Суд-молия-кредит экспертизаси

      Пул маблағлари фондларини шаклланиши ва сарфланиши, кредит маблағларини тақсимланишини асослилиги акс этган, яъни молия-кредит жараёнларини (операцияларини) ўзида акс эттирган ҳужжатларни тадқиқ этиш, ҳамда йўл қўйилган қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш  суд-молия- кредит экспертизаси предметидир.

Молия-кредит операцияларини акс эттирувчи қуйидаги ҳужжатлар суд-молия-кредит экспертизасининг объекти ҳисобланади:

1) узоқ муддатли иқтисодий меъёрлар ҳужжатлар,  меъёрлар, ставкалар, лимитлар, дотациялар, муассасалар, банк ва муассаса ўртасидаги кредит шартномалари;

2) кўрсаткичларни асословчи ҳисоб-китоблар илова қилинган молиявий режалар (даромад ва ҳаражатлар баланси);

3) бухгалтерия ҳисоб-китобининг дастлабки ва жамлама ҳужжатлари, товар-транспорт юкхатлари, банк кўчирмалари билан бирга тўлов далолатномалари, кредит ажратиш, маҳсулот етказиб бериш шартномалари, аккредитив аризалар, ҳисоб-фактуралар, юк хатлар, тўлов далолатномалари, журнал ордерлари, бош китоб, баланс ҳисоботи ва бошқалар;

4) ишлаб чиқариш ва маҳсулот таннархи бўйича бухгалтерия ва статистика ҳисобот ҳужжатлари.

Суд-молия-кредит экспертизасини вазифаларига:

  • молиялаштирилган маблағларнинг мақсадли тақсимланиши;
  • давлат ва маҳаллий бюджетга солиқлар, йиғимлар ва ажратмаларнинг тўлиқ ва ўз вақтида келиб тушиши;
  • ташкилот (бюджет)ларнинг тайинланган сметаларига амал қилиши;
  • молиялаштириш ва кредитлаш соҳасидаги қоидабузилишлар натижасида давлат ва корхона (ташкилот)ларга етказилган моддий зарарлар ҳамда асоссиз яратилган фондлар ва улардан фойдаланиш;
  • банк кредит маблағларини мақсадсиз ишлатиш каби ҳолатларни аниқлаш киради.

Суд-молия-кредит экспертизаси ҳал этадиган вазифаларни уч гуруҳга бўлиш мумкин. Жумладан, суд-молия-кредит экспертизаси ҳал этадиган биринчи гуруҳ вазифаларига:

– давлат корхоналари, акциядорлик жамиятлари ва бошқа субъектларни молиявий-хўжалик фаолиятидаги молиявий кўрсаткичлари ҳисоб-китобларининг асослигини аниқлаш;

– давлат бюджети тўловлари (фойда солиғи, ишчи, хизматчиларнинг иш ҳақидан даромад солиғи, жамоа ташкилотларининг даромадларини тақсимланиши ва шу кабилар) ҳисоб-китобларини асослигига аниқлик киритиш вазифалари;

– кредит маблағлари олиш учун корхона томонидан банк муассасига  нотўғри маълумотлар берилиши ҳолатларини аниқлаш;

– кераксиз, ҳаридоргир бўлмаган, маънавий эскирган товар ва жиҳозлар учун кредит олиш мақсадида асоссиз режалаштиришлар ва ушбу ҳолатда корхонага нисбатан қўлланилган жарима ҳамда кредит маблағини муддатидан олдин қайтариб олишга бўлган санкцияларни  асослигини аниқлаш киради.

Ушбу экспертиза қуйидаги масалаларни ҳал этади:

  • ишлаб чиқаришни, фан ва техникани, ижтимоий ривожлантириш, моддий рағбатлантириш каби иқтисодий барқарорлаштириш фондларини тўғри шаклланганлигини аниқлаш;
  • корхона(ташкилот)нинг кредит маблағларига бўлган талабини асослилигини аниқлаш.

Суд-молия-кредит экспертизаси томонидан ҳал этиладиган иккинчи гуруҳ вазифалари пул маблағлари фондлари ва кредитларидан фойдаланишни, уларнинг ишлатилиши тўғрилиги ва асослилиги аниқланади.

Бунда ҳал этиш учун қуйидаги вазифалар қўйилади:

– корхона ва ташкилотлар томонидан давлат ва маҳаллий бюджетларга тўловларни тўлиқ ва ўз вақтида ўтказиб берилиши аниқлансин;

– бюджет ташкилотлари томонидан (фан, маданият, соғлиқни сақлаш ва бошқалар) пул маблағларини асосли сарфланиши аниқлансин;

– иқтисодий барқарорлаштириш фондларига йўналтирилган ажратмаларнинг тўғрилиги ва улардан оқилона фойдаланилиши аниқлансин;

– ташкилотлар ўртасида маҳсулотни сотиш, хизматлар, ишлар бажариш бўйича қилинадиган ҳисоб-китобларни тўғрилиги ва бажарилмаган шартнома мажбуриятлари бўйича қўлланилган иқтисодий санкцияларни асослиги аниқлансин;

– корхоналар томонидан кредитлаш тартибига амал қилинмаслик натижасида банк томонидан қўлланилган санкцияларни тўғрилиги ва асослиги аниқлансин;

– банк томонидан берилган кредит маблағларини корхона томонидан тўғри сарфланишини аниқлансин.

Ушбу гуруҳни асосий вазифаларидан яна бири фойда суммасини ва ундан фойдаланишни аниқлашдир. Фойда бўйича маълумотлар асосан маҳсулот(товар)ни сотишдан олинади. Кўпгина ҳолларда бюджетга тўланадиган тўловларни камайтириш мақсадида фойда сунъий равишда камайтирилади ва моддий рағбатлантириш фондларини кўпайтириш мақсадида кўпайтириб кўрсатилади. Айрим ҳолларда маҳсулот таннархини нотўғри кўрсатиш оқибатида ҳам фойда камайтирилиб, бюджетга тўланадиган тўловлар кам тўланади. Фойдани кўпайтириб кўрсатиш оқибатида эса моддий рағбатлантириш фондлари кўпайтирилиб, моддий рағбатлантириш ва мукофот пулларини асоссиз тўланишига олиб келади.

Суд-молия-кредит экспертизаси банк томонидан берилган кредит шартларига корхоналар томонидан амал қилиниши ва банк томонидан қўлланилган санкцияларнинг асослилиги: ссуда мажбуриятларини таъминланганлиги, улардан самарали фойдаланиш ва ўз вақтида сўндирилиши каби масалалар ҳам ҳал этилади.

Суд-молия-кредит экспертизаси томонидан ҳал этиладиган учинчи гуруҳ вазифалари молиявий режаларни шакллантиришдаги ва кредит пул маблағларини ишлатишдаги йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш бўлиб, қуйидаги масалаларни ҳал этади:

– бюджет ҳамда юқори турувчи ташкилотлар билан ҳисоб-китоблар ва пул, кредит маблағларини сарфланиш қоидалари бузиш ҳолатларини аниқлаш;

– молиявий режаларни тўғри тузилишини, олинган маблағлар ва кредитларни мақсадли ишлатилишини, бюджет даромадларига йўналтирилган солиқларни тўлиқ ва ўз вақтида ўтказилишини таъминловчи шахслар доирасини аниқлаш.

Булардан ташқари, суд-молия-кредит экспертизаси молия ва кредитлаш соҳасидаги бой берилган даромад (фойда) ва шу каби масалаларни ҳам ҳал этади.

Суд-молия-кредит экспертизасини ўтказишда одатда эксперт ихтиёрига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1) корхона(муассаса)нинг бош китоби;

2) ҳисоб-китоб (баланс) ва унга изоҳлар;

3) журнал ордерлари;

4) банк ҳужжатлари (кўчирма иловаси билан);

5) “ҳаражат” моддаси буйича изоҳлар;

6) иқтисодий рағбатлантириш жамғармаларига кўчирилган пул маблағлари, ишлаб чиқариш таннархининг ҳисоб-китоби;

7) сотилган маҳсулот буйича ҳужжатлар;

8) шартномалар.

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .