Порахўрлик, коррупция, таъмагирлик, терроризм каби жиноят ишларини фош этишда суд- фонография экспертизаси муҳим аҳамиятга эга.
Бу турдаги экспертизани ўтказиш суд ва тергов идораларининг кўплаб мурожаатларини ҳисобга олиб, Марказий Осиёда биринчи бўлиб, Ўзбекистонда 1992 йилда ташкил қилинди. «Фонография» – жумласи грекча сўз бўлиб, «phone – товуш, овоз, нутқ, шовқин + grapho – чизаман, ёзаман, қарайман, кўриб чиқаман»,- деган маъноларни билдиради.
Ушбу жумла биринчи бўлиб, 20-асрнинг 60 йилларида польшалик криминолог А.Шварц томонидан қўлланилган.
Жиноятга тайёргарликни ёки қонунбузарликка қўл урган шахсларни фош этишда исботловчи ва гувоҳлик берувчи ҳолат ва материаллар бўлмаган тақдирда, фақатгина яширин равишда (ҳуфёна) ёзиб олинган сўзлари мавжуд ҳолларда уларнинг қилган жиноятларини очиш учун суд-фонография экспертизаси айникса кўл келади.
Суд-фонография экспертизасининг мақсади – тадқиқот қилинувчи фонограмма ёзиб олинган асбоб-ускунани, рақамли товуш ёзиш мосламаларига ёзиб олинган суҳбат (фонограмма) ни текшириш натижасида иш бўйича аҳамият касб этадиган далилий фактлар яъни, суҳбат мазмуни, иштирок этган шахслар сони, жинси, шахсни, суҳбат шароитлари ва бошқаларни аниқлашга қаратилгандир.
Ҳозирги кунда Республика суд-экспертизаси марказида суд-фонография экспертизасини лабораториясининг экспертлари томонидан таққослаш, диагностик айрим ҳолларда эса таснифлаш масалалари ҳал қилиниб келинмоқда. Эслатиб ўтиш жоизки, авваллари ўзбек тилида бўлган фонограммалар ҳеч қаерда тадқиқот қилинмаган. Айни вақтда марказда суд- фонография экспертизасини рус ва ўзбек тилларида ўтказиш ташкил қилинган ягона муассаса ҳисобланади. Зарур ҳолларда эса тегишли мутахассислар жалб этилиб, бошқа тилдаги фонограммаларни ҳам тадқиқот қилиш имкони бордир.
Экспертизани мувоффақиятли ўтказилишига кўп жиҳатдан материалларни экспертизага сифатли тайёрланиши таъсир қилади. Бунда суд-тергов органлари экспертизага материалларни тайёрлашга синчковлик билан ёндашиши лозим. Экспертлик амалиёти шуни кўрсатадики, баъзан экспертизаларни ҳаракатдан тўҳтатиб қуйиш ҳоллари ҳам учраб туради. Бунда, суд-тергов органлари томонидан тақдим этилган бирламчи ҳужжат ва материаллар экспертизани тўла ўтказиш учун тўсқинлик қилса улардаги мавжуд камчиликларни бартараф этилгунча 30 кунгача муддатга тадқиқот ўтказиш тўхтатиб қуйилади. Агар шу муддат ичида эксперт томонидан қайд этилган камчликлар бартараф этилмаса “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 23-бандига биноан иш бўйича тақдим этилган материалларда жиддий камчиликларга эга бўлганлиги сабабли экспертиза ижросиз қайтарилади.
Суд-фонография экспертизасини тайинлашда баъзан тадқиқот учун сифатсиз солиштирув намуналари юборилади, тергов-суд органларининг қарорларида (ажримларида) тадқиқот объектлари тўлиқ ва аниқ ифодаланмайди, оригинал фонограммалар ўрнига унинг нусхалари жўнатилади, фонограмма ёзиб олинган техник анжомлар тақдим этилмайди, стенограмма (суҳбатнинг сўзма-сўз баёни) ни тузишда маҳорат етишмаслиги ва шунга ўхшаш камчиликлар учраб туради.
Бу камчиликлар экспертиза ўтказишга салбий таьсир кўрсатади, яъни қўйилган айрим саволлар ҳал қилинмайди, тадқиқот муддати чўзилади ва саволларни қатъий шаклда ҳал қилиниши қийинлашади.
Шунинг учун суд-тергов органлари томонидан экспертиза тайинлашда бундай камчиликларга йўл қўймасликка ўз эътиборларини қаратишлари керак. Суд-фонография экспертизасини тайинлаш хакидаги карорда содир килинган жиноят ишининг қисқача мазмуни, экспертиза тайинлаш учун асос, экспертиза ўтказадиган муассаса номи, экспертлар ҳал килиши лозим бўлган саволлар ва юборилаётган объектлар баён этилади.
Суд-фонография экспертизасининг объектларига қуйидагилар киради: оғзаки нутқ аудио-видео фонограммаси, фонограмманинг стенограммаси ва товуш ёзиб олувчи воситалардир (рақамли диктофон, уяли телефон аппарати, флэш-хотира картаси, компакт ва рақамли диск ва ҳоказолар).
Экспертиза тайинланаётганда бу хақидаги қарорда ҳар доим тадқиқот қилинувчи объектлар аниқ ва лўнда кўрсатилиши лозим. Бунинг учун суҳбатнинг бошланиш ва тугалланиш сўзлари, уни масалан, компакт дискни қайси файли ёки рақамли диктофоннинг нечанчи йулакчасида ёзилган эканлиги баён килиниши шарт.
Эксперт текшириши лозим бўлган объектлар ва ашёвий далиллар экспертга ўралган (қадоқланган) ва муҳрланган ҳолда тақдим этилиши керак.
Суд-фонография экспертизасини тайинлашдан аввал, тергов ва суд органлари томонидан холислар иштирокида тадқиқот қилиниши лозим бўлган суҳбатларнинг стенограммаси тузилади. Стенограммалар унда иштирок этган шахслар гаплашган шевада аниқ ва тўлиқ ҳолда баён этилади.
Гумонланувчидан намуна олаётганда унга матинни ўқиттириб намуна олиш мақсадга мувоффиқ эмас. Чунки эркин равишда гапираётган шахс билан бирон бир матинни ўқиётган шахснинг ҳолати икки хил бўлиши маълум, бундан ташқари ўқилган матнларда шахс, ўзига хос бўлган сўзларни, ибораларни, гап тузишларни қўлламайди. Бу эса ўз навбатида, тадқиқот ўтказиш жараёнига салбий таъсир курсатади.
Солиштирув намуналари ҳам гумонланувчи шахснинг шевасида олинади. Чунки лингвистик тадқиқот ўтказиш жараёнида битта шевада олинган нутклардан сўзловчига хос диалект (шева) белгиларга, нутқида ишлатиладиган аффиксларига, ибораларига қараб унинг шеваси қайси худуд шевасига мансублиги аниқланади ва бу белги идентификацион масалани ҳал этишда муҳим ўрин эгаллайди.
Фонография экспертизасини тадқиқотлари орасида аудитив ва лингвистик тадқиқот асосий ўринни эгаллайди. Аудитив таҳлил орқали шахснинг қайси жинсга, нутқнинг қайси худуд шевасига мансублиги, баъзан касби, нутқи рус тилида бўлсада она тили қайси тил эканлиги, нутқидаги камчиликлар, ёзиб олиш жараёнида шахснинг ҳиссий ҳолати ва бошкалар аниқланиши мумкин.
Юқорида баён этилганларга мисол қилиб эксперт амалиётида бўлиб ўтган қуйидаги ҳолатни келтирш мумкин: Республикамиз вилоятларининг биридан тайинланган экспертизада шундай бир воқеа бўлган: келин қайинона билан урушиб қолади ва ошхонага кириб ўзига-ўзи пичоқ санчийди. Буни қўшнилардан бири беҳосдан кўриб қолиб, уни қутқариб қолади. Келин эса ўлмаганига шарманда бўлмай деб, ўзига-ўзи керосин сепиб олов қўяди. Ҳовлида қий-чув бошланади. Шу пайт келинни қайинопаси келиб колади ва уни тезда касалхонага олиб боради. Бўлиб ўтган фожиядан ҳабар топган тергов органлари ўз вакилини зудлик билан касалхонага юборишади. Терговчи етиб келиб, оғир аҳволда ётган, ўлим билан олишаётган келиннинг кўргазмаларини диктофонга ёзиб олади. Оғриқ азобида чинқириб ва орада терговчи берган саволларга жавоб бераётган келин даҳшатли қичқириб бир оздан сўнг вафот этади. Келиннинг ота-онаси табиийки, диктофонни эшитиб ўз қизининг овозини танишмайди ва турли эътирозлар келтира бошлайдилар. Чунки диктофонга ёзиб олинган кўргазмаларда келин, қайинона билан келишмаганлиги сабабли ўзига-ўзи пичоқ урганлиги ва ўлмай колганлиги сабабли шарманда бўлмай деб ўзини ёқиб юборганини айтади. Лекин унинг оила азъолари бу овоз қизимизники эмас, бу унинг қайинопаси терговчи билан келишиб, атайлаб овозини ўзгартириб ёзган дейишиб, юқори турувчи инстанцияларга шикоят аризаларини ёза бошлашади. Натижада, шикоят аризаларида кўрсатилган важларни текшириш учун касалхонада ёзилган суҳбат ва қайинопанинг овози ва нутқи намуналари олиниб суд-фонография экспертизаси тайинланади. Ушбу иш бўйича ўтказилган экспертиза жараёнида экспертлар анчагина мураккабликларни бошдан кечирдилар. Касалхонада ёзилган суҳбат чоғида терговчининг саволларига келин бутун бадани куйиб, эриб кетганлиги сабабли, азобли оғриқ аралаш чинқириқлари аралаш жавоб берар ва суҳбат унинг ўлим билан олишаётиб аянчли қичқирган ҳолда жон таслим бўлиши билан якунланган эди. Экспертиза ўтказиш жараёнида жуда кўплаб медицинага оид бўлган адабиётларни ҳам ўрганиб чиқдик ва танаси куйган, оғриқ азобларида бўлган шахсларнинг психик, физик ҳолатлари ва бундай вақтда овоз ва нутқдаги ўзгаришлар борасида изландик. Маълумки, одам танасининг таркибининг асосий кисми сувдан иборат. Шу сабабли ёнган тери тезда эриб, куйиб бир-бирига ёпишиб қолади. Ушбу ишда терговчи кўрсатмаларини ёзиб олган аёлнинг (шахснинг) оғзи, юзи терилари куйиб кетганлиги ва ёпишиб колганлиги сабабли, нутқ аъзоларида ҳосил бўлаётган товушлар оғиз терисининг ёпишиб кетганлиги учун овоз яхши чиқа олмаётганлиги сабабли товушларни чийиллаб, гоҳида хириллаб бурун орқали талаффуз қилаётганлиги эди. Бу эса ўз ўрнида бурун катакларининг куйиб, қисқариб, ярим ёпилиб қолганлиги учун «манқалик» ни келтириб чиқарган эди. Ушбу ҳолатда буруннинг резонатор функцияси ўзгаради, овоз бўғиқ ҳолатга эга бўлади, «с», «ш», «ч», «з», «ж» товушлари ўзгариб, товушлар ажратиб бўлмас ҳолатда бўлади. Жароҳат ва танадаги оғриқларнинг асоратлари товуш ҳосил килиш функцияларига ҳам ўз таьсирини кўрсатади ва шахсда ўз нутқининг назоратини ва нутқ патологиясига ҳам олиб келади. Нутқга, асосан, унинг ҳосил бўлишига марказий нерв системасининг бузилиши (жароҳатлар ва бошқа бир қанча касалликлар) ҳам сабаб бўлади. Марказий нутқ аппаратининг бундай носозликлари оқибатида артикуляциянинг бузилиши, нафас олишнинг қийинлашуви, товушларни ва нутқ бошлашда мушакларнинг қисқариш мейёрининг бузилиши юзага келади. Овоз ушбу ҳолатда тезлиги бўйича нотекис, ноаниқ, рангсиз, ёки тезлашиб кетиши мумкин.
Намуна сифатида ёзиб олинган кайинопанинг ёши катта бўлиб, унинг овози баланд, йуғон, тезлиги ўртача, сўз ва ибораларни қўллаш тартиби ҳам ўзгача. Касалхонада олинган фонограммада эса аёлнинг овози жарангли, ёшида ҳам фарқ катта эди. Лекин юкорида келтирилган тавсилотларни соғлом одам атайлаб ўзгартириш хусусиятига эга эмас. Инструментал (асбоб-ускунали) таҳлил ҳам ушбу овозлар ва нутқлар бир шахсга эмас, балки турли хил ёшдаги икки шахсга тегишли эканлигини кўрсатди.
Юқоридагиларни инобатга олиб тақдим қилинган терговчи касалхонада ёзиб олган суҳбат иштирокчисининг овози ва нутқи намуна сифатида тақдим қилинган қайинопанинг овози ва нутқига тегишли эмас деган хулосага келинди.
Суд-фонография экспертизаси лабораторияси.