Bizning nashrlar

ЎЗБЕКИСТОНДА СУД ПСИХОЛОГИЯСИНИНГ ДОЛЗАРБЛИГИ ВА ИЛМИЙ-АМАЛИЙ АҲАМИЯТИ

Аннотация. Мақолада Ўзбекистон Республикасида суд психологиясининг долзарблиги ва илмий-амалий аҳамияти, унинг методологик базасини яратиш масалалалари кўриб чиқилган, экспертизанинг турлари ёритилган.

Таянч сўзлар. cуд психологияси, методология, қонун, экспертиза, эксперт, амалиёт, жиноят, илмий-тадқиқот, жиноятчилик, руҳият, ҳиссиёт.

Актуальность и научно-практическое значение судебной психологии в Узбекистане.

Аннотация. В статье рассматриваются актуальность и научно-практическое значение, судебной психологии в Республике Узбекистан, с учетом необходимости создания методологических основ, представлены предметные виды судебно-психологических экспертиз.

 Ключевые слова. судебная психология, методология, закон, экспертиза, эксперт, практика, преступление, научное-исследование, преступность,  психическое состояние, эмоция.

The relevance and scientific and practical importance of forensic psychology in Uzbekistan.

This article examines the scientific and practical significance, the relevance of forensic psychology in the Republic of Uzbekistan, taking into account the need to organize methodological foundations. Also, the subject-matter types of forensic psychological examinations are presented.

Keywords: Forensic psychology, methodology, law, expertise, expert, practice, crime, scientific research, crime, mental state, emotion.

Ўзбекистонда ҳозирги пайтда суд психологияси яхлит концептуал, назарий-амалий ва ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ ўрганилмаган. Жиноят содир этган шахснинг индивидуал-психологик хусусиятларини ва руҳияти (ҳиссиёти) билан боғлиқ ҳолатларни инобатга олмасдан, низоли вазиятларни психологик таҳлил қилмасдан туриб, “инсон омили” билан боғлиқ бўлган одил судловни амалга ошириш имконияти чекланган деб таъкидлаш мумкин.

Ҳуқуқбузарлик, диний экстремизм, терроризм каби иллатларнинг олдини олишда, жиноятчиликка қарши кураш самарадорлигини оширишда, тезкор-қидирув ва тергов фаолиятида, содир этилган жиноятнинг детерминантини аниқлашда суд психологияси билимларидан фойдаланиш алоҳида аҳамият касб этади.

Ҳозирги суд психологияси йўналиши кенг тармоқлидир. Унинг таркиби асосан қуйидагича: криминал психология; терроризм психологияси; жабрланувчи психологияси; жиноят содир этган вояга етмаганлар психологияси; тергов олди жараёни психологияси; психологларнинг консультант, мутахассис ёки эксперт сифатида жалб этилиши; жиноят ва фуқаролик ишларида суд-психологик экспертизалар; жиноят ва фуқаролик ишларида суд жараёнлари психологияси; аҳлоқ тузатиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси психологияси.

 2010 йилда “Суд экспертизаси” тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда суд экспертизасининг изчил ривожланиши, экспертиза тадқиқотларининг жаҳон стандартларига мос, замонавий илмий даражада ўтказилишида ҳуқуқий асос яратди. Шу борада фан-техника ютуқларини жалб этишнинг ўзига хос усули сифатида экспертиза институтига алоҳида ҳуқуқий мақом берилиши, суд амалиёти олдида турган долзарб вазифаларидан бири сифатида суд психологик экспертизасининг ҳам ўрни, мавқеи ва долзарблиги даражасини ўрганиш ҳозирги куннинг долзарб масаласидир.

Суд психологиясининг асоси Сократ, Демокрит, Платон ва Аристотель кашфиётларига бориб тақалади. Ўша даврлардан бошлаб бу соҳага тегишли кўплаб эмпирик тадқиқотлар амалга оширилиб, психологиянинг ҳуқуқ амалиётида муҳим аҳамият касб этишига асос яратилган. XIX аср охири ва XX аср бошларида суд психологияси бутун жаҳон эътирофига сазовор бўлиб, кўплаб фундаментал тадқиқотлар амалга оширилган. Ҳозирги кунда Россия Федерацияси Адлия вазирлиги қошидаги суд экспертизалари марказида суд психологияси бўйича йилига мингдан ортиқ экспертизалар амалга оширилиб, илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда, кўплаб илмий-амалий конференциялар ўтказилмоқда.

АҚШ давлатида 1962 йилдаёқ суд психологиясига ҳуқуқий мақом берилган. 1978 йил Америка суд психологияси ҳайъати ташкил этилган. Унинг асосий мақсади малакали мутахассисларни аттестациядан ўтказиш, суд психологиясини мустақил фан сифатида такомиллаштиришдан иборатдир. Айнан шу ташкилотнинг ташаббуси билан  «Law and Human Behavior» («Ҳуқуқ ва инсон хулқ-атвори»), «Criminal Justice and Behavior» («Жиноят суд ишлари ва хулқ-атвор») номли журналлар ташкил этилган бўлиб, уларда мунтазам равишда илмий мақолалар эълон қилинади. Бундай мисолларни жаҳон миқиёсида кўплаб келтириш мумкин. Юқорида келтирилган мисолларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон ҳудудида ҳам бу йўналишни ривожлантириш, унинг илм-фан йўналишидаги ўрнини белгилаш мақсадга мувофиқдир.

Фан тараққий этиши билан психология соҳасини одил судлов манфаатларига жалб этиш эҳтиёжи узлуксиз равишда ошиб келмоқда. Ўзбекистон Республикасида суд психологиясининг суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнидаги ўрни методологик, тизимли ва концептуал ўрганилиши, шу билан бирга унинг амалиётдги асосий ижтимоий – психологик, ҳуқуқий ўрни аниқланиши лозим. Республикамизда суд психологияси асосларини ўрганиш учун обьектив шарт шароитлар ва илмий зарурият мавжуд бўлиб, жумладан, унинг методологик асосларини яратиш, назарий ва амалий тадқиқотлар олиб бориш, мукаммал дастур ва амалий тажрибаларга асосланган ҳолда расмий мақомга эга суд психологик экспертизаларининг норматив ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳозирги таҳликали даврда диний экстремизм, терроризмнинг сабаб ва оқибатларини ўрганиш, таҳлил қилиш, малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда суд ва тергов жараёнларига кўмаклашиш долзарб вазифадир.

Президент Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек “олдимизда ёшларга тарбия бериш, психология ва бошқа турли соҳаларда кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича мураккаб вазифалар турибди”[1]. Ушбу соҳадаги амалий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда айнан ёш малакали кадрларни тайёрлашни суд психологиясининг методологик базасини яратмасдан туриб йўлга қўйиб бўлмайди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 4.4. – бандида (Таълим ва фан соҳасини ривожлантириш) “илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади”, деб белгиланган.  Шунингдек, 2.4. – бандида (Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш): “жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштиришнинг самарадорлигини ошириш; диний экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашиш бўйича ташкилий-амалий чораларни янада кучайтириш” лозимлиги таъкидланган. Ушбу муаммоларни эса илмий-амалий нуқтаи назардан ўрганмай, таҳлил қилмай туриб ҳал этиб бўлмайди.  Шунинг учун ҳам республикамизда мавжуд бўлмаган суд психологиясига тегишли бўлган лабораторияни ташкил этиш, чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этиш мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга, методологик база (лаборатория) асосида суд психологияси соҳасидаги психолог мутахассислар фаолиятинининг умумий илмий-амалий стратегиясини яратиш; суд психологларининг амалий тажрибаларини таҳлил қилиш, умумлаштириш; суд психологиясига тегишли бўлган МДҲ ва хорижий давлатлар манбаларидан фойдаланган ҳолда жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш, янги технологияларни жорий қилиш мақсадга мувофиқдир.

Психология фани кўп қиррали бўлиб, унинг ҳар бир йўналиши ўз илмий-методологик аппарати, кўлланиладиган методи ва объектига эга. Қонун хужжатларига асосан “махсус билимга” эга малакали психолог-экспертлар фаолиятини илмий – амалий тизим структурасини, ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш инсон омили ва тақдири билан боғлиқ бўлган жараёнларда ҳар бир мутахассисдан маъсулият талаб қилади ва унинг берган хулосалари илмий асосланган ва ҳаққоний бўлишига ундайди.

Президент Шавкат Мирзиёев суд органлари ходимлари билан учрашувида суд жазоловчи орган эмас, балки фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, манфаатларини ҳимоя қилувчи орган бўлиши зарурлигини  таъкидлаб, ва суд жараёнларида, вазиятни ижобий томонга ўзгартиш учун амалга оширилиши керак бўлган долзарб вазифаларни белгилаб берди. Булар қаторида Президент психология фанига алоҳида эътибор қаратиб, судьялар ўз фаолиятида аввало психолог бўлиши кераклиги, яъни психологик билимларни қўллашлари лозимлигини билдирдилар. Шунинг учун ҳам айнан судьяларнинг касб-малакасига эътибор қаратиш ҳам муҳим ҳисобланиб, семинар-тренинглар ташкил қилиниши, амалга оширилган тадқиқот, чиқарилган хулосаларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан ҳамкорликда таҳлил қилиниши улар фаолиятида алоҳида аҳамият касб этиб, одил судловни амалга ошириш учун имконият яратади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорларида жиноятларнинг сабалари ва содир этилишига олиб келган ҳақиқий шароитларни, ҳуқуқбузарнинг шахси ва уни жиноятга ундаган омилларни ўрганиш лозимлиги белгилаб қўйилган. Дарҳақиқат, дастлабки тергов ёки суд жараёнларида жиноят содир этган шахсларнинг индивидуал – психологик хусусиятларини, эмоционал ҳолатларини ва уни жиноят содир этишга ундаган омилларни аниқламай туриб, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд фаолиятида мураккаб жиноят ишларини очиш, аниқлашда хатоликларга олиб келиши муқаррар. Шундай ҳолатларда, айнан суд психологияси имкониятларидан кенг фойдаланиш зарур, зеро бу инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва одил судловни амалга оширишда яқиндан ёрдам беради.

Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Илм-фан тараққиётида фундаментал тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этади. Айнан улар орқали янги билимлар ўзлаштирилади ва назариялар шакллантирилади, келгуси амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар учун мустаҳкам асос яратилади”. Ҳозирги кунда суд психологиясига бўлган эҳтиёж тобора ўсиб бораётганини эътиборга олар эканмиз, бу борада ёш кадрлар тайёрлаш, махсус билимга эга бўлган “эксперт-психолог” мутахассисларни етиштириш, методологик базага асос бўладиган лаборатория яратиш, фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий мезонларини белгилаш масалаларини ҳал қилишдек долзарб муаммолар турибди.

Юртбошимиз етакчи илм-фан намояндалари билан учрашувда илм-фанни янги босқичга кўтариш лозимлигини, жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш мумкин эмаслигини таъкидлаб ўтди. Дарҳақиқат, илм-фан назариясини шакллантирмасдан, фундаментал тадқиқотларни амалда татбиқ этмасдан туриб соҳанинг қайси йўналиши бўлмасин, унинг ривожланиш даражасини кўтариб бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, суд психологияси инсон омили (руҳияти, шахси), инсон тақдири билан боғлиқ экан, психологик билимларсиз ўз ечимини топмайди. Юқорида таъкидланганидек, республикамизда айнан ушбу йўналиш илмий-амалий нуқтаи назардан етарли ўрганилмаган. Ялпи тизимга эга методологик база йўқлиги, ҳуқуқий-норматив хужжатлар ишлаб чиқилмаганлиги, замон талабларига мос бўлмаган эксперт-психологлар хулосаларининг ҳаддан ташқари даражада кўпайиб кетгани, суд, тергов жараёнларида иштирок этувчи мутахассислар малака даражасининг ниҳоятда пастлиги жиддий муаммолар келтириб чиқармоқда.

Ҳозирги кунда жиноят ишлари бўйича суд психологик экспертизаларининг турлари қуйидагилардан иборат:

  • жиноятчининг индивидуал-психологик ҳусусиятларини аниқловчи суд – психологик экспертиза (жиноятнинг ретроспектив психологик таҳлили, жиноятчи шахсининг мотивацион, эмоционал ва иродавий жабҳасини аниқлаш);
  • жиноят содир этган шахсларда физиологик аффект (кучли руҳий ҳаяжонланиш) ҳолатини аниқловчи суд психологик экспертизаси;
  • вояга етмаган айбланувининг руҳий хаста бўлмаган, ақлий ривожланишдан орқада қолган, жамоат учун хавфли бўлган жиноятни содир этишда ўз хатти-ҳаракатларини англаш ва уларни бошқара олиш даражасини аниқловчи суд психологик экспертизаси;
  • гувоҳлар ёки жабрланувчиларнинг мавжуд ҳолатни тўғри тушуниши ва тўғри кўрсатма бериш қобилиятини аниқловчи суд психологик экспертизаси;
  • номусга тегиш жинояти бўйича унга нисбатан содир этилган жинсий тажоввузнинг моҳияти ва аҳамиятини тушуниш қобилияти ва қаршилик кўрсатиш ҳаракатини аниқловчи суд психологик экспертизаси;
  • ўзининг жонига қасд қилган шахснинг психологик ҳолатини аниқловчи суд психологик экспертизаси (ўлимдан кейинги экспертиза).

Фуқаролик ишлари бўйича суд психологик экспертизаларга ҳозирги кунда суд амалиётида катта эҳтиёж мавжуд. Булар жумласига қуйидагилар киради:

А. Битимлар билан боғлиқ низоларни ҳал этиш. Булар қаторига ўлимдан кейинги суд психологик экспертизаси ҳам киради. Фуқаролик ишлари бўйича бу йўналишда бир қанча психологик омиллар инобатга олинади, жумладан:

  • ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқаро томонидан тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги (ФК 121 – м);
  • янглишиш таъсирида тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги (ФК 122- м);
  • алдаш, зўрлик, қўрқитиш бир тараф вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши ёки оғир ҳолатлар юз бериши таъсирида тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги (ФК 123-м);

         Б. Болалар билан боғлик бўлган, хусусан болани олиб бериш, унинг ота-оналарининг қайси бири билан яшашини белгилаш;

В. Маънавий зарарни қоплаш (ФК – 1021 моддаси).

Хулоса қилиб таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, мамлакатда ҳуқуқий давлат барпо этишдек конституциявий мақсад ва шу мақсадга сафарбар ялпи миллий суд сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш талаб-эҳтиёжи вужудга келди. Ўзбекистон тараққиётининг асосий мезони демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида суд ҳокимияти қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминловчи органга айланди.

Илм-фан борасида юксак мақсадларга эришиш, амалий тадқиқотларни кучайтириш суд психологияси соҳасининг ҳам назарий-амалий жабҳаларига эътибор қаратилиши лозимлиги ҳозирги замон талабларидан биридир. Шу сабабли унинг кўп қиррали йўналишлари ва турларини тизимли ҳолда таҳлилий ўрганиш натижасида методологик база яратиш ва амалиётга жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Суд психологик экспертиза жараёнларида психолог мутахассислар фақат тадқиқотчи сифатида эмас, балки тўғридан -тўғри юридик ҳолат иштирокчиларига айланадилар. Шунинг учун ҳам суд психологиясининг назарий, методологик ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини ўрганмасдан, ташкил этмасдан туриб ушу йўналишда малакали психолог-мутахассислар, психолог-экспертлар фаолиятини илмий – амалий жиҳатдан ташкил этиб бўлмайди.

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Каримов И.А. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси. – Т., 2010.
  2. Мирзиёев Ш.М.Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак. – Т.: “Ўзбекистон”, 2017. – Б. 45–46.
  3. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси. – Т., 2013.
  4. «Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Олий Суди пленумининг қарори.
  5. Махмудова Х.Т. Особенности судебно-психологических исследований в уголовных процессах Республики Узбекистан. Право: теория и практика. М.: № 4-6 – C. 80-84.
  6. Рустамбаев М.Х. Курс уголовного права Республики Узбекистан. Особенная часть. Т. 3. Преступления против личности. Преступления против мира и безопасности: Учебник для ВУЗов. – Т.: ТГЮИ, 2008. С. 83-91.
  7. Сафуанов Ф.С. Судебно-психологическая экспертиза в уголовном процессе. М., 1998. С. 128.

психология фанлари номзоди, доцент Ҳ.Т.Маҳмудова

[1] Ш.Мирзиёев.Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак. Т.: 2017, 45-46бет.

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .