Ёнғинни олдини олиш бўйича экспертларнинг тавсиялари

Суд экспертиза муассасаси ходимларининг иш фаолиятини юксалтириш ҳам ҳар доим долзарб аҳамият касб этган. Бугунги кунда Ўзбекистонда суд экспертизаси соҳаси бошқа соҳалар каби ўзгариш даврини бошидан кечирмоқда. Унинг Давлат ва жамият учун бўлган аҳамияти қайтадан чуқур таҳлил қилинмоқда. Айнан шу сабабли, мамлакатимизда ушбу фаолиятни янада такомиллаштириш борасида тизимли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари ва раҳбарлигида 2017 йил 7 февралда қабул қилинган ҳамда изчил амалга оширилаётган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тараққиётимизнинг янги босқичини бошлаб берди. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда мамлакатимизда суд ҳуқуқ тизимининг ажралмас қисми ҳисобланган суд-экспертлик фаолиятининг ҳам фаол иштирок этиши таъминланган. Айнан шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “Суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4125-сон қарори билан илмий-тадқиқотлар натижаларини суд-экспертлик фаолиятига татбиқ этиш, суд экспертизаларини ўтказиш услубиётини такомиллаштириш, давлат суд-экспертиза муассасаларнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди[1]. Юқоридаги ислоҳотлар жараёнига ўз ҳиссамизни қўшиш мақсадида, нефть махсулотлари ва енгил алангаланувчи суюқликлар ёрдамида қасдан жиноят содир этилишини олдини олиш бўйича айрим фикрларни баён қилишга жазм қилдик.

Ёнғин – бу назорат қилиб бўлмайдиган, инсонларнинг хаётига хавф солувчи ва уларнинг мол мулкларига зарар етказадиган ходиса ҳисобланади. Шунингдек, ёнғинларни келиб чиқишига инсонларнинг иштироки ёрдамида (ҳаракат) ва уларнинг иштирокисиз (ҳаракатсизлиги) оқибатида юзага келади.

Ёнғинни юзага келиши учун учта омил – ёнувчи маҳсулот, ёндирувчи маҳсулот ва ҳаво (кислород) бўлиши лозим. Ёнувчи маҳсулотларга нефть маҳсулотлари ва енгил алангаланувчи суюқликлар ҳамда ёнадиган маҳсулотлар киради. Ёндирувчи маҳсулотларга қиздирилган жисм, электр учқунлари ва қаттиқ жисмларни урилиши ёки ишқаланиши натижасида ҳосил бўладиган учқунлар, статик электр учқунлари, чўғ, гугурт, очиқ алангалар киради.

Ёнғинлар уч гурухга булинади.

биринчи гуруҳ – эхтиётсизлик оқибатида ёнғинлар, очик аланга билан ишлашда ёнғин хавфсилиги қоидаларига риоя этилмаганлиги оқибатида келиб чиққан ёнғинлар:

иккинчи гуруҳ – табиат ходисаси, яъни ўз-ўзидан ёниши, чақмоқ, қуёш нури тушиши натижасида келиб чиққан ёнғинлар;

учинчи гуруҳ – турли (жиноят изини яшириш, қасос, мол-мулкк зарар етказиш) мақсадида ўт қўйиш:

Статистик маълумотларга кўра ёнғинларнинг 60-70 фоизини электр тармоқларидаги носозликлар ёки электр тармоқларини ўрнатишда «Электр қурилмаларни ўрнатиш қоида»ларига риоя қилинмаслиги оқибатида келиб чиқиши ва қолган 30-40 фоизни «Ёнғин ҳавфсизлиги қоида»лари ва «Турмушда газдан фойдаланиш ҳавфсизлиги қоида»ларига риоя қилмаслик, ёш болаларни гугурт ва очик аланга билан ўйнаши, эхтиётсизлик (тамаки, очиқ аланга билан ишлаш, электр ва механик учқунлар) оқибатида келиб чиққанлиги аниқланган, шунингдек, айрим ҳолларда жиноят изларини яшириш мақсадида ўт қўйиш ёки ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари хам аниқланган.

Таъкидлаш жоизки, халқимиз ҳаёти ва унинг турмуш тарзига моддий ва маънавий жиҳатдан ўз таъсирини кўрсатаётган ва керак бўлса хавф солаётган қўрқитиш усуларидан фойдаланиш ёки оммада қўрқув хиссини уйғотиш, халқ мулкини талон тарож этиш, террористик хуружлар, ўғрилик ва қасддан содир этилган жиноятларни яшириш мақсадида содир этилаётган ёнғинларнинг асосий воситаси бўлаётган нефть маҳсулотлари ва енгил алангаланувчи суюқликлар ёрдамида амалга оширалаётганлиги кўпчиликка маълум.

Нефть маҳсулотлари ва енгил алангаланувчи суюкликлар кам ҳароратли иссииклик манбалари таъсирида бир зумда алангаланиши кузатилади ҳамда алангаланиш жараёнида юзага келган харорат 1200-1400 С бўлади ва бир зумда катта майдонга тарқалиши билан ажралиб туради.

Кўп ҳолатларда ёнғинларни келиб чиқишига сабаб нефть маҳсулотлари ва енгил алангаланувчи суюқликлар ёрдамида юзага келиши бугунги кунда кўпчилик учун сир эмас. Кундалик турмушда ишлатиладиган енгил алангаланувчи суюқликлар ёрдамида одам ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари оқибатида тан жароҳат олиши ва айрим холларда ўлим билан якун топиши ачинарли холатдир.

Нефть маҳсулотлари ва енгил алангаланувчи суюқликлар халқ хўжалигида ва уй-рўзғорида ишлатилади. Уларга керосин, бензин, дизель махсулотлари, сурков мойлари, газ конденсатлари, ацетон турли хилдаги органик эритувчилар, бензол, толуол, фенолли эритмалари ва бошқа суюлтирувчи эритмалар киради. Уларнинг баъзилари ёқилғи сифатида ишлатилса, баъзилари уй таъмирлаш мақсадида бўёқларга қўшилади. Баъзида дори сифатида ҳам фойдаланилади.

Айрим ҳолларда уйда сақланган нефть маҳсулоти ва енгил алангаланувчи суюқликларни уй шароитда сақлаш жараёнида, назоратсиз қолдириши окибатида ёш болалар ўйнаб ёқиши натижасида келиб чиққан ёнғин учраб туради. Бундай ёнғинлар ёш болаларни жабр чекиши ва ҳатто вафот этишига олиб келмокда. Шунингдек, бугунги кунда аёллар ва айниқса ёш келинлар ўртасида оилавий келишмовчилик, рашқ оқибатида нефт маҳсулотлари ва енгил алангаланувчи суюқликлар воситасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги кўп йиллик тадқиқотлар кўрсатадики, қасддан содир этилаётган ёнғинлар замирида бошқа бирламчи жиноятлар ҳам ётади. Масалан: жиноят содир этган шахслар қотиллик, ўғрилик, ўзганинг мулкига зарар етказиш, хисоб-китоб ишларида иқтисодий жиноятларни амалга ошириб, нефть махсулотлари ва енгил аланга олувчи суюқликлар воситаси ёрдамида жиноят изларини беркитишга харакат қиладилар.

Бироқ нефт маҳсулотлари ва енгил алангаланувчи суюқликлар ёрдамида амалга оширилган ёнғинларда бундай маҳсулотлар ва суюқликларнинг тўлиқ ёнмаслиги оқибатида уларнинг излари воқеа содир бўлган жойларда қолиши ва ашёвий далилларни олиш жараёнида турли матолар, кийимлар, кул, ёнган ёғоч, тупроқ, уй-рўзғор буюмларининг қолдиқларида синган шиша ва ойналари бўлаклари, девор сувоқларида ҳамда жиноят содир этилган жойдаги сув кўлмаклари ва гиламларда сақланиб қолиниши суд-кимёвий экспертизаси жараёнида аниқланмоқда.

Мазкур ёнғинларни ўрганиб ва тўпланган маълумотларни умумлаштириб ҳамда амалий тажрибаларга асосланиб, Давлат суд экспертлари нефть маҳсулотлари ва енгил алангаланувчи суюқликлар ёрдамида ёнғин содир этилишини олдини олиш бўйича қуйидагиларни тавсия қиладилар:

1) нефть маҳсулотлари ва енгил алангаланувчи суюқликларни уй шароитида сақлашда, уларни усти ёпиқ идишларда очиқ аланга, иссиқлик манбаларидан узокда жойда сақланиши;

2) нефть маҳсулотлари ва енгил алангаланувчи суюқликларни уй шароитида сақлашда техника ва ёнғин ҳавфсизлигига риоя қилган ҳолда сақлаш ва ёш болалар кўзи ва бўйи етмайдиган жойларда ва улардан узоқда сақлаш;

3) уй, мактаб, коллеж, олий таълим муассалари ва шаҳар, қишлоқ, махалла фуқаролар йиғинларида, оммавий ахборот воситаларида ёнғин ва техника ҳавфсизлиги қоидалари юзасидан фуқароларга чиқишлар орқали нефть маҳсулотлари ва енгил алангаланувчи суюқликлардан тўғри фойдаланиш, ёнғинларнинг оғир ва зарарли оқибатлари ҳақида мунтазам маълумотлар бериб бориш;

4) нефт маҳсулотлари ва енгил аланга олувчи суюқликларни бошқа шахсга бераётганда, уни аввал нима мақсадда ишлатилишини аниқлаш, шунингдек вояга етмаган шахсларга бермаслик.

 

  Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази
давлат суд экспертлари

Х.Б.Юнусов, С.С.Атаходжаев.

 

[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги «Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4125-сон қарори / Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19 январь 2019. 07/19/4125/2510-сон.