КОНТАКТЫ ЦЕНТРА

Адрес Центра:
100115,г. Ташкент,
ул. Чиланзарская, 29

Tel.: (998 71) 277-4531, 277-2294
Faks: (998 71) 277-3625
E-mail: sudex@minjust.gov.uz

Новости

14 декабря 2018г.

М.М.Агзамов   

                                                                                                       

Соф маҳсулот-соғлиқ гаровидир.

 

          Ҳозирги кунда Республикамизда турли саноат соҳалари жадал суратлар билан ривожланмоқда. Шу жумладан озиқ-овқат саноатида мухим ўрин тутган ёғ-мой ишлаб чиқариш корхоналарининг махсулотларига бўлган эхтиёж кундан кунга ортиб бормоқда.

           Ёғ-мой саноати Республика озиқ-овқат саноатининг етакчи тармоқларидан бири бўлиб, қадимдан ўсимлик мойи кунжут, зиғир, рапс уруғларидан жувозлар ёрдамида олиб келинган, пахта чигитидан мой олувчи дастлабки завод 1884 йили Қўқонда қурилган. Республикамизда саноатнинг бу тармоғида - пахта, соя, рапс, мева данаклари  ҳамда сабзавот уруғларидан мой олиниб, атир-упа, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати тармоқларида ишлатиладиган ёғлар маргарин маҳсулотлари, майонез, хўжалик совуни, атир совун, техник мақсадлар учун бошқа турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Ўсимлик мойи ишлаб чиқариш учун йилига ўртача 2.1 млн тоннадан кўпроқ пахта чигити ва рапс, зиғир, масҳар уруғи, шунингдек импорт бўйича олинадиган соя дуккаги қайта ишланади. Республикамиз ёғ-мой саноати озиқ-овқат саноатини умумий маҳсулоти ҳажмининг 40 фоизга яқинини ташкил этади. Тармоқ корхоналарида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар, хусусан пахта ёғи экспортга чиқарилади. Косон, Гулистон экстракция, Фарғона, Қўқон, Тошкент, Каттақўрғон ёғ-мой, Сурхонозиқовқатсаноат ва Урганч ёғ-мой хиссадорлик жамияти тармоқдаги энг йирик корхоналардан хисобланади.

           2017 йилда “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармониқабул қилинди, Ўзбекистон Республикаси худудида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларга кенг йўл очилди. Бироқ, бугунги кунда Республикамиздаги тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар ва шарт-шароитларга қарамасдан тадбиркорлик ниқоби остида ноқонуний иш олиб бораётган айрим кимсалар ҳам йўқ эмас. Бундай ноқонуний фаолият иштирокчиларининг ишига чек қўйиш ва мазкур йўналишда фаолият юритаётган шахсларга нисбатан қарши курашиш ишлари олиб борилмоқда. Мўмай даромад илинжидаги айрим нопок кимсалар буни била туриб қинғир ишга қўл ураётганлиги кишини ташвишга солмоқда.

          Сир эмас, кундалик турмушимизда ўсимлик ёғи ҳисобланган пахта ёғига бўлган эҳтиёж катта. Инсон саломатлиги билан боғлиқлиги учун у махсус корхоналарда Давлат стандарти талабларига риоя қилинган холда ишлаб чиқарилади ва белгиланган жойларда сотилади. Қўлбола усулда тайёрланган пахта ёғи эса умуман истеъмолга яроқсиз ҳисобланади.

           Ҳозирги кунда орамизда айрим шахслар томонидан қўлбола усулда пахта ёғини ишлаб чиқариш ва уларни қадоқлаб аҳолига сотиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан тегишли тадбирлар ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг Сохта тадбиркорлик тўғрисидаги 179-моддасига ва Чигитдан олинадиган маҳсулотларни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш тўғрисидаги 1862-моддасига асосан қонунга зид равишда ҳамда тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётган сохта тадбиркорлар фолиятига чек қўйилмоқда. Мисол тариқасида 2017 йилнинг III - ва IV - чоракларида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Департаменти Самарқанд вилоят Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан  экспертиза учун тақдим этилган ёғ махсулотларининг табиатини аниқлаш хусусида суд кимёвий экспертизаси тайинланган бўлиб, унда экспертиза ўтказиш учун қўлбола усулда пахта ёғи ишлаб чиқарилаётган дала шийпонидан олинган 1,5 литр хажмли елим идишда ёғ махсулоти тақдим этилган ва эксперт олдига ушбу ёғ махсулотининг таркибида зарарли бўлган моддаларнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш вазифаси қўйилган. Суд кимё эксперти томонидан ўтказган сифат реакцияси ва хромато-масс спектрометрик тадқиқотлари натижасида тақдим этилган ёғ махсулоти қўлбола усулда ишлаб чиқарилган пахта ёғи эканлиги ва унинг таркибида инсон саломатлиги учун зарарли бўлган госсипол моддаси мавжуд эканлиги аниқланган.

          Ўзбекистон Республикасининг 80 фоиз аҳолиси истеъмол қиладиган пахта ёғи пахта чигитидан олиниши ҳаммага маълум. Пахта чигити таркибида зарарли госсипол моддаси ва бошқа зарарли моддалар мавжуд бўлиб, ундан олинган ёғ завод шароитида фильтрлаш, оқлаш, гидратациялаш ва нейтрализациялаш йули билан тозаланиб олинади. Пахта ёғи таркибидаги ушбу зарарли моддаларни қўлбола усулда тозалашнинг имкони йўқлиги сабабли, бундай усулда давлат санитария талабларига риоя қилинмаган, давлат стандартларига мос келмайдиган ва сифат назоратидан ўтказилмаган холда тайёрланган махсулот таркибида зарарли бўлган моддалар сақланиб қолади. Таркибида зарарли госсипол моддаси ва бошқа зарарли моддалари мавжуд бўлган пахта ёғини сурункали истеъмол қилиш тиббий адабиётлардан маълумки, ошқозон ичак шиллиқ пардаларини, марказий асаб тизимини, сийдик ажралиш ва қон айланиш тизимларини, юрак ва жигар иш фаолиятини бузилишига ва ўпка шишишига олиб келади. Шу боис, истеъмол учун фақатгина тозаланган (рафинирланган) пахта ёғини ишлатиш тавсия этилади.

        Юқоридагилардан, соф маҳсулот-соғлик гарови эканлигини  инобатга олган ҳолда ёғ маҳсулотларини харид қилишда маҳсулотнинг сифат даражасига, яъни унинг ёрлиғида кўрсатилган ишлатилиш муддатларига ва таркибига эътиборни қаратиш лозим.