Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси биносида Академиянинг профессор-ўқитувчилари ва кундузги таълим 3 ва 2-босқич курсантлари учун машғулот ўтказилди

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари ходимларининг суд экспертиза соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишда ИИВ Академияси билан ҳамкорлик қилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 5 ва 10 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси биносида Академиянинг профессор-ўқитувчилари ва кундузги таълим 3 ва 2-босқич курсантлари учун машғулот ўтказилди.

Ушбу тадбирларда, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Ҳужжатлар  криминалистик экспертизаси лабораторияси етакчи эксперти Назира Ильясова ва эксперт Фазлиддин Исомиддинов “Имзо муаллифини идентификация қилиш методикаси” ҳамда “Босма (типографик) қурилмалар ёрдамида тайёрланган ҳужжатларнинг тадқиқотлари” мавзуларида амалий машғулот доирасида маъруза билан иштирок этишди.

Маърузачилар мавзуларнинг аҳамияти ва долзарблиги, имзоларни қалбакилаштириш билан ҳамда босма қурилмалар ёрдамида тайёрланган ҳужжатлар билан боғлиқ содир этиладиган жиноятларни очишда ва тергов қилишда хатшунослик ва ҳужжатларни техник-криминалистик экспертизасининг имкониятлари, бу борада амалиётда эришилаётган ютуқлар ҳақида гапириб ўтди.

Мунозара давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “Суд экспертиза фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, ундаги вазифалар ижроси ва эксперт-криминалистика фаолиятини янада такомиллаштириш борасида таклифлар билдирилди.