Суд экспертларининг профилактик фаолият бўйича имкониятлари

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг энг муҳим вазифаларидан бири жиноятларни содир этилишига енгиллик яратган сабаб ва шароитларни аниқлаш ҳамда ушбу сабаб ва шароитларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишдан иборат. Ушбу фаолиятда Ўзбекистон Рспубликаси суд экспертиза муассасалари ходимлари – суд эксперлари ҳам фаол иштирок этадилар. Суд экспертлари суд экспертизасини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича фаолият – яъни суд-экспертлик фаолияти[1] жараёнида ҳуқуқбузарликлар ёки жиноятларни содир этиш усуллари, жиноят содир этишда ишлатилган техник воситалар ва турли буюмларни аниқлайдилар. Аниқланган маълумотларга асосан эса ушбу сабаб ва шароитларни бартараф этиш йўллари ишлаб чиқилади. Ўзбекистон Республикаси суд экспертиза муассасаларида жиноятларни содир этилишига енгиллик яратган сабаб ва шароитларни аниқлаш фаолияти – суд экспертларининг профилактик фаолияти деб ҳам аталади ҳамда айнан шу мақсадида, мунтазам равишда таҳлилий ишлар олиб борилади.

Ушбу таҳлилий ишлар қуйидаги йўналишлар бўйича олиб борилади:

  1. Тадқиқот объектлари бўйича – ҳимояси кучайтирилиши лозим бўлган объектларнинг ҳажмини аниқлаш мақсадида;
  2. Жиноятларни содир этиш усуллари бўйича – айнан шу усулда янги жиноятлар содир этилишини олдини олиш ҳамда содир этилишни қийинлаштириш мақсадида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш учун, шунингдек, бундай жиноятларни тезроқ ва самаралироқ очиш мақсадида тадбирлар ишлаб чиқиш учун;
  3. Жиноий тажовузга кўп учрайдиган объектлар бўйича – ушбу объектларга нисбатан жиноят содир этилишини олдини олиш имконини берадиган тадбирлар (ҳимоя воситалари) ишлаб чиқиш учун;
  4. Жиноятлар турлари бўйича – аниқ бир турдаги жиноятларни олдини олиш ёки уларни содир этилишига енгиллик яратган шароитларни бартараф этувчи тадбирлар ишлаб чиқиш учун.

Ушбу таҳлилий ишларнинг натижалари тизимдаги барча таркибий бўлимларнинг шу турдаги ишлари натижалари билан солиштирилади ва керакли таклифлар берилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни содир этилишига енгиллик яратган шароитларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича фаолиятини таҳлил қилиш натижасида қуйидагилар маълум бўлди:

Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолияти юзасидан
С Т А Т И С Т И К     Ҳ И С О Б О Т

Марказнинг юқоридаги фаолиятини ўрганиб, суд экспертларининг ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни содир этилишига енгиллик яратган шароитларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича берадиган таклифлари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим деган тавсиялар ишлаб чиқилди:

– бундай таклифлар аниқ материалларга асосланган ва зарур бўлганда экспертиза тадқиқотлари натижалари билан тасдиқланган бўлиши;

– иқтисодий жиҳатдан амалга ошириладиган, фан ва техниканинг ҳозирги кундаги ривожланиш босқичларида аниқ амалга оширилиши мумкин бўлиши;

– амалда мавжуд бўлган, аммо, бажарилмаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини такрорламаслиги;

– фуқароларнинг соғлиги ва ҳаёти учун ҳеч қандай хавф туғдирмаслиги, яъни инсонлар учун хавфсиз бўлиши лозим.

Бундан ташқари, жиноятларни содир этилишига енгиллик яратган шароитларни бартараф этиш бўйича берилаётган таклифларда аниқланган шароитлар батафсил баён этилиши, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар аниқ шаклланган бўлиши ва ҳар бир таклиф ишончли тарзда ифодаланиши зарур. Керак бўлганда, ушбу таклифларга фотосуратлар, чизмалар ва бошқалар илофа қилиниши зарур.

[1] Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 1 июндаги «Суд экспертизаси тўғрисида»ги қонуни, 3-модда. / Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами. — Тошкент, 2010. — 22-сон. — 173-м.

 

Skip to content