ТОВАРШУНОС ЭКСПЕРТ ВАКОЛАТЛАРИГА КИРМАЙДИГАН ЁКИ ЕЧИМИ КОМПЛЕКС ТАРЗДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН МАСАЛАЛАР

      Мамлакатда бозор муносабатлари ривожланиб бориши баробарида унга боғлиқ равишда товарнинг эркин бозордаги ҳаракатини таъминловчи хизмат кўрсатиш турлари хилма-хиллиги ҳам ўсиб бормоқда. Ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили шуни кўрсатадики, суд-тергов органларининг товаршуносликка оид билимларни қўллашига эҳтиёж ортиб бормоқда, иқтисодий жиноятларни, мулкий низоларни судда кўриб чиқишда объектив ва қонуний иш олиб бориш турли объектларнинг товар сифатини баҳолашни талаб этади. Шу сабабли низоли масалаларни одил судлов орқали ҳал этиш товаршунослик соҳасига оид махсус билимлардан фойдаланишни талаб этади. Лекин шу билан бирга товаршунос эксперт ваколатларига кирмайдиган ёки ечими комплекс тарзда амалга ошириладиган масалалар ҳам мавжуд.
Амалдаги суд-товаршунослик экспертизаси амалиётида ишлаб чиқариш-тайёрлаш, тайёрлаш услулини аниқлаш вақтида экспертлар олдида алоҳида қисмларнинг бир бутунга мансубми деган савол кўп учрайди: масалан: “куртка ва унинг бош кийими битта маҳсулот ҳисобланмайдими?”. Кўрсатилган масалалар товаршунос эксперт томонидан ҳал қилиниши мумкин эмас, сабаби улар идентификацион (аниқлаштириш) вазифалари ҳисобланади ва ечиш учун комплекс тарзда ўрганишни (трасологик, материалшунослик ва ҳ.к.) талаб қилади.
Ўз ваколатлари доирасида товаршунос эксперт  икки ёки ундан ортиқ объектларнинг бир турга, моделга, маркага (шунингдек, гуруҳга) мансублигини аниқлаш билан боғлиқ масалани ҳал қилади. Шу билан боғлиқ равишда савол қуйидагича шакллантирилади:
– куртка ва унинг бош кийими битта моделга ва ҳ.к. мансуб эмасми?
Бундай саволларга бериладиган салбий жавоблар оқибатда идентификацион ўрганишларнинг бефойда ҳисоблагишига олиб келади.
         123          8
Эксперт товаршунос олдига кўп ҳолларда бирор-бир маҳсулотнинг ишлаб чиқарувчи-тайёрловчисини (тайёрловчи-давлатлари) аниқлаш ҳақидаги масала қўйилади. Бунинг ечимини топиш учун товарнинг келиб чиқиш манбаси ва ишлаб чиқарилган санаси, яъни айнан қайси корхона томонидан ва қачон тайёрланганлигини аниқлаш лозим. Бундай саволлар товаршунос эксперт ваколатига тааллуқли эмас, улар ишлаб чиқариш жараёни ва уни ташкил этиш билан боғлиқдир. Бундан ташқари айнан бир моделдаги (марка) маҳсулотлар турли корхоналар томонидан ишлаб чиқарилади. Маҳсулотнинг келиб чиқиш манбасини (ишлаб чиқарувчи корхонани) фақат тергов йўли билангина аниқлаш мумкин. Товаршунос эксперт эса товар ёрлиқларидаги ёки бошқа товарни етказиб бериш ҳужжатларидаги ёзувлар асосида ишлаб чиқарилган давлатни ва товарнинг ишлаб чиқарилган санасини кўрсатиши мумкин.
Маҳсулотни ишлаб чиқариш усулини (қўл меҳнати ёки фабрика-заводда тайёрланган) аниқлаш товаршунос экспертнинг ваколатига кирмайди. Ўрганиш жараёнида эксперт сарфланган меҳнат даражасини ҳамда уларнинг маҳсулот эстетик ва функционал хусусиятларига таъсирини аниқлаган ҳолда маҳсулотнинг сифатини аниқлайди. Ҳунармандчилик маҳсулотларига сарфланган меҳнат даражаси анча юқори бўлиши мумкин. шу сабабли тайёрлаш усулини аниқлаш учун материалларни, турли деталларни, куонструкция, моделнинг тавсифини, лекин биринчи навбатда маҳсулотнинг тайёрланиш технологиясини билиш талаб этилади. Ўз ўрнида, бу масала саноат корхоналарида у ёки бу маҳсулотни ишлаб чиқариш технологиялари билан таниш бўлган эксперт-технологнинг вазифасига киради.
Шунингдек, товаршунос экспертнинг вазифаларига товарнинг ТИФТН бўйича кодини аниқлаш ҳам кирмайди, сабаби Ташқи Иқтисодий Фаолият Товар Номенклатураси (ТИФТН) – божхона ва ТИФ иштирокчилари қўллашлари учун ишлаб чиқилган товар классификаторлари ҳисобланади. ТИФ ТН Бутунжаҳон божхона ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган ва Европа давлатлари ва бошқа баъзи давлатларда товар классификациясининг асос сифатида қабул қилинган Гармонизацияланган Тизимнинг тўлиқроқ кўриниши ҳисобланади. Классификаторнинг мазмуни шундан иборатки, ҳар бир товар ёки товарлар гуруҳига ўзига хос код берилади ва божхона йиғими белгиланади. Ушбу классификатор товарларнинг бир хилда идентификацияланиши, божхона йиғими бир хилда ундирилиши ва божхона декларацияларини автоматлаштирилган тарзда ишлаб чиқиш тартиби соддалаштирилиши таъминланади. ТИФ ТН кодини аниқлашда товаршунос эксперт фақат товар тайёрланган хомашёни, унинг тўлиқ номи ва қандай мақсадда қўллаш учун мўлжалланганлигини белгилаб бериши мумкин.
Юқорида келтирилганлардан ташқари, товаршунос экспертлар олдида ҳуқуқий ёки маълумот хусусиятига эга саволлар қўйилади, масалан товарнинг (маҳсулот) бузилишида конкрет шахсларнинг айблилиги масалалари. Бу каби саволларга йўл қўйилмайди ва улар суд эксперти томонидан ҳал этилмайди. Айб ва айблилик масалалари фақат суд ва тергов органлари томонидангина ҳал этилади.
Марказнинг Товаршунослик бўлими эксперти М.Низомов