Суд-экологик экспертизаси

Ўсимликларнинг зараркунандалари вa касалликларига қарши кўрашиш қоидалари бузилиши, зарарли кимёвий моддаларни қўллаш, балиқ хўжалиги ҳавзаларини қўриқлаш, сув ҳавзаларини, ҳавони, тупроқни, денгизни, ёки денгиз тирик бойликлари, одам соғлиғи учун зарарли моддаларни ёки бошқа чиқиндилар ва материалларни текшириш билан боғлиқ бўлган ишларда суд экология экспертизалари тайинланади.

Атроф-муҳитни жиноий ифлослантириш билан боғлиқ ишлар бўйича тайинланадиган экспертизаларни объектга қараб уч гуруҳга бўлиш мумкин:

  1. Биринчи гуруҳ – одам, ҳайвон ва ўсимлик ҳолатининг суд экспертизаси. Экспертлар биолог, врач, ҳайвон врачи, ихтиолог ва санитария-гигиена соҳаларида мутахассис бўлишлари мумкин.

Ушбу гуруҳ суд экспертизалари одам, ҳайвон, ўсимликлар учун зарарли оқибатлар сабабларини тиббиёт-биологик нуқтаи-назардан ҳамда ҳудуднинг экотизимини (ёки шунга ўхшаш эҳтимолларни) аниқлаш билан боғлиқ вазифаларни ҳал этади.

  1. Атроф-муҳит ифлослантириш манбаларини техника-технология масалаларини бевосита текшириш, технологик ускуналарнинг, айрим тозалаш иншоотларининг ва қурилмаларнинг сифатини аниқлаш учун тайинланадиган суд экспертизалари иккинчи гуруҳни ташкил этади. Ушбу экспертизалар орқали технология, қурилиш, гидротехника ва санитария-техника билан боғлиқ ҳолатлар тадқиқ этилади.
  2. Модда ва материалларнинг физикавий ва кимёвий хоссалари ўзгариши натижасида вужудга келган изларни тадқиқ этиш билан боғлиқ бўлган экспертизалар учинчи гуруҳни ташкил этади. Ушбу тадқиқотлар ёрдамида ҳаво, сув ҳавзаларини, тупроқ, ўсимликларни касалланишга олиб келган, одамларни, ҳайвонларни, балиқларни, ўсимликларни ҳалокатга олиб келган (ёки шунга ўхшаш оқибатларга олиб келиш хавфи бўлган) заҳарли моддалар борлиги аниқланади.

Суд экология экспертизасининг асосий вазифалари қуйидагилардир:

– атроф-муҳитда (ҳаво, сув, тупроқ, ўсимликларда)ги заҳарли моддаларни аниқлаш;

– терговчи (суд) томонидан топилган ифлослантирувчи моддаларни муайян туркум (заҳарли кимёвий моддалар, оғир металлар ва ҳ.к.)га тааллуқлигини аниқлаш;

– экспертизага тақдим этилган объектни туркумий, гуруҳий тааллуқлигини аниқлаш;

– экспертизага тақдим этилган объектни қандай мақсадда ишлатилишини ёки қўлланиш соҳасини аниқлаш.

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .