Bizning nashrlar

Конституция – бизнинг пойдеворимиз!

Муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Конституция ва қонун устуворлиги – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир” номли маърузаларида таъкидлаганларидек, “Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси – Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради.

“Конституция” сўзи турли даврларда, турли маъноларда қўлланилган бўлса-да, бугунги кунда у олий юридик кучга эга бўлган, амалдаги қонун ва меъёрий ҳужжатлар пойдеворини, тагзаминини ташкил этадиган, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш қатъий назорат қилинадиган Асосий қонунни англатади.

Конституция ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси ҳисобланади. Унда жамиятнинг ижтимоий-сиёсий хусусиятлари, тараққиётининг бош мезонлари, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари ўз ифодасини топган бўлади.

Шуни айтиш керакки, ҳуқуқий давлат бунёд этиш учун Конституция ва қонунларнинг устуворлиги катта аҳамиятга эгадир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси олий юридик кучга эга ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унинг қабул қилиниши ҳуқуқий тикланиш ва тараққиёт сари қўйилган қадам бўлди. Конституция давлатимиз мустақиллигининг улкан рамзи бўлиб, унда ўз истиқлол ва тараққиёт йўлимиз акс этган. Ўзбек халқи ана шундай улуғвор Конституцияга муносиб буюк халқдир. Конституциямизда инсон ҳаёти, унинг шаъни, қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқлари  манфаатлари олий қадрият сифатида мустаҳкамлаб қўйилган.“Конституциямизда бизнинг бош мақсадимиз – фақат ҳуқуқий демократик давлат эмас, балки адолатли жамият қуриш экани аниқ-равшан белгилаб берилган.

Конституциянинг муайян мамлакат ижтимоий тараққиётининг ҳуқуқий замини, мезони эканлиги унинг функцияларида яққол намоён бўлади. Конституциянинг энг асосий функцияларидан бири – давлатчилик ривожланишидаги ворисликни таъминлашдир. Бу борада шуни айтиш лозимки, конституциямизда мустаҳкамланган оилага бўлган эътибор ёки ота-онага бўлган муносабат хусусидаги қоидаларни оладиган бўлсак ҳам, бу халқимизнинг онгида неча асрлардан буён шаклланган урф-одатларимизнинг бир бўлагига айланган умумэътироф этилган одатларимизнинг Конституциямизда ўз ифодасини топганлигининг бир намунасидир.

Конституцияни билган киши ўз хатти-ҳаракатини қонун доирасида амалга оширади. Бошқа кишиларнинг ҳамда жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ва эркини ҳурмат қилади. Конституцияни билиш асосида бизда шаклланган ҳуқуқий онг жамият тараққиётининг қудратли кучига айланади. Қонунларнинг муҳимлиги оқибат натижада ана шундай мақсадни амалга оширишга хизмат қилади.

ҲКЭ лабраторияси эксперти Б.Мамадалиев

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .