Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари такомиллашмоқда

Коррупция- давлат ва жамият ривожланишига салбий таъсир қилувчи иллат ҳисобланади.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Жумладан, 2017 йил 3 январда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Қонуни қабул қилинди.

Коррупцияга қарши курашишда аввало ушбу атаманинг моҳиятини англаб олиш лозим.

Шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши коррупция ҳисобланади.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилардан иборат:

  • Бош прокуратура;
  • Давлат хавфсизлик хизмати;
  • Ички ишлар вазирлиги;
  • Адлия вазирлиги;
  • Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти эгадир.

Давлат органларининг ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига доир барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар давлат ҳимоясида бўлади.

Қонунда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Адлия вазирлиги ўз ваколати доирасида коррупцияга қарши жадал курашмоқда. Хусусан, қонун ҳужжатларининг антикоррупцион экспертизаси янада такомиллаштирилди.

2015 йил 25 декабрда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиётини тасдиқлаш тўғрисида”ги
2745-сон буйруғи қабул қилинган.

Ушбу буйруқда қонун ҳужжатларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказишнинг тартиби белгилаб берилган ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиёти баён қилинган.

Бундан ташқари, коррупциянинг олдини олиш мақсадида ҳужжатларнинг электрон айланиши тизими яратилди.

“Фаол нотариус” моделининг яратилиши, нотариуслар танловларининг онлайн тарзда ўтказилиши, давлат божлари ҳақидаги маълумотларнинг кенг тарқатилиши, умуман, соҳада очиқлик ва шаффофликнинг таъминланишини Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши кураш соҳасидаги эътиборли ишлари сифатида санаш мумкин.

Кенг аҳоли ўртасида ҳам коррупцияга қарши қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, коррупцияга нисбатан тоқатсизликни шакллантириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш каби чора-тадбирлар орқали қонун устуворлигини таъминлаш кун тартибидаги асосий вазифа бўлиб турибди. Бунинг учун аҳоли орасида фаол ҳуқуқий тарғибот амалга оширилмоқда.

Хусусан, турли ижтимоий роликлар, таҳлилий кўрсатувлар, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар шулар жумласидандир. Адлия вазирлиги томонидан ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган коррупцияга қарши карикатура, постлар, ижтимоий роликларни шу кунгача бир миллиондан ортиқ марта кўрилгани маълум.

Шунингдек, вазирлик томонидан ўтказилган ва мунтазам ўтказилиши назарда тутилган “Биз коррупцияга қаршимиз” номли танлов аҳоли ўртасида коррупцияга қарши кайфиятни кучайтириш ҳамда муаммоларни аниқлаш, коррупция ҳолатларининг сабабларини ўрганиш ҳамда олдини олиш мақсадларини кўзлагани билан аҳамиятли.

Бу каби танловлар коррупция соҳасидаги муаммоларни аниқлаш, жамиятда коррупцияга қарши тоқатсизлик кайфиятини шакллантириш ва келгусида шунга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиш мақсадларини кўзлайди.

2019 йил 27 май куни “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ни Фармони қабул қилинди.

Фармон билан 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури, коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича махсус комиссия таркиби тасдиқланди.

Х.Сулаймонова номидаги РСЭМнинг суд эксперти                                   А.Турениязова,    Д.Тажиев

Skip to content