Bizning nashrlar

Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг тараққиёт босқичлари

Замонавий ижтимоий-илмий муҳитда демократик тамойилларга асосланган бошқарув тизими ХХ асрда Марказий Осиё ҳаётига совет тузимидан кейинги даврда глабаллашувнинг натижасида кириб келди, деган тасаввур мавжуд. Ушбу қараш айниқса Фукуяманинг “Тарихнинг тугатилиши” мақоласида бутун дунёда евроатлантик жамият бошқарув тамойиллари дунёнинг барча қитъаларида қабул қилиниши керак деган қарашда концепция сифатида ўз ифодасини топган. Инсоният жамиятлари қайси шаклда ва қай даврда мавжуд бўлганидан қатъий назар ўзининг мавжудлик ва сақланиб қолиш мезонларини адолат тамойилларида кўрган ва демократик ақидалар секин аста тизимлаша бошлаган.

Ушбу мавзуга оид илмий тадқиқотлар XX-XXI аср юриспруденция ва исломшунослик, социалантропология соҳаларининг қизғин мавзусига айланди. Ислом ҳуқуқшунослигининг назариётчиларидан бири Л.Р.Сюкияйнен ислом ҳуқуқи тадқиқотларининг географик қамровини совет даври тадқиқотчилари, Ғарб ва Яқин Шарқ тадқиқотчилари илмий ишлари гуруҳига бўлади[1]. Ҳар бир давр ва ҳар бир ҳудуд тадқиқотларида ўз даврининг қизиқишлари ва манфаатлари, акс этганини кўрамиз.  Мазкур мақола Марказий Осиё XXI асрда цивилизацион дунёга интеграллашиб, замонавий демократик жараёнларни ўз тажрибасидан ўтказаётган бир даврда унинг тарихидаги ҳуқуқий жараёнлар, хусусан, ислом фикҳи ривожи қандай кечганини система сифатида ойдинлаштиришга қаратилган. Хусусан, ушбу ишда тарихий нуқтаи назардан, Моварауннаҳрда ислом демократиясининг асоси бўлган фикҳ тизими хусусиятлари ва унинг тараққиёт босқичи ҳақида фикр юритамиз.

Мовароуннаҳрда давлат ва ҳуқуқнинг, шу билан бирга ҳуқуқий таълимнинг пайдо бўлиши ва тараққиёти илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақаладики, бу ҳақда зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто”да баъзи маълумотлар учрайди. Ўрта Осиёнинг араблар томонидан истило қилиниши арафасида қонунчиликнинг ривожланганлиги, Сўғдда махсус суд нотариал маҳкамаларининг мавжуд бўлганлиги ҳақида топилган Сўғд хужжатлари ҳам бу худудда ўзига хос ҳуқуқ мактаблари яратилганлиги, уларнинг анъаналари авлоддан-авлодга ўтиб келаётганлигини кўрсатади.

Ўрта асрларда Ўрта Осиёнинг араблар томонидан босиб олиниши ва ушбу худуд халқлари томонидан ислом динининг қабул қилиниши натижасида VIII-XII асрларда Моварауннаҳр диний илмлар марказига айланди.

Исломнинг назарий – ҳуқуқий асослари илк ислом давридан кейинги даврларда шакллана бошлади. Бу пайтга келиб ислом дини ўз атрофига араб бўлмаган халқларни ҳам бирлаштиришга улгурган эди. Шу туфайли диний – ҳуқуқий таълимотнинг яратилишида исломни қабул қилган турли миллат ва ирқ вакилларининг манфаатларини ҳам ҳисобга олиш лозим эди.

Фиқҳ – ислом ҳуқуқшунослиги соҳаси сифатида VIII-X асрларда шаклланди ва унинг методологияси вужудга келди. Фиқҳ илми мустақил ҳуқуқшунослик соҳаси сифатида ривожлана бориб, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларига оид бўлган масалаларни қамраб олган: иймон асослари, ақида талаблари, инсон турмуш тарзига хос бўлган муомала, аҳлоқ, ибодат қонун қоидалари. Бу жараён икки ярим аср давом этиб, ислом ҳуқуқшунослигининг шаклланишида “олтин аср” деб номланди.

Бу даврда ислом динининг турли ўлкаларга кириб бориши ва у ерларда турли дин ва маҳаллий урф-одатлар билан тўқнашиши натижасида ислом ҳуқуқшунослиги соҳасида кўплаб мазҳаблар юзага келди. Фиқҳ илми мусулмон ҳуқуқшунослиги ва шариат қонун-қоидалари ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи соҳа бўлгани учун, у диний илмлар қаторига киритилган. Фиқҳ билан шуғулланувчи, уни ўрганувчи киши фақиҳ – ҳуқуқшунос деб аталган.

Ҳуқуқий масалаларни ечишда асосий манба сифатида дастлаб “Қуръон” ва суннат, яъни пайғамбар ҳадислари хизмат қилди.

Фиқҳ илмининг ривожига Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан олимлар жуда катта хисса қўшганлар. Чунончи, мусулмон дунёсида катта шуҳрат қозонган Абу Мансур Мотуридий (вафоти 945 йил), Абу Лайс ас-Самарқандий (вафоти 983 йил), Фахр ал-ислом ал-Паздавий (вафоти 1089 йил), Алоуддин ас-Самарқандий (вафоти 1145 йил), Бурҳонуддин Марғиноний(1123-1197)ларнинг бу борадаги хизматлари ниҳоятда улкан бўлган. Мовароуннаҳрда фиқҳнинг ҳанафия мазҳаби устувор бўлганлигининг сабаби, бир томондан, IX асрда бу ерда маҳаллий фиқҳ мактаби шакллланишида мазҳаб асосчисининг сафдоши ва шогирди имом Муҳаммад аш-Шайбонийнинг шогирди Аҳмад ибн Ҳафс Абу Ҳафс ал-Бухорий (ваф. 216/832) нинг хизматлари бўлса, иккинчидан мазкур мазҳабнинг меъзон ва тамойиллари маҳаллий шарт-шароитларга кўпроқ мос келганлиги эди. Бундан ташқари маҳаллий фиқҳ мактабининг шаклланишига Балхдаги йирик ҳанафийлик марказининг ҳам таъсири катта бўлди.

Мазкур фиқҳ мактабининг вужудга келиши хронологик жиҳатдан Сомонийлар ҳукумронлиги даврига (819-1015) тўғри келади. Айни шу даврда Балх билан Мовароуннаҳр ўртасидаги мустаҳкам маданий алоқалар ривожланган эди. Шунинг учун маҳаллий фиқҳ мактаби шаклланган дастлабки даврларда  унда Балх, Бағдод ва бошқа ҳанафия мазҳаби марказларининг таъсири сезилиб турди. Зеро, Туркистонлик уламолар дастлаб Бағдод ва халифаликнинг бошқа шаҳарларида таълим олишар, ўрганган илмларини дарс бериш ёки асарлар ёзиш орқали кейинги авлодга етказар эдилар.

Қорахонийлар даврида (999-1211) фиқҳ илми Мовароуннаҳрда юксакликка эришди. Энди фақиҳлар жамият ҳаётида муҳим ўрин тута бошладилар. Чунки улар мамлакатдаги ўзгаришларни ислом дини талабларига мос келиши ёки келмаслиги хусусида фикр билдира оладиган ягона тоифа кишилар эди. Улар кўпинча шаҳар аҳолисининг ўрта табақасига мансуб кишилар бўлиб, албатта, халқ оммасининг муаммолари, ташвиш ва қувончларидан яхши хабардор эдилар. Шу сабаб аҳоли турли масалалар бўйича ўзлари яшаб турган жойдаги  фақиҳга мурожаат қиларди.

Одатда, фақиҳлар ўз илмининг мукаммал соҳиблари бўлиб, уларнинг юксак малакаларига асосланиб чиқарган ҳукмлари ёзиб олинган ва бу ҳукмлар фатво мақомига эга бўлган.  Шуниси диққатга сазоворки, фақиҳлар фаолияти маҳаллий маъмуриятга бўйсунмас эди, шу боис, улар томонидан қабул қилинган қарор ҳамда фатволар ҳар доим ҳам маҳаллий маъмурларга маъқул бўлавермас ва хатто, улар баъзан фақиҳларга тазйиқ ўтказишга ҳам уринар эдилар. Табиийки, бу ҳолат фақиҳларнинг халқ орасидаги мавқеини янада оширар эди. Бу далиллар фақиҳларнинг фатволари  ўша даврда етарлича кучга эга бўлганлигидан гувоҳлик беради.

Қорахонийлар даврида Мовароуннаҳрда қатор йирик фиқҳ олимлари яшаб ижод этган бўлиб, улар маҳаллий урф-одатлар ва ҳуқуқий мезонлар ичидан ҳанафия мазҳаби талабларига мувофиқ келадиганини ажратганлар ва ёзма фатволарида акс эттирганлар. Улар сирасига Шамсулаимма Халвоний, Шамсулаимма ас-Сарахсий (ваф. 490/1097), Фахрулислом ал-Баздавий (ваф. 569/1174), Фахруддин Қозихон (ваф. 592/1196) каби  алломаларни киритиш мумкин[2].

Энг эътиборлиси, бу даврда Мовароуннаҳрда фатво чиқара олиш қувватига эга фақиҳлар кўпчиликни ташкил этган. Бу борада Ҳусомуддин Умар ибн Абдулазиз ал-Бухорий (ваф. 535/1141), Бурҳонуддин ал-Бухорий, Абу Ҳафс ан-Насафий (ваф. 536/1142), Заҳируддин ал-Марғиноний (ваф. XII аср) ва бошқаларнинг номлари машҳур. Мазкур даврнинг яна бир ҳусусияти – фақиҳларнинг ҳар хил мавзу ва сохалардаги турли масалалар бўйича чиқарган фатволари тўпланиб, муайян муаллифларнинг асарларида жамланган. Айни пайтда бундай тўпламларнинг элликдан ортиғи мавжуд эди.

Мовароуннаҳрда фиқҳ илми ривожи ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш учун жўғрофий нуқтаи назардан баҳо бериб, ўша даврда мавжуд илмий марказларнинг ҳар биридан вакилларни хронологик жиҳатдан қаторма-қатор тартибда келтириш мумкин. Мазкур маълумотлар Мовароуннаҳрда IX асрда шаклланиб  борган маҳаллий фиқҳ мактаби минтақадаги Самарқанд, Бухоро каби йирик илм марказларидан ташқари Кеш, Насаф, Марғилон, Ўзган каби шаҳарлардан етишиб чиққан алломалар томонидан ривожлантирилганлигини кўрсатади.

Бу ҳол минтақада фиқҳ илми X-XII асрларда ўзининг энг юксак чўққисига кўтарилган ва айни ўша даврда бутун ислом оламида фиқҳ илми ривожига улкан ҳисса қўшган асарлар яратилишига қулай мухит яратилган, деб хулоса қилишга асос беради.

Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг ислом тарихида  тутган ўрнининг яна бир характерли томони – бу ерда шаклланган бой илмий мерос ва амалий тажриба фақатгина Мовароуннаҳрдагина тарқалиб қолмай, балки бошқа мусулмон ўлкаларига, жумладан, араб мамлакатларига ҳам етиб бориб, у мамлакатларда ҳанафия мазҳабининг фиқҳи ривожига ҳам салмоқли хисса бўлиб қўшилганидир. Қатор мусулмон мамлакатлари ҳукмдорлари сунний мусулмонлар мавқеини кучайтириш мақсадида Мовароуннаҳрлик фақиҳларга мурожаат этганлар. Айниқса Бағдод ва Нишопурда ҳанафия мазҳаби нуфузи сусайиб кетгач, бунга эҳтиёж кучайган. Мовароуннаҳрлик фақиҳлар Яқин Шарқ мамлакатларида ҳанафия мазҳаби нуфузини оширишга хизмат қилдилар.

Ҳанафийлик мазҳаби доирасида маҳаллий одатлар, удумлар ва тасаввурларни юзага чиқариш қорахонийлар давридаги фақиҳлар қаламига мансуб. Ҳанафийлик удумлари учинчи даражали мужтаҳидлар (мужтаҳиди мутлоқ) қаторига қорахонийлар даврида яшаб ижод этган 6 та йирик фақиҳни киритади. Булар Шамс ул-аимма ал-Халвоний, ал-Бухорий, Шамс ул-аимма ас-Сарахсий, Фахр ул-ислом Али ибн Муҳаммад ал-Бухорий, Бурҳон ад-дин Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Бухорий ҳамда Фаҳр ад-дин Қозихон ал-Фарғонийлардир. Бу олимларнинг қанчалик йирик фақиҳлар бўлганликлари уларга берилган ислом ва диннинг “қуёши”, “фаҳри”, “далили”, “ифтихори” каби фаҳрли унвонлардан кўриниб турибди.

Юқорида келтирилган далиллар Мовароуннаҳрда йирик ҳадисшунослик мактаби билан бирга ўз удумлари ва тартиб – қоидаларига эга бўлган фиқҳ мактаблари ҳам мавжуд бўлганлигидан далолат беради. Бу мактабларнинг вакиллари ҳам ислом дунёсида ўз асарлари билан машҳур бўлганлар. Ана шундай фиқҳ мактаблари қаторида Самарқанд фиқҳ мактабининг йирик вакили Абу Мансур Мотуридий мактабини келтириш мумкин. У ҳанафийлик мазҳабининг Мовароуннаҳр ва Хуросонда кенг ёйилиши, ҳамда ривожланишига катта хисса қўшган забардаст фақиҳ бўлганлиги боис “ал-Аълам ал худдо ал-мутакаллим”, яъни мазҳабнинг йирик мутаккаллими (сўз юритувчиси) деб тан олинган Алишер Навоий Мотуридий ҳақида “Шайҳ Абу Мансур ал-Мотуридий ўз замонасининг таълим уламосидин эрмиш. Ул вақт уламоси аларни султон ул-муиззин дер эрмишлар,”[3] – деб бежиз таъкидламаган.

Мотуридийлар сулоласидан чиққан яна бир фақиҳ-олимнинг набираси Абу-л – Хасан Али ал-Мотуридийдур (вафоти 1117 йил).

Бизгача Абу Мансур Мотуридийнинг араб тилида ёзилган иккитагина асари етиб келган. Улардан бири “Таъвилот (шарҳ) аҳл-ус-сунна” асаридир. Иккинчи асари – “Китоб ат-тавҳид”дир.

Ал-Мотуридийнинг илмий изланишлари натижасидан фойдаланган кейинги давр Ўрта Осиёлик ислом олимлари ҳам ислом илмлари борасида сезиларли ютуқларга эришганлар. Улар калом, фиқҳ, ҳадис ва бошқа ислом илмларига тааллуқли асарлар яратганлар.

VIII-XII асрларда бутун ислом ҳуқуқшунослигининг сунна мактаби мазҳаблари, шунингдек, Мовароуннаҳрда пайдо бўлган ва тараққий этган ҳуқуқ мактабларида яратилган ҳуқуқий таълимотларнинг асосий ғоялари, шубҳасиз, Мовароуннаҳр ҳуқуқ мактабининг намоёндаси, буюк фақиҳ олим Бурхониддин Марғинонийнинг “Ал-ҳидоя фил фуруъ ил-фиқҳ” (“Ҳуқуқ тармоқлари бўйича қўлланма”) асарида ўз аксини топди ва нафақат ўрта асрлар Ўрта Осиёда, балки ҳозирги кунларга қадар ҳам ислом ҳуқуқининг сунна мактаби ҳукмронлик қиладиган мусулмон мамлакатларининг ўқув юртларида ҳуқуқдан асосий дарслик қўлланмага айланди. Бурхонуддин Марғинонийнинг мана шундай буюк ҳуқуқшунос олим бўлиб етишишига албатта, у яшаган даврдаги ижтимоий муҳит, ҳуқуқий фанлар тараққиётининг юксак чўққига эришганлиги муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Чунончи, “у яшаган қорахонийлар даврида 300 га яқин йирик фақиҳлар мавжуд бўлиб, 150 дан ортиқ ҳуқуқий асарлар, 20 дан ортиқ фатволар ёзилган ва улардан 98 фоизи ҳанафийлик мазҳабига оид бўлган.”[4]

Мовароуннаҳр фиқҳ мактаби анъаналари қўшни Марв ва Хоразмда ҳам маҳаллий фиқҳ мактаблари вужудга келишига туртки бўлди. Жумладан, Хоразм фиқҳ мактабининг асосчиси Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарийнинг “Ал-Кашшоф” деб аталган Қуръонга ёзган тафсири, Байзавий тафсири билан бир қаторда Ўрта Осиё мадрасаларида XX аср бошларигача фиқҳдан асосий қўлланма сифатида ўқитилган. Бу мактаб вакилларининг қарашлари, шунингдек, Мухтор ибн Махмуд аз-Захирийнинг “Китоб куниятил мунийа”, “Шарҳи мухтасар ул-Қудурий” каби асарлари орқали бизгача етиб келган.

Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Сомонийлар, Хоразмшоҳлар, Салжуқийлар, Темурийлар, Шайбонийлар ва Аштархонийлар давлатларидан ташқари, Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликларида ҳам ислом ҳуқуқи меъёрлари, мазкур давлатларнинг ҳуқуқий пойдеворини ташкил этиб келган.

Темурийлар ва бобурийлар давлатларининг асосий қонунларини ўз ичига олган “Темур тузуклари” ва “Бобурнома”ни кўздан кечирадиган бўлсак ҳам, фиқҳ қонунлари инъикосини уларда айниқса “Темур тузуклари”да яққол кўришимиз мумкин. Масалан, Темур ўз «Тузуклар»ида фарзандларига салтанатни бошқариш учун тавсия этган 12 та тузукларнинг биринчисида Тангри таолонинг дини ва Муҳаммад Мустафонинг шариатига ривож бериб ислом динини мустаҳкамлаганини таъкидлаб, тўртинчи тузугида, давлат ишларини салтанат қонун-қоидаларига асосланган ҳолда бошқаргани, тўра ва тузукка таяниб, салтанатда ўз мартаба ва мақомини мустаҳкам сақлаб турганини билдиради[5].

 XIII асрдан, яъни Ўрта Осиё худудини мўғул истилочилари босиб олгандан кейин ислом ҳуқуқининг давлат ҳуқуқи сифатидаги мавқеи пасайди ва бу жараён Амир Темур салтанати ўрнатилгунча давом этдики, шу билан боғлиқ тарзда фиқҳ мактаблари ва фақиҳлар фаолияти ҳам сусайди. Кўплаб Мовароуннаҳр фиқҳшунос олимлари Яқин Шарқ мамлакатларига дарс бериш учун кетиб қолдилар ёки таклиф этилдилар. Бу нарса Мовароуннаҳр фиқҳ мактаби анъаналарининг кўпгина Яқин Шарқ мамлакатлари фиқҳ мактаблари вужудга келишига ҳам маълум даражада таъсир этди. Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг ислом ҳуқуқшунослигининг ривожидаги тарихий ўрни ҳам ана шундадир.

Таъкидлашимиз лозимки фиқҳ илмининг нафақат Мовароуннаҳрда балки бутун ислом оламида кенг тарқалишига, ривожланишига Марказий Осиёдан етишиб чиққан буюк фақиҳлар, имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, имом Абу Исо Термизий, Абуҳафс Кабир Бухорий, Шамсул-аимма Сарахсий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Зайд Дабусий, Фахруддиин қозихон, Алоуддин Самарқандий, Умар Насафий, Садруш-шариа каби жуда кўп фақиҳлар катта хисса қўшганлар. Шу билан бирга Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг йирик намояндаси Бурҳонуддин Марғинонийнинг фиқҳ илми ривожидаги хизматларини алоҳида эътироф этишимиз лозим.

Марғинонийнинг бутун ислом оламига машҳур “Ҳидоя” асари фиқҳ соҳасида ёзилган энг нодир асарлардан ҳисобланади. Ушбу асар айрим манбаларда “Ҳидоя фил фуруъ”, баъзи манбаларда “Ҳидоя фи шарҳи бидоя” ҳам деб келтирилган.

“Ал-Ҳидоя” асари 4 жилддан иборат бўлиб, инсон ҳаётининг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий – аҳлоқий, маданий, маърифий ва бошқа жабҳаларига алоқадор бўлган аксарият жиҳатларни қамраб олган ва уларни муайян ҳуқуқий меъёрлар, қонун ва қоидаларда изчиллик билан акс эттирган мукаммал асардир. Асарда жами 57 та ҳуқуқий мавзу кўтарилган бўлиб, улар алоҳида китобларга сарлавҳа қилиб олинган. Ушбу китоблар мундарижаси ва номлари билан танишиб чиқиб, бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин.[6]

 Мазкур асар Бурҳонуддин Марғинонийга катта шон-шуҳрат келтирди. Бурҳонуддин Марғинонийнинг мазкур асари муайян муддат ўтиб эмас, балки аллома замонасидаёқ ниҳоятда юксак баҳоланган. Ўша давр Мовароуннаҳр фиқҳ мактаби устунлари “Ал-Ҳидоя” асари бу соҳада ёзилган асарлар ичида энг қулай, энг мукаммал ва бетакрор эканлигини эътироф этишган. Айнан шундай юксак баҳони акс эттирган ҳолда, замондошлар кайфияти ва баҳосини алломанинг ўғли имом Имод уд-дин ибн Али шундай ифодалаган: “Ал-Ҳидоя асари уни билган, ўрганган ва уни маҳкам тутган кишиларнинг юмуқ кўзларини очади ва тўғри йўлга, ҳидоят йўлига элтади. Эй ақл соҳиби, сен уни ёд ол ва ундан айрилма. Кимки уни билишга, унга эргашишга муяссар бўлса, у энг улуғ мақсадга эришади.”[7]

Ўтган асрлар давомида бу асардан минглаб одамлар баҳраманд бўлиб келганлар. Бу асарга ўнлаб алломалар ва фақихлар шарҳлар ёзганлар ва бу ишни ўзлари учун шараф деб билганлар. Ўрта асрларда “Ҳидоя”нинг қатор қисқартма (мухтасар) нусҳалари ҳам бўлиб, уларга ҳам кўплаб шарҳлар ёзилган.

 Марғинонийнинг бу асари бутун ислом мамлакатларининг нуфузли олийгоҳларида дарслик сифатида ҳозирги кунда ҳам ўқитилади ва кўпчилик ривожланган мамлакатларнинг нодир адабиётлар сақланадиган кутубхоналарида Марғиноний илмий меъросига қизиқувчи тадқиқотчилар тамонидан ўрганилади.

“Фиқҳ – мусулмон қонунчилиги – деб ёзадилар А.Саидов, А.Жузжоний, – Шарқ халқлари ва маданияти эришган буюк қадриятлардан ҳисобланади … Мовароуннаҳрда фақихлар маънавий баркамоллик, чуқур ақл-заковат ва бошқа маънавий фазилатга эга бўлишлари ва иззат – ҳурмат қозонишлари учун хизмат қилди.”[8] Бурҳонуддин Марғиноний ана шундай иззат ва ҳурматга эга бўлган баркамол зот эди. Унинг илмий мероси олимлар томонидан асрлар давомида ўрганилади ва илм аҳлига ибрат бўлиб қолади.

 Марғиноний ҳукмларининг катта ижтимоий ва маънавий аҳамияти шунда эдики, у турли мулк шаклларидан олинадиган солиқларнинг аниқ шаръий миқдорларини белгилаб, бу борада юз бериши мумкин бўлган турли зўравонлик, бебошлик, адолатсизликнинг юз беришига имкон бермайди. Марғинонийнинг закот ва солиқ ҳақидаги чиқарган ҳукмлари халқимиз тарихининг маълум даврларида катта ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий аҳамиятга эга бўлган. Ўз ички ижтимоий-иқтисодий сиёсатида шариат аҳкомларига изчил риоя қилган Амир Темур ҳам Марғиноний фикрларига суянган, ҳамда уларни ўз ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг асосий масалаларидан бири ҳисоблаган. Амир Темур Марказий Осиё халқлари давлатчилик тарихида солиқ масаласида адолатли иш юритган ягона ҳукмдор бўлмаганлиги, бу масалада Бобур ўз бобоколонининг давомчиси сифатида мамлакат бошқарганлиги ҳам бизга маълум.

Амир Темур сулоласининг давомчиси Бобур ҳам Марғинонийнинг ношаръий солиқ турлари ҳақидаги ҳукмларига асосланган, улардан ғоявий озуқа олган ҳолда ўрта асрларда деярли барча мусулмон мамлакатларида олинадиган “тамға” солиғини катта жасорат билан ўз мамлакатида бекор қилади. Фақиҳ сифатида бу солиқни ношаръий деб ҳисоблайди, подшоҳ сифатида эса, мамлакат иқтисодига зарар келтиради, халқни оғир  иқтисодий ночорликка олиб келади, деб ҳисоблаб давлат номидан олий фармон чиқариб, ушбу солиқни бекор қилади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Моварауннаҳрда фикҳ тизимининг тадрижий ривожи ислом, эътиқод ва дин ижтимоийлашувининг синтезида намоён бўлди. Унинг меъёрий асосини ташкил этувчи адолат тамойиллари барча даврларда эволюцион жиҳатдан баъзида прогрессив, баъзида деформацион жараённи ўзида ифодалади. Лекин у ислом эътиқоди ва регионал хусусиятларни акс эттирган ягона тизим сифатида шакллана олди. Ушбу нодир мерос Марказий Осиё халқларини хуқуқ соҳасига оид тарихий қирраларини бирлаштирар экан, демократик тамойиллар асосида глобал дунёга интеграллашишида ҳам катта потенциал асос бўлиб хизмат қилади. Аждодларимиз қолдирган бой маънавий, ҳуқуқий меъросни ўрганмасдан туриб Марказий Осиёнинг глобал экологик инқироз, ташқи таъсир ва хуружлардан асроб қолишга эришмоғимиз қийин. Чунки хуқуқий асос жамиятнинг бошқа барча соҳалари тараққиёти мезонидир.   Зеро тарихни билмасдан туриб келажакни яратиб бўлмайди.

[1] Сюкияйнен Л.Р. Мусульманское право. – М: Наука, 1986. Стр 4-5.

[2] О.А.Қориев. Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳонуддин ал-Марғиноний. Тошкент. 2009й.

[3] Алишер Навоий. 15 жилдлик асарлар тўплами. 15-жилд. Б.152.

[4] Гулнор ал-Фарғоний. Араб истилосидан мўғул босқинига қадар Мовароуннаҳрда ҳуқуқий таълим тарихига доир. //Ҳуқуқ ҳимоясида. №9. сентябрь 2001й Б.41.

[5] “Темур тузуклари”, Алихонтўра Соғуний ва Ҳабибулло Кароматовлар таржимаси. Тошкент, Ғофур Ғулом номидаги нашриёт матбаа бирлашмаси. 1991й. 53-54 бетлар.

[6] Бу ҳақда тўлиқ маълумот учун қаранг: Қориев О. Ал- Марғиноний – машҳур фиқҳшунос. Б.31-40; Маҳмуд Хасаний. Ал-Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари ва унга ёзилган шарҳлар. Тошкент.: 2000 й. Б.18-20

[7] Қориев О. Ал- Марғиноний – машҳур фиқҳшунос. Тошкент.: 2000 й. Б.41-42.

[8] Саидов А., Жузжоний А. Шарқ ва инсон ҳуқуқлари. Тошкент., 1998 й. Б.89-90

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази
Кадрлар болими бошлиғи А.Ниязметов

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .