Суд-иқтисодий экспертизасини тайинлаш асослари ва экспертиза тадқиқотларини амалга ошириш шартлари

Мамлакатнинг иқтисодий соҳасида юз бераётган туб ўзгаришлар, иқтисодий соҳадаги жиноят турларининг ҳам кўпайишига, ҳамда жиноий фаолиятнинг фаоллашиши билан боғлиқ муайян ўзгаришлар билан биргаликда кузатилади. Шу билан бирга, янги иқтисодий шароит ва қонунчиликдаги  янгиликлар, ҳамда кишиларнинг бу ўзгаришларга тайёр эмаслиги, масъул шахслардаги қатъиятсизлик ва нопок мақсадларнинг мавжудлиги иқтисодий соҳада ҳам янги турдаги ҳуқуқбузарликларнинг  келиб чиқишига олиб келади. Бундай хуқуқбузарликлар солиқ, молия ва банк соҳасида ҳам содир этилиши мумкин. Айрим ҳолларда суд-тергов идоралари бу турдаги ҳуқуқбузарликлар билан самарали курашишга тайёр бўлмай қолади. Суд-иқтисодий экспертлик тадқиқотлари ва суд-тергов амалиётининг таҳлили иқтисодий соҳадаги ҳуқуқбузарликларни содир этилишига хос белги ва усулларини аниқлашга имкон беради.

Суд-иқтисодий экспертизаси ҳам бошқа турдаги суд экспертизалари каби суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судьянинг қарори ва суднинг ажрими асосида тайинланади ва суд-иқтисодий эксперти мутахассислигига эга бўлган шахс томонидан бажарилади. Шунингдек, иқтисодий соҳада мутахассис тадқиқотлари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ тўловли асосда ҳам ўтказилиши мумкин.

Суд-иқтисодий экспертизаси суд-криминалистик ва суд-биологик экспертизалардан фарқли ўлароқ, ижтимоий жамиятда ва айнан ҳозирги пайтда амалда бўлган қонунлар ва қонун ости ҳужжатларига таянилган ҳолда бажарилади. Бунга мисол, Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуни, Солиқ кодекси, Бюджет кодекси ва бошқа шу каби қонун ва қонуности ҳужжатларини мисол қилиб келтириш мумкин. Бу қонунлар ва қонуности ҳужжатлари асосида экспертиза тадқиқотлари олиб борилаётган муайян даврда Ўзбекистон Республикасида маълум бир соҳа ёки корхоналар учун имтиёзли кредитлар ва бюджет преференцияларидан фойдаланиш тартибини, солиқ тўловлари бўйича имтиёзлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини, уларни қўллашнинг аниқ тартиби ва муддатларининг белгилаб қўйилганлиги билан муҳим ҳисобланади.

Лекин иқтисодиёт соҳаларидаги туб ўзгаришларнинг юз бериши ва хусусийлаштириш жараёнининг чуқурлашиб бориши жараёнида жамиятда иқтисодий жиноятларнинг сони ҳамда турларининг кўпайиши кузатилмоқда.

Суд иқтисодий экспертизасининг вазифаси – бухгалтерия ҳисобини юритиш қоидаларининг бузилиши, камомад ва ортиқчаликлар мавжудлигини яшириш, даромад ва харажатлар ҳисобини нотўғри юритиш, даромад ва солиқ тўловларини камайтириб кўрсатиш, иш ҳақини ҳисоблаш ва тўлаш тартибини бузиш ҳолатларининг мавжудлигига, шунингдек текшириш далолатномаларининг асослилигига аниқлик киритишдан иборат.

Суд-иқтисодий экспертлик амалиётининг статистик маълумотларидан келиб чиқиб таҳлил қилинадиган бўлса, солиқ ва банк соҳасидаги жиноятлар нафақат жиноят судлов ишлари амалиётига, балки фуқаролик ва хўжалик судлов ишлари амалиётига ҳам хос эканлиги маълум бўлади. Бунга сўнгги йиллар мобайнида Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг Сирдарё вилоят бўлимига келиб тушган солиқ тўловлари ва банк операцияларини амалга оширишдаги ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ жиноий, фуқаролик ва хўжалик ишлари гувоҳлик беради.

Банк соҳасида содир этилган хуқуқбузарликлар бўйича ўтказиладиган суд-иқтисодий экспертлик тадқиқоти объектлари пул-кредит фаолияти соҳасидаги жиноятлар, яъни банк иштирокида ноқонуний пул маблағларини “нақдлаштириш” ва бюджет ҳамда бюджетдан ташқари фондларга солиқ тўловларини ўтказмаслик билан боғлиқ жиноятлар ҳисобланади.

 Бугунги кунда Ўзбекистоннинг банк ва солиқ соҳаларида электрон воситаларидан (компьютер, телекоммуникация тизимлари, кредит ва пластик карточкалари и ҳ.к.), яъни барча молиявий тузилмалар компьютер тармоқлари ҳисобларидан фойдаланишга ўтиш билан боғлиқ бўлган жиноятларни кенг тарқалиши ўткир муаммо бўлмоқда. Келинг аввало биз банк соҳасида содир этилаётган хуқуқбузарликлар ва уларни содир этиш механизмлари ҳақида фикрлашайлик.

Суд-иқтисодий экспертизаси тадқиқотларига келиб тушган жиноий, иқтисодий ва фуқаролик иши ҳужжатларидан келиб чиқиб шундай хулосага келиш мумкинки, сўнгги пайтларда фуқаролар, тадбиркорлар давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарлари томонидан ноқонуний йўл билан кредит олишни назарда тутадиган хуқуқбузарлик турлари кўпайиб бормоқда. Бундай ҳолда жиноятнинг бевосита объекти бўлиб кредит-молия ташкилотининг кредит фаолияти ҳаракатини бошқарувчи муносабатлар ҳисобланади. Яъни банк ноқонуний йўл билан кредит ажратилишида ва ажратилган кредит маблағларининг мақсадсиз сарфланишида асосий айбдор бўлиб қолади. Чунки маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши бу маблағларнинг ўз вақтида қайтарилмаслигини келтириб чиқариш билан бирга, тадбиркорлик субъектлари ёки фуқаролар томонидан давлат бюджетига тегишли солиқларни ўз вақтида тўланмаслиги ёки солиқ тўлашдан бўйин товлаш каби жиноятларнинг содир этилишига олиб келиши мумкин.

Хўш, суд-иқтисодий экспертизаси банк томонидан йўл қўйилган хуқуқбузарлик ҳолатларини қандай йўл билан аниқлайди ва буни қандай қилиб исботлаб бера олади. Буни қуйидаги мисол асосида тушунтиришга ҳаракат қиламиз.

Пулларни ноқонуний  “нақдлаштириш” негизига қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш киради. Пул маблағларини ноқонуний “нақдлаштириш”нинг кенг тарқалган усули соҳта келишувни амалга ошириш ҳисобланади. Бундай келишувнинг предмети аслида ижро этилмайдиган ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш ёки буюртмачига  товар-моддий заҳираларни етказиб бериш мажбуриятларини амалга оширишдир.

Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, кўп ҳолларда ноқонуний “нақдлаштириш” учун “бир кунлик фирмаларни” банкларнинг виждонсиз ходимлари ёки раҳбарларининг ўзлари тақдим қилади. “Нақдлаштириш” учун хўжалик субъекти “бир кунлик фирма” билан шартнома тузади ва шунга биноан “бир кунлик фирма” ҳақиқатда мавжуд бўлмаган товарларни “ёлғондан етказади” ёки фақатгина қоғозда мавжуд бўлган ҳар хил хизматларни кўрсатади. “Бир кунлик фирма”нинг ҳисоб рақамига  хўжалик субъектидан ўтказилган маблағлар банкда олдиндан келишилган фоиз чегирилган ҳолда чек ёрдамида ечилади ва хўжалик субъекти менеджерига ёки раҳбарига берилади. Аксарият ҳолларда “бир кунлик фирмалар”дан бир неча ой фойдаланилади, сўнг эса ташкилотчи томонидан тугатилади ёки шунчаки уларни “ташлашади”. Кўпинча бундай фирмаларнинг номигагина эгалари ва раҳбарлари бўлиб алкоголга ёки гиёҳвандликка ружу қўйган, гўл шахслар, шунчаки янглиштирилган фуқаролар, баъзида ақли заифлар жалб қилинади. Инсофсиз банклардан бирининг  раҳбари лавозимига ёвуз ниятли кимсалар томонидан руҳий касаллик билан оғриганлигини тасдиқловчи гувоҳномаси бор киши жойлаб қўйилган ҳолат ҳам бўлган.

Сўнгги йиллардаги экспертлик амалиёти шуни кўрсатадики, республикада аста-секин янги турдаги – тўлов терминаллари орқали “нақдлаштириш” вужудга келмоқда. “Бир кунлик фирманинг” ҳисоб рақамидан пул ўтказиш йўли билан тўлов терминалларига хизмат кўрсатувчи фирманинг ҳисоб рақамига ўтказилади ва ўз навбатида шу фирма бозор операторларига (олдиндан келишилган фоизни чегирган ҳолда) таққосланган аҳолидан тўлов терминаллари орқали йиғиб олинган нақд пулларни беради.

Шу билан бирга пулларни “нақдлаштириш” солиқ тўлашдан қочиш ва иш ҳақи тўлашда фойдаланилади. Гап шундаки, кўп ҳолларда маблағларни харажатларнинг бошқа бирон-бир моддасидан ўтказиб  нақдлаб, иш ҳақини ягона ижтимоий тўлов ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўламасдан иш ҳақини ўзини “конверт”ларда берган фойдалироқ.

Пул маблағларини ноқонуний “нақдлаштириш” ва “легаллаштириш” билан боғлиқ бўлган саволларга жавоб беришда, экспертлар, биринчи бўлиб, контрагентларга пул маблағларини ўтказиш келишилган шартномаларни тадқиқот қилишдан бошлайди. Бироқ, аксарият ҳолларда ҳисоб рақамда пул маблағларининг ҳаракати юзасидан тузилган шартномалар мавжуд бўлмайди. Масалан,  “В” МЧЖнинг 2020 йил 10 июнда 63.553.000,0 сўмлик товари учун шартномасиз тўлов амалга оширилган. Шунингдек, “С” МЧЖ, “А” МЧЖ билан шартномалар ҳам мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикаси “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ хўжалик операцияларининг бухгалтерия ҳисоби учун операциялар амалга оширилганлигини қайд этувчи бошланғич ҳисоб ҳужжатлари ва уларни ўтказишга доир фармойишлар асос бўлади. Бошланғич ҳисоб ҳужжатлари хўжалик операциялари амалга оширилаётган вақтда ёки операциялар амалга ошириб бўлинганидан кейин тузилади.

Бошқача қилиб айтганда, ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган барча  хўжалик операциялар исботловчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилиши керак. Тасдиқловчи ҳужжатларсиз олинган пул маблағлари тергов идоралари томонидан беминнат олинган, тўланган пул маблағлари эса – тегишли солиққа тортиш билан беминнат берилган  деб кўрилиши мумкин.

Банк соҳасида содир этиладиган хуқубузарликлардан яна бир тури бу  Бюджет ва бюджетдан ташқари фондларга солиқ тўловларини ўтказилмасликлар билан боғлиқ жиноятлардир.

Банклар томонидан мижозларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари фондларга солиқ ва бошқа тўловларни ўтказилмаслик ва пул маблағларини талон-торож қилиш муаммосини алоҳида кўриб чиқиш лозим. Шунингдек, тижорат банклари ҳисоб рақамларида бюджет маблағларини кечиктириш ҳолатлари учрамоқда. Бу эса банкларнинг маблағларни олувчилар билан тил бириктириб катта маблағга эга бўлиш имконини беради. Шундай қилиб, банк ходимлари томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш банк жиноятларини содир этишнинг асосий шароитларидан бири ҳисобланади.

Бундай турдаги жиноятлар корреспондент ҳисоб рақамларида пул  маблағлари мавжуд бўлмаган “муаммоли” банкларга тўлов топшириқномаларини топширишга асосланади.

Мисол тариқасида, СҚБда давлат бюджетига қарздорликни сўндириш учун мўлжалланган 73,8 млн.сўм миқдоридаги пул маблағларни талон-торож  қилинганлиги бўйича банк муассасаси раҳбарига нисбатан қўзғатилган жиноий иш тергов қилинди. Банк мижози – солиқ тўловчи бўлиб,  ўз ҳисоб рақамида пул маблағлари бўла туриб тегишли равишда тўлов топшириқномаларини расмийлаштирган ҳолда бюджетга солиқ тўловларини ўтказди. Банкнинг ҳисоб рақами кўчирмасига биноан мазкур солиқ тўловчининг ҳисоб рақамига хизмат кўрсатувчи банк томонидан солиқ тўловчининг ҳисоб рақамидан пул маблағларини кўчириб олиб, ўзининг корреспондент ҳисоб рақамидан олувчининг ҳисоб рақамига ўтказмаган.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан тайинланаётган суд-иқтисодий экспертизаларида экспертларга кўпгина ҳолатларда корхонанинг ссудани қоплаш бўйича банк олдидаги қарзини аниқлаш, кредит шартномасининг ссуда бўйича фоизларни қоплаш қисми меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш вазифаси юклатилмоқда.

Мазкур турдаги экспертизаларни бажариш давомида банк муассасалари фаолиятида қуйидаги камчиликларнинг мавжудлиги банк хизматчилари томонидан жиноят содир этилишига шароит яратганлиги аниқланмоқда:

– кредит шартномаси шартларида кредит турлари бўйича  (асосий қарзни қайтариш ҳисобига, кредитдан фойдаланганлик учун фоизларни қайтариш ҳисобига, муддати ўтган асосий қарз ҳисобига,  тўлов муддати ўтган қарзларни ҳисобига) тўловларни тўлаш навбати йўқлиги;

– банк томонидан кредит маблағларини мақсадли ишлатилиши устидан назоратнинг йўқлиги;

– томонлар  ўртасида кредит маблағлари бўйича кредитлар қайтарилашининг ижобий истиқболларини аниқлаш мақсадида ўзаро ҳисоб-китоб бўйича солиштирув далолатномаси тузилмаслиги;

– банклар томонидан кредит шартномаси ва кредит тўловларини тўлаш жадвалига мувофиқ кредит ва асосий қарз бўйича фоизлар ҳисобланишининг  қатъий ҳисобга олинмаганлиги;

– банк муассасаларининг мансабдор шахслари томонидан кредит шартномалари шартларининг тўғри ва ўз вақтида бажарилиши устидан тизимли мониторинг олиб борилмаслиги;

– банк хизматчилари томонидан фуқароларнинг нақд пул жамғармаларини қайтарилиши таъминланмасдан ўз эҳтиёжлари учун ишлатилиши.

Барча юқорида қайд этилганлардан кўринадики, нафақат корхоналар (ташкилотлар) томонидан, балки банк хизматчилари томонидан ҳам Ўзбекистон Республикасида банк фаолияти билан боғлиқ меъёрий ҳужжатлар талаблари бажарилмайди, шу жумладан кредитларни, фуқароларнинг жамғармаларини қайтариш. Бу эса банк хизматчиларининг ўз ишини яхши билмаслиги, ёки ноқонуний даромад олиш мақсадида, била туриб қасддан ҳаракат қилганлигидан гувоҳлик беради ва оқибатда жамғарма маблағлари қайтарилмаслиги, банк даромадига зарар келтирилиши, олинган жамғарма маблағлари бошқа эҳтиёжларга сарфланишига олиб келади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 22.12.2006  йил 13/150-сон қарорида (кейинги ўринларда – Қарор) судларнинг эътибори кредит шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар ижросини таъминлаш усули ҳисобланган кафиллик, гаров шартномалари ва кафолатдаги тарафлар ҳамда учинчи шахслар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (кейинги ўринларда – ФК), “Гаров тўғрисида”ги, “Гаров реестри тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинишига қаратилган.

Бундан ташқари, Қарорнинг 3-бандига мувофиқ, Банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кейинги ўринларда – кредит ташкилоти) ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномасидан келиб чиқадиган ҳуқуқий муносабат кредит ташкилотининг кейинчалик, келишилган муддатларда, кредит бериш (кредит линиясини очиш) мажбуриятини ва қарз олувчининг олинган кредитни қайтариш ва у бўйича фоизларни тўлаш мажбуриятини ўз ичига олади.

Бунда кредит ташкилотининг қарз олувчига кредит суммасини бериш (ҳисобвараққа ўтказиш) бўйича реал шартномавий мажбуриятлари шартнома тузилган пайтдан бошлаб, қарз олувчининг фоизларни тўлаш, кредитни қайтариш бўйича шартномавий мажбуриятлари эса, агар тарафлар келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, кредит суммаси реал олинган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Шу муносабат билан судлар кредит ташкилотлари ва қарз олувчиларнинг тарафларни кредит шартномасини бажаришга мажбурлаш тўғрисидаги даъволарини кўришда тарафларнинг тузилган ушбу шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келган пайтни инобатга олишлари лозим.

Қарз олувчилар (қарздорлар)нинг кредитларни қайтармаганлик учун кредит ташкилотлари олдидаги жавобгарлиги доирасини аниқлашда судлар қарз таркибига кредитнинг ёки унинг бир қисмининг суммаси, кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар, кредит шартномасида белгиланган ҳажмда бошқа тўловлар (комиссиялар) киришидан келиб чиқишлари зарур. Кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар, кредит ташкилоти томонидан қарз олувчи (қарздор) банкнинг пул маблағларидан амалда фойдаланган бутун даври учун, ҳатто актив (кредит/қарз) ўстирмаслик мақомига ўтказилган тақдирда ҳам, пул мажбуриятларини кечиктириш даврини қўшган ҳолда ҳисобланиши мумкин.

Судлар томонидан кредит суммалари ва фоизларни қайтариш тўғрисидаги даъво қаноатлантирилганда бир вақтнинг ўзида кредит шартномасида назарда тутилган ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган неустойка ҳам ундирилиши мумкин, агар уни ундириш талаб қилинган бўлса. Кредит шартномасида тарафлар томонидан кредитни қайтаришни кечиктирганлик (кредит мажбуриятини бузганлик) учун юқори фоиз тури сифатида белгиланган жавобгарлик узлуксиз жорий санкция (пеня) ҳисобланади.

Бундай ҳолатларда судлар томонидан эксперт ечимига ҳисобланган фоизларнинг тўғри белгиланганлиги ва муайян давр учун тўғри ҳисоб-китоб қилинганлиги, шунингдек ҳисобланган фоизлардан ва қарз суммасидан қанча миқдори тўланганлиги, ҳамда тўланмаган қарздорлик суммасига аниқлик киритиш масаласи қўйилиши мумкин.

Суднинг бошқа шахсларнинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоизларни қарздордан ундириш тўғрисидаги қарори фоизлар ҳисобланган пул суммаси, шунингдек тегишинча даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб ҳисобланган фоизлар суммаси ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак.  Кредит шартномаси шартларининг кредит ташкилоти томонидан бузилганлиги муносабати билан юзага келган зарарни ундириш юзасидан қарз олувчиларнинг даъволари бўйича низоларни кўришда судлар шуни инобатга олишлари лозимки, мажбуриятлар бузилиши оқибатларига: даъвогар томонидан олинмай қолган мулк ва пул маблағлари; кўрилган зарарлар (шу жумладан, бой берилган фойда); даъвогар амалдаги қонун ҳужжатлари ва шартномага мувофиқ умид қилишга ҳақли бўлган бошқа мулкий ҳуқуқлар киритилиши мумкин.

Даъвогарнинг қарзни ва кечиктирилган кунлар учун фоизни ундириш тўғрисидаги даъво аризалари юзасидан ушбу қарз суммасининг кечиктирилган кунлар ҳисоби билан қанча миқдорни ташкил этишини аниқлаш масаласида экспертлар Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 163-сонли қарорининг 8-бандига кўра –“тўланиши лозим бўлган фоизларни ҳисоблашда йилдаги (ойдаги) кунлар 360 (30) кунга тенг деб қабул қилинади” – деб белгиланганлигига асосланишлари лозим бўлади.

 

Сўнгги йилларда кўплаб тадбиркорлик субъектлари томонидан судларга давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган текширишлардаги қонунга зид ҳатти ҳаракатлар, текшириш натижалари бўйича тузилган далолатномаларда бюджетга қўшимча равишда асослантирилмаган солиқларни ҳисоблаш, исботланмаган хуқуқбузарликлар учун молиявий жарималар қўллаш каби ҳолатлар юзасидан даъво аризалари киритилмоқда. Мазкур ҳолатларда судлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг даъво аризасида баён қилинган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида суд-иқтисодий экспертизаси тайинланади.

Тайинланган суд-иқтисодий экспертизаси тадқиқотлари жараёнида шу нарса маълум бўлмоқдаки, давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг айримлари камерал ва сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудитини ўтказиш тартибини, ҳамда текширишлар натижалари бўйича далолатномаларни расмийлаштириш тартибини яхши билмаслиги, солиқ кодекси талабларини Ўзбекистон Республикасининг “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонуни талабларини бузмаган ҳолда қўллаш тажрибаларига эга бўлмаганликлари оқибатида асоссиз қўшимча солиқларни ҳисоблаш ва молиявий жарималарни қўллаш ҳолатлари учраб турибди.

Суд-иқтисодий экспертлари зиммасида кўпгина ҳолатларда тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқатда давлат бюджетига тегишли солиқларни тўлиқ ҳисобланмаганлигини, ўз вақтида ўтказиб берилмаганлигини исботини баён қилиб бериш учун бирламчи бухгалтерия ҳужжатларини ўрганиб чиқиш, таҳлил ва текширувлар ўтказиши талаб этилади. Давлат суд эксперти ҳужжатли тафтиш далолатномаларининг асослилиги юзасидан олиб бориладиган экспертиза тадқиқотларида биринчи навбатда давлат солиқ органи ходимининг солиқ текширувини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси солиқ кодексида ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сонли қарорининг 2-иловаси билан тасдиқланган “Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига риоя этилганлигига эътибор қаратишлари лозим бўлади.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 26-моддасида солиқ органларининг хуқуқлари белгиланган бўлиб, ушбу кодекс билан белгиланган хуқуқлар асосида солиқ органлари қуйидагиларга ҳақли ҳисобланади:

солиқ тўловчилардан ва учинчи шахслардан солиқларни ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни (ахборотни), шу жумладан электрон тарзда тақдим этишини талаб қилиш;

ушбу Кодексда белгиланган тартибда солиқ текширувлари ва бошқа солиқ назорати тадбирларини ўтказиш;

ҳудудни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ва бошқа биноларни, шу жумладан солиқ тўловчи даромад олиш учун фойдаланадиган ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларни кўздан кечириш;

мол-мулкни инвентаризация қилиш ва бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматларнинг назорат ўлчовларини ўтказиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кассани ва товар-моддий бойликлар ҳамда ҳужжатлар сақланадиган жойларни икки кундан ортиқ бўлмаган муддатга, икки кундан ортиқ муддатга эса, суд қарори бўйича муҳрлаш;

солиқларни ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ ҳужжатларни ва электрон ахборот жисмларини олиб қўйиш;

фото- ва видеотасвирга тушириш, тушунтиришлар ҳамда бошқа маълумотларни олиш;

таржимонни, экспертни жалб этиш ва экспертиза тайинлаш;

солиқ тўловчи ҳисоб ҳужжатларини йўқотган ёки йўқ қилган ҳолларда солиқ тўловчи тўғрисидаги ўзида мавжуд ахборот, шунингдек бошқа шу каби солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотлар асосида солиқлар суммасини ҳисоб-китоб орқали мустақил равишда аниқлаш;

ўзаро келишув асосида солиқ мониторингида иштирок этаётган солиқ тўловчи томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, солиқларни ҳисоблаб чиқаришнинг тўғрилиги, тўлиқлиги ва ўз вақтида тўланиши юзасидан солиқ мониторингини ўтказиш;

солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўриш;

солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва молиявий санкциялар қўллаш;

солиқ ҳуқуқбузарликларининг аниқланган ҳолатлари бўйича товар-моддий бойликларни белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказиш. Юридик шахс бўлган солиқ тўловчилар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг товар-моддий бойликларини давлат даромадига ўтказиш суд тартибида амалга оширилади;

солиқ тўловчиларга нисбатан улар томонидан ноқонуний олинган маблағларни давлат даромадига ундириш тўғрисида судларга даъволар киритиш;

ҳужжатларнинг давлат тилига таржима қилинишини талаб қилиш;

солиқ тўловчиларни ва солиқ агентларини ёзма билдириш асосида солиқ органларига улар томонидан солиқларни тўлаш (ушлаб қолиш ва ўтказиш) юзасидан ёки солиқ текшируви билан боғлиқ равишда, шунингдек улар томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилиши билан боғлиқ бошқа ҳолларда тушунтиришлар беришга чақириш;

ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда солиқ тўловчининг ёки солиқ агентининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ва уларнинг мол-мулкини хатлаб қўйиш;

солиқ тўловчилар ва уларнинг вакилларидан, солиқ агентларидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини бартараф этишни талаб қилиш ҳамда ушбу талабларнинг бажарилишини назорат қилиш;

ушбу Кодексда белгиланган мажбуриятларнинг банклар томонидан бажарилишини назорат қилиш.

Солиқ органлари қонунга мувофиқ бошқа ҳуқуқларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Солиқ кодексининг 27-моддаси билан солиқ органларининг мажбуриятлари белгиланган бўлиб, ушбу мажбуриятлар қуйидагилардан иборат:

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиши;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ҳамда ўз вақтида тўланиши устидан назоратни амалга ошириши;

солиқ тўловчилар, солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар, ҳисобланган ва тўланган солиқлар тўлиқ ва ўз вақтида ҳисобга олинишини таъминлаши;

солиқ текширувларини ўтказишда солиқ тўловчиларга уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида маълумот бериши, шунингдек ўтказилган текширишлар натижалари тўғрисида хабардор қилиши;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида ўз вақтида эълон қилиши;

солиқ тўловчиларга солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ижро этишида ёрдам бериши, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини ва солиқ имтиёзларини қўллаш тартибини тушунтириши;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактларини таҳлил қилиши ва баҳолаши, солиққа оид ҳуқуқбузарликларга олиб келадиган сабаблар ва шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги таклифларни тегишли давлат органларига киритиши;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда солиққа оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга доир узоқ муддатли ва жорий дастурларни ишлаб чиқиши ҳамда амалга ошириши;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисидаги аризаларни, хабарларни ва бошқа ахборотни ўрганиши;

давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни реализация қилишдан пул маблағларининг тўлиқ ва ўз вақтида тушишини назорат қилиши;

масалани ҳал этиш солиқ органлари ваколатлари доирасига кирмайдиган ҳолларда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши фактлари бўйича материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириши;

ўз ваколатлари доирасида валюта ва экспорт-импорт операцияларини амалга оширишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши устидан назорат қилиши;

солиқ сирига риоя этиши ва унинг сақланишини таъминлаши;

солиқ тўловчининг талабига биноан солиқларни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятининг бажарилиши юзасидан солиштирма далолатнома тузиши;

ушбу Кодексга мувофиқ солиқ қарзи суммасини сўзсиз ундириши;

юридик ва жисмоний шахсларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларини ҳисобга олиши, уларга солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамини бериши ҳамда бу ҳақда статистика ва рўйхатдан ўтказувчи органларга расмий равишда маълум қилиши;

солиқ тўловчининг талабига биноан унинг солиқ органларида ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи маълумотномани бериши;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ёзма тушунтиришларига амал қилиши шарт.

Солиқ органларининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Тергов ва суд органлари томонидан давлат бюджетига тегишли солиқ тўловларини ўз вақтида ёки тўлиқ тўламаслик, солиқ ва мажбурий тўловларни яшириш ҳолатлари юзасидан ўтказилган текшириш далолатномаларининг асослилиги юзасидан тайинланган экспертизалар ҳозирги кунда бажарилаётган экспертиза тадқиқотларининг асосий қисмини ташкил этади. 2020 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг кучга кириши, ҳамда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида алоҳида рўйхатдан ўтказиш тартиби амалга киритилиши ҳамда счет-фактураларнинг солиқ органлари электрон базасида мажбурий тартибда жойлаштириш амалиётининг жорий этилиши айрим нопок тадбиркорлар олдида жуда муаммоли вазиятларни юзага келтириб қўйди.

Шунинг билан биргаликда Давлат солиқ хизмати органлари олдида ҳам муҳим масъулият юзага келди. Бу ҳам бўлса счет-фактуралар бўйича электрон базанинг тўлиқ ва ўз вақтида юритилишини таъминлаб бориш. Виждонли солиқ тўловчилар билан нопок солиқ тўловчиларни тўғри ажрата олиш ва улар ўртасида юзага келадиган хўжалик операциялари жараёнида виждонли солиқ тўловчиларнинг асоссиз зарар кўришининг олдини олишдан иборат бўлиши зарур.

Бир сўз билан айтганда, суд-иқтисодий экспертизаси тадқиқотлари тадбиркорларнинг хуқуқ ва эркинликларини поймол бўлишининг олдини олишга қаратилган, ҳамда холисона ва объектив  хулосалар берилишига қаратилган бўлиши лозим.

 

Х.Сулаймонова номидаги Республика

Суд экспертизаси марказининг Сирдарё

вилоят бўлими давлат суд эксперти                                            А.А.Норбаев

Skip to content