Yangiliklar

Меморандум имзоланди

Жорий йилнинг 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази ва Украина Адлия вазирлигининг “Хизмат кўрсатган профессор Н.С.Бокариус номидаги суд экспертиза институти” Миллий илмий маркази ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги МЕМОРАНДУМИ имзоланди.

Тадбир Онлайн видеоконференцалоқа орқали бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази номидан марказ директори А.Халилов, директорнинг экспертлик фаолияти ва илмий ишлар бўйича ўринбосари У.Узаков, директорнинг инновациялар, молия-хўжалик ва тижорат масалалари бўйича ўринбосари Т.Орзиев ва Халқаро ҳамкорлик ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи С.Саидходжаевлар, Украина Адлия вазирлигининг Миллий илмий маркази «Хизмат кўрсатган профессор Н.С.Бокариус номидаги суд экспертиза институти номидан директор-А.Н. Клюев, директорнинг биринчи ўринбосари-Олег Ухровецкий, илмий ишлар институти директорининг ўринбосари-Симакова-Ефремова Элла Борисовна ҳамда халқаро бўлим бошлиғи- Агапова Елена Валерьевналар иштирок этишди.

Меморандум доирасида суд-экспертиза ҳамда илмий-тадқиқот ишлари соҳасида икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, суд экспертиза ва криминалистиканинг замонавий усул ва воситаларидан унумли фойдаланиш асосида жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш,
амалда бўлган дўстона муносабатларни ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича Томонлар давлатларнинг миллий манфаатларига мувофиқ келишини англаган ҳолда ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олишди.

Меморандум юзасидан суд экспертиза соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларини аниқлаш ва ўрганиш бўйича қўшма дастурларни ишлаб чиқиш, суд экспертиза фаолиятининг устувор йўналишлари бўйича қўшма семинарлар, конференциялар ва бошқа илмий форумларни ташкил этиш каби масалалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, томонлар ўқув жараёнига тажрибали ходимларни жалб қилиш, масофали таълим имкониятларидан фойдаланилган ҳолда таълим сифатини ошириб боришни келишиб олдилар.

Маросим сўнгида келгусида Меморандумда кўрсатилган вазифаларни амалда бажариш юзасидан “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш келишиб олинди.

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .