Y-хромасома бўйича популяцион келиб чиқишни аниқлаш

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришни бешта устувор йўналиши бўйича харакатлар стратегиясига мувофиқ 2019 йил 17 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ПҚ-4125-сонли “суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Қарорнинг 3-сонли иловасига мувофиқ 2019-2020 йилларда суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Мазкур йўл харитасининг 15-бандида кўрсатилган “Y-хромасома бўйича популяцион келиб чиқишни аниқлаш”га асосланган янги пуллик хизмат кўрсатиш турини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги “Геномика ва биоинформатика маркази” билан икки томонлама англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур меморандумасосида томонлар биргаликда Ўзбекистонда яшовчи турли миллатлар геномини ўрганишга асосланган илмий изланишлар олиб бориш, одам геномикаси йўналишида кадрлар тайёрлаш ва бунинг учун  қўшма семинарлар ўтказиш бўйича келишиб олдилар.

Шу мақсадда икки ташкилот ўртасида 2019 йилнинг июнь ойидан декабрь ойигача бўлган даврни ўз ичига олган ишчи дастури ҳам тасдиқланди. Ишчи дастур ижрочилари этиб Одам ДНКси суд-биологик экспертиза лабораторияси мудираси Д.Ш.Ахмедова, етакчи эксперт Д.М.Тошева ва лаборатория экспертлари О.Р.Пулатов, Б.Б.Ахмедов ва О.М.Обабакирова номзодлари тасдиқланган бўлса, маслаҳатчи сифатида Геномика ва биоинформатика маркази илмий ишлар бўйича директор ўринбосари б.ф.д. З.Т.Буриев номзоди тавсия этилди.

Ишчи гуруҳ жорий йилнинг декабрь ойигача Y-хромасома бўйича популяцион келиб чиқишни аниқлашга оид илмий адабиётлар билан ишлаш, филогенетик таҳлил ҳамда SNP мутацияларни таҳлилини ўтказиш услубиётини ўрганиш, лойиха учун махсус реагентлар маркетингини қилиш ва харид қилиш бўйича раҳбариятга таклиф киритиш, интернет тармоғида глобал Y-хромасома тахлили бўйича дастурий таминотларни апробациясини ўтказиш вазифаси юклатилди.

Умид қиламизки, мазкур икки томонлама ҳамкорлик Ўзбекистонда геномика фани ривожига ўз ҳиссасини қўша олади.

Маълумотномани Одам ДНКси суд-биологик экспертиза лабораторияси эксперти Б.Б.Ахмедов тайёрлади.