Ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораторияси тарихи 1951 йилдан бошланиб, у СССР Министрлар Кенгашининг 1950 йил 30 декабрдаги фармойишига мувофиқ ташкил этилган. Тошкент илмий-тадқиқот криминалистика лабораториясининг биринчи мудири лаборатория базасини ташкил этишга катта ҳисса қўшган М.Умаровдир. 1953 йилдан 1956 йилгача лаборатория ишларига В.У.Умаров раҳбарлик қилди, 1956 йилдан 1958 йилгача лабораторияни Б.И.Пинхасов бошқарди. 1980 йилдан бошлаб ҳужжатлар суд-техник экспертизаси ва суд-хатшунослик экспертизаси бўлинмалари ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораториясига бирлаштирилди ва ҳозирги кунда унда хатшунослик ва техник-криминалистик экспертизалар бажарилмоқда.
Ҳозирги кунда Ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораторияси Ўзбекистон суд-экспертлик тизимининг етакчи бўлинмаларидан биридир. Лаборатория ходимлари экспертлик амалий фаолияти билан бир қаторда дастхат ва имзони, шунингдек ҳужжатлар материалларини ва реквизитларини тадқиқот қилишнинг янги услубларини ўзлаштирмоқдалар ва тадбиқ этмоқдалар. Лаборатория ташкил этилгандан бери лаборатория криминалистлари томонидан битта докторлик ва ўнта номзодлик диссертациялари ёзилди ва муваффақиятли ҳимоя қилинди.
СУД-ХАТШУНОСЛИК ЭКСПРЕТИЗАСИ.
Дастхат ва имзо суд-хатшунослик экспертизаси тадқиқотининг объектлари бўлиб, экспертизанинг асосий ҳал қилувчи масалалари эса қуйидагилардир:
Идентификацион масалалар:
- қўлёзма матннинг бажарувчисини аниқлаш;
- имзоларнинг ҳақиқийлиги ёки ҳақиқий эмаслигини аниқлаш;
- ҳақиқий бўлмаган имзонинг бажарувчисини аниқлаш.
Диагностик масалалар:
- атайлаб ўзгартирилган дастхатни аниқлаш;
- қўлёзма матнлар ва имзолар бажарувчисининг одатдаги ёки одатдан ташқари (тақлидан, атайлаб ўзгартирилган, алкоголь мастлик, стресс ва бошқа) ҳолатини аниқлаш;
- ёзувнинг одатдан ташқари шароитда (ёмон об-ҳаво шароитида, гавданинг одатдан ташқари вазиятида, ҳаракатланаётган автотранспортда ва бошқа.) бажарилганини аниқлаш;
Классификацион масалалар:
- қўлёзма матн бажарувчисининг жинсини ва ёшини аниқлаш.