КОНТАКТЫ ЦЕНТРА

Адрес Центра:
100115,г. Ташкент,
ул. Чиланзарская, 29

Tel.: (998 71) 277-4531, 277-2294
Faks: (998 71) 277-3625
E-mail: sudex@minjust.gov.uz

Устав Центра

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Х. Сулаймонова номидагиРеспубликасудэкспертизаси маркази

УСТАВИ

 

I. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази
(кейинги ўринларда – Марказ деб юритилади)нинг мақоми, вазифа
ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.

2. Марказ ихтисослашган давлат суд экспертизаси муассасаси бўлиб,
ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари
ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг буйруқлари, йўриқномалари ва кўрсатмалари, шунингдек ушбу Уставга асосан амалга оширади.

3. Марказ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган мустақил тузилмаси бўлиб, ўз балансига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган шахсий ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга ҳамда ўз фаолияти учун зарур бошқа белгилар ва реквизитларга эга бўлади.

4. Марказ бевосита Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига бўйсунади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Марказ фаолиятига раҳбарлик қилади.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Марказ тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.

5. Марказ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда мавжуд бўлган ўз ҳудудий бўлинмалари фаолиятига раҳбарликни амалга оширади ҳамда уларнинг хўжалик фаолиятини назорат қилади.

6. Марказ ўзининг илмий ва хўжалик фаолияти натижалари, тузилган шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва банк муассасалари олдида олинган мажбуриятларнинг бажарилиши учун жавобгардир.

7. Марказнинг номи:

давлат тилида – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази;

инглиз тилида – Republican Center of Forensic Expertise after H.Sulaymonova under the Ministry of Justice of the Republic of Uzbekistan;

рус тилида – Республиканский центр судебной экспертизы имени Х.Сулеймановой при Министерстве юстиции Республики Узбекистан.

8. Марказнинг манзили: Тошкент шаҳри, Чилонзор кўчаси, 29-уй.

 

II. Марказнинг вазифалари ва функциялари

 

9. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Марказни ҳар томонлама ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш, суд экспертизаси муаммолари бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, мамлакатда суд экспертизаси назарияси ва амалиётини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини шакллантириш;

фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш, жамоат тартибини, хавфсизликни таъминлаш, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш масалаларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судларга махсус билимларни қўллаш йўли билан кўмаклашиш;

ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судларнинг махсус билимларга бўлган эҳтиёжларини тизимли ўрганиш, замонавий илмий-техника ютуқлари, илмий тавсиялар ва илғор хорижий тажриба асосида янги методикаларни суд-экспертлик амалиётига жорий этиш;

фуқаролик, хўжалик ишлари, маъмурий ва жиноий ишлар, терговгача бўлган текширувлар материаллари бўйича суд экспертизаларини, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари бўйича эксперт ихтисосликларига мувофиқ тадқиқотларни ўтказиш;

махсус билимлар ва техника воситаларини қўллашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари ходимларига методик ёрдам кўрсатиш, уларни суд экспертизаси соҳасидаги замонавий ютуқлар ва имкониятлар билан таништириш;

махсус билимлар асосида ҳуқуқбузарликларни содир этишга олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олишга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

Адлия вазирлиги тизимидаги суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини, шунингдек бошқа суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириш;

cуд экспертларининг малакаси ва ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқув жараёнини таълимнинг мажбурийлиги, узлуксизлиги ва сифатини мониторинг қилиш принципларига амал қилган ҳолда ҳамда янги технологияларни (таълим, суд-экспертлик, ахборот ва бошқалар) жорий этиш асосида ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд экспертизаси муаммолари бўйича кенгаш фаолияти доирасида давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш.

10. Марказ ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқотлар олиб боради;

суд экспертизаси назарияси ва амалиётини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлайди;

ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судларнинг махсус билимларга бўлган эҳтиёжларини тизимли ўрганади;

суд экспертизаси соҳасида янги методлар, илмий тавсиялар ва илғор тажрибани ўрганади ва экспертлик амалиётига татбиқ этади;

суд экспертизалари ва эксперт ихтисосликларига мувофиқ тадқиқотлар ўтказади;

Марказ ва бошқа суд экспертизаси муассасалари томонидан ишлаб чиқилган янги метод ва эксперт тадқиқот турларини синаб кўради
ва экспертлик амалиётига татбиқ этади;

суд экспертизаси соҳасида илмий мақолалар тўплами, услубий қўлланмалар ва бошқа ахборот-маълумот материалларини тайёрлайди;

ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари ходимларини суд экспертизаси соҳасининг замонавий ютуқлари ва имкониятлари билан таништиради, уларга экспертиза тайинлаш ҳамда уни ўтказиш учун материалларни тайёрлаш тартибини тушунтиради, айрим ҳолларда ашёвий далилларни топиш, қайд этиш, олиш ва ўрашда амалий ёрдам кўрсатади;

экспертлик амалиётини умумлаштиради, муайян экспертиза материаллари бўйича ҳуқуқбузарликни содир этишга олиб келган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлайди ҳамда уларнинг олдини олиш юзасидан зарур чоралар кўради;

суд экспертларини турли йўналишлар ихтисослиги бўйича тайёрлайди;

Адлия вазирлиги тизимидаги суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини, шунингдек бошқа суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини оширишни ташкил қилади, шу мақсадларда бошқа суд экспертизаси муассасаларида, шу жумладан, хорижий давлатларда уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

эксперт хулосаларини тақриз қилишни таъминлайди;

илмий-тадқиқот ишлари ўтказилишини ташкил этиш учун хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан белгиланган тартибда зарур чораларни кўради;

суд экспертизаси соҳасида илмий-техник муаммоларни ҳал қилиш
ва муҳим аҳамиятга эга бўлган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади;

ўз фаолияти ихтисослигига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этади;

республикадаги бошқа суд экспертизаси муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга илмий-методик ёрдам кўрсатишда иштирок этади, шунингдек Суд экспертизаси муаммолари бўйича кенгаш ишини ташкил қилади.

11. Марказ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифалар
ва функцияларни амалга ошириши мумкин.

 

III. Марказнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

 

12. Марказ ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суд экспертизасини ривожлантириш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;

экспертлик амалиётига янги методларни жорий этиш юзасидан бошқа суд экспертизаси муассасаларига тавсиялар бериш;

илмий-тадқиқот ишларини бажариш мақсадида грант маблағлари олиш учун танлов ва тендерларда иштирок этиш;

белгиланган тартибда бошқа давлатлар суд экспертизаси муассасалари билан тузилган шартнома (келишув)лар асосида мутахассислар, илмий-техник ҳужжатлар, илмий-ишлаб чиқариш тажрибаси ва бошқа ахборотлар алмашинувини амалга ошириш;

экспертларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, моддий ва ижтимоий таъминлаш чораларини кўриш;

давлат суд эксперти сифатида аттестациядан ўтган ходимларга белгиланган тартибда гувоҳнома, малака оширишдан ўтган ходимларга белгиланган тартибда сертификат бериш ва уни бекор қилиш;

ўз фаолиятини ривожлантириш мақсадида Марказни ривожлантириш жамғармасини ташкил қилиш;

халқаро конференция, семинар ва бошқа анжуманларни ташкил қилиш ҳамда уларда иштирок этиш.

Марказ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

13. Марказ ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.

 

IV. Марказ фаолиятини ташкил этиш

 

14. Марказ фаолиятига директор раҳбарлик қилади. Марказ директори Ўзбекистон Республикаси Президенти девони билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

15. Марказ директори икки нафар – илмий ишлар бўйича ва молия хўжалик ишлари бўйича ўринбосарларга эга. Марказ директорининг  ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

16. Марказ директори ўз ваколати доирасида қонун ҳужжатларига мувофиқ буйруқлар чиқаради ва уларнинг бажарилишини таъминлайди.

Директор қонун ҳужжатлари ва мазкур Уставга мувофиқ:

Марказ номидан иш олиб боради, барча ташкилотларда унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади;

ходимлар сони ва иш ҳақига ажратилган маблағ доирасида Марказнинг штат жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;

Марказнинг мол-мулки ва маблағларини тасарруф қилади;

шартномаларни имзолайди, ишонч қоғозлари беради, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида Марказнинг шахсий ҳисоб рақамларини очади;

Марказ ходимларини мукофотлайди ва зарур ҳолларда уларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўради;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда ички меҳнат тартибини белгилайди, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшимча таътил муддатини белгилайди;

бюджет ва бюджетдан ташқари фондларга солиқлар ва мажбурий тўловлар, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган бошқа тўловларни ўз вақтида тўланишини таъминлайди;

суд экспертизасини ўтказиш учун Марказга келиб тушган материалларни экспертлар ўртасида тақсимлайди;

белгиланган тартибда экспертиза ўтказиш муддатларини белгилайди
ва уларга риоя қилинишини назорат қилади;

экспертларнинг мустақиллик принципини бузмаган ҳолда, ўтказилаётган текширишларнинг тўлиқлилиги ва сифати устидан назорат қилади;

илмий кенгашлар, конференция, симпозиум, семинар ва бошқа анжуманларда Марказ номидан қатнашади;

бошқа суд экспертизаси муассасалари, шу жумладан, хорижий давлатлар суд экспертизаси муассасалари билан белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилинишини таъминлайди;

Илмий кенгаш ишига раҳбарлик қилади;

Марказ фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳа фаолиятининг бошқа масалалари бўйича таклифлар киритади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

17. Марказ директори ўз ўринбосарлари ҳамда Марказ ходимларининг ваколатлари ва мажбуриятларини қонун ҳужжатларига мувофиқ белгилайди.

18. Марказ директори ва унинг илмий ишлар бўйича ўринбосари ўз ихтисосликлари бўйича илмий-тадқиқотларда ва давлат суд эксперти сифатида суд экспертизаларини ўтказишда бевосита иштирок этиши мумкин.

19. Марказ лабораториялари, бўлимлари ва бошқа таркибий тузилмалари директор томонидан тасдиқланадиган низомлар асосида иш олиб боради.

20. Марказ фаолиятига тааллуқли муҳим масалаларни ҳал қилиш учун директор, унинг илмий ишлар бўйича ўринбосари, лаборатория ва бўлим мудирлари, бош ва етакчи экспертлар, касаба уюшма қўмитаси раиси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва олий таълим муассасалари вакиллари, етакчи олимлар ва мутахассислардан иборат таркибда Илмий кенгаш тузилади.

21. Илмий кенгаш ўз фаолиятини Марказ директори томонидан тасдиқланадиган низом асосида олиб боради. Илмий кенгаш иши йиллик иш режасига мувофиқ ташкил қилинади.

22. Илмий кенгаш:

Марказ, унинг тузилмалари раҳбарларининг ҳисоботларини кўриб чиқади;

суд экспертизаси соҳасидаги долзарб илмий муаммолар,
илмий-тадқиқот режалари, назарий ва амалий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлган ишларни муҳокама қилади;

илмий ва фахрий унвонлар бериш билан боғлиқ масалаларни ҳал этади;

ўз ваколатига доир масалалар бўйича қарорлар қабул қилади.

23. Илмий кенгаш таркиби Марказ директорининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тасдиқланади.

24. Марказда давлат суд эксперти сифатида аттестациядан ўтказиш бўйича Эксперт-малака комиссияси фаолият кўрсатади.

25. Комиссиянинг шахсий таркиби Марказ директорининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тасдиқланади.

26. Комиссия томонидан ходимларни давлат суд эксперти сифатида аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

27. Марказда ходимларнинг ўз касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш ҳамда уларнинг зиммасига юкланган вазифалар
ва функцияларни бажариш юзасидан масъулиятини ошириш мақсадида аттестация комиссияси тузилади.

28. Аттестация комиссияси таркиби Марказ директорининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тасдиқланади.

29. Аттестация комиссияси ишини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

30. Адлия вазирлиги тизимидаги суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини, шунингдек бошқа суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириш жараёнида якуний назоратларни ташкил этиш ва ўтказиш учун Марказ директорининг буйруғи билан комиссия ташкил этилади;

Ташкил этиладиган комиссия таркибига вазирликлар ва идоралар, олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, улар билан келишилган ҳолда киритилади.

31. Марказ фаолияти билан боғлиқ бўлган масалалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Ҳайъат мажлисларида муҳокама қилиб борилади.

 

V. Марказ мол-мулки ва маблағлари

 

32. Белгиланган тартибда Марказга бириктирилган бино, иншоот, асбоб-ускуна, транспорт воситалари ва бошқа мол-мулклар унинг асосий маблағи фондини ташкил қилади ҳамда Марказ унга нисбатан оператив бошқариш ҳуқуқига эга.

33. Марказ фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

34. Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказини ривожлантириш жамғармаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилади.

35. Марказда бажариладиган илмий-тадқиқот ишларини маблағ билан таъминлаш муайян тадқиқот-топшириқни бажаришга ажратиладиган грант маблағлари асосида амалга оширилади.

36. Марказ ўз молиявий захираларидан муайан мақсадлар учун тежаб фойдаланишни таъминлайди.

 

VI. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот юритиш

 

37. Марказ ҳисобот даври тугагач, тасдиқланган шакллар бўйича ҳисоботлар тузади. Молиявий ҳисобот ва унга илова қилинадиган бошқа ҳужжатларни белгиланган муддатларда ваколатли органларга тақдим этади.

38. Марказ ҳужжатларнинг сақланиши ва уларни белгиланган тартибда Давлат архивига сақлаш учун топширилишини таъминлайди.

 

VII. Якунловчи қоидалар

 

39. Марказ фаолиятини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

40. Ушбу Уставга қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзгартириш
ва қўшимчалар киритилиши мумкин.