18/03/2019

Ҳудудий бўлинмалари тўғрисида низом

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг ҳудудий бўлимлари тўғрисида
НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

 

Ўзбексистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида
(кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) қуйидаги ҳудудий бўлимлар (кейинги ўринларда бўлим деб юритилади) мавжуд:

Қорақалпоғистон Республикаси бўлими
Хоразм вилояти бўлими
Навоий вилояти бўлими
Бухоро вилояти бўлими
Сурхондарё вилояти бўлими
Қашқадарё вилояти бўлими
Самарқанд вилояти бўлими
Жиззах вилояти бўлими
Сирдарё вилояти бўлими
Андижон вилояти бўлими
Наманган вилояти бўлими
Фарғона вилояти бўлими

2. Бўлимлар ўзининг фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Адлия вазирлиги ҳайъатининг қарорлари, Адлия вазирининг буйруқлари, фармойишлари,
Марказ тўғрисидаги низом, “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома”, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.

3. Бўлимларда суд экспертизасининг қуйидаги турлари ўтказилади:

суд хатшунослик экспертизаси; ҳужжатлар техникавий криминалистик экспертизаси; изшунослик экспертизаси; йўқ қилинган маркировка белгиларини тиклаш экспертизаси; суд баллистика ва изшунослик экспертизаси; суд автотехника экспертизаси; транспорт изшунослик экспертизаси; транспорт воситалари ва уларнинг қисмларини баҳолаш экспертизаси; суд иқтисодий экспертизаси; суд товаршунослик экспертизаси; суд қурилиш- техникавий экспертизаси; суд ер экспертизаси.

Бўлимларда, шунингдек, уларнинг экспертлик ихтисослиги бўйича бошқа турдаги суд экспертизалари ўтказилиши мумкин.

II. Бўлимнинг мажбуриятлари ва вазифалари

 

4. Бўлимларнинг асосий мажбуриятларига қуйидагилар киради:

фуқаролик, хўжалик, маъмурий, жиноий ишлар ва терговолди текширув материаллари бўйича суд экспертизаларини ўтказиш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатига биноан экспертлик мутахассисликлар бўйича тадқиқот ўтказиш;

суд экспертизаси соҳасида илмий тадқиқот ишларини олиб бориш;

эксперт амалиётига янги усул ва услубларни жорий этиш,
илмий-тадқиқот ишлари натижаларини синовдан ўтказиш;

бўлимларни замонавий асбоб-ускуналар билан техник жихозлаш ҳақидаги таклифларни ўрганиб чиқиш ва уларни тўғри ишлатилиши устидан назорат ўрнатиш;

илмий-тадқиқот ишлари, ахборотлаштириш ва ноширлик ишларида иштирок этиш;

суд экспертизаси соҳасида кадрларни тайёрлаш ва суд экспертларни малакасини оширишда иштирок этиш;

суд-тергов идоралари ходимлари билан услубий ишларни олиб бориш;

жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишига сабаб бўлган шарт шароитларни аниқлашга қаратилган профилактик ишларни олиб бориш;

аҳоли орасида ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб бориш.

5. Юклатилган мажбуриятларни бажаришда бўлимлар қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

бирламчи, қўшимча, комплекс, комиссиявий суд экспертизаларни ўтказади[1];

экспертлик мутахассисликлари бўйича тадқиқотларни амалга оширади;

суд экспертизаси муаммолари бўйича илмий тадқиқотларни бажаради ва натижаларини амалиётда синаб кўради;

замонавий илмий-техника ютуқларига асосланган ҳолда экспертиза тадқиқотлари услуб ва тавсияларини амалиётга татбиқ этади;

бўлимнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш борасида тавсиялар таёрлайди ва ундан самарали фойдаланишни назорат қилади;

илмий мақолалар, услубий қўлланмалар ва бошқа нашрларни тайёрлашда иштирок этади;

эксперт кадрларни тайёрлайди ва уларнинг малакасини ошириш бўйича тадбирларни амалга оширади, бунда:

– ходимларнинг тайёргарлик режаларини муҳокама этади, шахсий режаларни бажарилиши ҳақидаги ҳисоботларни тинглайди ва
илмий-услубий ёрдам кўрсатади;

– ўз ходимлари ва бошқа муассаса мутахассисларининг ишлаб чиқариш амалиётини ўташини ташкил этади;

– экспертиза хулосалари юзасидан тақризлар ўтказади;

– илмий-амалий семинарлар, суд экспертизасининг тегишли йўналишлари бўйича услубий тадбирларни ўтказади;

– суд-тергов ходимлари ўртасида суд экспертизаларнинг имкониятлари, уларни тайинлаш қоидалари ва хулосаларга баҳо бериш бўйича услубий ишларни амалга оширади;

– махсус билимлар доирасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва уларни содир этиш сабабаларини ва уларга сабаб бўлган шарт-шароитларни бартараф этиш услубларини ишлаб чиқади;

– аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб боради.

 

III. Бўлимнинг хуқуқлари ва жавобгарлиги

 

6. Бўлим юклатилган мажбуриятларни бажаришда қуйидаги хуқуқларга эга:

Марказ раҳбариятига бўлимнинг экспертлик фаолиятини такомиллаштириш ва янги турдаги тадқиқотларни ташкил этиш борасида таклифлар киритиш;

илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш учун муаммолар юзасидан ўрганишлар ўтказиш ва таклифлар ишлаб чиқиш;

илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун грантлар ажратилишида ташкил этиладиган танловларда иштирок этиш;

бўлимни замонавий асбоб-ускуналар билан жихозлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

бўлим ходимларининг иш шароитини яхшилаш ҳақидаги таклифларни киритиш;

бўлим фаолиятига тегишли бўлган ҳужжатларни тайёрлашда иштирок этиш;

бўлим амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

7. Бўлимга юклатилган мажбуриятлар ва вазифаларни самарали бажарилиши учун жавобгардир.

IV. Бўлимнинг иш фаолиятини ташкил этиш

8. Бўлимни Марказ директори томонидан тайинланадиган ва
у томонидан озод этиладиган мудир бошқаради. Мудир ўз фаолиятида Марказ директори ва унинг ўринбосарларига бўйсунади ва улар олдида ҳисобот беради.

9. Бўлим мудири:

бўлим фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, унинг ишини ташкил этади, йўналтиради ва назорат қилади;

бўлимга юклатилган мажбуриятлар ва вазифаларни бажарилиши бўйича шахсий жавобгарликни ўз зиммасига олади;

бўлим ходимлари ўртасида мажбуриятларни тақсимлайди, ҳар бир ходимнинг функционал вазифаларини ҳамда алоҳида топшириқларни бажарилиши учун жавобгарлик доирасини белгилайди;

бўлимга тайинланган экспертизаларнинг ўтказилишини ташкил этади, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонуни, “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома” талабларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажаради;

экспертлик мутахассислигига мувофиқ суд экспертизаларни ўтказишда иштирок этади;

бўлимнинг истиқболли иш режалари лойиҳаларини тайёрлайди, уларни тасдиқлаш учун тақдим этади, режадаги топшириқларнинг бажарилишини назорат қилади;

бўлимнинг илмий-амалий йиғилишлари ўтказилишини ташкил этади ва уларни бошқариб боради;

бўлимнинг иш фаолияти юзасидан Марказнинг Илмий кенгаш ва Директорат мажлисларида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар бўйича таклифлар киритади;

бўлим ишини такомиллаштириш бўйича таклифларни киритади, бўлим фаолиятининг муҳим масалалари бўйича Марказ директорига ва унинг ўринбосарларига мунтазам равишда ахборот бериб туради;

бўлимнинг илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қилади ва бевосита тадқиқотларда иштирок этади;

Марказнинг аттестация комиссиясига аттестациядан ўтувчи ходимларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги ҳақидаги хулосаларни тақдим этади;

бўлим ходимларининг давлат суд эксперти ихтисослигини бериш бўйича белгиланган тартибда ҳужжатларни тайёрлайди;

ходимларнинг илмий ва экспертлик фаолиятидаги ютуқлари учун уларни тақдирлаш ҳақидаги таклифларни киритади, шунингдек, меҳнат интизомини бузган ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш хақидаги ҳужжатларни тайёрлайди.

V. Бўлим мулки

10. Бўлим мулки асбоб-ускуналар, мебель жихозлари ва бошқа
турдаги моддий бойликлардан иборат.

11. Бўлимда мавжуд бўлган асбоб-ускуналар, мебель жихозлари ва бошқа турдаги моддий бойликларга бўлим мудири моддий жавобгар ҳисобланади.

12. Бўлим ходимлари бўлимдаги мавжуд бўлган асбоб-ускуналар, мебель жихозлари ва бошқа турдаги моддий бойликларни
асраб-авайлашлари, уларни бузилишига ёки йўқ бўлиб кетишига йўл қўймасликлари лозим.

VI. Бўлимни ташкил этиш ва тугатиш

13. Бўлим қонунчиликка мувофиқ ташкил этилади ва тугатилади.



[1]  Изоҳ: қайта экспертизалар фақат Марказда ўтказилади.