КОМПЛЕКС ПСИХОЛОГИК-ЛИНГВИСТИК ЭКСПЕРТИЗАСИНИ ЎТКАЗИШДА ИНТЕРТЕКСТУАЛЛИК ТАҲЛИЛ

Интертекстуаллик ҳодисасини тушунмай туриб эксперт-лингвист муайян инсон шахсига салбий муносабат аллюзиялар ёки реминисценциялар шаклида ифодаланиши мумкин бўлган мураккаб полисемантик (кўп маъноли) матнларни тўлиқ ва холисона таҳлил қила олмайди.

Комплекс психологик-лингвистик экспертизаларни амалга оширишда эксперт-лингвист кўпинча аллюзиялар ва реминисцен­циялар каби лисоний (тилга оид) ҳодисалар мавжуд бўлган матнни изоҳлаш (талқин этиш) муаммосига дуч келади. Хусусан, жумла ёки ибора (ифода) интертекст (бировнинг гапи, матни) бўлганида ҳақорат бўлиши эҳтимоллигини аниқлаш қийин кечади. Ушбу ҳолда эксперт олдида буни ҳақиқий ҳақорат деб ҳисоблаш керакми ёки оддий (пост) ҳодисани ҳаволаки талқин этишга киритиш лозимми, деган савол туғилади.

ЎзР ЖКнинг 140-моддасига мувофиқ, ҳақоратлаш деганда беодоблик билан ёки ҳаёсиз шаклда ифодаланган ёхуд оммавий чиқиш (нутқ)да мавжуд бўлган, оммавий намойиш этилаётган асар ёки оммавий ахборот воситасида ифодаланган ҳолда бировнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш тушунилади. Ҳақоратлашда инсон шаъни ва қадр-қимматини камситиш жабрланувчининг шахсини салбий баҳолашда ифодаланади ва бу атрофдагилар кўз ўнгида унинг обрўсини поймол қилади ҳамда унинг ўзига бўлган ҳурматига зарар етказади. Аммо агар ҳақоратлаш ранжитиш бўлиб, оғзаки (масалан, сўкиниш ва уятсиз лақаблар кўринишида ифодаланиши мумкин бўлган); ёзма (беодоб мазмундаги матнлар кўринишида); тана ҳаракатлари (юзга тарсаки тушириш, тупуриш ва шу кабилар) кўринишларида бўлса ва айни вақтда ушбу ҳаракатлар аниқ ва бевосита ана шу шахсга (адресатга) тааллуқли бўлса, бошқача шаклда ифодаланган матн филологик таҳлил қилиниши керак бўлади.

Ушбу муаммони ҳал қилиш учун эксперт юридик психолингвистика соҳасида муайян тайёргарликка эга бўлиши, хусусан тил соҳасидаги интертекстуаллик сингари ҳодиса билан таниш бўлиши зарур[1].

Шу пайтгача интертекстуаллик назариясига ким асос солгани хусусида бир тўхтамга келинмаган. Масалан, Н.А. Кузьмина ушбу назариянинг учта асосий манбага М. Бахтиннинг полифоник адабиётшунослиги, Ю. Тиняновнинг пародия ҳақидаги таълимоти ҳамда Ф. де Соссюрнинг анаграммалар назариясини киритади[2]. Бундан ташқари, «интертекстуаллик» тушунчаси Ж. Деррица томонидан ифодаланган бутун «дунё матндир» деган қоида билан чамбарчас боғланади. Шу билан бирга, мазкур тушунчанинг мазмуни борасида аксарият олимларнинг фикрлари деярли фарқ қилмайди.

Интертекстуаллик ҳар қандай матннинг бошқа матнлар билан диалогга (мунозарага) киришиш қобилияти бўлиб, бунда «сўз ва матн барқарор маънонинг бирлиги эмас, балки турли маъноларнинг кесишмаси, цитаталар (иқтибослар) мозаикаси ҳамда аввалги матн жамланиши ва трансформациясининг маҳсули сифатида баҳоланади»[3]. Интертекстуаллик аноним микроматнларнинг умумий майдони бўлиб, улар ҳақидаги махсус билимларга эга бўлмасдан уларнинг келиб чиқишини ҳар доим ҳам аниқлаб бўлмайди.

Матннинг нафақат лексик, балки грамматик, сўз ясалишига оид, фонетик даражалари ташкил қилиниши элементлари интертекстуал маънога эга бўлиши мумкин; у шунингдек имло ва пунктуация тизимига, матнни график расмийлаштириш танловига (шрифтларга), матнни текисликда жойлаштириш усулига ҳам таяниши мумкин.

Одатда, интертекстуаллик аллюзия, цитата, реминисценция, эпиграф, метонимия сингари усуллар билан киритилади. Ушбу усуллар орасида интерматнни, «бегона матнни» ифодалашнинг аллюзия ва реминисценция сингари ёрқин воситалари алоҳида ўрин тутади.

Фанда ушбу тушунчаларнинг қуйидаги кенг тарқалган таъриф­лари қабул қилинган: аллюзия (лот. allusio – ишора, ҳазил) – стилистик усул бўлиб, нутқда ёки халқ орасида тарқалган бадиий асарларда маълум бир тарихий ёки маиший фактга ишора сифатида қўлланилади; тавсифланаётган ёки воқеликда юз бераётган нарса-ҳодисани барқарор тушунча ёки адабий, тарихий, мифологик ибора (сўз бирикмаси) билан солиштиришдан иборат.

И.Р. Гальпериннинг фикрича, «адабий аллюзия» – матнлараро алоқалар яратиш воситаси, аммо у ҳақиқатда бўлган ёхуд ўйлаб топилган муайян бир воқеага «ишора» қилиш усулидан бошқа нарса эмас. Унинг фикрича, аллюзия, шунингдек, «мифологик, Инжилдаги, адабий, тарихий персонаж ва воқеаларнинг хоссалари ҳамда сифатларини ушбу иборада сўз юритилаётган персонаж ва воқеаларга кенгайтирилган ҳолда кўчириш» воситаси сифатида амал қилиши мумкин. Ушбу ҳолда, «аллюзия» ҳаммага яхши маълум бўлган образни тикламайди, балки ундан қўшимча ахборот ажратиб олади»[4].

Бироқ гап шундаки, ушбу қўшимча ахборот, «қўшимча маъно» ҳақоратомуз мазмунга эга бўлиши ҳам мумкин.

Бундай ҳақоратомуз аллюзиянинг мисоли сифатида «Жанубий парк» мультсериалининг «Мультипликацион урушлар. 2-қисм» мультфильмидаги якуний саҳналардан бири бўйича психологик-лингвистик экспертизани келтириш мумкин. Хулоса россиялик профессор М. Кузнецовнинг адвокатлик бюроси берган мурожаати бўйича 2002 йил 31 майдаги 63-сон Россия Федерал қонунининг 6-моддасига мувофиқ тайёрланган.

Мазкур саҳнада бир қатор мультипликацион персонажларнинг ўйин ҳаракатлари мавжуд бўлиб, улар орасида ташқи кўриниши Исо Масиҳнинг мультипликацион қиёфасини ифодалайдиган ёхуд Исо Масиҳнинг аллюзиясини яратадиган эркак бор (саҳнада у оддийгина «Исо» деб аталади).

Экспертлар аксарият томошабинлар Исо деганда айнан Исо Масиҳни тасаввур қилишлари ҳақидаги хулосага келдилар. Бунинг устига, мазкур ассоциациялар (ўхшатишлар) ушбу мульт-персонажнинг ташқи қиёфаси (кўриниши) туфайли кучайиб боради, чунки унинг қиёфаси схематик тарзда айнан ўша, Янги Аҳдда ёзилганидек, ердаги дунёда Исо Масиҳ яшаган икки минг йил аввалги даврни эслатади. «Жанубий парк» сериалининг бошқа кўпгина серияларида ҳам айнан Исо Масиҳ образига мурожаат этилиб, ана шу образ ва насронийларнинг ҳис-туйғулари таҳқирланади.

Мазкур психологик-лингвистик экспертиза мисолида шундай хулоса чиқариш мумкинки, агар эксперт аллюзиянинг муайян ҳамма биладиган факт (ҳолат) билан алоқасини (алоқадорлигини) аниқлай олса ва унда ҳақоратлаш ёки камситиш нияти мавжуд бўлса, у ҳолда ҳуқуқбузарлик ҳолатининг ўзини ҳам аниқлайди.

Баъзан ҳақоратлаш нияти бўлган аллюзия билан ана шу аллюзияни келтириб чиқарувчи ҳодиса ўртасидаги алоқа янада ноаниқ туюлади. Ушбу ҳолда «аллюзия» тушунчасига яқин бўлган «реминисценция» ҳақида сўз юритиш лозим бўлади.

Реминисценция (лотинча Reminiscentia – эслаш): матнда атайин ёки беихтиёр таниш ибора ёки образли конструкцияни тиклаш (ифодалаш); сал-пал эслаш; нима биландир қиёслашга йўналтирувчи ҳодиса; шеърият, мусиқа кабиларда бошқа асарнинг акс этиши ва ҳоказо[5].

Шундай қилиб, аллюзия ва реминисценцияларнинг ҳаммасига хос бўлган жиҳат ана шу иккала тушунча – адресатга муайян тарзда таъсир кўрсатиш, жумладан уни ҳақоратлаш ёки камситиш мақсадида «бировнинг» матнини келтиришга қаратилган кўчирмалардир.

Демак, аллюзия ҳам, реминисценция ҳам ҳар қандай матннинг чегарасини кенгайтирадиган ва матнга ўзига хос психологик тус берадиган матнлараро мулоқот воситаларидир.

Бу ўринда эксперт учун муаммо шундаки, аллюзия ва реминисценцияларнинг гетерогенлиги аниқ эмас, балки исботлашни талаб қилади. Бинобарин, унинг ана шундай матнлардаги вазифаси аллюзия ва реминисценцияларни, уларнинг дастлабки манба бўлган матн билан алоқасини ҳамда жабрланувчининг шахсига нисбатан салбий баҳони аниқлаб, ҳақоратлаш мақсади борлигини исботлашдир.

Эксперт ана шундай исботлаш учун аллюзия ва реминисценцияларнинг функцияларини аниқ ажрата билиши лозим.

Реминисценциялардан фарқли равишда, аллюзияларни ажратиб турувчи функцияларидан бири унинг ёрқин ифодаланган сиёсий характери бўлиб, бунда ишора орқали цензура боис тўғридан-тўғри айтиб бўлмаслиги кўрсатилади.

Бу ерда остматннинг аҳамияти катта роль ўйнайди, яъни аллюзия нима мақсадда ва қандай маънода қўлланилгани ва у жабрланувчининг шахси билан қандай алоқадалиги муҳим. Бундан ташқари, аллюзия тарихий ва асосий қисмига кўра долзарбдир, яъни деярли ҳар доим ўта кескин ижтимоий-сиёсий воқеаларга ишора қилади.

Реминисценция ёки аллюзия эксплицит, яъни таниб олинишга мўлжалланган ёки имплицит бўлиши мумкин. Иккинчи ҳолатда верификация жиҳати айниқса муҳим, бунинг устига, цитатадан фарқли равишда, реминисценция ёки аллюзияни муаллифнинг ўзи ҳам англамаслиги мумкин.

Ушбу ҳолда экспертнинг вазифаси айтилган гапни жабрланувчининг шахси билан қиёслашдан иборат бўлади, бунда шахсни салбий баҳолаш ҳеч бир ҳолда қабул қилиниши мумкин эмас.

Шундай қилиб, агар аллюзиялар функционал бўлса, реминисценциялар аксарият ҳолларда эстетик ва стилистик юкка эга бўлади, холос. Улар бадиий образни кучайтиришга хизмат қилади, чунки реминисценция туфайли аввалги адабиётнинг қатлами у орқали «намоён бўлади».

Бинобарин, лингвистик экспертизанинг объекти лисоний (тилга оид) ҳодиса бўлиб, ундан фойдаланилганлигининг ўзи эмас, балки семантик корреляцион алоқалари билан биргаликда олинади, шу боис муаллифнинг шахс ҳақидаги ва ана шу шахсга қандайдир алоқаси бўлган фактлар борасидаги фикрини аниқлаш зарур.

Интертекстуалликни, жумладан аллюзия ва реминисцен­цияларни тадқиқ этиш эксперт-лингвистга таҳқирлаш айни вақтда ва филологик жиҳатдан ниқобланган ҳамда мутлақо аниқ психологик маънога эга бўлган мураккаб полисемантик (кўп маъноли) матнларни таҳлил қилиш ва баҳолаш имконини беради.

Бундай ҳолларда экспертиза олдига ҳал қилиши учун қуйидаги саволлар қўйилади:

  1. Текширилувчи унинг интеллектуал ривожланиш даражаси, оғзаки ва ёзма нутқи, индивидуал-психологик хусусиятлари ва ишнинг аниқ ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда, текширилувчи тадқиқ қилинаётган матннинг муаллифи бўла оладими?
  2. Тадқиқ қилинаётган матнда текширилувчи эмоционал ҳолатининг ўзгарганлиги белгилари (стресс, фрустрация ва б.) мавжудми?

 

Ҳ.Т. Маҳмудова
Психология фанлари номзоди, доцент
Суд-фонография экспертизаси
лабораторияси эксперт-психологи

[1]Енгалычев В. Ф. Юридическая психолингвистика // Прикладная юридическая психология / Под ред. проф. А. М. Столяренко. – М., 2000. – С. 399–406.

[2]Кузьмина Н. А. Интертекст и его роль в процессах эволюции поэтического языка. – Екатеринбург, 1999. – С. 8.

[3]Молчанова Г. Г. Семантика художественного текста (Импликативные аспекты коммуникации). – Т., 1988. – С. 162.

[4]Гальперин И. Р. Текст как объект лингвистического исследования. – М., 2008. – С. 11.

[5]Русский язык: энциклопедия. – М., 1997. – С. 424.