Ўқув маркази Низоми

 Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг

Ўқув маркази тўғрисида

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) ўқув маркази Марказнинг таркибий бўлими ҳисобланади.

2. Ўқув маркази Марказнинг Адлия вазирлиги тизимидаги суд-экспертларини малакаси ва ҳуқуқий билимларини ошириш, шунингдек бошқа суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқув жараёнини ташкил қилиш фаолиятига услубий раҳбарликни амалга оширади.

3. Ўқув маркази ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг буйруқлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Адлия вазирлиги ҳайъатининг қарорлари, Адлия вазирининг буйруқлари, фармойишлари, Марказ тўғрисидаги низом, Марказ директорининг буйруқлари, фармойишлари, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.

 

II. Ўқув марказининг вазифалари ва функциялари

4. Қуйидагилар ўқув марказининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:

суд экспертизаси соҳасига оид махсус ва ҳуқуқий фанлар, экспертлик амалиёти, меҳнат ва бошқарувни илмий ташкил этишнинг энг янги ютуқларини ўргатиш мақсадида Адлия вазирлиги тизимидаги суд экспертларини малакаси ва ҳуқуқий билимларини ошириш, шунингдек бошқа суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқув жараёнинини ташкил қилиш;

ўқув жараёни бўйича иш юритишни ташкил этиш, назорат қилиш, уларнинг бу борадаги фаолиятига услубий раҳбарликни амалга ошириш, ижро интизоми талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш, бу йўналишдаги фаолиятни тартибга солишга қаратилган бошқарув ҳужжатларини тайёрлаш;

Марказнинг лабораториялари ва бўлимлари томонидан суд-экспертизалари мутахассисликлари бўйича ҳамда бошқа суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича таълим дастурлари, фанлар бўйича тегишли
ўқув-методик материаллар тайёрланишини ташкил қилиш, муддати ва сифатини назорат қилиш;

Марказда амалга ошириладиган ўқув жараёни юзасидан ҳужжатларнинг тайёрланишини таъминлаш, бу борадаги ишларни таҳлил ва назорат қилишни амалга ошириш;

ўқув жараёни бўйича статистик ҳисоботларни юритиш, умумлаштириш ва таҳлилий маълумотлар тайёрлаш ҳамда Назорат-услубий бўлимига даврий равишда тақдим қилиш;

мунтазам равишда эксперт кадрларнинг назарий билимлари ва амалий кўникмаларини ошириш, ишчанлик ва касбий фазилатларини такомиллаштириш;

5. Ўқув маркази ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

5.1. Ўқув жараёнинини ташкил қилиш бўйича:

Марказнинг эҳтиёжи ҳамда таркибида суд экспертиза муассасалари бўлган вазирлик, идора ва давлат қўмиталари томонидан келиб тушган ариза-буюртмалар асосида, Адлия вазирлиги тизимидаги суд экспертларини малакаси ва ҳуқуқий билимларини ошириш, шунингдек бошқа суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқув жараёнини ташкил қилиш, ўқув жараёнига оид иш режалари, мавзуий режалар, машғулотлар жадвалларини тузиш, уларнинг ижросини назорат қилиш, умумлаштириш;

ўқув жараёнига Марказ лаборатория ва бўлимларининг раҳбарлари ва етакчи мутахассисларини, шунингдек махсус тайёргарлик ва амалий тажрибага эга, олий ва ўрта-махсус касб-хунар таълим муассасасини тамомлаган мутахассисларни Марказ ва бошқа ташкилот ёки муассасалар билан тузилган шартномалар ёки тўлов-шартнома асосида жалб этиш;

ўқув жараёни бўйича амалий машғулотлар ва мустақил таълимни Марказ лабораториялари ва бўлимлари базасида ташкил қилиш ва бу жараённи назорат ва мониторингини олиб бориш;

ахборот-таҳлил фаолияти кўникмаларини ривожлантириш, Ўзбекистон Республикаси ташқи ва ички сиёсатининг асосий йўналишларига доир билимларни чуқурлаштириш;

профессионал вазифаларни ҳал этишда замонавий компьютер технологияларидан, глобал ахборот тармоқлари ресурслари имкониятларидан фойдаланиш борасидаги билимларни чуқурлаштириш ва амалий кўникмаларни такомиллаштириш;

Марказнинг Илмий Кенгаш ва Директоратининг мажлислари ва Марказ раҳбарияти ҳузурида ўтказиладиган тезкор мажлислар кун тартибига ўқув жараёни бўйича ҳисоботлар ва бу жараённи такомилаштиришга оид масалаларни кўриб чиқиш учун тайёрлаш;

қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш муаммолари бўйича тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда амалий таклифлар, тавсиялар ва қўлланмаларни ишлаб чиқиш.

5.2. Марказ лабораториялари ва бўлимлари томонидан суд экспертизалари мутахассисликлари бўйича ҳамда бошқа суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича таълим дастурлари, фанлар бўйича тегишли
ўқув-методик материаллар тайёрланишини ташкил қилиш бўйича қуйидагилар:

Адлия вазирлиги тизимидаги суд экспертларини малакаси ва ҳуқуқий билимларини ошириш, шунингдек бошқа суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқув жараёни бошланишидан уч ой олдин фанлар бўйича ўқув дастурлари, ишчи ўқув дастурлари ҳамда ўқув жараёни бошланишидан бир ой олдин мавзуий режалар, фанларнинг мавзулари бўйича
ўқув-методик комплекслар, замонавий талаб ва стандартларга жавоб берадиган ўқув адабиётлар, ўқув-методик материаллар тайёрланишини ташкил қилади;

Марказ лабораториялари ва бўлимларида ўқув жараёнини ташкил этиш учун зарур ўқув-методик материаллар (ишчи дастур, маъруза фондлари, тарқатма материаллар, ўқитишнинг замонавий воситалари (слайдлар, презентациялар), табиий ўқув объектлари ва воситалари мавжуд бўлишини назорат қилади ва методик ёрдам кўрсатади;

5.3. Марказ амалга ошириладиган ўқув жараёни юзасидан ҳужжатларнинг тайёрланишини таъминлаш бўйича қуйидагилар:

ўқув жараёни бўйича келиб тушган ҳужжатларни девонхонада рўйхатга олингандан сўнг, уларни ижро учун қабул қилади, уларни ўқув маркази ходимларининг вазифаларига кўра тақсимлайди, масъул ижрочиларга етказади ва ижросини назорат қилади;

ўқув жараёни бўйича лабораториялар ва бўлимлар, шунингдек шартнома асосида ўқув жараёнига жалб этилган мутахассисларга услубий ёрдам кўрсатади, ўқув маркази иш юритувчи-лаборанти фаолиятини, ҳужжатлар йиғма-жилдлари номенклатурасининг шакллантирилганлиги ва уларни юритилишини назорат қилади;

ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича юбориладиган алоқа хатлари ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ва асосларини ишлаб чиқади;

ўқув жараёни юзасидан такрорий топшириқ хатларининг чиқиб кетишини олдини олиш мақсадида тегишли идораларга юбориладиган алоқа хатлари лойиҳаларини раҳбариятга имзога киришдан олдин кўриб чиқади;

ҳар чорак давомида ўқув жараёни бўйича келиб тушган ҳужжатларнинг ижроси юзасидан умумлаштиришлар тайёрлайди ва муҳокамага киритади;

ўқув жараёни фаолиятини амалдаги қонун ҳужжатлари асосида олиб борилишини таъминлайди;

ўқув жараёнини ташкил этиш фаолияти бўйича статистикасини юритади;

ўқув жараёнини ташкил қилиш фаолиятига доир маълумотларни, статистик ҳисоботларни умумлаштириш асосида таҳлилий маълумотлар, тўпламлар, солиштирма жадваллар тайёрлайди, натижалари юзасидан ўқув жараёнини такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича зарур таклифлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқади;

5.4. Мунтазам равишда эксперт-кадрларнинг назарий билимлари ва амалий кўникмаларини ошириш, ишчанлик ва касбий фазилатларини такомиллаштириш бўйича қуйидагилар:

суд экспертларини экспертиза фаолиятида экспертлар дуч келадиган вазиятларни тўғри баҳолаш ва шарҳлаш, олинган назарий билимларни амалий фаолиятда қўллаш, идентификацион ва ноидентификацион турдаги экспертиза тадқиқотларини бевосита ўтказиш, процессуал ҳужжатларни тўғри тузиш, қайта, қўшимча, комиссиявий ва комплекс экспертизаларни ўтказиш, ушбу турдаги экспертизаларни тайинлаш ва ўтказишда учраб турадиган хатоларни аниқлаш бўйича назарий билимлар бериш ва мавжуд билимларини чуқурлаштириш;

суд экспертларини олган назарий билимларидан услубий ва амалий вазифаларни ҳал этишда, фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича масалаларни фарқлаш, экспертлик фаолиятидаги коллизияларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш йўлларини аниқлаш амалий кўникмаларини бериш;

суд экспертизаларда ҳал этиладиган саволлар мажмуини экспертиза методлари ишланганлик ҳолатини ҳисобга олган ҳолда тўғри аниқлай олиш, фаолият давомида юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш малакаларини шакллантириш;

демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва қонунчиликни мустаҳкамлаш соҳасида суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириш;

суд экспертларида ташкилотчилик қобилияти ва раҳбарлик маҳоратини такомиллаштириш;

суд экспертларини ватанпарварлик, Ватанига ва хизмат бурчига садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ахлоқий-иродалик фазилатларни шакллантириш;

суд экспертлик, тергов ва суд амалиётини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш;

5.5. Ўқув жараёнида ижро интизомини мустаҳкамлаш ва назоратни олиб бориш бўйича ўқув маркази қуйидагиларни:

Марказнинг ўқув жараёнига тегишли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Адлия вазирлигидан ўқув жараёни бўйича ижро учун келган топшириқлар, шунингдек Марказ раҳбарияти томонидан назоратга олинган ҳужжатларнинг ижро этилишини назорат қилиш;

ўқув жараёни бўйича Марказнинг лаборатория ва бўлимларига юклатилган топшириқларнинг ижросини тўлиқ ва белгиланган муддатларда таъминлаш мақсадида ҳар бир банд, масъул ижрочи ва ижро этиш муддати алоҳида кўрсатилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади, унинг ижросини таъминлашни масъул ижрочилардан талаб қилади, текширади, таҳлил қилади ва раҳбариятга ахборот беради;

Марказ директори ёки директор ўринбосарининг топшириғига кўра ўқув жараёни ҳолати юзасидан Марказ лабораториялари ва бўлимлари ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказади ва натижаси бўйича раҳбариятга ахборот тақдим этиб боради.

Ўқув маркази ўз ваколатлари доирасида бошқа вазифа ва функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

III. Ўқув марказининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

6. Ўқув маркази ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўқув жараёнини ташкил этиш ва такомиллаштириш бўйича раҳбариятга таклифлар киритиш;

Марказ директори топшириғига асосан ҳамда иш режаларга мувофиқ Марказнинг ўқув жараёнини ўз ваколатига тегишли масалалар бўйича текшириш, натижалари бўйича Марказ раҳбариятига маълумотнома тақдим этиш;

Марказнинг ўқув жараёни бўйича ижро муддати бузилган ҳужжатлар бўйича тушунтиришлар талаб қилиш, ижро интизомини бузган, яъни топшириқларнинг ижроси белгиланган муддатда бажарилмаган ва сифатсиз ижро қилинган ҳолатлар бўйича хизмат текширувини ўтказиш ва аниқланган муддат бузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли чоралар кўриш ҳақида раҳбариятга таклифлар ҳамда хизмат текшируви натижаси бўйича раҳбариятга ахборот бериш;

Марказнинг лабораториялари ва бўлимларидан ўқув жараёнини методик таъминлаш бўйича тегишли ҳужжатлар ва материалларни талаб қилиб олиш;

Марказнинг ўқув жараёнини таъминлашга қаратилган ҳужжатлар
(йўриқнома, низом ва ҳ.к.)ни ишлаб чиқишда иштирок этиш.

Ўқув маркази қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

7. Ўқув маркази ўзига юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавобгардир.

 

IV. Ўқув маркази фаолиятини ташкил қилиш

8. Ўқув марказига Марказ директори томонидан лавозимга тайинланадиган Ўқув маркази мудири раҳбарлик қилади. Ўқув маркази мудири ўз фаолиятида бевосита Марказ директорига бўйсунади ва фаолияти бўйича унга ҳисобот беради.

9. Ўқув маркази мудири:

Ўқув маркази фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, фаолиятни ташкиллаштиради, йўналтиради ва назорат қилади;

Ўқув марказига юклатилган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Ўқув маркази ходимларининг фаолиятини мувофиқлаштиради, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди ва функционал вазифалар, аниқ топшириқларнинг бажарилиши учун ҳар бир ходимнинг жавобгарлик доирасини белгилайди;

Марказ директори топшириқлари, буйруқлари ва кўрсатмаларининг ходимлар томонидан бажарилишини текширади, ҳужжатларнинг ўз вақтида ижро этилишини назорат қилади;

Марказ директорига Ўқув маркази ходимларини рағбатлантириш, интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритади;

мавжуд штат жадвали асосида лавозимга тайинлаш учун тегишли тартибда Марказ директорига номзодларни тақдим қилади;

Ўқув маркази ходимларидан меҳнат интизомини бузганлик, юклатилган вазифаларни ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаганлик ҳолатлари юзасидан тушунтиришлар олади;

Марказ Илмий Кенгаши ва Директорати мажлисларида муҳокама қилиш учун Марказ директорига таклифлар киритади;

Ўқув маркази таркибини ҳамда фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди, Ўқув маркази фаолиятига оид муҳим масалалар ҳақида Марказ директорига мунтазам равишда ахборот беради;

Ўқув маркази фаолиятига дахлдор масалаларни муҳокама қилиш, иш режа ва бошқа топшириқларнинг бажарилишини назорат қилиш учун барча ходимлар иштирокида мунтазам равишда тезкор йиғилишлар ўтказади;

ўз ваколати доирасида тегишли ҳужжатларни имзолайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

10. Ўқув маркази ходимлари таркиби қуйидагилардан иборат:

Ўқув маркази мудири;

Ўқув маркази методист ходимлари;

Ўқув маркази иш юритувчи-лаборанти.

11. Ўқув маркази ходимларининг функционал вазифалари белгиланган тартибда Ўқув маркази мудирининг тақдимига мувофиқ тасдиқланади.

12. Ўқув маркази ходимлари хизмат вазифаларини бажариш вақтида, юклатилган ваколатлар доирасидан четга чиққанликлари, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлиги, хизмат вазифаларини бажармаганликлари ёхуд лозим даражада бажармаганликлари ва хизмат этикаси қоидаларини бузганликлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда интизомий ёки бошқа жавобгарликка тортилади.