КОНТАКТЫ ЦЕНТРА

Адрес Центра:
100115,г. Ташкент,
ул. Чиланзарская, 29

Tel.: (998 71) 277-4531, 277-2294
Faks: (998 71) 277-3625
E-mail: sudex@minjust.gov.uz

Устав отделов и лабораторий Центра

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг таркибий бўлимлари ва лабораториялари хақидаги

НИЗОМ

 

 

I. Умумий қоидалар

 

1. Ўзбексистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) қуйидаги таркибий бўлимлар ва лабораториялар (кейинги ўринларда бўлим деб юритилади) мавжуд:

ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораторияси;

суд-баллистика ва тросология экспертизаси лабораторияси;

суд-фонография экспертизаси лабораторияси;

материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияси;

суд-автотехника экспертизаси лабораторияси;

суд-қурилиш-техник экспертизаси бўлими;

суд-иқтисодий экспертизаси бўлими;

одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияси.

2. Бўлим ўзининг фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Адлия вазирлиги ҳайъатининг қарорлари, Адлия вазирининг буйруқлари, фармойишлари, Марказ тўғрисидаги низом, “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома”, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.

3. Марказнинг бўлимларида суд экспертизасининг қуйидаги турлари ўтказилади:

суд-хатшунослик экспертизаси; ҳужжатлар техник-криминалистик экспертизаси; суд-сиёсатшунослик-лингвистик экспертизаси; суд-филологик экспертиза; трасология экспертизаси, қайта урилган маркировка белгиларини тиклаш; суд-баллистика экспертизаси, портловчи моддалар экспертизаси; материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси, шу жумладан, толали материаллар ва улардан таёрланган буюмлар экспертизаси, лак-бўёқ материаллари ва қопламалари экспертизаси, нефть махсулотлари ва ёнилғи-мойлаш материаллари экспертизаси, наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорлар экспертизаси, дори-дармон моддалари экспертизаси, таркибида спирт бўлган суюқликлар экспертизаси, металлар, қуйилмалар ва улардан тайёрланган буюмлар экспертизаси, шиша ва улардан тайёрланган буюмлар экспертизаси, пластмасса, резина ва улардан тайёрланган буюмлар экспертизаси, ёпишқоқ моддалар (клей) экспертизаси, махсус кукунлар ва махсус маркерлар эксперизаси, бошқа объектлар, шу жумладан, табиати номаълум бўлган объектларнинг криминалистик экспертизаси, суд-тупроқшунослик экспертизаси, озиқ-овқат маҳсулотлари экспертизаси, суд-биологик экспертизаси; одам ДНКси суд-биологик экспертизаси; суд-экологик экспертиза; суд-автотехника экспертизаси, транспорт-трасология экспертизаси, транспорт воситалари ва уларнинг қисмларини баҳолаш экспертизаси, ёнғин-техник экспертизаси; суд-иқтисодий экспертизаси; ташқи савдо фаолиятининг суд-иқтисодий экспертизаси; суд-товаршунослик экспертизаси; суд қурилиш-техник экспертизаси, суд ер экспертизаси, ер участкаларига бўлган эгалик ҳуқуқлари қийматини эксперт баҳолаш; суд видеофонография экспертизаси, рақамли технологиялар, шунингдек электроакустик монтаж белгилари асосида аудио ва видеоманбаларни комплекс тадқиқ қилиш.

Бўлимларда уларнинг ихтисоси бўйича бошқа турдаги суд экспертизалари ўтказилиши мумкин.

 

II. Бўлимнинг мажбуриятлари ва вазифалари

 

4. Бўлимларнинг асосий мажбуриятлари қуйидагилар:

фуқаролик, хўжалик, маъмурий ва жиноят ишлари, терговолди текширув ҳужжатлари бўйича суд экспертизаларини ўтказиш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатига асосан, экспертлик мутахассислигига мувофиқ тадқиқотларни ўтказиш;

суд экспертиза соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;

эксперт амалиётига янги усул ва услубларни жорий этиш, илмий-тадқиқот ишлар натижаларини синовдан ўтказиш;

бўлимларни замонавий асбоб-ускуналар билан техник жихозлаш ҳақидаги таклифларни ўрганиб чиқиш ва уларни тўғри ишлатилиши устидан назорат ўрнатиш;

илмий-тадқиқот ишлари, ахборотлаштириш ва ноширлик ишларида иштирок этиш;

суд экспертиза соҳасида кадрларни тайёрлаш ва суд экспертларини малакасини оширишда иштирок этиш;

суд-тергов идоралари ходимлари билан услубий ишларни олиб бориш;

жиноят ва ҳуқуқбузурлик содир этилишига сабаб бўлган шарт шароитларни аниқлашга қаратилган профилактик ишларни олиб бориш;

аҳоли ўртасида хуқуқий тарғибот ишларини олиб бориш;

Марказнинг қуйидаги бўлимлари:

одам ДНКси суд биолигик экспертизаси лабораторияси;

материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораториялари четдан ҳарид қилинадиган реагентларнинг
сарф-ҳаражатлари бўйича ҳар ой белгиланган тартибда Марказнинг бухгалтерия ҳисоби ва назорат бўлимига ҳисобот тақдим этади.

5. Юклатилган мажбуриятларни бажаришда бўлимлар қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

бирламчи, қўшимча, қайта, комплекс ва комиссион экспертизаларни ўтказади;

экспертлик мутахассисликлари бўйича тадқиқотларни амалга оширади;

суд экспертизаси муаммолари бўйича илмий тадқиқотларни бажаради ва натижаларини амалиётда синаб кўради;

замонавий илмий-техника ютуқларига асосланган экспертиза тадқиқоти услублари ва тавсияларни амалиётга тадбиқ этади;

бўлимнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш борасида тавсиялар тайёрлайди ва ундан самарали фойдаланишни назорат қилади;

илмий мақолалар, услубий қўлланмалар ва бошқа нашрларни тайёрлашда иштирок этади;

эксперт кадрларни тайёрлайди ва уларнинг малакасини ошириш бўйича тадбирларни амалга оширади, бунда:

- ходимларнинг тайёргарлик режаларини муҳокама этади, шахсий режаларни бажарилиши ҳақидаги ҳисоботларни тинглайди ва
илмий-услубий ёрдам кўрсатади;

- ўз ходимлари ва бошқа муассаса мутахассисларининг ишлаб чиқариш амалиётини ўташини ташкил этади;

- экспертиза хулосалари юзасидан тақризлар ўтказади;

- илмий-амалий семинарлар, суд экспертизасининг тегишли йўналишлари бўйича услубий тадбирларни ўтказади;

- суд-тергов ходимлари ўртасида суд экспертизаларнинг имкониятлари, уларни тайинлаш қоидалари ва хулосаларга баҳо бериш бўйича услубий ишларни амалга оширади;

- махсус билимлар доирасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва уларни содир этиш сабабаларини ва уларга сабаб бўлган шарт-шароитларни бартараф этиш услубларини ишлаб чиқади;

- аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб боради.

 

III. Бўлим хуқуқлари ва жавобгарлиги

 

6. Бўлим юклатилган мажбуриятларни бажаришда қуйидаги хуқуқларга эга:

Марказ раҳбариятига бўлимнинг экспертлик фаолиятини такомиллаштириш ва янги турдаги тадқиқотларни ташкил этиш борасида таклифлар киритиш;

илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш учун муаммолар юзасидан ўрганишлар ўтказиш ва таклифлар ишлаб чиқиш;

илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун грантлар ажратилишида ташкил этиладиган танловларда иштирок этиш;

бўлимни замонавий асбоб-ускуналар билан жихозлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

бўлим ходимларининг иш шароитини яхшилаш ҳақидаги таклифларни киритиш;

бўлим фаолиятига тегишли бўлган ҳужжатларни тайёрлашда иштирок этиш;

бўлим амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

7. Бўлимга юклатилган мажбуриятлар ва вазифаларни самарали бажарилиши учун жавобгардир.

 

IV. Бўлимнинг иш фаолиятини ташкил этиш

 

8. Бўлимни Марказ директори томонидан тайинланадиган ва
у томонидан озод этиладиган мудир бошқаради. Мудир ўз фаолиятида Марказ директори ва унинг ўринбосарларига бўйсунади ва улар олдида ҳисобот беради.

9. Бўлим мудири:

бўлим фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, унинг ишини ташкил этади, йўналтиради ва назорат қилади;

бўлимга юклатилган мажбуриятлар ва вазифаларни бажарилиши бўйича шахсий жавобгарликни ўз зиммасига олади;

бўлим ходимлари ўртасида мажбуриятларни тақсимлайди, ҳар бир ходимнинг функционал вазифаларини ҳамда алоҳида топшириқларни бажарилиши учун жавобгарлик доирасини белгилайди;

бўлимга тайинланган экспертизаларнинг ўтказилишини ташкил этади, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонуни, “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома” талабларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажаради;

экспертлик мутахассислигига мувофиқ суд экспертизаларни ўтказишда иштирок этади;

бўлимнинг истиқболли иш режалари лойиҳаларини тайёрлайди, уларни тасдиқлаш учун тақдим этади, режадаги топшириқларнинг бажарилишини назорат қилади;

бўлимнинг илмий-амалий йиғилишлари ўтказилишини ташкил этади ва уларни бошқариб боради;

бўлимнинг иш фаолияти юзасидан Марказнинг Илмий кенгаш ва Директорат мажлисларида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар бўйича таклифлар киритади;

бўлим ишини такомиллаштириш бўйича таклифларни киритади, бўлим фаолиятининг муҳим масалалари бўйича Марказ директорига ва унинг ўринбосарларига мунтазам равишда ахборот бериб туради;

бўлимнинг илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қилади ва бевосита тадқиқотларда иштирок этади;

Марказнинг аттестация комиссиясига аттестациядан ўтувчи ходимларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги ҳақидаги хулосаларни тақдим этади;

бўлим ходимларининг давлат суд эксперти ихтисослигини бериш бўйича белгиланган тартибда ҳужжатларни тайёрлайди;

ходимларнинг илмий ва экспертлик фаолиятидаги ютуқлари учун уларни тақдирлаш ҳақидаги таклифларни киритади, шунингдек, меҳнат интизомини бузган ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш хақидаги ҳужжатларни тайёрлайди.

 

V. Бўлим мулки

 

10. Бўлим мулки асбоб-ускуналар, мебель жихозлари ва бошқа
турдаги моддий бойликлардан иборат.

11. Бўлимда мавжуд бўлган асбоб-ускуналар, мебель жихозлари ва бошқа турдаги моддий бойликларга бўлим мудири моддий жавобгар ҳисобланади.

12. Бўлим ходимлари бўлимдаги мавжуд бўлган асбоб-ускуналар, мебель жихозлари ва бошқа турдаги моддий бойликларни
асраб-авайлашлари, уларни бузилишига ёки йўқ бўлиб кетишига йўл қўймасликлари лозим.

 

VI. Бўлимни ташкил этиш ва тугатиш

 

13. Бўлим қонунчиликка мувофиқ ташкил этилади ва тугатилади.