Ўзбекистонда Рамазон ҳайити 24 май куни нишонланади

– Азиз юртдошлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши номидан Сиз азизларни меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми бўлган Рамазон ҳайити билан самимий муборакбод этамиз.

Ҳар йили бутун дунё мўмин-мусулмонлари қатори юртдошларимиз Ийдул фитрни кўтаринки кайфият, ўзгача шукуҳ, алоҳида тайёргарлик ва катта хурсандчилик ила нишонлайдилар.

Рамазон ойи давомида адо этилган ибодатлар, эзгу амаллар ва меҳр-саховат ишлари эвазига мўмин-мусулмонлар жуда катта ажр-савобларга эришадилар, инша Аллоҳ.

Рамазон ойида Аллоҳ таоло фарз қилган рўза тутилиб, диёримиз бўйлаб хатми Қуръонлар қилинди. Ёрдамга муҳтож кишилар ва кам таъминланган оилаларга хайру саховатлар қилинди.

«Эзгулик, саховат ва мурувват ойи бўлган муборак Рамазон ойи бу йил мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли уйда, оила даврасида, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитида муносиб ўтказилмоқда. Эл-юртимиз турли синов ва қийинчиликлардан янада кучли ва қудратли бўлиб ўтган ҳолда, муқаддас Рамазон ҳайитини эртанги кунга катта ишонч ва хурсандчилик билан кутиб олмоқда.

Ушбу улуғ айёмнинг халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни, унинг жамиятимизда сахийлик, шукроналик, меҳр-оқибат каби фазилатларни қарор топтиришдаги аҳамиятини инобатга олиб ҳамда миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2020 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 24 май – якшанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатимизда  2020 йил 24 май Рамазон ҳайити байрами сифатида нишонлансин», дейилади қарор матнида.