний ривожланишдан орқада қолишига ва тез-тез касалликларга чалинишига сабаб бўлиши мумкин. Эпигенетик касалликлар табиатан ортирилган ёки нисбатан мослашган турларга ажратилади. Эпигенетик касалликларнинг мавжудлигини реал вақтдаги полимераза занжир реакциясининг (Real Time PCR) такомиллаштирилга усулубларида аниқлаш мақсадга муофиқ.
Ўз навбатида ирсий касалликлар ҳам шартли равишда икки гуруҳга бўлинади. Булар моноген ва мультифакторли касалликлар. Моноген касалликлар ирсий ҳасталиклар ичида ~5% ни ташкил этиб, улар Мендель қонунига мувофиқ доминант ёки рецессив ҳолда ирсийланади (гемофилия, талассемия, дюшен/Беккер миопатияси, фенилкетонурия ва б.). Бу турдаги патологияларнинг энг фарқли томони, уларда биргина дефект ген бўлса бас, касаллик доминантлик ёки рецессивлик қонуниятига бўйсинган ҳолда (ташқи омилларга боғлиқ бўлмаган ҳолда) албатта ривожланади. Моноген касалликларни полимераза занжир реакцияси ва секвенслаш услубиётларига асосланган усулларда аниқлаш мумкин.
Мультифакторли касалликлар (ирсий мойиллик ва полиген касалликлар) эса энг кўп тарқалган нозологик патологиялар гуруҳи бўлиб, улар одамда учрайдиган барча ирсий касалликларнинг ~95% га яқинлиги таҳмин қилинмоқда. Уларнинг шаклланиш механизмида бир ген эмас, балки бир неча генлар (полигенлик ҳусусият) иштирок этадилар. Шунингдек, организмда мультифакторли касалликлар ота ва она томонидан берилган хромосомалар жуфтлигида жойлашган гомологик генлар хусусиятларига ўзаро боғлиқ ҳолда фенотипик белгиларда ривожланади. Касалликни ривожланиши ва клиник кечишида генетик омиллардан ташқари, қўшимча ташқи муҳитнинг ножўя таъсирлари (тамаки, алкогол маҳсулотлари, стресс ҳолатлар, кимёвий, биологик, физик таъсирлар ва б.) ҳам муҳим аҳамиятга касб этади. Бунда, ташқи муҳит омилларининг организмга мунтазам таъсири, тегишли генлар кесимида меъёрий фаолиятни бузилишига олиб келади ва бунинг оқибатида касаллик ривожланиб кетади.
Мультифакторли касалликларга мисол қилиб қуйидаги касалликларни келтириш мумкин: онкологик касалликларга генетик мойиллиги (“детерминант-генлар”) бор кишиларда мунтазам чекиш ўпка саратонини келтириб чиқарса, кўкрак бези саратонини мойиллигига олиб келувчи генлар бор аёлларда, ташқи ножўя таъсирлар натижасида касаллик авж олади. Қон қуйилиш тизимини назорат этувчи генларида ўзгариши (мутация) бор инсонларда, тамаки маҳсулотларини чекиш, алкогол истеъмол қилиш, қаттиқ стресс ва бошқа ташқи ножўя таъсирлар натижасида юрак инфаркти, мия инсульти, қон томирлари тромбози, ҳомиладор аёлларда эса ҳомилаларни ногирон туғилиши (ёки тушиб қолиши) каби ҳолатларни келиб чиқиш эҳтимоллари бир неча баробарга ошиб кетади. Қандли диабетга мойил инсонларда ҳам бундай ташқи ножўя таъсирлар натижасида касалликни ривожланиб кетиш эҳтимоли жуда ҳам юқори бўлиши олимлар томонидан тасдиқланган.
ЖССТ томонидан мультифакторли генетик патологияларга қуйидаги кенг тарқалган касалликлар киритилган: турли хил саратон ҳасталиклари (кўкрак бези, ўпка саратони ва б.), юрак инфаркти ва бошқа юрак қон томир касалликлари, бош мия инсульти, турли гинекологик патологиялар (гестоз, ҳомиланинг ривожланмаслиги ва тушиб қолиш ҳолатлари), бронхиал астма, остеопороз, қандли диабет, ўн икки бармоқли ичак яраси, сийдик-тош касаллиги, нейродегенератив касалликлар, жигар циррози, псориаз, витилиго, шизофрения ва б.
Такидлаш жоизки, аксарият мультифакторли генетик кассалликлар оғир ва суринкали кечиб, уларни даволаш жуда мураккаб, узоқ ва индивидуал ёндошувни талаб этади. Шунинг учун касаллик ривожланишининг олдини олиш бугунги куннинг энг муҳим ва долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади. Бунда ген (ДНК) ташхиси ёрдамида касалликларга мойил шахсларни аниқлаш ва уларни юқорида қайд этилган зарарли омилларнинг таъсирларидан ҳоли этиш бўйича профилактик ҳаракатлар, муаммонинг ечимига оид энг муҳим чора-тадбир ҳисобланади.
Маълумки, мультифакторли патологияларни тиббий-биологик скрининг тадқиқотлари учун клиник, цитогенетик ва молекуляр-генетик лаборатория тахлил тадқиқотларининг босқичма-босқич қўлланилиши билан ўтказилади. Албатта, бу каби тадқиқотларни ўтказиш кетма-кетлигини амалга ошириш учун керагидан ортиқ бўлган жуда қимматли вақт талаб этилади. Айнан шу каби муаммоларни бугунги замонавий тиббиёт амалиётидаги эҳтиёжларини қондириш мақсадида, молекуляр-генетика услублари технологиялари шиддат билан ривожланмоқда. Айнан мультифакторли генетик кассалликларни аниқлаш учун замонавий тадқиқотчи вазифасига кам чиқимли молекуляр-генетика услубни қўлланилиши киритилган.
Аҳоли ва келажак авлод саломатлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир популяцияда ва миллатлар орасидаги генетик касалликларни келиб чиқиш, ривожланиш ва тарқалиш сабабларини жиддий ўрганиш замонавий тиббиётнинг долзарб муаммоларидан бири хисобланади. Ўзбекистон тиббиёти амалиётида генетик касалликларни ривожланмасидан олдин эрта аниқлаш ва уни олдини олиш, оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш ҳамда энг асосийси, ўзбек популяциясида “генетик юклама”ни енгиллаштириш вазифаси айни соҳада фаолият юритаётган ҳар бир изланувчи мутахассисларнинг олий даражадаги хизмат вазифасига кириши лозим.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази таркибида жаҳон стандартларига мос асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Масалан марказниннг «Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси» лабораториясида юқорида такидлаб ўтилган молекуляр-генетик услубларнинг деярли барчаси йўлга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.01.2019 й. ПҚ-4125-сон “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 3 иловаси 15 бандига асосан марказнинг «Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси» лабораторияси контингенти фаолиятида тиббиёт генетикасини ривожлантириш вазифалари киритилган. Айнан шу мақсадда, тиббиёт генетикасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун юқори даражали мураккаб молекуляр-генетик услубларни ўрганиш бўйича кенг қамровли илмий-амалий ишлар олиб борилиб, олинган натижалар Ўзбекистон тиббиёт амалиётга тадбиқ қилинмоқда.
“Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси”
лабораторияси эксперти А.А.Рўзиев