1

Гиёхвандликнинг ёшларга таъсири

Кейинги йилларда гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилиш даражаси 8 фоизга ошганлик тўғрисидаги БМТ маълумоти дунё хамжамиятини янада хушёрликка ундайди. Яна бир ачинарли томони, дунёга келаётган ногирон болаларнинг ҳар учдан иккиси гиёҳвандикнинг машъум асоратидир.

Пойтахтимизда ногирон болаларга мўлжалланган махсус мурувват уйида ўз тенгдошларидан фарқли ўлароқ, болалик бахтидан, шодлигидан ва шўхликларидан мосуво болалар тарбияланадилар. Уларнинг нафақат жисми, кўнгиллари ҳам мажрух. Маъсума кўзлар гўё бизнинг гуноҳимиз нима, дея катталарни сўроққа тутаётгандек боқади.

Айрим кимсалар, айниқса ёшлар “дўст”ларининг қутқуси билан, охирини ўйламай захриқотил домига тушиб қолаётганлиги ачинарли. Улар бу енгил хатти харакатлари билан нафақат ўзларининг, балки ота-оналари, фарзандлари ва яқин кишиларининг ҳаётини дўзахга айлантиришини ўйлаб ҳам кўрмайдилар.

Таъкидлаш жоизки, гиёҳвандлик ва гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларининг олдини олиш мақсадида давлатимиз томонидан мустаҳкам хуқуқий асослар яратилган. Хусусан, 1999 йил 19 августдаги “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисидаги Қонунга мувофиқ гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ташиб кириш, худуддан ўтказиш, сақлаш, сотиш, тарқатиш, тақсимлаш, сотиб олиш, кўчириш, жўнатиш, тайёрлаш, ишлаб чиқариш, ясаш, психотроп моддалар ва прекурсорлардан фойдаланиш, ҳамда таркибида гиёҳванди бор ўсимликларни етиштириш каби холатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Эътироф этиш ўринлики, бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар истеъмол қилинишига  қарши кураш, уларнинг зарарли оқибатларининг олдини олиш борасида кенг қамровли ишлар натижасида, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар сони тобора камайиб бормоқда.

Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги наркотик моддаларни назорат қилиш Миллий ахборот ва таҳлил маркази томонидан 2011 йил натижалари бўйича келтирилган маълумотларда наркомания касалликлари билан биринчи марта оғриётган кишилар сони кўрсаткичлари даражасининг тушганлиги қайд этилган (7,6 дан 6,1 га) ва Республиканинг наркологик муассасаларида диспансер рўйхатида турган гиёҳвандлик билан боғлиқ касаллар сонининг 2010 йилга нисбатан камайганлиги кузатилади. Республика бўйича наркомания билан боғлиқ аниқланган ва диспансер рўйҳатига олинган  касаллар сонининг камайганлиги, шу билан бирга, уларнинг 81 фоизига (олдинги 83 фоиз ўрнига) наркомания ташхиси биринчи марта қўйилган.

Бугунда хориж давлатларидан мамлакатимизга бир қанча гиёҳвандлик воситалари қонунга хилоф равишда кириб келиши кузатилмоқда. Жумладан, «Спайс» (Spice K2) – чекиш аралашмаларининг номларидан бири бўлиб, у муомалага марихуанага ўхшаш таъсир этувчи психоактив таъсирга эга бўлган кимёвий воситаси бўлиб, шимдирилган хашак ва ўт кўринишда чиқарилади. 2008 йилда мазкур аралашмаларнинг таъсир этувчи таркибий қисмини тетрагидроканнабинолнинг синтетик аналоглари ташкил этилиши аниқланиб, ҳозирда улар Россия, АҚШ ва Европа Иттифоқининг кўп давлатларида ман этилган.

Чекиш аралашмалари (спайс)

Дезоморфин («крокодил») таркибида кодеин мавжуд бўлган препаратлар, бензин, йод, маиший аралашмалар (растворитель), фосфорлар аралаштирилиб, металларни тайёрлашда ишлатиладиган кучли заҳарли моддалар ишлатилиши билан тез орада (бир неча ойда) ўлим келтириб чиқариши билан хавфлидир.

Шунингдек, мамлакатимизда таркибида психофаол моддалар бўлган дори воситалари тарқалган бўлиб, гиёҳванд воситаларни истеъмол қилувчиларнинг бир қисми дори воситаларини нотиббий равишда истеъмол қилишга ўтмоқда. Бундай дори воситаларига «Трамадол», «Лирика», «Липре» ва бошқа шуларга ўхшаш дори-дармонлар киради.

Гиёҳвандликка қарши кураш борасида тегишли тадбирлар ва чоралар кўрилиб ижобий натижаларга эришилганлигига қарамасдан бу муаммо ҳамон долзарблигича қолмоқда. Гиёҳванд воситалар ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар даражаси ҳам хотиржам бўлишимиз учун асос бўлолмайди. Гиёҳвандлик ва унга қарши кураш масаласи жахон миқёсида катта муаммо бўлиб турибди. Бу ижтимоий касалликка қарши комплекс равишда чоралар кўрилаётганлиги, унга қарши фан ва техниканинг энг янги ютуқларидан фойдаланилаётганлигига қарамасдан кўзланган мақсадга эришиш қийин кечмоқда. Гиёҳванд воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятларга қарши курашиш, нафақат ваколатли давлат органларининг, балки барча фуқароларнинг бурчи бўлишини тақозо этади. Айниқса гиёҳванд воситалари билан боғлиқ жиноятлар вояга етмаганлар ўртасида кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилган хатти харакатларимизни бир зумга ҳам сусайтирмаслигимиз лозим.

МАБКЭ лабораторияси бош эксперти,

фармацевтика фанлари номзоди                                   Н.Ш.Халилова

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .