Суд-меҳнат иқтисоди экспертизаси

      Иш хақи фондларини меъёрдан ортиқча сарфланиши, меҳнат ресурсларидан самарасиз фойдаланишига оид далилларни аниқлашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идора ходимлари томонидан суд-меҳнат иқтисоди экспертизасидан фойдаланишни тақозо этади.

Суд-меҳнат иқтисоди экспертизасининг предмети бўлиб, меҳнат ва иш ҳақи тўловлари ҳужжатларидаги иш ҳақини тўлаш, уларни ҳисоботларда тўғри акс этиши, меҳнат ва иш ҳақини режалаштиришдаги қоида бузилиш ҳолатларини аниқлаш ҳисобланади.

Суд-меҳнат иқтисоди экспертизаси объектлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

а) иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш режалари (техник иқтисодий режа меъёрлари, меҳнат ва ходимлар бўйича режалар, иқтисодий барқарорлаштириш фонди режалари) кўрсаткичлари, асословчи ҳисоб-китоблари билан;

б) режалаштириш ва режа кўрсаткичлари ўзгаришлари бўйича ҳужжатлар, иш ҳақи фонди ва моддий рағбатлантириш фонди режалари, фаолият турлари, чораклар бўйича йиллик тасдиқланган ҳолда;

в) бирламчи ҳужжатлар (буйруқлар, ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича кўрсатмалар, шахсий варақалар, меҳнат таътилига чиқиш бўйича буйруқлар, иш ҳақи ва иш соати бўйича табеллар, тўлов, ҳисоб-китоб қайдномалари);

г) ўтказилган текшириш ҳужжатлари (бажарилган ишларни назорат ўлчов далолатномалари);

д) йиғма ҳужжатлар (йиғма табеллар, бригадалар бўйича ойлик иш ҳақи ҳисоб-китоблари, цех-участкалар бўйича ҳисобланган мукофот қайдномалари);

е) меҳнат бўйича иқтисодий кўрсаткичларни бажарилиши бўйича давлат статистика ҳисоботлари ҳужжатлари.

Суд-меҳнат иқтисоди экспертизаси ҳам ҳал этадиган вазифаларига кўра уч гуруҳга бўлинади.

Суд-меҳнат иқтисоди экспертизаси томонидан ҳал этиладиган биринчи гуруҳ вазифалари корхонада ишлаётган ишчилар сони ҳисоб-китоби, қўлланилаётган тариф сеткасининг асослилиги ва ушбу маълумотларнинг корхона ҳисоботларида тўғри акс этганлиги бўлиб, қуйидаги масалаларни ҳал этади:

– корхона ишлаб чиқариш таркибининг сони, тизими ва тузилмаси ҳамда ундаги ўзгаришларни иқтисодий кўрсаткичларга таъсири;

– меҳнатга хақ тўлаш тариф системасини инобатга олган ҳолда ходимларнинг лавозим даражалари  бўйича ҳисоб-китобининг асослилиги;

– юқорида келтириб ўтилган ҳолатларнинг ташкилот (корхона) ҳисоботларида тўғри акс этиши.

Биринчи гуруҳнинг асосий вазифаларидан бири – ишлаб чиқариш жараёнининг тўхтовсиз ишлаши ва шартномавий мажбуриятларнинг бажарилишини таъминловчи ҳар хил даражадаги ишчи ходимларга бўлган талабни аниқлашдир.

Иккинчи гуруҳнинг асосий вазифаларидан бири иш ҳақи фондининг тўғри шаклланиши ва чиқим қилиниши ҳамда уларнинг ҳисоботларида тўғри акс эттирилганлигини аниқлашдир.

Суд-меҳнат иқтисоди экспертизаси иш ҳақи фондига тааллуқли қуйидаги масалаларни ҳал этади:

– иш ҳақи фонди (меҳнатга ҳақ тўлаш фонди) тақсимланиши ва ажратилишини асосли ва тўғрилигини аниқлаш;

– иш ҳақи фонди сарфланишининг асослилиги, унинг белгиланган меъёрдан четга чиқиши ва бунинг сабаблари аниқлаш;

– меҳнатга ҳақ тўлаш фондига корхонанинг ишлаб чиқаришига таалуқли бўлмаган тўловларнинг таъсири аниқлаш;

  • ишчи ходимларни иш ҳақи фондидан мукофатлашни асослилигини аниқлаш;

– зарарли, ўта зарарли шароитларда ишловчи ишчи ходимларга тўланадиган қўшимча ҳақларнинг асослилигини аниқлаш;

– меҳнатга ҳақ тўлаш фонди бўйича акс этган маълумотларни корхона ҳисоботларида тўғри акс эттирилганлигини аниқлаш.

Суд-меҳнат иқтисоди экспертизаси ҳал этадиган учинчи гуруҳга тааллуқли вазифалар иш ҳақи бўйича меҳнатни режалаштириш ва режаларни бажариш вақтидаги қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ҳисобланиб, у қуйидаги саволларни ҳал этади:

– иш ҳақи фонди бўйича меҳнат ресўрсларини ажратиш ва улардан фойдаланишдаги қоидабузилиш ҳолатларини аниқлаш;

– иш ҳақи ва меҳнат кўрсаткичлари бажарилиши бўйича ҳисоботларни тузилиши ва тўғри режалаштирилишини таъминловчи шахслар доирасини аниқлаш.

Суд-мeҳнaт иқтисоди экспертизасини ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1) ходимлар рўйхати;

2) режалаштирилган техник-иқтисодий меъёрлар; иқтисодий рағбатлантириш, иш ҳақи жамғармаси, моддий рағбатлантириш жамғармаси бўйича режалар;

3) иш вақтини ҳисоблаш табели;

4) иш ҳақи бўйича шахсий ҳисоблар;

5) ишчилар сони бўйича қайдномалар;

6) шахсий моддий жавобгарлик ҳақидаги шартномалар;

7) статистик ҳисоботлар.

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .