Лаборатория ва бўлимлари хақидаги низом

Ўзбекистон Республикаси адлия Вазирлиги 
Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази
лаборатория ва бўлимлари хақидаги
НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

  1. Ўзбексистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) қуйидаги лаборатория ва бўлимлари (кейинги ўринларда бўлим деб юритилади) мавжуд:
    ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораторияси;
    суд баллистика ва изшунослик экспертизаси лабораторияси;
    материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияси;
    суд автотехника экспертизаси лабораторияси;
    одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияси;
    суд фонография экспертизаси лабораторияси;
    суд қурилиш-техникавий экспертизаси бўлими;
    суд иқтисодий экспертизаси бўлими.
    2. Бўлим ўзининг фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Адлия Вазирлиги Ҳайъатининг қарорлари, Адлия вазирининг буйруқлари, фармойишлари, Марказ тўғрисидаги низом, “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”ларга, шунингдек мазкур Низомга амал қилади
    3. Марказнинг бўлимларида суд экспертизасининг қуйидаги турлари ўтказилади:
    Суд-хатшунослик экспертизаси; ҳужжатлар техник-криминалистик экспертизаси; трасология экспертизаси, қайта урилган маркировка белгиларини тиклаш; суд-баллистика экспертизаси, портловчи моддалар экспертизаси; материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси, шу жумладан, толали материаллар ва улардан таёрланган буюмлар экспертизаси, лак-бўёқ материаллари ва қопламалари экспертизаси, нефть махсулотлари ва ёнилғи-мойлаш материаллари экспертизаси, наркотик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар экспертизаси, дори-дармон моддалари экспертизаси, таркибида спирт бўлган суюқликлар экспертизаси, металлар, қуйилмалар ва улардан тайёрланган буюмлар экспертизаси, шиша ва улардан тайёрланган буюмлар экспертизаси, пластмасса, резина ва улардан тайёрланган буюмлар экспертизаси, ёпишқоқ моддалар (клей) экспертизаси, махсус кукунлар ва махсус маркерлар эксперизаси, бошқа объектлар, шу жумладан, табиати номаълум бўлган объектларнинг криминалистик экспертизаси, суд-тупроқшунослик экспертизаси, озиқ-овқат маҳсулотлари экспертизаси, суд-биологик экспертизаси; одам ДНКси суд-биологик экспертизаси; суд-экология экспертизаси; суд-автотехника экспертизаси, транспорт-трасология экспертизаси, транспорт воситалари ва уларнинг қисмларини баҳолаш экспертизаси, ёнғин-техник экспертизаси; суд-иқтисодий экспертизаси; суд-товаршунослик экспертизаси; суд қурилиш-техника экспертизаси, суд ер экспертизаси; суд видеофонография экспертизаси.
    Бўлимларда уларнинг ихтисоси бўйича бошқа турдаги суд экспертизалари ўтказилиши мумкин.

II. Бўлимларнинг мажбуриятлари ва вазифалари

 

  1. Бўлимларнинг асосий мажбуриятлари қуйидагилар:
    фуқаролик, хўжалик, маъмурий ва жиноят ишлари, терговолди текширув хужжатлари бўйича суд экспертизаларини ўтказиш;
    юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатига асосан, экспертлик мутахассислигига мувофиқ тадқиқотларни ўтказиш;
    суд экспертиза соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;
    эксперт амалиётига янги усул ва услубларни жорий этиш, илмий-тадқиқот ишлар натижаларини синовдан ўтказиш;
    бўлималрни техник таъминланиши ҳақида таклифларини ўрганиб чиқиш ва уларни тўғри ишлатилиши устидан назорат ўрнатиш;
    илмий-ахборотлаштириш ва ноширлик ишларида иштирок этиш;
    суд экспертиза соҳасида кадрларни тайёрлаш ва суд экспертларини малакасини оширишда иштирок этиш;
    суд-тергов идоралари ходимлари билан услубий ишларни олиб бориш;
    жиноят ва ҳуқуқбузурлик содир этилишига сабаб бўлган шарт шароитларни аниқлашга қаратилган профилактик ишларни олиб бориш;
    аҳоли ўртасида хуқуқий тарғибот ишларини олиб бориш.
    5. Юклатилган мажбуриятларни бажаришда бўлим қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
    бирламчи, қўшимча, қайта ва комплекс экспертизаларини ўтказади;
    экспертлик мутахассисликлари бўйича тадқиқотларни амалга оширади;
    суд экспертизаси муаммолари бўйича илмий тадқиқотларни бажаради ва натижаларини амалиётда синаб кўради;
    замонавий илмий-техника ютуқларига асосланган эксперт тадқиқот услублари ва тавсияларни амалиётга тадбиқ этади;
    бўлимнинг техник базасини такомиллаштириш борасида тавсиялар таёрлайди ва ундан самарали фойдаланишни назорат қилади;
    илмий мақолалар, услубий қўлланмалар ва бошқа нашрларни тайёрлашда иштирок этади;
    эксперт кадрларни таёрлайди ва уларнинг малакасини ошириш бўйича тадбирларни амалга оширади, бунинг учун у:
    – ходимларнинг тайёргарлик режаларини мухокама этади, шахсий режаларни бажарилиши хақидаги ҳисоботларни тинглайди ва илмий-услубий ёрдам кўрсатади;
    – ўз ходимлари ва бошқа муассаса мутахассисларининг ишлаб чиқариш амалиётини ўташини ташкил этади;
    – эксперт хулосаларининг тақризини ўтказади;
    – илмий-амалий семинарлар, суд экспертизасининг тегишли йўналиш масалалари бўйича услубий машғулотларни ўтказади;
    суриштирув, тергов, ва суд илора ходимлари ўртасида суд экспертизаларининг имкониятлари, уларни тайинлаш қоидалари ва хулосаларга баҳо бериш бўйича услубий ишларни амалга оширади;
    махсус билимлари доирасида хуқуқбузарликларни олдини олиш ва уларни содир этиш сабабаларини ва шароитларини бартараф этиш услубларини ишлаб чиқади;
    аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб боради.

 

III. Бўлимнинг хуқуқлари ва жавобгарлиги

 

  1. Унга юклатилган мажбуриятларни бажаришда бўлим қуйидаги хуқуқларга эга:
    Марказ раҳбариятига экспертлик фаолиятини такомиллаштириш ва янги турдаги тадқиқотларни ташкил этиш борасида таклифларни киритиш;
    илмий изланишларни ўтказиш учун муаммолар ҳақидаги таклифларни тузиб чиқиш;
    тадқиқот ишларини олиб бориш учун грантларни олишда конкурсларда иштирок этиш;
    бўлимни замонавий анжомлар ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш борасида таклифлар ишлаб чиқиш;
    бўлим ходимларининг иш шароитини яхшилаш ҳақидаги таклифларни киритиш;
    бўлим фаолиятига тегишли бўлган ҳужжатларни тайёрлашда иштирок этиш;
    бўлим қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
    7. Бўлим унга юклатилган мажбуриятларни ва вазифаларни самарали бажарилиши учун жавобгардир.

IV. Бўлимнинг иш фаолиятини ташкил этиш

 

  1. Марказ бўлимини Марказ директори томонидан тайинланадиган ва у томонидан озод этиладиган мудир бошқаради. Мудир ўз фаолиятида Марказ директори ва унинг ўринбосарига бўйсунади ва улар олдида ҳисобот беради.
    9. Бўлим мудири:
    бўлим фаолияти устидан умумий раҳбарликни амалга оширади, унинг ишини ташкил этади, йўналтиради ва назорат қилади;
    бўлимга юклатилган мажбуриятлар ва вазифаларни бажарилиши бўйича шахсий жавобгарликни ўз зиммасига олади;
    бўлим ходимлари орасида мажбуриятларни тақсимлайди, ҳар бир ходимнинг функтсионал вазифаларини ва алоҳида топшириқларни бажариши учун жавобгарлик доирасини белгилайди;
    Марказ директорининг топшириғи бўйича келиб тушган экспертизаларнинг ўтказилишини ташкил этади, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонун, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги суд экспертиза муассасаларида суд экспертизаларини ўтказиш хақидаги йўриқнома” талабларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам амалга оширади;
    эксперт мутахасислигига мувофиқ суд экспертизаларини ўтказишда иштирок этади;
    бўлимнинг иш режалари лойихаларини тайёрлайди, улари тасдиқлаш учун тақдим этади, уларнинг бажарилишини назорат қилади;
    бўлимнинг илмий-амалий йиғилишлари ўтказилишини такшкил этади ва уларни бошқариб боради;
    бўлимнинг иш фаолияти юзасидан Марказнинг Илмий кенгаши ва Директоратида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар бўйича таклифлар киритади;
    бўлим ишини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади, бўлим фаолиятининг муҳим масалалари бўйича Марказ директорига мунтазам равишда ахборот бериб туради;
    бўлимнинг илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қилади ва бевосита тадқиқотларда иштирок этади;
    Марказнинг аттестация комиссиясига аттестациядан ўтувчи ходимларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги хақидаги хулосаларини тақдим этади;
    бўлим ходимларига давлат суд эксперти ихтисослигини бериш бўйича белгиланган тартибда ҳужжатларни тайёрлайди;
    ходимларнинг илмий ва экспертлик фаолиятидаги ютуқлари учун уларни тақдирлаш хақидаги тааклифларни киритади, шунингдек, меҳнат интизомини бузувчи ходимларга нисбатан интизомий чораларни қўллаш ҳақидаги ҳужжатларини тайёрлайди.

V. Бўлим мулки

  1. Бўлим мулки асбоб-анжомлар, ускуналар, мебеллар ва бошқа товар-моддий бойликлардан иборат.
    11. Бўлимдаги мавжуд бўлган барча мулк учун бўлим мудири моддий жавобгар ҳисобланади.
    12. Бўлим ходимлари бўлимдаги мавжуд бўлган асбоб-анжомларни ва ускуналарни асраб-авайлашлари, уларни бузилишига ёки йўқ бўлиб кетишига йўл қўймасликлари лозим.

 

VI. Бўлимни ташкил этилиши ва тугатилиши.

11. Марказнинг бўлими қонунчиликка мувофиқ ташкил этилади ва тугатилад.