КОНТАКТЫ ЦЕНТРА

Адрес Центра:
100115,г. Ташкент,
ул. Чиланзарская, 29

Tel.: (998 71) 277-4531, 277-2294
Faks: (998 71) 277-3625
E-mail: sudex@minjust.gov.uz

Новости

5 ноября 2018г.

МАВЗУ: “Суд экспертизасини тайинлаш асослари”

 

Умумий қоида бўйича экспертиза иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни фан, техника, санъат ёки касб соҳаси бўйича билимга эга шахс ўтказадиган махсус текшириш орқали олиш мумкин бўлганда тайинланади.

Лекин амалиётда экспертиза ўтказиш фақат махсус билимлар ёрдамида муайян объектни текшириш зарурати билан чекланмайди. Жумладан, айбланувчини рост кўрсатма беришга ундаш мақсадида унга таъсир ўтказиш учун тактик мақсадлардан келиб чиқиб терговчи экспертизага мурожаат қилиши ҳам ўринли.

Ишни тергов қилиш ва судда кўриш жараёнида экспертиза тайинлаш ва ўтказиш имкониятларига турли факторлар таъсир кўрсатади. Улар ичида объектив ва субъектив факторларни ажратиш мумкин. Субъектив факторлар қаторига ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг касб маҳорати, суд экспертиза ҳақидаги билимлари ва далилнинг бу воситасига муносабатлари, тергов ва эксперт идоралари орасидаги ҳамкорлик киради.

Объектив факторлар эса процесснинг алоҳида босқичларида ҳуқуқий фаолият хусусиятлари, ушбу босқичнинг вазифа ва шароитлари, суд экспертизасининг ривожланиш даражаси, ҳал этиладиган масалалар ва уларни ечиш имкониятларига боғлиқ.

Экспертизани тайинлаш процессуал ҳаракат бўлиб, қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади. Бу ҳаракат фақат экспертиза тайинлаш ҳақида қарор ёки ажрим тузиш билан чекланмайди. Терговчи, прокурор, суд экспертизасини тайинлаш жараёнида экспертиза ўтказишнинг муайян сабабларини, экспертиза предметини, объектини, экспертиза бажарилиши кимга топширилишини, уни ўтказиш вақти ва жойини белгилайди. Айтилганлардан ташқари бир қатор ташкилий масалалар ҳам ечилиши керак.

Суд-тергов идораларининг амалиётида экспертиза ўтказиш ёки ўтказмаслик масаласини ҳал қилиш долзарблигича қолмоқда Экспертиза тайинланиши мажбурий бўлган ҳолатлар доираси чекланган бўлиб, улар фақат Жиноят процессуал кодексида кўрсатиб ўтилган. Бошқа вазиятларда экспертиза тайинлаш масаласини терговчи, прокурор, суднинг ўзи мустақил ҳал этади. Иш учун аҳамиятли ҳолатлар турли далиллар орқали аниқланиши мумкин. Шунинг учун далилий фактлар бошқа тергов ҳаракатлари ёрдамида ишончли аниқланганда экспертизани “ҳар эҳтимолга қарши” тайинлаш нотўғри. Аммо бундай ҳолатлар исботлашнинг бошқа воситалари билан пухта аниқланмаган бўлса ёки янги ҳолатлар фақат махсус билимлар ёрдамида аниқланиши мумкин бўлган вазиятларда суд экспертизаси тайинланиши шарт ва терговчи(суд)нинг экспертиза ўтказишдан бош тортиши процессуал қонуннинг жиддий бузилиши деб баҳоланиши лозим.

Эксперт тадқиқотининг самарадорлиги экспертиза предмети ва объектини тўғри белгилаш билан боғлиқ. Экспертиза предмети фан, техника, санъат ва касбнинг турли соҳаларига тааллуқли бўлиши мумкин. Лекин ҳуқуқий масалалар бундан мустасно ва уларни ечиш терговчи, прокурор, суднинг махсус ваколатига киради.

Қонунда экспертиза тайинланиши мумкин бўлган масалалар чегараланмаган, аммо экспертиза услубиёти, тадқиқот учун қўлланадиган усуллар, техник воситалар ва бошқа маълумотлар ишончли, текширилган ва синалган бўлиши талаб қилинади. Шунинг учун экспертизанинг илмий асослари шаклланган ва у тегишли тартибда амалиётга тадбиқ этишга тавсия қилинган бўлиши керак.

Шундай қилиб, суд экспертизасини тайинлаш ва ўтказиш зарурати, имкони ва уларнинг турини белгиловчи қуйидаги объектив факторларни кўрсатиш мумкин:

1)    иш ҳолатларини аниқлаш учун махсус билимлар асосида ўтказиладиган тадқиқот зарурлиги;

2)    терговнинг тактик мақсадлари;

3)    процесснинг муайян босқичининг вазифалари;

4)    вақт фактори;

5)    текшириладиган объект ҳақида маълумотларнинг тўлиқлиги;

6)    эксперт тадқиқот объектининг хусусиятлари.

 

Х.Сулаймонова номидаги РСЭМнинг

Хоразм вилоят бўлими эксперти                                                       Х.З.Сапаев