“Коррупцияга қарши курашиш” бугунги куннинг долзарб мавзусидир

Ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий ҳаётига хавф соладиган, қолаверса, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган иллат коррупциядир. Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг умумий стратегиясини амалга ошириш доирасида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва бунда коррупция жиноятига қарши курашиш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида қисқа давр ичида мамлакатда қонунийлик ва
ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари шакллантирилди, коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизими яратилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йили Бирлашган Миллатлар
Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига (2003 йил 31 октябрь, Нью-Йорк), шунингдек, 2010 йили Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракат режасига (2003 йил 10 сентябрь, Истанбул) қўшилиши коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим қадам бўлди.

Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан боғлиқ
ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, Бюджет, Божхона кодекслари
(янги таҳрирда), «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.

Коррупция ва уни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда профилактика қилиш мақсадида иқтисодиётни эркинлаштириш, ишчанлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш, маъмурий тўсиқларни бартараф этиш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, давлат харидлари механизмини такомиллаштириш, давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлашга оид бир қатор
чора-тадбирлар амалга оширилди.

Мазкур чора-тадбирларнинг янги ва янада самарали тизимини яратиш, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев­нинг ташаббуси билан 2016 йил 14 октябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган ва 24 ноябрда қуйи палата томонидан қабул қилинган ҳамда Олий Мажлис Сенатининг 8-сессиясида маъқулланган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тўлиқ қонуний тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳу­қуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига тоқат қилмаслик муҳитини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Қонунда коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳамда бу борадаги давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилган.

Қонун фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг қўшимча ҳуқуқий кафолатларини яратади, хусусий мулк ҳуқуқига ғайриқонуний тажовузларни, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашга кўмаклашади.

Қонун 6 та боб, 34 та моддадан иборат бўлиб, унда коррупция; коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик; манфаатлар тўқнашуви атамалари асосий тушунчалар сифатида берилган.

Қонунда «коррупция» тушунчаси «шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеи­дан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш» дея таърифланган.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари сифатида Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти белгиланган. Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органла­ри ҳам амалга оширади.

Қонунга «Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш» деб номланган алоҳида бобнинг киритилгани бежиз эмас. Чунки аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтирмасдан туриб, унга қарши курашиш самарадорлигини таъминлаб бўлмайди.

Ушбу қонунда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида учраши мумкин бўлган коррупцияга оид жиноятларнинг олдини олиш ва уларга
қарши курашиш самарадорлигини ошириш учун зарур барча
тартиб-тамойиллар ҳамда уларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бу эса мамлакатимизда ислоҳотларнинг янги даври бошлангани ва бунда коррупцияга қарши курашиш давлатнинг устувор вазифаси эканидан далолатдир.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан иш­лаб чиқилган 2017–2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да уш­бу стратегияни амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ, амалдаги қонунчиликни «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун нормаларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини, шунингдек, янги қонун нормалари ижро этилишининг самарали механизмлари жорий этилишига, республика идоралараро комиссияси ишини ташкил этишга ҳамда бу йўналишда аниқ чора-тадбирларни белгилаб берувчи тизимли дастур амалга оширилишига имкон берувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш режалаштирилмоқда. Албатта, ушбу қонун ҳужжатла­рининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши юқорида қайд этилган қонун ижросини самарали таъминлаш имконини беради.

Ушбу қабул қилинган, «Коррупцияга қар­ши курашиш тўғрисида»ги қонун бу турдаги жиноятларнинг олдини олиш ва мамла­катимизда олиб борилаётган ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этишда юксак аҳамиятга эга бўлган муҳим қадам деб ўйлайман.

 

Ғ. Эломанов

Skip to content